Маҳбуба эртага ишга бормасликка қарор қилди.”Ўша Мурод ҳам,иши ҳам керак эмас.Суюлмай ўлсин.Берадиган пули ҳам бошидан қолсин.Тезроқ уйга кетиш ҳақида ўйлашим керак...Аслида нимагаям келдим,шу ерларга? Нима шунчалик ҳам оч қолганмидим? Борига қаноат қилиб яшасам бўлмасмиди?” ўйлади у эзилиб.Ўзи туғилиб ўсган Бухоройи шариф, фарзандлари, онаси кўз олдидан ўтиб,яна йиғлагиси келди.
У Россияга ишлаш мақсадида келганида, бу ердаги шароит, мусофирчилик азоблари ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас эди. "Ҳар ерни қилма орзу,ҳар ерда ҳам бор тошу тарозу”-, деганларидай бу ердаги ўзи дуч келган муаммолар уни довдиратиб қўйди.Ҳалиям ёнида дугонаси Марҳаматнинг борлиги Маҳбубанинг жонига анча оро кирди.
Маҳбуба Марҳамат билан ёшликдан дугона. Марҳамат аслида Маҳбубадан 3 ёш катта бўлса-да, олийгоҳда бирга ўқишгани, кейин бир вақтда, бир мактабда ўқитувчи бўлиб иш бошлашгани учунми, анча қадрдон ва сирдош эдилар.
У Маҳбубадан сал олдинроқ турмуш қурди.Аммо эри ношуд, ароқхўр бўлиб чиқди.Шу сабаб рўзғор юки, орада туғилган фарзанд, ёш оила қураётган янги ҳовли ташвишлари ёш аёлнинг елкасига юкланди. Марҳамат мактабдаги ишини ташлаб, Россияга ишлашга кетди.У хориждан тез -тез Маҳбубага қўнғироқ қилиб, ҳол- аҳволини сўраб турарди.
Бу орада Маҳбубанинг ҳаётида фожеа юз берди.Унинг спорт мактабида тренер бўлиб ишлайдиган севимли турмуш ўртоғи Фикрат кутилмаганда юрак хуружидан вафот этди.Бу айрилиқ Маҳбубани довдиратиб қўйди...
Энг ёмони эрининг вафотидан кейин бир ҳовлида яшайдиган қайнакаси “Уйимни бўшатиб қўй,у менинг номимда” деб ҳар куни жанжал қилавериб, аёлни жонидан тўйдирди. Қайнакасига овсини ҳам қўшилгач, Маҳбуба ори баланд аёллардан эмасми, охири икки фарзандини олиб, ота уйига кетди.
Аммо бу ерда укасининг хотини - келини Диляйра уни сиғдирмади. Отаси анча йиллар олдин вафот этиб кетган, кекса, касалманд онаси келинининг заҳарли гапларига,қизининг болаларига пичинг қилишларига чидаб туролмай гапирар, натижада жанжал чиқиб, ҳаммаси Маҳбубанинг йиғиси билан тугарди.Укаси бўлса хотинининг тили аччиқ, беобрўйлигини билгани учунми,Диляйрага ортиқча гапиролмас, аёлларнинг машмашасига умуман аралашмасди.Бир сўз билан айтганда у бўшангроқ эркаклар тоифасидан эди.
Бу каби кўнгил қорачиликлардан безиган,укасининг оиласида ортиқча муаммо туғилишини истамаган аёл шаҳар четроғидаги митти тумандан ижарага уй топиб, болалари билан яшай бошлади. Шунда Маҳбуба рўзғорнинг оғзи ҳеч қачон тўлмаслигига яна бир бор амин бўлди.
Ижара ҳаққи, коммунал тўловлар, болаларини едириб-ичириш, кийинтиришга ойлик маоши ҳеч нарса бўлмай қолди.Укаси хотинидан яширинча ёрдам бериб турса- да,онаси нафақасидан нимадир илинса-да,” қўлдан берганга қуш тўймас” деганларидек, харажатларининг кўплигидан бу мадад билинмай кетарди.
Худди шундай тирикчилик важидан қийналиб юрган кунларида дугонаси Марҳамат Россиядан телефон қилиб қолди.Маҳбуба қадрдон дугонасига гап орасида аҳволини тушунтириб, бир йиғлаб ҳам олди.Марҳамат бироз ўйланиб турди-да, ”Унда болаларингизни онангизга қолдириб, Москвага келинг. Ишлаб пул топасиз, бироз қаддингизни ростлаб оласиз,”деб маслаҳат берди.Маҳбуба ўйлаб кўришини айтди.
Ўшанда ёзги таътил тугаётган кунлар эди.Маҳбуба онасиникига борди.Тирикчилик қийин бўлиб кетаётганлиги айтиб, Россияга бориб ишлаб келиш нияти борлигини билдирди.Онаси бошида қаршилик қилди.Охири қизининг сўзидан қайтмаслигини,ишлаб бироз моддий аҳволини яхшилаш нияти борлигини англади шекилли, ноилож рози бўлди.
Маҳбуба мактабдаги ишидан бўшаб, ижара уйни топшириб, фарзандларини онасига қолдирди-да, йўлга отланди.15 йилча ишлаган қадрдон мактабини, севимли ўқувчиларини ташлаб кетиш қанчалик оғир бўлмасин, у хорижга бориб ишлашга қатъий аҳд қилган эди.
Тадбиркор тоғасидан қарзга пул олиб, самолётга чипта олган аёл Россия пойтахти Москвага учди. Дугонаси уни Домодедово аэропортида кутиб олиб, яшаётган уйларига олиб келди. 16 қаватли уйнинг бир хонасида учта аёл ижарада туришар экан. Маҳбуба тўртинчи бўлиб улар сафига қўшилди.
Эртасига ҳамма аёллар ишга чиқиб кетишди.Маҳб
убанинг ҳали ҳужжатлари тайёр эмаслиги, тайинли бир иши йўқлиги учун уйда қолди. Шу кундан бошлаб унинг муаммолари бошланди. Марҳаматнинг таклифи билан худди у каби фаррошлик қилмоқчи бўлди. Аммо бу иш унинг қўлидан келмади.
Аслида у бу ишдан ор қилган эмас, фақат ерли аҳолининг фаррошларга қиладиган муносабатидан қалби озорланди.Ўзига белгилаб берилган жой одамлар гавжум жой бўлган савдо марказининг катта зали эди.Бу залнинг асосий катта қисмини куни билан озода тутиш, ҳар икки қаватда жойлашган катта- кичик дўконларнинг полини ювиш Маҳбубанинг вазифаси эди.
Савдо марказининг залини тозалар экан, у ёқ- бу ёққа ўтаётган ёшларнинг ўзини тутиши, меҳнатини қадрламаслиги уни бездирди. Улар ҳозиргина артилган полни лой изи қилиб ўтиб кетишар, баклашка, пиво банкаларини отворишар, тупуришар, писта пўчоғи ва бошқа ахлатларни бемалол сочиб ўтиб кетаверишар эди.Маҳбуба бир марта улардан бирига танбеҳ бериб боши балога қолди.
Ёшгина йигитча уни ҳақоратлагани камлик қилгандай, бориб савдо маркази маъмуриятига устидан шикоят ҳам қилибди. Бунинг натижасида Маҳбубани ўша куниёқ ишдан бўшатиб юборишди.
Ишсиз қолган Маҳбуба Марҳаматдан қарзга пул олиб, ҳужжатларини ҳаммасини қайтадан тайёрлаб,катта бозорга ўхшайдиган, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиладиган “Фермер” номли гипермаркетга сотувчи бўлиб ишга кирди. Аммо бу ерда Мурод деган миллати тожик бўлган эркак унга шилқимлик қила бошлади.У ишлайдиган дўконга айнан шу эркакнинг масъуллиги сабаб, Маҳбуба нима қилишини билмай қолди.
Яхши гап билан Муроднинг тазйиқларидан қутулиб кетишга ҳаракат қилди ю, аммо бўлмади. Охири бир ой ишлаб ишламай, Мурод билан қаттиқ жанжаллашиб қолди ва ишини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Олган маошидан Марҳаматдан олган қарзларини тўлади.
Бу орада дугонаси бирдан Ўзбекистонга кетадиган бўлиб қолди. Бунга сабаб эрининг бирдан мазаси қочиб, касалхонага тушиб қолганида эди.Кўп ичаверганидан эрининг ошқозонида яра пайдо бўлибди. Биргина ўғли ҳали мактабда ўқиётганлиги, унга қарайдиган бошқа одам йўқлиги, қолаверса эрининг парваришига ҳам кимдир лозимлиги туфайли бормаса бўлмаслигини Маҳбубага тушунтирди.
-Дугонажон,мен сизни бу ерга чақиртирганимдан жуда хижолатман, -деди Марҳамат хайрлашаётиб.-Мен бу ерда сизга бунчалик қийин бўлишини ўйламаган эканман...Узр. Сизни якка қолдирмаяпман, бошқа юртдош дугоналаримиз бор.Мен албатта болаларингиздан хабар олиб тураман,улардан хавотирланманг.
Маҳбуба дугонасининг елкасидан қучиб қуяркан,” Мен сиздан хафа эмасман.Ўзи омадсиз одамман,мен”-деди хўрсиниб. Чунки ҳақиқатан ҳам дугонаси унга кўп ёрдам берган бўлса-да,ўзининг ҳеч ерда ишлаб кетолмаётганидан кўнгли ғаш эди.
Марҳамат кетгач, Маҳбуба бутунлай яккаланиб қолгандай ҳис қилди ўзини. Олдида иш излаш муаммоси турар, яна ижара пулини тўлаш, ****-ичиш учун ҳам пул топиш керак эди.Охири у хонадоши Нодира билан бирга қўшимча иш излай бошлади. Икки аёл ўзлари яшайдиган шаҳарчанинг четроғидаги янги қурилган дачаларга бориб уй йиғиштиришар, кир ювишарди. Шундай қилиб ижара ҳаққи,**** ичиши учун зўрға пул топди.
Маҳбуба бундай азобли кунлардан безиб, юртга қайтиш ҳақида ўйлай бошлади.Бунинг учун эса яна маблағ керак эди. Россия давлатининг янги қонунига кўра, келганига 3 ой тўлгани боис, бу юртда ортиқча қолиши мумкин эмас эди.У Россия ҳудудидан чиқиб, яна қайтиб кирса ва ишласагина қайтиб кетиши учун пул топа олиши мумкин эди.Энди у Нодирадан қарз олиб, қўшни давлат Украинага бориб келди.
Яна қайта хужжат тайёрлаш, ишлаш учун патент, яшаш жойининг қайди учун пул лозим эди. Унинг аҳволини тушунган хонадаги бошқа аёллар Маҳбубани ёлғиз ташлаб қўйишмади.Ҳар бири 1000 рублдан пул бериб, унга баҳолиқудрат ёрдам кўрсатишди.
Уйдан келганидан бери болаларига тайинли пул жўнатолмай жони ҳалак бўлган аёл дуч келган ишни қилишга мажбур эди.Охири у ўзи яшайдиган уйга яқин бўлган бозорчада янги очилган ошхонада ошпазлик ўрни бўшлигини билиб, ўша ерга борди.Бу ерда у шўрва, палов, манти сингари миллий ўзбек таомларини пиширарди.
Ошхонадаги фаолияти ҳам бир ярим ойга чўзилди, холос.Бошида бироз ишлари юришга
ндай бўлиб, хонадош аёллардан олган қарзларини ҳам тўлади. Аммо яна аввалги муаммога дуч келганлиги бу ишидан ҳам воз кечишига сабаб бўлди.
Ошхона эгаси бўлган Мирзоҳид номли 45 ёшлардаги эркак Маҳбубага очиқдан- очиқ бирга яшаш таклифини билдирди.”Мен билан яшасанг,ишлашингга ҳам ҳожат қолмайди, деди у безрайиб. -Уйингга ҳам пул жўнатиб тураман,истаган нарсангни олиб бераман.”
Унинг сурбетлигидан, умуман бу каби муносабатлардан безиган аёл унга рад жавобини берди ва ишини ташлаб кетди. ”Нега эркаклар хорижга ишлаш мақсадида келган аёллар ҳақида бунча паст ўйлашади? Ёлғиз аёл бўлганим, турмуш ўртоғимнинг бевақт вафот этиши,тақдиримда шу кунлар борлигига мен айбдорманми,энди? Бу ҳолат қачонгача давом этаркин?” Ўша куни тонггача мана шундай эзгин хаёллар, жавоби мушкул саволлар Маҳбубани ухлашга қўймади.
Энди яна иш излаши лозим эди.Охири шаҳар марказида озарбайжонлар очган арзонлаштирилган кийимлар савдо дўконидан иш топилди.Маҳбуба шу ерда қўним топгандай бўлиб, 3 ойча ишлади. Ниҳоят уйига кетиш учун етадиган пулни тўплади, болаларига оз бўлса-да, пул жўнатди. Самолётга билет сотиб олгач, елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил тортди.
“Худо ҳоҳласа,энди уйимга кетаман! Болаларимнинг дийдорига тўяман.Маоши кам бўлсада ўз соҳамда ишлайман...” шу ёруғ хаёллар билан ухлаган Маҳбуба эрталаб қушдай енгил тортиб уйғонди. Дўконларни айланиб яқинларига совғалар сотиб олди.
Эртасига аэропортга уни синглисидай бўлиб қолган Нодира кузатиб қўйди. Самолётга чиқаркан, Маҳбубанинг ҳамма азоблари ортида қолганига ҳамон ишонгиси келмасди. Бухорогача тўрт соатдан сал кўпроқ учган самолётда яқинларининг дийдорига тўйиши ҳақида ўйлаб келди.Кўзларига тўлиб келаётган кўзёшларини артиб улгурмас, ўз- ўзидан йиғлагиси келаверарди.
Стюардесса қизнинг “Ҳозир Бухоро халқаро аэропортига қўнамиз.Парвозимиз ўз ниҳоясига етди. Она юртимизга хуш келибсиз!”―деган сўзларини эшитиб,кўнгли тўлиб кетди.Самолёт трапидан она юрти заминига қадам қўяркан, кўнглида ғалати бир истак пайдо бўлди.
Маҳбуба ёнидаги сафардошларини ҳайрон қолдириб бирдан тиз чўкди-да, ерни ўпди. Ўпаркан, шашқатор кўз ёшларини тўхтатолмасди...Шунча машаққатларни босиб ўтиб, юртига соғ- омон қайтганига ишонгиси келмасди. Она Ватан заминини ўпгач, бўғзини бўғиб турган тугун йўқолгандай бўлиб, енгил тортганини ҳис қилди. Руҳиятидаги бу енгиллик кўнглига ҳам ором бағишлаб, ич -ичидан ватанини қанчалар соғинганини, дунёдаги барча нарса,бойлик бу соғинч олдида бекорлигини тан оларкан, етиб келганига чин дилидан шукрона келтирди.
”Ўзингдан қўймасин, она юртим! Сени ташлаб ўзга манзиллардан насиба излаган мен гумроҳ фарзандингни кечир..Тупроғингга етказганига шукур...”Аёл хаёлидан кечган шу сўзларни ҳайқириб айтгиси келди- ю, аммо ёнидаги ҳамроҳларидан уялди.
Самолётдан тушиб, сумкаларини оларкан, Маҳбуба кутиш залида унга қараб жилмайганча қўл силтаётган фарзандлари, укаси ва онасига кўзи тушди...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1