Пул керак! (Бўлган воқеа)
Мен келин бўлиб тушган хонадон эгалари ташқаридан жуда аҳил, бировни дилини оғритмайдиган, кўнгли бўш инсонларга ўхшар эдилар. Лекин ниқоблар тўйдан кейин ечилди. Афт-башаралар тўйдан кейин ошкор бўлди. Мен: "Астағфируллоҳ", дейишдан чарчамай қолдим.
Турмуш ўртоғим чекиб айвонда ётар, унинг акаси ўз хонасида телевизор кўриб ўтирар, кекса қайнонам ҳовлида ҳаскаш олиб томорқаларни тозалар, фалаж бўлиб ётиб қолган қайнота эса: "Сув беринглар", деб бақирганда, унга "лаббай", дейдиган ва сув берадиган мард топилмасди. Аввалига бошим тиниб: "Шунақа одамлар ҳам бор эканми?", деганман. Сўнг секин-аста кўникишни бошладим.
Тўйимдан кўп ўтмай, бир куни овсиним балиқ қовуриб, қайнотамни хонасига олиб кириб кетди. На қайнонамни, на бошқаларни чақирмади. Ҳайратим ошди.
Қайнотам гўрковлик қилган эканлар. Кейин бу ишни муллакам давом эттирган. Эрим эса акасига ёрдамчи.
Кунлар, ойлар, йиллар ўтди... Ёз маҳали ҳовли-кўчага сув сепиб уйимга кириб кетдим. Соат эрталаб 6:00-лар бўлиб қолган эди. Деразам очиқ, ҳали ҳеч ким уйқудан турмаган. Бир пайт қайнонам мени чақириб қолдилар. "Сув келибди. Ташиб олинг!", дедилар. Аламдан ўтириб йиғлаб олдим. Ўшанда етти ойлик ҳомиладор эдим. Уйимизда иккита "эркак" бор. Қайнонам ўғилларини чақирмай, туғиши яқин қолган келинини чақирганлари алам қилган эди. Челакни олиб қўшни тарафдан 4,5-марта қатнаб сув ташидим. Сўнг ҳаммага нонушта тайёрладим. Чойдан кейин йиғиб-териб соат 9:00-лар атрофида хонамга кирдим. Қайнонам яна чақирдилар. "Муллакангизга ош иситиб беринг! Эрталаб у фақат ош ейди", дедилар.
Муллакамни бора-бора ёмон кўриб қолдим. Овсиним эрталаб ишга кетади. Эрини чойини тайёрлаб кетмайди. Ҳам эримга, ҳам унинг акасига кун бўйи хизмат қилиш мени ортиқ асабийлаштирадиган бўлиб қолганди. Сабрим тугаб қайнонамга гап қайтарадиган бўлдим.
Фақат биров ўлса қабр ковлашади. Бошқа пайт эса, уйда бекорчи дам олиб ётишади. Уларни ҳеч бирини намоз ўқиганини, Қуръон ўқиганини кўрмадим. Эрим тўйдан аввал: "Мен ва онам намоз ўқиймиз", дегандилар. Лекин ҳаммаси ёлғон эди. Оиламизда ҳатто-ки, таҳорат қилган одамни кўрмадим.
Рамазон ойи келди! Ҳартугул рўза тутадиганлар топилди. Эрим Рамазонда рўза тутишни бошладилар. Таровеҳ намозларига қатнашдилар. Рамазон тугагач эса, ҳаммаси яна ўз ҳолига қайтди.
Фарзандим 8-ойлик туғилди. Қайнотам ётган ерларида кўп сийиб қўяр эдилар. Кунда 3,4-марта чойшаб алмаштирардим. Ўша куни ҳам кир кўпайиб кетиб, қўлда кўп кир ювган эдим. Мағзавасини эса такрор-такрор кўтариб, ҳовли орқасига тўкиб келдим. Камига овсиним пахтага кетган, эри ва болалари менга қолган эди. Нимжон, касалванд бола билан шифохонадан чиқдим. Шу билан болам яхши ўсмади. Бора-бора ҳаётимда эримнинг ҳурмати камайиб кетди.
Муллакамни эса гапирмасам ҳам бўлади. Ғирт тўнка! Кўчада супада ётади, ўлик кутиб. Нашасини чекиб бўлиб: "Менга бақувват овқат қилиб бер!", дейди. Мозордаги эҳсон қутисига йиғилган пулларни олиб ўзига ишлатади. Суюқ овқат қилсам, тўполон қилади. Хонамга кириб йиғлаб оламан. Қўлимга Қуръон ололмайман. Имконим бўлмайди.
Ота-онамга неча марта шикоят қилмоқчи бўлдим. Лекин тақдирим шу бўлса, улар нима ҳам қилиб беришар эди...
Тўққиз йил ўтиб, қайнотам вафот этдилар. Оилавий муҳит ўша-ўша. Муллакам ҳали ҳам хотинини ишга жўнатиб, мендан хизмат талаб қилади. Урушиб кетадиган бўлиб қолганман.
Яқинда эса портладим! "Мен сизга ошпаз ёки хизматкор эмасман. Ўзимни учта болам билан ишим етади. Хотинингизни уйда олиб ўтиринг. Менга номаҳрамсиз", дедим.
Муллакам эса: "Сенга ака бўламан! Келинсан, хизматкорсан. Керак бўлса қиласан", деб жавоб қайтарди. Ҳозир гаплашмай қўйдим. Гаплашсам ҳазилни ҳам ошириб юборади. "Иштонимни оғини тикиб бер!", дейди.
Қачондир булар ҳам чиқиб кетар, алоҳида ҳам бўларман... Лекин қачон?
Болаларим учун сабр қиляпман. Тўлиб-тошиб кетдим. Муллакам ва хотинини овозини эшитсам, оёқ-қўлим титраб, мазам бўлмайдиган бўлиб қолганман. Чунки овсиним эрига гиж-гижлаб жанжал чиқаргани чиқарган. Бу уйда яшагим келмайди. Ота-онам эса қариб қолишган. Қаерга ҳам бораман?
Зулфия Махмуд.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1