(ҳикоя)
Назира эрта тонгдан кўзини очди . Ҳар кунги одати . Аммо айнан ана шу одатига ҳилоф равишда ҳовлига чиқмади. Ётган ўрнида ташқарига қулоқ тутди...
Ташқаридан овоз келди :
Шип , шип ... Шип , шип ...
Янги келин ҳовли супураяпти. Ҳали тонг отгани йўқ . Ғира - шира ...
"Бола бояқиш,- ўйлади Назира ,- шу совуқда дийдираб кўча , ҳовли супуриши зарилми эди ?! . Уям бировнинг жондек азиз боласи . Онаси шўрлик ҳам ҳозир менга ўхшаб эрта сахардан хаёли ёлғизгина қизига кетиб жони саракдирмикин- а ? Ҳа ,онани яратмасин экан ?!
Вой , ишқилиб ўғли чиқдимикан ? Шу тўнғичини уйқуси ўзи бўйдоқлигидан қаттиқ эди. Кеча "Эрталаблари янги келин нарса чўчимасин , сен ҳам вақтлироқ туриб келин супир- сидир қилаётганда кўз- қулоқ бўлиб тур , озгина ёрдам берсанг эт- бетинг камайиб қолмайди " деб уришганида, ўғли чуқур уф тортиб "сўфи бетини ювмасидан супургига ёпишиб бало борми ? " деди- ю , қолди балога .
Назира ўй ўйлаб охирига етмас эди. Тўйдан олдин эҳ- ҳееей қанча аёл унга "ақл бўлишга" интилди . Ҳамманинг дарди бир : "Назира бўшмиш. Келинни бошига чиқариб олармиш бу феъли - атвори билан" .
Вой аёллар- ей . Тўйгача Назирага қанча тарбия соати- ю , қанча "мастер класс" ўтиб ташладилар . Тағин барчаси текингалигини айтмайсизми ?! Йўқ , адашибмиз ?! Текинга эмас экан ! Бу билан улар кўча -кўйда Назирани қайнона қилиб тарбиялаганликлари ҳақидаги керилиш ҳуқуқини қўлга киритар ва мазза қилиб мақтанар эканлар .
- Келинга қиздек муомала қилманг , суюлиб бошингизга чиқиб олади , кейин жойига қайтара олмай жонингиз ҳалак бўлиб кетади - деди бир овсини .
Назира индамади ,аммо овсининг кўнгли учун бошини "хўп" деган маънода ирғади . Юрагида эса "Фарзандларимнинг уччаласи ҳам ўғил бўлса . Қиздек муомала қилиш қандай бўлар экан? Билмасам ..." деб хаёл қилди- ю , хаёлининг охирига етмади .
- "Келин дегани бамисли супурги, қаерга қўйсам ўша ерда туриши керак " деди кеча бир қайнона "Оталар сўзи, ақлнинг кўзи" кўрсатувида . Сиз ҳам шу сўзларни ёдлаб олинг ва амал қилинг - Бу иккинчи овсинининг кўрсатмаси.
Назира унгаям "хўп" деб бош ирғади ва ўзича "шу билан олам- гулистон" дея ўйлади .
Эҳ бу кўрсатмалар . Назира уларни эслаб қолишга қийналиб кетаяпти- ку , новдадек келиннинг бажариши ҳали қанақа бўларкин ?!
Хуллас ўғли мана шу келини билан учрашувга чиққан кунидан бошлаб Назира қайнона бўлиш илмини обдон машқ қилди. Билмади ўхшадими , йўқми ?
Бир хафталик келинчак Муслиманинг кўзларининг жовдираб туришига қараганда Назира ўз ишини яхшигина уддалаяпти шекилли .
Назира шу топда бундан йигирма беш йил аввалги вақт - ўзининг янги келинчаклик даврларини эсга олди. Ўшанда ҳам айнан мана шундай куз фасли эди. Ўшанда ҳам хазонрезги мавсуми эди. Ўшанда ҳам Назира айнан шу келинининг ёшидаги оҳу мисол ҳуркакгина келинчак бўлган эди. Ёдида ... Янги келинликнинг биринчи хафтаси . Назира серфарзанд оилага келин бўлган эди. Уларнинг нонуштасини тайёрлаб "сен е , мен е " қилиб бўлишгунча дастурхон зумда бўшаб қолар эди. Ўша куни Назира охирги чойнак чойни дамлаб кирди- ю , ўзига дастурҳонни йиғиштиришдан бошқа иш қолмаганлигини кўрди . У иссиқ чойни секин хонтахта четига қўйди-ю, дастурхонни индамай йиғиштиришга тутинди . Хонада бағир- буғур авжида , аммо негадир қайнонаси кўринмай қолган эди .
Назира ҳамма ёқни саранжомлаб бўлгач ,ўз хонасига кирди. У қайниларининг кеча ювилган мактаб формаларига дазмол уришни мўъжаллаган эди .
Назира энди бир сидра кийимга дазмол босган ҳам эдики , ортидан оҳиста "болам" деб чақирилган товушни эшитган эди ўшанда. Хаёл олиб қочган экан , чўчиб тушганди. Кейин эса ўгирилиб қайнонасини кўргач, ўз ҳолатидан уялиб "лавлагиси чиқиб" кетганди.
Базўр "келинг , ойижон" дея олган эди , халос .
Бир хафталик қайнонанинг аҳволи уникидан кам эмас эди. У хам дув қизариб қўлидагини тортинганча Назирага узатганди ўшанда:
- Болам , мана буни **** олинг. Дазмолни кейин қиласиз
Шундагина Назира қайнонаси қўлидаги тақсимчада иккита чала қилиб қовурилган тухум ва тўртта япроқ қилиб кесилган бўлка нонни кўрган эди. Назира эътироз билдиришга улгурмай қайнона - онаси шарт ортига бурилиб хонадан чиқиб кетган эди.
Назира ҳозир қайнонасининг ўзига биринчи маротаба таом илинган кунини эслар экан , ширин тамшаниб қўйди, димоғига ўша - бундан йигирма беш йил олдинги қўлига тутқазилган қовурилган тухумнинг ҳиди келиб кетди . Қайнонаси бу одатини неча йиллар канда қилмади . Хатто орадан йиллар ўтиб уйи - жойи бўлак бўлганида ҳам ,унинг "Болам " деб... неларнидир енг учида илиниб келиш одати йўқолмади. Шуларни эслар экан , Назира юраги дукурлаганча шивирлади "Ўзимнинг Ойижоним"...
Бирдан Назиранинг кўнгли ёришиб кетди . Шунча кундан буён "зўр қайнона " бўлишга қаратилган ҳаракатини энди йиғиштирса ҳам бўлиши кераклигини англади. У зўр қайнона бўлиши шарт эмас , шунчаки "ойижон"исига ўхшаса бўлди экан ...
- Болам ...
Ҳовлидаги супуриндиларни ахлат челакка солаётган Муслима ялт этиб бошини кўтарди . Дик этиб қаддини ростлади . Беихтиёр қўлини кўксига қўйди :
- Лаббай, ойижон ...
- Қўлингизни чайинг-да , бу ёққа қараворинг ...
Назира ортига бурилди .
Бир оздан сўнг хонага кирган Муслима ҳайрон бўлди . Назира уни қўярда - қўймай дастурҳон атрофига ўтказиб , нонушта қилишга "мажбурлар" эди .
- Уялмасдан катта- катта енг . Ҳали ишимиз кўп . Бугун бир қовоқ сомса пиширайлик . Кейин ,- Назира куни кеча кўрган муштипар-ҳокисорини эслаб энтикди - кейин ойижонни кўриб келамиз . Улар қовоқ сомсани жуда яхши кўрадилар ...
Муслима ҳам шу топда қайнонасининг юзига қувончдан бунчалик офтоб балқиб кетишига сабаб бўлган "Қайнона - бувижон" ни яхши кўриб кетди ...
Муаллиф : Хазонрезги
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1