Қариндошлар ҳам ҳар кўрганда “Қачон турмушга чиқасан, энди. Ҳалиям ўз шаҳзодангни кутаяпсанми?”, деяверишларидан безор бўлиб анчадан бери холам айтаётган йигит билан учрашувга чиқишга розилик билдирдим. Холам айтганидек “у ўқиган, кейин карьера қилган, уй олиб, машиналик бўлгачгина оилалик бўлишни режалаштирган ҳисоб-китобли йигит” экан. Худди менга ўхшаган. Ундан олдин ҳеч бўлмаса бир суратини кўрай, дедим. Менга суратдан истарали, юзларида чуқур кулгичлари кўриниб турган, хушбичим бир йигит қараб турарди. Айниқса унинг кўзлари жуда чиройли эди. Мен уни кўришим билан ҳушдан кетиб қолай дедим. Оҳ, йигит кишиям шунақа дилбар бўладими? Лекин у ҳам мени ёқтирармикан? Хуллас учрашув куни белгиланди. Биз шаҳар марказидаги хиёбонлардан бирида учрашиб, кейин бирон ерда овқатланиб олишга келишдик.
Мен бир неча кун халоватимни йўқотдим, турсам ҳам, ўтирсам ҳам ўша нотаниш йигит ҳақида ўйлайман, у ҳақида хаёл сураман, ақли, фикрлари ҳам ўзидек чиройли бўлса, уни ўлақолсам ҳам қўлдан чиқармайман. Ишқилиб, мени ҳам ёқтирсинда.
Ишдан келаётиб, баланд пошнам йўлдаги чуқурликка кириб, оёғим қайилиб, йиқилиб тушдим. Одамлар келиб, туришимга ёрдам беришди. Оёғимни ерга қўёлмасдим, шифохонага кетдим. Рентген текширувидан кейин доктор тўпиғим дарз кетгани ҳақида менга хабар берди, “гипс қилиш керак, ҳозироқ”. Кўз олдим қоронғулашиб кетди. Гипс билан қанақа учрашув бўлади? То мен тузалиб, оёққа туриб кетгунимча у кутиб турармиди? Йўқ, мен нима бўлса ҳам учрашувга боришим керак. Докторга оёғимни қаттиқ қилиб боғлаб қўйишларини сўрадим, гипсга эса эртага келишимни айтдим.
Кечаси билан онам оёғимга тухум боғлаб, шўр пахта қилиб чиқдилар. Мен эса оғриқ қолдирадиган дорилардан бир дунёсини сумкамга солиб олганча, учрашувга отландим. Оқсоқланиб юрган одам, уни кўришим билан оёғим дарди ҳам эсимдан чиқиб, текис юриб кетдим. Биз хиёбонни бироз айландик, кейин шаҳримиздаги энг яхши ресторанлардан бирига йўл олдик. У хиёбондан унча узоқ бўлмагани учун, Анвар пиёда боришни сўради. Мен қанақа қилиб йўқ дея олардим. Сув келтириб беришини сўраб, беркитиб, оғриқ қолдирувчи доридан иккитасини ичиб олганча, йўлга тушдик. Кейин ресторандаги кечки овқат, мен дам-бадан шишиб, бутун танамга оғриқ бераётган оғриқни енгиш учун дорини паққос тушираману, яна жилмайишга тушаман. Хуллас, учрашувимиз кўнгилдагидек ўтди, назаримда. У менга ростанам ёқди, у мен шунча узоқ вақт кутган одамнинг ўзи бўлиб чиқди. Назаримда мен ҳам унга ёқдим. Учрашувдан у мени машинасида уйимизгача ташлаб кетди. Яхшиям, подъезд олдигача олиб келди, акс ҳолда кўча бошида йиқилиб қолишим ҳеч гап эмасди. Мен уйга келганимда рангим оқариб, ҳушдан кетиб қолгудек аҳволда эдим. Онам мени кўриб, қўрқиб кетдилар. Эртаси куни касалхонага бориб, оёғимга гипс қўйдирди. Яна орадан икки ой ўтиб тўйимиз бўлиб ўтди. Мен Анвар акамни ўша суратларидан кўриб севиб қолганман ва улар учун қаттиқ оғриқни ҳам енгганман. Кейинроқ бу воқеани уларга айтиб берганимда, роса кулганлар. “Ўшанда, нега бу қиз бунча рангпар, ранги ўчиб кетгандек экан деб роса ўйлаганман. Бунинг сабаби шунда эканда. Тоқатингизга қойил, мен бунақа қилолмаган бўлардим”, дедилар. “Мен бу оғриқларга чидамаганимда, бугун бирга бўлармидик-йўқми, буни худо билади”, дедим мен ҳам эримга энг гўзал табассумимни бахш этиб…
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев