—Сенга ҳеч қачон олиб келган нарсам ёқмайди, қачон қарама камчилик топасан! Фозил жаҳл устида қўлидаги юкларни силтаб-силтаб, гапириб-гапириб ошхонага ташиди. Мавлуда, барибир, ўзиникини оқлаб туриб олди. Тўғри-да, эри ўзи овқат қилмаганидан кейин билмайди-да.
"Олиб келган булғор қалампирингизни қаранг. Ҳаммаси яшил. Уч хил ранглисидан олинг дегандим. Сабзини аҳволини? Мушак сабзи олинн дегандим. Катта-катта сабзи кўтариб келибсиз! Пиёзнинг оқидан, қизилидан, оддийсидан—ҳар хил қилиб олинг десам, шуни ҳам оқини топиб келмабсиз. Қовунни узунчоғидан олинг десам, думалоғидан кўтариб келибсиз",—деди-ю боши балога қолди. Қўй гўштини тўғри танламаганини айтишга улгуролмай қолди. Эри уйни бошига кўтариб, бақириб кетди.
Мавлуданинг нима айби бор?
Ширин-ширин овқатлар қилиб бермоқчи эди.
Агар қайнонаси кириб қолмаганда уларнинг жанжали, худо билади, нима билан тугарди.
—Болам, барака топ, сен вазифангни бажардинг, бугун якшанба, кириб бироз дам ол, биз Мавлудахон билан болаларни олиб айланиб келамиз.
Адолат опа келини ва иккита неварасини олиб энг кичик овсинининг уйига кириб борганда аёл кўрпачаларни ёз офтобига ташлаётган экан. Қучоқ очиб кутиб олди. Ҳовли жуда оддий, эски, пасқам иморатдан иборат, аммо, қандайдир файзли, озода эди.
—Шу ҳовлида учта овсин сира жанжал қилмай яшаганмиз, деди қайнонаси. Кейин ўтганларнинг руҳига тиловат қилди.
Овсини тушликка овқат қилмоқчи эди, Адолат опа тўхтатди
—Ўтиринг, Сабо, сизни соғинганман, овқатни ана, Мавлудахон қиладилар. Рўзғорни кўрсатиб юборсангиз бўлди.
Сабо келинчакни ошхонага бошлади.
—Адолат опам картошка яхши кўрадилар. Пиёз билан қовурасиз, —дели аёл қопда турган картошкани кўрсатиб.
Мавлуда картошкаларни кўриб оғзи очилиб қолди. У умрида бунақанги майда, қурутдан сал каттароқ картошкани кўрмаган эди.
—Бу-уруғлик картошками, жудаям майда экан? —сўради у тозалашдан олдин
—Йўғе, нега уруғлик бўларкан, рўзғорбопда, барака топсинлар амакингиз кеча рўзғоримни бутлаб бердилар. Пиёз мана бу ерда
Пиёз картошкадан ҳам майда эди.
—Буларни қандай тўғрайсиз? Қачон тозалаб бўласиз? —гапириб юборди келинчак.
—Шуни тозаламаганда нима иш қиламан. Меҳнат қилиб, пул топиб, камига ошхонамгача олиб келадилар-у тозаламайманми? Олтин бошлари омон бўлсин. Ҳа, гўштимиз тугаган, тухум солиб юборарсиз-а?
Мавлуда овқат тайёр бўлгунча қайнонаси уни нима учун бу ерга олиб келганини тушуниб бўлди.
Овқат пишганда амакижон келди. Қўлтиғида кичкинагина тарвуз бор эди. Сабо опоқижон уйига Ҳазрат Пири кириб келгандек кутиб олди. Ўтирмоқчи бўлган кўрпачасини бир қоқиб тўшаб орқасига ёстиқ қўйди. Кичкинагина тарвуз тилла тарвузга тенглаштирилди.
Уйгa ўйчан қайтди. Доно қайнонаси бу сафар ҳам унга яхшигина сабоқ бериб қўйган эди.
Феруза Салходжаева.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1