Тоғ ён бағридаги олис қишлоқлардан бирида, нуроний отахон билан, набираси камтарона ҳаёт кечирар эди. Бобонинг энг севимли машғулотларидан бири бу – Қуръон тиловати эди. Ҳар куни тонгги ва тунги ибодатлар якунида ўчоққа олов ёқиб, унинг тафтида кўнгилга ёқимли хуш овоз ила қироатни бошлайди. Набираси ҳам Қуръон ўқишни бобосидан ўрганар эди. Бобоси сингари болакайнинг қўлидан Қуръон, лафзидан Аллоҳнинг каломи тушмай қолди. Кунларнинг бирида у бобосидан сўради: “Бобожон, мен ҳам сиз каби Қуръон ўқишга ҳаракат қиляпман, лекин араб тилини билмаганим учун Қурон маъноларини яхши тушунмайман. Барча ёдлаганларим китобни ёпишим билан эсимдан чиқиб қолади.
Қуръон ўқишда нима ҳикмат бор, унинг қандай фойдалари бор?” Ўчоққа кўмир солаётган отахон қилаётган ишини дарҳол тўхтди ва набирасига юзланиб жавоб берди: “Болам, кўмир соладиган саватимизни қўлингга олгинда пастга тушиб, дарёдан сув олиб келгин”. Бобосининг топшириғини бажаришга ҳарчанд ҳаракат қилмасин, болакай саватда сув олиб келишни уддалай олмади. Сувга саватни ботириб олар, уйга келгунича саватдаги сув тўкилиб бўларди. Яна қайтиб дарёга борар, яна ҳудди шу ҳолатда сув олар, то уйга келгунига қадар яна саватда сув қолмас эди. Унинг бу ҳолатини кузатиб ўтирган бобосининг юзи табассум билан зийнатланди: “Энди тезроқ бориб келишга ҳаракат қилгинчи”, - деб неварасини яна сават билан сувга жўнатди.
Бу сафар бола дарёдан сув олгани югуриб бориб, саватга сув олиб яна чопқиллаб ортига қайтди. Афсуски уйга келганида, саватида яна сув йўқ. Саватда сув ташишнинг ҳеч иложиси йўқлигини айтиб, болакай қўлига челакни олди. “Менга челакда эмас, саватда сув керак. Сен чаққон ҳаракат қилмаяпсан, астойдил уринсанг албатта эплайсан” – дея танбеҳ берди отаҳон. Болакай қанча чопмасин, қанча тез ҳаракат қилмасин барибир саватда сув келтириш бефойда эканини бобосига исботлаб бериш учун бор кучини аямади.
Саъй-ҳаракатлари билан саватда сув олиб келишда бардавом бўлди. Қанча ҳаракат қилмасин барибир саватда сув олиб келиб бўлмаслигини кўрсатиб қўйиш учун астойдил тер тўкди бояқиш. “Мана, кўрдингизми бобо, бунинг ҳечам фойдаси йўқ”, деди набира отахоннинг нурли юзига ҳорғин нигоҳини қадаб. “Шунча ҳаракатим бефойда, бесамар кетди деб ўйлаяпсан, шундайми ўғлим? Унда саватинггга бир қарагин-чи” – деди бобо унга жавобан, аста-секин саватига кўз ташлади болакай.
Не ҳолки, кўмир солинавериб асли рангги билинмай кетган қоп-қора саватнинг ички ва ташқи томони зилол сувда ювилавериб, тозаланиб, ял-ял товланарди.
“Болажоним, Қуръон ўқиётганингда ҳам худди шундай бўлади. Қуръон ўқиётиб, унинг маъносини тушунмаслигинг ёки ўқиганларингни ёдда сақлаб қололмаслигинг мумкин. Лекин уни ўқишда бардавом бўлсанг, ҳарфларини ҳижжалаб бўлса-да, мунтазам ўқийверсанг, сенинг ичинг ва ташингни ўзгартириб юборади. Суратда ҳам, сийратда ҳам сени нурафшон қилади. Аллоҳ ҳаётимизни ўзгартириб, икки дунё саодатидан баҳраманд этиши ҳам шундандир...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев