— Бугунги байрам — Анвар аканинг уйга қайтиши учун оламиз!
Кафенинг иссиқ ва дим хонасида ўтирган улфатлар Анвар акани мақтай кетди. Анвар ака қўлини кўксига қўйиб, уларнинг гапини маъқуллаб турарди. Анчадан буён давом этаётган улфатчилик ниҳоясига етай демасди. Аксинча, даврага янги улфатлар қўшилиб, зиёфат тобора кучайиб бораётганди. Энди улфатлар нима учун йиғилганини ҳам унутиб қўйишган, Анвар ака эса бир четда қолиб кетганди. У ўтирган жойида бошини столга қўйиб, пинакка кетди. Улфатлар устма-уст буюртма бериб, ****-ичиб бўлгач, бирма-бир тарқалишди. Охирида Анвар аканинг ёнида қолган шериги уни турғизишга уринди. Аммо у бошини кўтариб ҳам қарамади. Ахийри ҳафсаласи пир бўлган улфат атрофга олазарак қараб олди-ю, кафе хизматчиларининг кўзини шамғалат қилиб, жўнаб қолди. Бир маҳал хизматчи йигит келди ва Анвар акани уйғотди. У базўр кўзини очиб, атрофга қаради. У қаерда, нима учун бундай ўтирганини ҳам унутиб қўйганди. Ёнида турган йигитнинг сўзларидан сўнг унча-мунча нарса ёдига тушгандай бўлди. Официант йигит тоқати-тоқ бўлиб, қўлидаги ҳисоб қоғозни тутқазди-да. Анвар ака юзига сепилган совуқ сувдан бироз ўзига келди. Сўнг ҳисобни кўриб, кўзларини катта-катта очди. Кейин недандир умид қилиб, кафеда ўзига таниш қиёфаларни излади. Йўқ. Ҳамма аллақачон кетиб бўлган. Кафеда одам сийрак. Хизматчи йигит-қизлар бир четда ўтириб гурунглашяпти. Гоҳ-гоҳида мижозларга кўз қирини ташлаб қўйишини айтмаса, бу ердагилар билан иши йўқдай бепарво ўтирибди. Анвар ака буларни зимдан кузатиб, ўзича ҳисоб-китоб қилди. Чўнтагидаги бор-будини чиқариб, официант йигитга кўрсатиб, ҳисоб қоғозга қўшиб столга қўйди. Тағин пул сочилиб кетмасин деб стаканни бостирди. Кейин официантнинг етиб келишини кутиб ўтирмай, жўнаб қолди. Официант келиб пулни олди-ю, санашга тушди. Сўнг шаҳт билан ташқарига чиқиб Анвар акани излай бошлади. У ҳали узоққа кетмаган эди. Анвар ака ортидан чақиришаётганини эшитиб қадамини тезлатди. У катта йўлга чиқиб, машина тўхтатиш учун қўл кўтарди. Аммо ўтиб-қайтаётган машиналар ҳа деганда тўхтамасди. Бу орада официант етиб келди.
— Пулни кам берибсиз, — деди официант Анвар акага қараб. Анвар ака эса таажжубланиб:
— Сен кимсан? — деб сўради.
— Ким дейсизми? Масхара қиламан, деб ўйламанг! Пулни тўлиқ тўлаб қўйинг.
Официантнинг жиддий оҳангда айтилган гапидан Анвар ака ўзига келгандай бўлди. Аммо сир бой бермай:
— Ҳа-а-а, узр, узр, укам, — деди. — Пул кам дейсанми? Одамни хафа қиляпсан лекин. Пулни бердим-ку.
— Мен бермадингиз демадим. Кам деяпман. Мана, санаб кўринг.
— Бўпти, кўчада шовқин қилма. Ҳамма бизга қараяпти. Мана, етмаганига телефонимни ол. Қайтими керакмас. Бўладими? — деб телефонини узатди Анвар ака. Официант эски ва оддий телефонни кўриб:
— Буни бошимга ураманми, пулни беринг! — деди.
Лекин бу гапларнинг фойдаси бўлмади. Ахийри официант телефонни олиб, Анвар акани етаклаб, кафега қайтди. Анвар ака йигитчага бўйсунмасди. Лекин официант унга қараганда бақувват ва тетик бўлгани боис куч ишлатиб, Анвар акани измига юргизди. Анвар ака кафега қайтиб, бояги жойига ўтирди. Официант унинг телефонидаги рақамларни бир-бир кўздан кечираётганди. Шу пайт Анвар ака:
— Менга туҳмат қиляпсизлар, ҳозир милиция чақираман. Пулини тўлаб қўйганман. Қўйиб юбормасаларинг ўзларингдан кўринглар! — деб дағдаға қила бошлади.
Бу орада официант Анвар аканинг ўғли Шоҳрухнинг рақамига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирди. Сўнг ҳамон айбсизлигини иддоа қилаётган Анвар аканинг ёнига келиб:
— Жим ўтирмасангиз охири яхши бўлмайди, — деди.
Йигитнинг бу гапидан сўнг Анвар ака жим бўлди. Бу вақтда Шоҳрух ишидан рухсат олиб, топган-тутгани билан йўлга чиққанди. У айтилган манзилга етиб келгач, қарзни тўлаб, отасини олиб уйига жўнади. Уйга етиб бормагунча иккиси ҳам миқ этишмади. Уйга киришгач, Шоҳрух бирдан отасига юзланиб:
— Ундан кўра мени ўлдириб ташланг! — деди аччиқ билан. — Қачонгача давом этади? Бўлди қилинг-да энди!
— Тсс! — дея бармоғини бурнига қўйди Анвар ака. — Бу охиргиси. Ювмасам, уят бўларди. Мен хурсандлигимдан. У ёқдан эсон-омон келганим учун шукрона қилиб ўтирдик.
— Ўша ердан келмаганингиз яхши эди! — деб юборди Шоҳрух алам билан. — Ўзи мана шундай юришингиз сабаб уч йил дам олиб келгандингиз. Энди бир ойдан бери қайтиб келганингизни ювасиз. Бўлди-да, энди. Уйда бошқа пул йўқ. Ўзингиз бир тийин топмайсиз-у, рўзғорда борини кўчага сарфлайсиз…
Анвар ака ўғирлик билан қўлга тушган эди. Шу қилмиши туфайли уч йил қамоқда ўтириб чиқди. У қамоқдалик пайтида рўзғорнинг барча юки Шоҳрухнинг зиммасига тушди. Ўғил ўн саккизга тўлиб-тўлмай турли ишда ишлади. Рўзғорни бутлашда онасига кўмакчи бўлди. Укаларига ота ўрнида тарбиячилик ҳам қилди. Бу оғир меҳнат Шоҳрухни чиниқтирган бўлса-да, отасининг ўғирлик сабабли қамалиб кетгани унинг кўнглини ўкситарди. Гўёки бошқалар уни қўли билан кўрсатиб гапираётгандай эди. Баъзан пичир-пичир гаплар орасида отаси ҳақидаги сўзларни ҳам эшитиб қолар, бундай пайтда ер ёрилса-ю, кириб кетсам дерди. Шу сабаб отаси қайтиб келганида қанчалар қувонганди. Шу сабаб аввалига отасининг бугунгидай улфатчилиги учун ўз ихтиёри билан пул берганди. Аммо Анвар ака ҳар куни уйга кайфи тароқ ҳолда қайтарди. Шоҳрух эсини таниганидан буён отасининг аҳволи шунақа. Кўпинча рўзғорнинг юки онасининг зиммасида бўлган. Лекин Шоҳрух отам у ёқдан яхши одам бўлиб қайтган, деб умид қилганди. Йўқ, адашган экан. Отаси ичишни канда қилмабди. Аксинча, мана шу ўтган йилларнинг ҳам бадалини ундирмоқчи бўлгандай аввалгидан ҳам кўпроқ ичарди. Шундай пайтларда Шоҳрух отам қамоқда юравергани яхши экан, деган хаёлга ҳам борди. Ахир вақт ўтиши билан Анвар аканинг қамоқда эканини унутиб юборишган эди. У ҳақда гапирмай қўйишганди. Лекин отаси уйга қайтиб ҳам, ҳар куни кўчада маст юриши, кафе ва дўконлардан қарз бўлиб қолиши ён атрофдагиларнинг суҳбат мавзусига айланди. Кўпчилик Шоҳрухга ачиниб, самимий насиҳат ёки тасалли берарди. Шунга қарамай, бу гаплар Шоҳрухга оғир ботарди. Отасининг бугунги иши эса ҳаммасидан ошиб тушди. Шоҳрухнинг жони ҳалқумига келди. Уйдаги ҳамма пулни сарфлаб бўлгани камлик қилгандай отаси ўзини айбдор ҳис этмасди ҳам. Аксинча, Анвар ака ўғлига:
— Нега борасан?! Борма эди! Ўзим ****-ичдимми, ўзим тўлаб келардим! — деди. Сўнг Шоҳрухнинг «тарбиясиз»лигидан ўкиниб, унга «сабоқ» бермоқчи бўлди. Лекин Шоҳрух ўзини олиб қочди. Бу тўс-тўполондан қўшнилар ҳам бохабар эди. Шу боис Шоҳрух барчанинг ёнида изза бўлиб, ўпкаси тўлди…
Суд залида ўтирган Анвар акага қарши кўрсатилган далилларни инкор этиб бўлмасди. У ён қўшнисининг уйига ўғирликка тушган. Оёқ изи-ку, майли, аммо у доим кийиб юрадиган бош киймини ҳам тушириб қолдирганди. Бу ҳам етмагандай уни пайқаб қолган қўшнини урган. Кейин девор оша уйига ўтиб кетган. Қўшниси милиция чақиргунча, уйидан чиқиб кетган. Лекин ўғирланган пуллар хонасидан топилганди. Бу сафар ҳам уни озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм ўқилди. Анвар ака қамоққа кетаркан буларнинг бари туҳмат эканини исботлашга уринди. Аммо бу бесамар эди. У ўзича янги режаларни тузиб, шу каби ишга ҳозирлик кўриб юрганини тан олса-да, ҳали иш бошламаганди. Шулар ҳақида ўйлаганида бу сиртмоққа қандай тушиб қолгани тўғрисида бош қотирарди. Анвар ака ўғли бундай ишга қўл уришига ишонмас, лекин барча далиллар бу ишда номусдан юраги аламга тўлган Шоҳрухнинг қўли борлигидан далолат берарди.
тамом.
Муаллиф???
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1