МУАЛЛИФ: CАИДА ҚОРАБОЕВА
Умр йўлдошим билан севишиб турмуш қурдик. Борган хонадонимда кенжа келин мақомини олиш насиб этди. Овсиним мендан етти-саккиз ёш катта аёл эди. Қайнсингилларим эса узатилган бўлиб, бир ҳовлида иккита келин турардик. Тўйим куни аммам: “Овсинингдан эҳтиёт бўлгин. “Овсин овсинга тош отади”, дейишади”, деганида, холам эса: “Гулнорани ҳалитдан қўрқитманг. Аксинча овсин янги келинга билмаганларини ўргатади”, деб қўшимча қилганди. Кимнинг гапи қай даражада ҳаётимда акс этишини мен ҳали билмасдим. Аммо мендан аввал ўша хонадонга мослашиб улгурган, паст-баланд йўл худди мен каби босиб ўтган яна бир аёл борлигидан шодлангандим. Ахир у ҳам ёш бўлган. Оиладаги катта-кичикнинг феъли ҳам кўпроқ унга маълум. Опа-сингилдек бўлиб яшасак, ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйладим. Бироқ турмуш йўллари менинг қай даражада адашганимни исботлаб берди.
Бир ҳафталик келинчакман. Кир ювмоқчи бўлдим. Аксига, қайнонам ҳам йўқ эди. Овсинимдан: “Мағзавани қаерга тўкай? Ўра борми?” деб сўрадим.
- Йўқ, бизда ўра йўқ. Анави ерга тўкаверинг, - деб томорқани кўрсатди. Мен ҳам у кўрсатган томонган тўкдим. Орадан ҳеч қанча ўтмай, даладан келган қайнотам мен мағзава тўккан жойни кўрди-ю, фиғони фалакка чиқди.
- Фаросат борми сизда? Қанақа аёлсиз? Кўзингиз кўрми? Мен у ерга уруғлик сочиб қўювдим-ку... – деганча бақира кетди қайнотам.
-М-мен ҳалиги... келинойим айтганлари учун... - гапим чала қолди. Ўлжасига ташланган бургутдек овсиним менга кўзларини катта-катта очиб гапира бошлади:
- Нималар деяпсиз? Мен сизга нарироқда ўра бор. Ўша ерга тўкинг, демабмидим. Нега менга туҳмат қиласиз? Дада, мен бу келинга айтдим...
- Уялинг келин, ҳали ёшсиз... ўзингиз қилган ишни бировга тўнкаманг, - деганча қайнотам уйга кириб кетди. Лол бўлиб қолдим. Худди биров ёрдам берадигандек чор-атрофга алангладим. Йиғлаб юборишдан аранг тийилиб турардим. “Нега ундай қилди? Менинг айбим нима, ахир?” Ошхона томон йўналётган овсинимнинг ёнига бордим.
- Келинойи, ахир ўзингиз айтгандингиз-ку?
- Йўқ, мен айтмагандим... -деганча мазахомуз кулган аёл кўзимга шунақанги хунук кўринди. Ё тавба...
Ўртамизда бўлган воқеани қайнотамдан эшитган қайнонам эса, менинг ёнимни олди.
- Ҳали ёшда, ўрганиб кетади. Лолахон, овсинингизга ўзингиз ўргатингда, - деб овсинимга синовчан назар ташлади ойим. Овсиним эса лаб бурганча чиқиб кетди. Катта келиннинг тушганига етти йил бўлган эсада, ҳамон фарзанди бўлмагани учун унга қаттиқ гапиришмасди. “Кўнгли синиқ, баттар сиқилмасин”, дерди қайнонам менга ёлғиз қолганимизда. Қолаверса, овсиним эримнинг аммасининг қизи экан. Шу сабаб, қайнотам жиянига кўпроқ ён босарди.
Ишдан келган эримга бўлган воқеани айтиб бердим. Шамшод акам мен билмаган яна бир ҳақиқатни айтди:
- Гулнора, Лола келинойимдан эҳтиёт бўлиб юр. Мен унинг синглисига эмас, сенга уйланганим учун ҳам алами бор. Худди ўлжасини кутиб ётган илондек заҳрини суқишга тайёр бўлиб юради. Етти йилдан буён туғмаган бўлсада, синглисини ўйлаган дадам уларни ажратиб юборолмайди. Ёлғизгина синглим ҳафа бўлмасин, дейди. Шунинг учун нима керак бўлса ойимдан сўра...
Эримнинг огоҳлантиришидан сўнг муносабатимни ўзгартирмадим-у, аммо ўзимга эҳтиёт бўлиб юрадиган бўлдим.
Кунлар ўтиб ҳомиладорлигимни пайқадим. Овсиним бўйимда бўлганини эшитиб, ўзгаргандек бўлди. Мен билан илиқ муомалада гаплашар, менга меҳрибончилик қиларди. Ҳатто “Овқатни ўзим қиламан, чойни ҳам ўзим дамлаб бераман. Сиз дам олаверинг”, дерди. Ҳайратландим. “Балки ўзида бўлмагани учун мен ҳам шундай бўлай, деб ният қилаётгандир”, деб ўйладим. Аммо икки кундан сўнг менга сузилаётган таомга нимадир сепаётганини кўриб қолдим. Кўнглим хижил бўлди. Косадаги овқатни қошиқ билан кавлаштириб ўтирдим, холос. Рости, ейишга қўрқдим. Менинг ўтиришимни кўрган қайнонам:
- Гулнора, нега овқат емаяпсиз? – деб сўради.
- Негадир кўнглим беҳузур бўляпти. Овқат томоғимдан ўтмаяпти, - дедим овсинимга синовчан тикилиб. У эса менга парво қилмай, бамайлихотир овқат ичарди.
- Ҳомиладорликда шунақаси ҳам бўлади. Кўнглингиз тусаган нарсани енг. Боламиз соғ-омон туғилса бас, - деди қайнонам меҳрибонлик билан.
Кунлар ўтиб, менинг қорним катталашгани сари овсинимнинг ҳам макр- ҳийлалари кўпайиб борарди. Меҳмонга келган қайнсингилларимга мени тинмай ёмонларди. Аммо қайнонам эса аксинча мени мақтаб, унинг оғиз очишига йўл қўймасди.
Бир куни уйда ухлаб ётсам, эшик очилиб-ёпилди. Эътибор қилмадим. Бир вақт нимадир тиқирлади. Чорасиз бош кўтариб уй ичига назар солдим. Ерда илон турарди. Қўрққанимдан бақириб юбордим. Овозимни эшитиб, қайнота-қайнонам югуриб киришди. Газандани кетмон дастаси билан ўлдирган қайнотам, эшикни ёпиб юринг, деб танбеҳ берди.
Тўққиз ой давомида овсиним қорнимдани боламни тушуриш учун тинмай макр-ҳийла ўйлаб топарди. Бироқ, худо меҳрибон экан. Вақти соатим етиб ўғилли бўлдим. Ҳамма хурсанд. Айниқса, қайнона-қайнотамнинг қувончи чексиз. Аммо бу уйда бола боқишга ҳам қўрқиб қолгандим. “Боламга бирор нарса қилмасин-да”, деб хавотирда яшардим.
Бир куни уйда ҳеч ким йўқ. Кеч тушиб қолаёзганди. Қайнонам келавермагач, овсинимдан боламга қараб туришини илтимос қилдим. У рози бўлди. Кўнглим алланечук бўлсада, “Бола бегуноҳ-ку, ҳеч нарса қилмас”, деб ўйладим. Овқатимни қовуриб, димлаб келсам, болам бешикда пишиллаб ухларди. Овсиним эса кўринмасди. Кўнглим тинчланди. Яна ошхонага қайтдим. Шу пайт боламнинг чинқириб йиғлагани эшитилди. Югуриб уйга кирсам, бешикдаги боламнниг бўйнида чаён турарди. Гўдагим оғриқ азобига чидолмай йиғларди. Мен эса қотиб қолдим. Ҳозиргина ҳеч нарса йўқ эди-ку... “Келинойи”, деб чақирдим. У овоз бермади. Нима қилишни билмай қолдим. Бешикдан ечиб олган болани бағримга босганча ён-атрофга аланглардим. Шу пайт кўзини ишқалаб овсиним нариги уйдан чиқиб келди.
- Вой, Самаджонни ухлатиб кириб кетгандим-ку, - деди овсиним.
- Болам... боламни чаён чақиб олди, - дедим кўз ёшларим юзимни ювиб... - Н...нима қилай?...
- Мен нима қилишни билмайман, - деб елка қисди овсиним. Шу маҳал қайноғам кириб келди. Гап нимадалигини билгач, дарҳол касалхонага олиб кетди. Болам тузалиб уйга қайтдик. Аммо кўнглимда бу аёлга нисбатан нафрат пайдо бўлди. Илгари ҳурматини жойига қўйган бўлсам, энди ўзгаргандим. Мен ҳам у билан тенгма-тенг гап талашардим. Хуллас, икки келиннинг жанжалидан безор бўлган қайнотам бизни бўлак қилиб чиқариб юборди.
Иккинчи ўғлим туғилганда қайнонам болани овсинимга беришимизни илтимос қилди. Мен кўнмадим. Аммо акасининг бахтини ўйлаб эрим болани уларги беришга рози бўлди. Чорасиз қолгандим. Боламни берарканман, худди юрагимни суғуриб бераётгандек сездим ўзимни. Ҳар куни йиғлардим. Айниқса кўкрагим тўлиб, оғриганда, боламнинг йиғлаётганини ҳис қилиб турардим. Чидолмадим. Орадан уч кун ўтиб қайнонамникига бордим. Ҳовлига кирарканман, ичкаридан боланииг йиғиси эшитиларди. Бир муддат кутиб турдим. Аммо ҳа деганда овоз тинмагач, секин овсинимнинг уйи томон юрдим. Деразадан мўраладим. Ялонғоч ҳолда ётган болам тинмай чирқирарди. У йиғлаган сари мени биров пичоқ билан нимталагандек бўларди. Бир маҳал ухлаб ётган овсиним боланинг овози тинмагач, юзига бир урди. Тарсаки ўн кунлик гўдакнинг эмас, менинг юзимга тушгандек бўлди... Додлаб юбордим. Югуриб кирдим-у, боламни қўлимга олдим.
- Сенга Худойим билиб фарзанд бермаган экан. Садқайи она кет, - деганча боламни кўтариб чиқиб кетдим.
Овсиним яна ёлғонларни тўқиди. Ҳатто унинг алдамчи гаплари сабаб эримдан ҳам калтак едим. Аммо боламни унга бермадим.
Эҳ-ҳе, ўтган йиллар ичида унинг қилмаган ёмонлиги қолмади, ҳисоб. Эримдан ажратиш учун қилинган макр-ҳийлалар, фитналар...
Ҳаммасига сабр қилдим. Чидадим, яхши кунларни кутиб яшадим. Қайнонамгина мени тўғри тушунарди. “Сабрли бўлинг, болам”, дерди нуқул...
Орадан йиллар ўтди. Икки ўғлимдан сўнг икки қизим туғилди. Ҳаёт ўз ўзанида секин оқарди. Қайнона-қайнотам дунёни тарк этишгач, қайноғам бошқа аёлга уйланди. Битта уйда овсиним кундоши билан яшашга маҳкум бўлди.
Катта ўғлимни уйлантирганимизда тўйга айтиш учун уларникига бордим. Овсиним касал бўлиб, ётоққа михланганди. Баданига йирингли яралар тошиб кетган экан. Ҳатто туғишган синглиси ҳам қарамай кетиб қолибди. Кундоши эса эридан қўрққани учун ҳам уни кўчага ҳайдамас, бироқ аксарият ҳолларда бу аёл қаровсиз қолиб кетаркан...
- Гулнора, сизга қилган ёмонликларим ўзимга қайтди. Мени кечиринг. Ичимга кириб олган ҳасад мени шу кўйга солди. Сизга ҳасад қилардим. Менинг эрим билан муносабатим сизникидек эмасди. Бу менга таъсир қиларди. Камига фарзандли бўлолмаётганимдан баттар ичим ёнарди. Қайнонам сизнинг ёнингизни олганида, ёниб кетай дердим. Мени кечиринг... - деб йиғлади. Менга жуда кўп жабр-у ситам етказган бўлса-да, бу аёлга раҳмим келди. Эрим билан маслаҳатлашиб, уни уйимизга олиб келдик. Ўзим парвариш қилдим. Бироқ... тўйдан бир ҳафта ўтгач, овсинимни тупроққа қўйдик. Бу - дунёда қилинган яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам жавобсиз қолмаслигига яна бир исбот эди...
ТАМОМ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев