Ўша куни бомдоддан кейин тонгги зикрларни айтиб, кун оқаришини кутганча ўтирдим... Сўнг бир оз дам олиш учун ўрнимга чўзилдим...
Туш кўрибман... Келиним ёнимга кириб бели оғриётганини айтди. Мен ундан қанча вақт оралиғида оғриётганини сўрадим ва вақт ҳали эрталигини айтиб ухлашда давом этибман. Сўнг уни касалхонага олиб бориш учун тайёргарлик кўрибман ва кетиш чоғида мазам бўлмай ётиб қолибман. Ҳамма атрофимда парвона эди... Уйғониб кетдим... "Яхшиликка бўлсин!", дедим ва ўрнимдан туриб бозорга йўл олдим. Бозор қилиб келдим-у, рўза оғиз қаттиқ чарчаганим учун ёнбошладим. Эшикдан келиним кириб келди. "Ойижон, белим оғрияпти", деди. Оралиғини сўрадим. Ҳали вақт борлигини айтдим-у, ўрнимдан туриб овқатга уннадим. Ўша тобда тушим эсимга тушди... Субҳаналлоҳ...
Шом бўлди... Аста-секинлик билан касалхонага кетиш учун тайёргарлик кўришни бошладик. Ўғлим сафарда эди. Ҳамма нарсани тайёрлаб, елкамга сумкамни осдим. Эшикдан чиқамиз деб турганимизда мазам қочди. Қўл-оёғимдан куч кетди-ю, мадорсизланиб уст-бошим билан чўзилганча ётиб қолдим. Оёқ-қўлимни уқалашяпти, дори беришяпти, атрофимда югуриб юришибди... Мен эса шу ётганча кечаси 12:00 да турдим. Субҳаналлоҳ... Тушда кўрганларим қандай бўлса, шундай давом этаётган эди... Сўнг қаддимни аранг кўтардим-у, келинимни касалхонага олиб бордим.
Кутиш залидаги ўтирган аёллар мени йиғлаётганимни кўриб сўрашяпти: "Қизингизми, келинингизми?" Келиним эканлигини билишгач, ҳайрон бўлиб бир-бирларига қараганча: "Ҳа, қутулиб олади. Йиғламанг, келинг ўтиринг! Бизларни ҳам келинимиз кириб кетган, жавоб кутиб ўтирибмиз!", дейишди бамайлихотир. Улар ўзларини ўта хотиржам тутаётганларини кўриб, ўзимни жуда ноқулай ҳис қилдим. Чунки қарасам бир мен куйиб-пишиб, бир жойда ўтиролмай уёқдан-буёққа зикр айтиб йиғлаб юрган эканман. (Сув тошса тўпиғига чиқмайдиганларга баъзан ҳавасим келади. Мени феълим ҳамма нарсани ўйлайверадиган, ҳар нарсага жиғибийрон бўлаверадиган, менга тегишли бўлмаган нарсаларга ҳам куйиб-пишиб, ич-этимни **** юрадиган ғалати феълим бор, субҳаналлоҳ... Шунинг учун бўлса керак кўп касал бўлиб қолавераман) Эшик очилди... Ҳамшира мени чақирди... "Туғдими?", шошиб сўрадим. "Ҳа, туғди", деди. "Алҳамдулиллаҳ", дедим. Ҳамма чарчоқлар чиқиб кетди. Оқиб турган кўз ёшларим ҳам тўхтади. Елкамдан юк ағдарилгандек енгиллашдим. Ўзимники туққанда ҳам бунчалик куймагандим... Барибир бировнинг боласи, бировнинг омонати экан...
Зулфия Махмуд.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев