90- йилларда бир кино бўларди “Даниялик келин” деган.
Келин тўйи куни Истанбулнинг энг гўзал тепалиги (Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг маҳалласи) Чамлижа тепасида отда сайр қилади.
Бу кинони ҳар курганимда Чамлижани кўришни орзу қилардим. Аслида, қўрқа-қўрқа орзу қилар эдим. Чунки Туркияга бориш бир четда турсин Хоразмга ҳам бора олмас даражада фақир эдим.
Баъзан мендан сўрашади: “Нега сенинг дуоларинг қабул бўлади?” – дея. Ҳамманинг ҳам қабул бўлган бир дуоси, қабул бўлмаган минг дуоси бордир, албатта.
Али розияллоҳу анҳу: “Мен Аллоҳнинг Аллоҳ эканлигини ҳар дуоимни қабул килмаслигидан биламан”, – деган эди. Қайси дуомизда биз учун хайр бўлса, у дуо қабул бўлади, албатта.
Дуоларим қандай қабул бўларди?
Чақимчи бўлганман... Шоир айтадику: “Ҳаммангни Худога айтиб бераман”, – деб.
Мен ҳам Худога айтиб берардим. Шундандир, балки. Самимият билан чақимчилик қилардим.
Куп йиллар аввал Тошкент вилоятида бир ҳожи бобонинг дала ҳовлисида болаларим билан бирга яшашимга тўғри келганди. Жуда фақир эдим, болаларнинг қорнини ҳам тўйдира олмасдим.
Эрталаб наҳорги ош бор тўйхоналарга бориб, болаларга ортган ошлардан олиб едириб қорнини тўйдирар эдим.
Бир имом қўшнимиз бор эди (унга бу ердан салом бўлсин). Бир куни челакда гилос олиб чиқди. “Опа, бу гилосни болалар есин, кейин мени дуо қилсин, 10.000 доллар (ўн минг) қарзим бор, қарздан кутулсин шу дея дуо қиласизлар”, – деб чиқиб кетди. У гўё мен билан савдолашаётганди, гилосни бераман, эвазига дуо қиласизлар деб.
Болалар 10 дақиқада гилосни **** тугатишди.
Мен эса ўзимни қарздор ҳис кила бошладим. Бошимни саждага куйдим: “Аллоҳим, биз имомнинг гилосини **** қўйдик, аммо бу гилос жуда қиммат, 10 минг доллар. Биз бу пулни топа олмаймиз, илтимос имомга ёрдам бер...” – дедим дуойимда.
Эрталаб имом:
– Опа, дуо килганмидингиз, мен қарзимдан кутулдим, – деб қўнғироқ қилиб қолди. – Бугун Малайзиядан бир талабам учиб келди, у тўғри меникига келди. “Устоз менга нима хизмат?” – деб сўради. Мен ҳам: “Ўн минг доллар қарзим бор, қарз берган сўрайвериб безор қилди”, – дедим. Талабам сумкасидан 10 минг долларни чиқариб хонтахтага қўйди. “Мен тўлайман у қарзни”, – деди, – деб сўзини тугатди имом.
Миср элчихонасининг араб тили курсида ўқир эдим. Яна гуруҳдагиларнинг энг фақири менман. Энг орқа партада ўтирардим. Дарсдан кейин гуруҳдаги аёллар табакахўрликка кетарди, мен уйимга кетардим. Кўпчилиги Тошкентдаги бойваччаларнинг 2-, 3- хотинлари, қўлларида Нексиянинг калитини уйнатиб зерикмаслик учунгина келиб кетишарди.
Бир куни у бойвучча хотинлардан бири роса чиройли ҳижоб кийиб келди. Ҳамма катори мен ҳам: “Чиройли экан, неча пул бу?” – дедим. Устимда саккиз йиллик эски кўйлагим бор эди, у доим менинг бу кўйлагимни масхара қиларди, “Марзиянинг устидаги кўйлакни Германияда маҳбуслар кияди”, – дея.
У яна кулди: “Бу Маде ин Туркия, 100 доллар туради. Бу ҳижобни сен тушингда ҳам кўра олмайсан”, – деган эди.
Уйга келдим, кеча намозига қалқдим. Аллоҳимга айтиб бердим.
Ҳозир мен Туркиядаман, тушимда кўришимга ҳожат йўқ, истасам ҳар ҳафтада битта 100 долларлик “Маде ин Туркия” ҳижобидан олишим мумкин. Аммо олмайман, сомон қадар қиймати йўқ дунё молининг.
Дунё маҳбусхонасидаги ўн йиллик кўйлагимга розиман.
“Туркияни тушларингда ҳам кўра олмасанг керак”, – деган эди.
Биласизми, қаерда яшайман?
Чамлижа тепасидаги сарой каби уйимда. Деразамни очсам, даниялик келиннинг отда сайр килган тепалиги бир қадам. Ҳар деразани очганимда 91- йилда қўрқа-қўрқа қилган дуойим эсимга тушади.
Янада кизиғи...
Бошқа бир ўртоғим ҳажга бориб келган эди.
Ҳамма танишлар уникига зиёратга бордик. Унга ҳавас билан тикилиб турибман. “Мен ҳам бир кун ҳажга бораман”, – дедим, у қотиб-қотиб кулди.
“Чунтагингда кўк танганг йўғу қаёққа борасан, ҳажга боришнинг порасининг ўзига беш минг кўк танганг бўлиши керак”, – деди.
Зиёрат тугаб, уйга қайтаётганимизда у менга таги едирилиб кетган шиппагини берди.
“Мен бу шиппакни ҳажда кийганман”, – деди.
Уйга келгунимча шиппак билан гаплашиб келдим: “Сен қанчалар бахтлисан, эй шиппак! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юрган кўчалардан юриб келдинг”, – дер эдим унга.
Орадан беш йил ўтиб ўзим ҳам ҳажга бордим ва йиртиқ шиппак билан қайтиб келдим.
Аллоҳ кўк танга, қизил тангага қарамайди.
Сиз ҳам дуо қилар экансиз, самимий бир “чақимчи” бўлинг. У, аслида, бизнинг нима дейишимизни билади, аммо бўйнимизни эгиб эътироф қилишимизни севади.
Анкаранинг Улус майдонида учта амаки олдиларида тарози қўйиб, ўтган-қайтганнинг оғирлигини ўлчаб ўтиради.
Биринчи амаки: “1,5 лира, келинглар, оғирлигингларни ўлчанглар”, – деб бакириб туради.
Иккинчи амаки: “1 лира, 1 лира”, – деб туради.
Учинчи амаки эса бошини эгиб нуқул: “Амакинггиз бир чой ичсин, амакинггиз бир чой ичсин”, – деб туради. Негадир килосини билган ҳам, билмаган ҳам учинчи амакининг тарозисига ўтиб кетади.
Янада кизиғига келдик.
Участка кўраётган эдим. Ноябр ойи, қор, ёмғирлар бошланган, уйимнинг томи очиқ турибди. Курилиш материалларим бор, аммо устага берадиган пулим йўқ эди. Шундоқ рўпарамдаги қўшним уста эди. Бир кун шу кўшни: “Томларинггизни ёпиб бераман, 500 доллар бўлади, қачон пул топсанглар, ўшанда берасизлар”, – деб қолди.
Хурсанд бўлдик. Том битди.
Орадан бир (!) кун утиб қўшним маст, ичволган, оёқда зўрға турибди, дарвозамни тепиб ташлади.
“Пулимни топиб бер”, –деб бақирарди.
“Хўп, эртага эрталаб обчиқиб бераман”, – дедим, аммо қўлимда бир тийин йўқ. Кечаси яна намозга турдим.
“Роббим, мен яна келдим, бу эшикдан кетмайман, чунки бошқа борадиганим, сўрайдиганим йўқ, Сен бир муслимангни бир алкашни қаршисида ёлғончи қилмайсан, эрталаб обчиқаман деб сўз бериб қўйдим”, –дея дуо қилдим.
Эрталаб дарвозамга қистирилган конверт топдим, ичида 500 доллар бор эди.
Ёмгир дуосига шамсия билан кетиш керак экан.
Марзия САЙДАМ ёзди
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2