Кўзимни касалхонада очдим ва тепамда холамни кўриб, яна йиғладим. Унинг майин табассуми, сочларимни меҳр билан силаши бир ҳафта аввал оламдан ўтган онамни эслатди менга.
— Бўлди энди, қизим, ўзингни қўлга ол, мен ёнингдаман!
— Ойим… ойимни соғиндим, қаттиқ соғиниб кетяпман, холажон…
— Тинчлан, жон қизим!
Холам билан кам кўришган, у билан деярли гаплашмаган бўлсам ҳам, ҳозир уни чин дилдан қучардим. Бу ҳолат менга таскин берарди.
— Феруза!
Хона эшигини зарб билан очган аммам холамга бир ўқрайди-да, ёнимга келиб мени бағрига босди.
— Онамдан айрилиб қолдим, амма! — яна йиғлардим мен.
— Бунча куймасанг, онасиз қолган фақат сенми?!
Мудом қошларини кериб юрадиган аммам қаттиққўл, серзарда аёл бўлиб, холамдан мутлақ фарқ қиларди. У холамга тез-тез қарар, юзида мен тушунмайдиган аллақандай аламзадаликнинг изи кўринарди.
— Феруза, қизгинам, онангни ҳаммамиз яхши кўрардик, лекин начора, — деди холам ёнимга ўтириб. — Ҳадеб куйинаверганинг учун қара, не кўйга тушдинг? Сени бугуноқ бу ердан олиб кетаман ва сенга ўзим қарайман.
— Кераги йўқ! — деди холамнинг гапини шарт кесган аммам. — Феруза мен билан кетади, у сизнинг ёрдамингизга муҳтож эмас.
— Бу нима деганингиз? — холамнинг гапириш оҳангидан дили оғригани сезилди. — Ахир у синглимнинг омонати…
— Синглингиз энди эсингизга тушибди-да!
Улар узоқ тортишишди. Охири мен холам билан кетадиган бўлдим. Очиғини, бунга ўзим рози бўлдим. Холамдан кўра аммам билан яқин бўлишимга қарамай, юзи кулиб турадиган Назифа холамни афзал билгандирман, эҳтимол.
— Майли, — деди бироз ранжиган аммам хўрсиниб қўяркан, — холанг билан кетишни истаяпсан чоғи, нима ҳам дердим?
Аммам кетиш олдидан «Яна нималарнидир кўзлаб, жиянимга яхшилик қилишга уринаётган бўлсанг, бу сафар кунингни кўрсатаман!» дея шивирлаб қўйганида ҳайрон қолдим.
— Аммам нима учун сизни бунча ёмон кўради, холажон? Ахир сиз меҳридарё аёл экансиз-ку! — дедим холамнинг қўлларидан тутиб.
— Аҳамият берма, қизим, ҳаммага ёқиш қийин.
Шунча маломатлардан кейин ҳам аммамнинг ортидан гапирмаганини кўриб, холамга меҳрим янада ошди.
Назифа холамнинг хонадонида яшаётганимга бир ойдан ошди-ю, ҳалигача касалхонага қатнаб турибман. «Соғлиғингда муҳим ўзгаришлар бор, шуни текширяпмиз. Ахир сен синглимдан қолган ягона ёдгоримсан», дея мени еру кўкка кўтарадиган холамни тобора яхши кўриб кетяпман. Лекин холамнинг ўғли Азим билан ҳамон тузукроқ гаплашишга ботина олмадим. У мени шунчаки бир бегона қиздай кўриши табиий. Ахир ота-онам ўлмасидан олдин бир-биримизни кўрмагандик ҳам. Аллақандай мен тушунмайдиган кўринмас девор қариндошлик ришталаримизни боғлашга йўл қўймасди. Назифа холам билан унинг эри кўп яхши инсонлар. Етим қолганимдан бери кўнглимга қарашяпти, холам атрофимда парвона. Улар мени ўз қизларидай кўришади. Онам раҳматли эса доим «Холанг ва унинг эри ёмон инсонлар эмас, аммо улар бизни, барибир, ўзларига яқин олишмайди. Ҳаётда шунақаси ҳам бўлиб туради. Сен ҳам кўнгилчан бўлиб ҳаммага ишонаверма, одамлар алдамчи!» дерди. Бечора меҳрибоним адашганини билмай кетди бу дунёдан.
— Феруза, — деди бирдан хаёлларимни тарқатиб юборган Азим қўлида гул тутганча ёнимга яқинлашиб. — Бу сенга.
Холаваччам менга гул олиб келганди. Яна аллақандай меҳр билан. Бундан ажабландим. Ҳатто онасига ҳам ортидан эргашиб юрган қизлар ҳақида уялмай айтиб берадиган йигит мен учун нақадар қадрли эканини ўзи билмайди. Холам ўғлини жуда яхши кўради. Аслида-ку, барча оналар ҳам фарзандини жондан ортиқ кўради, лекин Азимнинг ота-онаси уни ҳалигача ёш болани эркалагандай эркалашар, еру кўкка ишонишмасди. Эҳтимол, бунга сабаб Азимнинг ±лғиз фарзанд эканидир?! Ёки ўғилларининг соғлиғида бирор муаммо бормикин? Азим келишган, бақувват бўлишига қарамай, жуда ҳолсиз кўринарди. Бир неча маротаба ҳушидан кетиб қолганига гувоҳ бўлдим. Бироқ нима учундир холам ва поччам бу ҳақда гапиришни исташмайди. Бугун уни гулларга сув қуйиш баҳонасида сездирмай кузатдим. Ўзиям кўзгуга нақ ёпишиб қолай деди.
Қандайдир шўх қўшиқни хиргойи қиларкан, нуқул атир сепар, сочларини бармоқлари орасидан ўтказиб тарар, юзини гоҳ ўнг, гоҳ чап тарафига обдан қарар, хуллас, ўзига оро бериш билан банд эди.
— Менда гапинг борми? — бирдан менга ойнадан кўз ташлади Азим.
— Й-йўқ, — дедим ўзимни бепарволикка солиб. — Шунчаки…
— Икки кўзинг менда, — деди у ва ёнимга келиб, мен томон узун бўйнини эгди. — Сени қаергадир таклиф қилмоқчи эдим, нима дейсан, борасанми?
— М-мен… ҳ-ҳалиги… холамдан сўрашим керак!
— Холанг рози, ишонавер!
У менга ниҳоятда сирли қарар, ҳатто гапириш оҳангида ҳам сирлилик мавжланарди.
Аслида-ку, ёшлигимдан жуда уятчан, уй қизи бўлганим учун ўғил бола тугул, дугоналарим билан ҳам очилиб гаплашолмайман. Азим билан қаергадир бориш эса…
Ҳар куни онамнинг ҳаёти сўнгида мен учун ёзиб, ташлаб кетган хатини қайта-қайта ўқийман. Юрагим эзилади. Бир томондан марҳума онамни қаттиқ соғинсам, иккинчи томондан менга катта ёрдам бериб, меҳрибончилик кўрсатаётган холамга нисбатан нотўғри фикр билан дунёдан кўз юмгани дилимни хуфтонқиларди.
— Нималарни ўйлаяпсан? — деди яна қаердандир пайдо бўлган холаваччам. — Мен ҳақимдами?
— Холам қачон келади? — миямга келган ягона гап шу бўлди.
Азим менга янада яқинроқ келиб кўзларимга қаттиқ тикилди.
— Сен жуда чиройлисан, буни айтишганми?
Унинг гапидан товонимга қадар жимирлаб кетдим. Шу он ажиб ҳислар қуршовида унинг ортидан кузатарканман, юрагим хаприқиб кетарди.
Унга ошиқ қизлар кўплигидан хабардорман. Не ажабки, сўнгги дамларда у менинг ёнимда қизлар ҳақида гапирмай қўйди. Ўзини гўё ўзгаргандай кўрсатиши, ёнимда қайта-қайта қўнғироқ қилаётган қизларга қўпол муомала қилиши, буларнинг ҳеч бирига тушуна олмай юрган кезларимда холам бир гапни айтиб қолди.
— Азим охирги пайтлар анча ўзгарган, бунинг сабаби нима эканини биласанми? — деди кўзларини айёрлик билан қисиб.
— Йўқ, нима экан сабаби? — дедим гап нимада эканига чиндан тушунмай.
— Ўзингни билмаганга олма, — деди холам сочларимни аста силаб. — Ахир у сени ёқтиради, сен ҳам бефарқ эмассан чоғи…
— Хола! — ўрнимдан туриб кетдим уялиб. — Бу нима деганингиз?!
Зиналардан югурганча кўтарилиб, хонамга кирдим. Гарчи билдирмаган бўлсам-да, холамнинг гапи ичимга аллақандай ёқимли ҳисларни олиб кирганди. Мен барча қизларга хос чексиз хаёлот дунёсига шу қадар шўнғигандимки, ҳатто Азим билан ўйларимда тўйимизни тасаввур эта бошлагандим. Меҳмонлар, чиройли тўй маросими, бизни дуо қилаётган холам ва Азим билан мен.
Вақт ўтгани сайин поччам ва холам Азим иккимиз ҳақимизда бемалол гапирадиган бўлишди.
— Азим билан тўйингизга жуда кўп меҳмон чақирамиз! — деди холам ҳаяжонли товушда мени қучиб, сўнг эрига қараркан. — Сиз ҳам гапирсангиз-чи, тўйни зўр ўтказамиз-а?
— Ҳа, ҳа, жуда зўр ўтказамиз! — деди поччам негадир шошиб қолганча.
— Сенга энг зўр кўйлакларни, сарполарни олиб бераман, — холам яна поччамни туртиб қўйди. — Истаганингни муҳайё қиламиз, десангиз-чи сиз ҳам!
— Ҳ-ҳа, ҳ-ҳалиги, истаганингни олиб берамиз!
— Азим… — бирдан хонага ҳовлиққанча кирган уй хизматчиси саросимали нигоҳи билан холам ва поччамга қаради. — Азим яна йиқилиб тушди.
Улар ўрнидан сапчиб туришди. Аммо уларнинг нигоҳида ҳайрат сезилмас, унча ҳовлиқишмасди. Хонадан чиқишга шошилишаркан, уларнинг ортидан эргашдим. Бироқ шу пайт холам мен томонга илкис ўгирилди ва мутлақ ўзгача қиёфада «Сен шу ерда қол!» деди буйруқомуз оҳангда. Бу шундай қиёфа эдики, икки дақиқа олдин мени қучиб, эркалаб ўтирган холамдан асар ҳам қолмаганди. Саволлар айланарди хаёлимда.
«Азимга нима бўлди? Нега мендан ниманидир яширишга уринишяпти? Онамнинг сўнгги сўзларида жон бормиди? Холам мени ўзига яқин олмаса, нега мени келин қилмоқчи?»
То кечгача шундай хаёллар оғушида юрдим. Холам, поччам, Азим ҳам фақат кечки дастурхон атрофидагина кўринишди.
— Аҳволингиз яхшими?! — дедим Азимнинг оқариб кетган юзига меҳр-ла боқиб.
— Ҳа.
— Чинданми?
— Ҳа, дедим-ку.
Унинг зардаси касаллик сабаб деб ўйладим. Аммо у онасининг аллақандай кўз ишорасидан кейин дарҳол ўзгарди. Мен холамнинг бу ишорасини ногоҳ кўриб қолгандим.
— Кечирасан,
бироз тобим йўқ, — деди у базўр жилмаяркан. — Ўзинг тушунасан-ку.
— Ҳечқиси йўқ, сиз яхши бўлсангиз бас.
— У яхши, — деди холам боягидай яна меҳрибончилик билан ва ўғлига тикилиб жилмайди. — Тўғрими, Азим? Тўйгача яхши бўлиб кетаман, дегин.
— Ҳ-ҳа.
Бу сўз Азимнинг оғзидан қанчалик қийинчилик билан чиққанини сездим. Мен, умуман, бу ерда қандайдир сир яширин эканини англадим. Аммо қандай сир?
Ярим тунда қўрқиб уйғондим. Тушимга раҳматли онам кирибди. Мени бағрига босиб, нуқул «Ўзингни асра, қизим. Ўрнингдан тур, бу ерлардан кет!» дермиш. Мен яшириб юрадиган онамнинг хатини олиб қайта ўқидим:
«Холанг ва эри ёмон инсонлар эмас, аммо улар бизни, барибир, ўзларига яқин олишмайди. Ҳаётда шунақаси ҳам бўлиб туради. Сен ҳам кўнгилчан бўлиб, ҳаммага ишонаверма, одамлар алдамчи!»
Юрагим сиқилгани боис сув ичиш учун пастги қаватга тушдим. Бироқ ошхонага яқинлашгач, холам билан Азимнинг суҳбатини эшитиб, тўхтаб қолдим.
— Ортиқ бу ролни ўйнашни истамайман, ойи, мени қийнаманг!
— Сен биттаю битта фарзандимсан, Азим.
— Ахир ўлар даражада эмасман-ку. Бир қанча жойларга буюртма берганмиз, топилиб қолар!
— Топилгунча аҳволинг оғирлашиб кетади. Устига-устак, қон гуруҳинг ҳам топилиш мушкул хилидан.
— Ойи, тушунсангиз-чи, мен Ферузага уйланишни истамаяпман.
— Уйланмайсан, аҳмоқ, иш битгунча шундай деб турамиз. Онасининг ўлимидан кейин ҳушини йўқотиб, касалхонада ётганидаёқ ишончли шифокорлар орқали Феруза сенга жуда яхши донор бўлишини аниқлаганмиз. Унинг ўпкаси сенинг организмингга мутлақ тўғри келади, тушунсанг-чи!
— Лекин операция ўтгач…
— Сен унга уйланишни истамаслигингни айтасан, биз унинг моддий камчиликларини тўлдирамиз, кимгадир узатармиз ҳам.
— Аммо бу виждонсизлик эмасмикин, ойи?
— Ахир уни ўлдирамиз деётганим йўқ-ку. Муҳаббатини қозонсанг, ўзи бу ишни жон деб бажаради. Яширин йўл билан операцияни ўтказамиз, тамом.
Хонага бостириб киришим, ичимдаги гапларни айтиб олишим керак эди. Бироқ бундай қилиш менинг феъл-атворимга зид. Йиғлаган кўйи нарсаларимнийиғиштиришга шайландим. Яхшиямки, борсам қучоқ очиб кутиб оладиган аммаларим бор, тонг отиши билан уларнинг уйига кетаман. Хаёлан эса фақат онамни ўйлар, уни қаттиқ қўмсар ва сўнгги сўзларини эслардим: «Ҳаммага ишонаверма, одамлар алдамчи!»
Тамом.
Моҳигул ДИЁРХУЖАЕВА.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2