Рухсора қайнопасидан ўлгудай қўрққани учун ҳолсизликдан йиқилай деса ҳам ишларини тугатмагунча ухламади. Эрта тонгда эса янги келиннинг аҳволига қараб бўлмасди. Сўлғин юзига аллақандай рангпарлик соя
солган, тез-тез нафас оларди. Катта ҳовлининг мармар деворларини юваркан, ора-сирада белини ушлаган кўйи инграб қўярди.
— Ўқимаганлигингиз шу ерда ҳам билинади-да, мармар деворни ювиш сирини билмайсиз. Чанги қолиб кетяпти, меҳр билан тозаланг!
Ногоҳ эшитилган баланд товушдан қўрқиб кетган келинчак дарров қаддини ростлади. Рухсора зинапоянинг энг баланд қисмида турган қайнопасига бир зум тикилиб қолди-да, сўнг ҳаяжон-ла салом берди.
— Ҳм, — деди қайнопаси бурнини жийириб. — Нонушта тайёрми?
— Тайёр!
— Кўчалар тозаландими? Дарвоза, дераза ромлари артилдими?
— Артилди!
— Ҳовлида биронта чанг йўқми? Зиналарни қўлда ювиб чиқдингизми?
Салтанат опа зинапоядан бир-бир босиб тушаркан, келинидан ўткир нигоҳини узмас, қимматбаҳо тақинчоқлар билан тўлган қўлларида елпиғичини номига айлантирарди. Эгнидаги узун либоси, машриқдан энди кўриниб келаётган қуёш нури остида товланар, упа-элик бежаб сурилган юзи эса доимгидай совуқ. Аёл ўзини оиланинг энг керакли устуни деб билар, акасининг хотини оламдан ўтганидан бери бекалик қилиш пайида. Шунга қарамай бу уйда деярли ҳеч ким унинг гапини гап деб билмас, акаси ва унинг болаларига ялтоқланган аёл, Рухсоранинг ҳузурида шерга айланарди гўё. Салтанат опа қаршисидаги мана шу келинчакнинг афтода ҳолатини ўзининг басавлат кўриниши билан таққосларкан, ич-ичидан ғолиблик нашидасига ўхшаш ёқимли устунликни ҳис этарди. Рухсора қўлидаги нам матони тутганча титрар, қайнопасининг кўзига тик қаролмас, миясида фақат «Ҳамма ишларни бажариб бўлганмидим?» деган савол айланарди. Шу он бирдан келинчакнинг ўйлари бўронда қолган кемадак тўзғиб кетди. Илкис меҳмонхонадаги қайнопасининг энг севимли гиламини тозаламагани ёдига тушди. Қайнопаси эса бу пайт Рухсорани айланиб ўтаркан «Наҳот бирорта айб тополмасам?!» дея ичидан зил кетарди.
«Эй, Худо, фақат гиламни кўрмасин, ўша гиламни кўрмасин», дея Рухсора кўзларини чирт юмганча пичирлаб нола қиларди.
— Бу нимаси?!
Тамом! Рухсора шундоқ ҳам қисилган елкаларини янада эгиб олди. Мана беш ойдирки, шу аҳвол. Ночор оиланинг фарзанди бўлгани сабаб Рухсора мудом атрофдагиларнинг пастга уришларига чидар, қандайдир масалаларда ҳақини талаб қилишни-ку, хаёлига ҳам келтирмасди. Ҳозир ҳам гиламчалик қадри йўқлигидан эмас, айбдорлик ҳисси сабаб икки томчи кўз ёш юзини ювди ва ортига базўр ўгирилди.
— Боғдаги мевалар ҳалигача терилмадими?! Ўқимаганингиз ҳатто мана шу жойда ҳам билинади-я! Бироз уқувлироқ бўлиш шунчалар қийинми? Ахир сиз буюк сулола хонадонида яшаяпсиз! — деди қошлари чимирилган аёл ва қўшиб қўйди. — Эзма, дангаса.
Рухсора бўйнига боғланган тош бирдан бўшаб, уни халос этгандай енгил тин олди.
«Ҳар қандай ҳолатда ҳам гап қайтарма, доим «Хўп» дегин!» онасининг ушбу сўзларини ҳеч ёдидан чиқармайдиган келинчак чуқур хўрсинди.
Рухсора бу вазифаларнинг барини «буюк сулола» вакиласи бўлиш, оиланинг бир бўлагига айланиш учун қилар, аммо «буюк сулола» келинни оила аъзосидай кўриш тугул, ҳатто бегонага қилинадиган муомалада ҳам бўлишмасди. Нонуштага йиғилганлар доимгидай тўкин-сочин дастурхондан назокат-ла таомланишар, уларнинг ҳар бирининг ҳузурида эса Рухсора парвона. Келинчак стол атрофидаги гоҳ телефон экранига қараганча кулиб қўяётган, гоҳ узун тирноқлари билан мевалардан тотинаётган ўзи тенги қайнсингилларига ҳизмат қиларкан, заррача малолланмас, юзида ним табассум зоҳир эди. Бу пайт қайнукалари ҳам ўзаро нималарнидир шивирлашар, у ердан-бу ерга югуриб юрган келинойисига қараб ҳам қўйишмасди.
— Ҳой, — деди қизлардан бири Рухсорани эринибгина чорлаб, — боядан бери кутаман, апельсин шарбатимни келтирсангиз-чи!
— Кечирасиз, — деди Рухсора унга шарбатдан қуйиб узатаркан. — Мана, марҳамат.
— Бугун қуймоқ келадими, ўзи йўқми?!
Рухсора қайнотасининг овозидан сакраб тушди ва ошхонага югурди. Қуймоқларни дастурхонга қўяётганида столнинг нарига қанотидан эрининг йўғон товуши эштилди.
— Қаҳвани икки соатдан бери опкелолмайсан, жин
урсин, бунақа нонуштани!
Рухсора сочиқни отиб, ўрнидан турган эрига нима дейишни билмас, бўғзига тиқилган аламни ҳам ютиб юборган. Ҳамма жим. Лекин уларнинг бирортаси оила бошлиғининг ғазабидан саросимага тушмаган, аксинча, Рухсорага бамайлихотир тикилишарди. Рухсора бу нигоҳлардан киноя, истеҳзони пайқаган, ҳаттоки қайнсингилларининг мийиғида кулишларидан «Сен ландовурсан» деган хулосани кўраётганди.
— Бу кетишда эртага ташриф буюрадиган меҳмоннинг ёнида ҳам шарманда қилади ўқимаган! — Салтанат опа жиянларига гапираркан, Рухсорага энсасини қотириб қаради.
— Келинойи, эртага ошхонадан чиқманг, илтимос, — деди аммасининг гапини давом эттирган йигит. — Кўнглингизга олманг-у, бизни бу шалвирашингизда обрўсизлантириб қўясиз.
— Юришингиз, кийинишингиз, ҳатто сўзлашишингиз ҳам зиёли одамларникидан буткул фарқ қилади! — асабийлик билан суҳбатга аралашган қайнсингил ўрнидан турди-да, аммасига қаради. — Шунча назокатли дугоналарим турганида, топган келинингизни қаранг.
— Э-э, дугоналаринг бунга ўхшаб эшакдай ишлармиди?!
Рухсора қайнопаси томонга дафъатан ўгирилди. Улар аччиқ гаплардан тийилишмас, Рухсорани йўқдай тасаввур этишарди гўё. Келинчак қайнопасига нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин индамади. Эҳтимол, шу пайтгача индамай келаётганига ёшликдаги тарбия, андиша кучи сабабдир.
— Ҳа, нега бақраясиз?! — деди қайнопаси Рухсорага тешиб юборгудай кўзларини қадаб. — Гапингиз борми?
— Гапим йўқ.
— Жуда соз! — деди ғолиблик нашидасини такрор ҳис қилган аёл ўрнидан тураркан, бошини баланд кўтариб.
Аммасининг ортидан қолганлар ҳам эргашиб, чиқиб кетишди. Улар Рухсорани ҳеч хушлашмас, болалик чоғлариданоқ «Буюк сулола вакиллари» эканлиги қулоқларига қуйилгани учунми, келинойисини давраларига қўшишни фожиа деб билишарди. Беш ой муқаддам, мутлақ ўзга орзулар ила ушбу хонадонга қадам қўйган Рухсора бундан кейинги ҳаёти қандай кечишини жуда кўп ўйларди.
— Ие, нима қилиб ўтирибсиз?
Хаёлга чўмган Рухсора тепасида турган қайнопасини кўрдию, шартта ўрнидан турди.
— Бироз дам олай, деб…
— Ҳм, дангасалик қиляпман, денг?
— Ҳамма ишларимни қилиб бўлдим, — деди Рухсора ва базўр гапираркан. — Ҳалиги, сиздан сўрамоқчи эдим, ҳ-ҳалиги, онамни кўриб келсам…
— Ҳамма ишларни қилиб бўлдингизми? Ҳаммасини-я? — аёл шу тариқа худди ниманидир қидираётгандай ҳовлига узоқ тикилди. — Ерни чопмабсиз-ку.
— Ерни чопиш… Менми?!
Рухсоранинг болаларникига ўхшаш чуқур, мунгли кўзларида ҳайрат мавжланиб кетганди.
— Унда мен чопайми?!
Ортиқча гапга ҳожат йўқ эди. Рухсора сал нарироқдаги бассейнда кулишиб чўмилаётган қайнукаларига термуларкан, «Улар-чи, бу ишни йигитлар қилиши керак эмасми?» деган саволни ўйлади-ю, аммо тилига чиқармади. У онасининг «Ҳар қандай вазиятда ҳам гап қайтарма, фақат хўп де», деган гапини кўпроқ эслаши лозимлигини тушунарди.
— Хўп.
Афсуски, Рухсора ерни кечки овқат маҳалигача чопиқ қила олди, холос. Қайнотаси қолганини эртага, ҳаттоки индинга қилиши мумкинлигини айтиб, илтифот кўрсатди. Аммо Рухсора кейинги кунлар тунука томларни артиш, ертўлани бўяш, гуллар ўтқазиш билан банд бўлди. Келинчак эса ҳаттоки янги уй қурилишини якка ўзи тугатса ҳам, онасини кўргани бора олмаслигини билмасди то унга ҳақиқатни айтишмагунича.
— Алдаб нима қилдик, биз фақат ҳақиқатни гапирадиган зиёли одамлармиз, — деди қайнопаси келини онасини кўрмоқчи экани ҳақида айтганда. — Ортиқ жавоб сўраб овора бўлманг, сиз онангизнинг уйига бормайсиз, ахир бу уят-ку! Одамлар янги келинни эзишаётгани учун онасининг уйига бормоқчи қабилидаги яна аллақандай бўҳтонлар топиб юришмасин. Номимизга доғ тушади-я.
— Лекин мен арз учун эмас, шунчаки онамни соғинганим…
— Одамлар буни билармиди?! — деди аёл баланд овозда шанғиллаб. — Ҳеч қаерга бормайсиз, тамом!
Рухсора бирдан қандай гапириб юборганини билмай қолди.
— Ахир онамни кўриб келишнинг нимаси ёмон, тушунолмадим!
— Табиий, — деди аёл иягини чўзиб, Рухсорага бошдан-оёқ менсимай боқаркан.
«Буюк сулола» вакиллари кутаётган меҳмон ташриф буюрадиган кун, ниҳоят, келди. Айнан шу инсон уларнинг тобора емирилаётган бизнесини қутқариши мумкинлиги сабаб ҳам, уйда тайёргарлик авжига чиққан. Азбаройи Рухсоранинг бир ўзи улгурмай қолишини жуда яхши би
лган Салтанат опа оёқ учида кўрадиган узоқ қариндошларини чақирди ва уларни ҳам иш билан машғул қилди. Қолганлар эса ўзларига оро бериш билан овора.
— Меҳмонлар келишига икки соатгина қолди, анави эзма қаерда юрибди?!
Шанғиллаб гапираётган аёл орқа эшикдан кириб келган Рухсоранинг ёнидаги болакайни кўрди-ю, фиғони фалакка етди.
— Кўчада адашиб қолибди, бечора йиғлагани учун…
— Ўқимаган, оми!
Рухсорадан кўра кўпроқ, келинчакнинг қўлидан тутган беш ёшлар чамасидаги болакай бу ҳайқириқдан қўрқиб кетганди. Салтанат опа ҳар қанча уринмасин, ювошгина келини бола мавзусида ўз фикрида қатъий туриб олди.
— Сен маданиятсиз билан меҳмонлар кетгач гаплашаман!
Рухсора барча ишларини ташлаб бутун эътиборини кўчадан келган болакайга қаратди. Ҳадеб йиғлаётган гўдак адашиб қолганини айтарди. Уни ювинтириб, овқатлантирган Рухсорани оиланинг деярли ҳар бир аъзоси гап билан узиб олди. Шу пайт деразадан ташқарига бепарво қараб ўтирган болакай бирдан сапчиб турди ва «Бобожон!» дея меҳмон томон югурди. Шошиб қолган Салтанат опа дастлаб келинини ҳақорат қилишга чоғланди-ю, бироқ меҳмоннинг юзидаги ҳаяжонни кўриб ҳайратда қолди.
— Бу шумтакани мен базўр уйда қолдиргандим, қочибди-да ярамас! — деди қария меҳмонхонага киргач набирасини бағрига олиб. — Уйдаги шунча одамнинг кўзини шамғалат қилиб, бу ерларга қандай келдинг?
— Дадамнинг машинасига беркиниб олгандим, кейин сизни йўқотиб қўйдим, — деди болакай қотиб-қотиб куларкан.
— Бу ширинтой набирангизмиди?! — деди Рухсоранинг эри дудуқланиб гапга аралашаркан, ора-сирада ютиниб.
У боя хотинига қўшиб, бу гўдакка ҳам овозини баландлатганидан афсусда эди.
— Оиламизнинг эркатойи-ку, бу бола! — деди қария набирасининг қўлларидан ўпиб. — Сени шу амакинг топиб олдими, ўғлим?
Хонага сукунат чўкди. Мезбонлар бир-бирига қараб сохта табассум қилишар, ҳаммаларининг қулоқ-чаккаларидан тер оқишни бошлаганди. Болакай бирдан бувасининг тиззасидан тушди ва остонада эшикка беҳол суяниб турган Рухсоранинг қучоғига отилди.
— Бу опа мени эркалади, — деди болакай ва ўзига илтижоли қиёфада қараб турган уй эгаларини кичкина бармоқчаси билан бирма-бир кўрсатиб чиқди. — Булар бизни роса уришишди, овқатларини қизғанишди.
Ноқулай сукунат яна узоқ чўзилди. Салатанат опа ҳаммасини ўрнига қўйиш учун нимадир қилиш кераклигини ўйлар, нуфузли меҳмон атрофидаги уй эгаларининг ҳаммаси асабдан бармоқларини тез-тез қимирлатиб қўйишаётганди.
— К-кечирасиз, келинимизнинг дипломи йўқ, ўқимаган-да, бизга тўғри тушунтирмагани учун набирангизни танимабди. Бу келин қурмағур, оиламизга ҳеч муносиб бўлолмаяпти-да…
Салтанат опа ўзини узоқ оқлади, унга атрофдагилар ҳам қўшилишар, келинларининг зиёли эмаслиги, ҳеч бир ишда уқуви йўқлиги-ю, ҳатто шу ҳолатни ҳам тўғри тушунтуролмаганида уни айблашарди. Шу он Рухсоранинг кўз ёшлари қарияга кўринди ва у ўрнидан турди.
— Тушунарли! — деди меҳмон ҳаммага маъноли қараб. — Эшакнинг меҳнати ҳалол-у, ўзи ҳаром, деган мақол айнан сизлар учун экан-да!
Қария хонадан чиқишга уринган келинни ҳурмат ила тўхтатди.
— Сен ҳеч ҳам йиғлама, қизим, мен ҳам бир оми одамман. Диплом тугул, мактабни битирганим ҳақидаги ҳужжатим ҳам йўқ, — қария набирасини чаққон ҳаракат билан кўтариб олди-да, насиҳат қила бошлади. — Ўғлим, менинг бутун мол-давлатим келажакда сенга қолади. Ана ўша пайт, вақтингни риёкор, сохта, дипломли уқувсизлар билан эмас, оми бўлса ҳам виждони пок, инсофлилар билан ўтказ! Қарабсанки, доим омадинг чопади.
Хонадагилар жим бўлиб қолишди. Гарчи улар ерга қараб мулзам тортишса-да, ич-ичидан Рухсорага нисбатан кучли нафрат туюшарди.
Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев