Манзурани қайнонасининг тўқмоқдай овози ҳушига келтирди.– Эшитяпсизми? Ё эсингиз кирар-чиқар бўлиб қолдими?
У “эшитяпман” дегандай қайнонасининг рўпарасига туриб, ерга қаради.
– Энди сиз ҳам кап-катта хотин бўлдингиз. Қариндош-уруққа қўшилинг. Эртага Зулайҳоникида тўй. Айтиб кетишган. Биласиз-а?
– Биламан,-ожизгина шивирлади Манзура.
– Мени оёғим бўлмаса борай десам. Битта дастурхон қилиб бориб келинг. Уйини биласизми…
– Биламан. Эри ўтганда борганмиз-ку…
Манзуранинг бу хонадонга келин бўлиб тушганига қирқ йилдан ошган. Ҳов етмишинчи йиллар эди. Мана, катта қизининг боласи уйланадиган бўлди. Бу каби “тўйга боринг”дейдиган гап жуда кам бўлади.
– Мен ўлганда борасиз. Ўшанда Сизга катта кўча бўлади. Ҳа дегувчи ҳожилар бўлмайди, – дейди қайнонаси Рихсинисо хола ҳар гал ўзи тўйга отланиб.
– Бемалол бораверинг,буви. Унингсиз ҳам ишим кўп. Бодрингни чопиш керак… – деганча қайнонасини итоаткорона жўнатади.
Бугунги офтоб қаёқдан чиқди, Манзура ҳайрон эди.Йиқилиб, оёғини босолмай тургани учун бўлса керак-да.
– Буви, ўғлингиз билан борсак-чи… – Манзуранинг хаёллари гўё эртакларга туташди. Тоҳир-Зуҳроликни орзуладими, ўзи ҳам билмади.
– Қачондан бери етаклашиб қолдиларинг. Кўп валдирамай, бориб келаверинг. Эриз кечадан бери қорасини кўрсатгани йўқ-ку. Ичиб, қайси кўчаларда гумдон бўлиб юрибди ўзи?
– Уйда буви.Нариги уйда ётибди.
– Ўшани судрамай бораверинг…
Манзура “хўп”дегандай ташқарига чиқди.Кечагина ўғли чопиб, эгатлар олинган ерига қаради. Шу ҳовлисидаги бир парчагина ер-овунчоғи. Унга бодринг экишади, сабзи сепишади, помилдори, қалампирларни парваришлашади. Учта қиз, битта ўғилни, ростини айтганда,шу ер билан боқишди. Ёшлигида озми-кўпми, далада ишлаган. Болалар катта бўлгач, ғалва ҳам кўпайди. Гўё энди уларнинг ҳаммаси орқада қолгандай. Ортига бир қайрилиб қарагиси келмайди. Энди фақат олдиндаги умр кўзига кўринаётгандай. Қанча умри қолди? Ўтган олтмиш йилдан кўнглида ўзи нима қолди? Шу болалари, холос. Эрининг бирор кун уйга ичмай келганини эслолмайди. Қайнонасининг қарғиши эшитилмаган кун бормиди ўзи?!
– Ҳа,ичмай ер ютгур, сани илоё гўр тузатсин…
Манзуранинг раҳматли отаси ҳисобчи эди. Маҳаллада обрўли, эътиборли инсон эди. Юзидан нур томиб турарди. Ошнамнинг жияни деб, шу Сатторга узатиб, кейин хўб пушаймон еган.
– Энди ортга қайтиш йўқ. Болангни тирик етим қилма, чида қизим. Ҳали ёш, эринг ҳам ўнгланиб қолар, – деди отаси бир кун қон-қон йиғлаб борганида. Манзура шу-шу,отасининг юзини деб, рўзғоридан гап очмайдиган бўлди.
– Ҳов… Манзура-а… – ичкаридан қайнонасининг йўғон, юракни вайрон қилгудай овози келди. Манзура ичкарига шошди.
– Бир пиёла чой ҳам берай демайсиз. Қорангиз ўчиб кетди-я…
– Мана, чойни дамлаб, ёнингизга ўраб қўйганман.
– Бир пиёла қуйиб беринг бўлмаса. – Келинга кунинг қолмасин-да. Ҳаром ўлдиришдан ҳам тойишмайди.
Манзура ҳам ўқдек отилгиси келди.
– Унақа деманг,буви.
– Э… қўйинг, икки соатдан бери бир хабар олай демайсиз-у, яна ўқраясиз.
-Қани ўқрайганим…
-Э…боринг,чақчаймай,ишингизни қилинг.
Манзура ўчоққа ўт ёқди. Сал офтоблар илиб, қозон ҳам ҳовлига чиқди. Тушликда одам кўпайди. Қайнсинглиси келди. Набираси, эри… бешовлашиб, ярим косадан овқат ичишди.
– Эртагаликка, тўйга қатлама қилаймикин? – тараддудланди Манзура. Қайнонасидан изн сўрамай, супра очиб бўлмайди. Маслаҳат солди.
– Ҳа, Сиз ўшандан бошқа нимани ҳам биласиз…
Манзуранинг ёшликдаги ой чеҳрасидан асар ҳам йўқ. Қошлари қачон ўсма кўрган, эсида йўқ. Ўсма қўйишмагани учунми, неча йилки, ўсма ҳам экилмайди. Эртанги тўйни эслабми, Манзуранинг хаёлига ўсма келди, чоғи.
Зулайҳо қайнонасининг жияни. У набира тўйи қиляпти, ҳам келин туширяпти. У ҳам қишлоқда яшайди. Шундай бўлса ҳам тўйга бутун шаҳарликлар боради. Акалари, опалари, ҳаммаси шаҳарда яшашади. Манзура кийимларини бир сидра хаёлидан ўтказди. Қайси кўйлагини кияди? Устидаги жемпери ҳам уринган,олганига тўрт йилдан ошиб қолди.
-Э… бор-ей, нима бўлса ҳам бораман…
Манзура тандирга ўтни гуриллатди. Нонни шундай тез ёпиштирдики… Бўйчан қадди-қомати ортидан ҳам товусдай тандирга ярашиб тутарди. Фақат унинг оппоқ чеҳрасидаги маюслик худди тошга битилган чизиқдай қачонда бир кўрсангиз ҳам, оғриқли ўйиқ мисоли кўзга урилади.
– Шу нонди анови келинга буюрсангиз бўлмайдими? Сиз ҳам энди кампир бўб қолдингиз. Хамир-патирни елкасига қўйиб қўйинг.
Қайнонасининг гапи озгина хуш ёқса ҳам, кампир дегани вужудини ҳувиллатди.
– Ҳали тузукман, буви, келин ҳам ердан ортмаяпти.
– Ҳей, тарафини олманг. Келин бўлгандан кейин қилсин-да…
Манзура гапни чўзмади. Кампир деган сўз уни уйғотиб юборгандай эди. Яхши кунларни ҳамиша орзулаб яшади. Ўшандай кунларни кўрмайдими энди… Аччиғи келса ҳам ростдан ҳам энди кампир-да. Олтмишдан ошган одам олма бўладими, гилос бўладими…
– Саттор қани? – қайнонаси ўғлини сўроқлади.
– Чиқиб кетди-ю, анови Ашурмат ака чақирди-ю…
– Ана, энди яна ичишади. Яна ўша ит ўларгача уларга маишат…
Манзуранинг боши зириллади.Кичкинагина телевизорларидан гоҳ-гоҳ кўриб қолади. Одамлар ҳаётида,турмушида қанақа ўзгаришлар бўляпти-ю… Ҳатто набиралари ҳам шаҳарни тузукроқ кўришгани йўқ. Уларни ким ҳам олиб борарди. Ота-оналари ўзларидан ортмайди. Бобоси улфатчиликдан бўшамайди. Манзура бўлса, шаҳарни тополмайди ҳам.
Юрагида уйғонган шашт уни олдинга чорлади. Чироқ ўчганига қарамай, кечки овқатдан кейин шамни ёқиб олиб, қатламага хамир қорди. Зувалаларни тахт қилиб, саҳарда пиширадиган қилди. Эртасига сўраб-сўроқлаб, иккита автобусга ўтириб, Зулайҳонинг уйини топиб борди. Қайнонасининг жиянлари Манзурани қучоқлаб-қучоқлаб, юзидан ўпишди. Худди ўз сингилларидай қаршилашди. Эъзозлаб тўрига ўтқазишли.
Манзура ҳофизнинг қўшиқларига, ўйнаётган қиз-жувонларга ҳайрон бўлганча, тикилаётганга ўхшарди. Ўзининг ўтириши ўзига ғалати туюлди. Тўй қиламиз, деб, Зулайҳо ҳам болалари билан уй-жойларни роса яхшилаб, деворларни оқлаб,сўритокларни баланд кўтаришибди.
– Эри бўлмаса ҳам ҳаммаёғи жойида, – Манзуранинг хаёлидан ёғочлари йиқилай деб турган сўритоклари кўз ўнгидан ўтди. – Бечора у ҳам мункайган чолга ўхшайди…
– Манзура опа, олиб ўтиринг, – рўпарасидан Зулайҳо чарақлаб ўтди.
Манзура ўзини бегона дунёга тушиб қолгандай ҳис этди. Ичидан на хурсандчилик тошади, на кўзлари чарақлайди. Кийимлари охорсиз,ўзи эса кампир.
– Манзурахон, ҳай Манзурахон,анови кампирларни қаранг. Устлари ялт-юлт, қўлларида хинолар,қошларидаги ўсмани кўринг… Анови холани кўринг, ўйнашини кўринг… – деб уни ҳушига келтиргувчи йўқ.
Кўнгли зимистонга ўхшайди. Атрофига қарайди. Ўзига ўхшаган одамни ахтаради. Тополмайди. Уларнинг ҳаммаси бошқача. Яйрашяпти. Тўй тўйдек бўляпти. Бир томонда тош кўтарувчи полвонлар. Қишлоқнинг ёш-яланглари, боласи-ю, чақаси ўшалар атрофида. Бир томонда ёр-ёрни айтиб, келин тушириб, қудалар кириб келишяпти.
Манзуранинг юраги эса сиқилиб, суви оқаётган анорга ўхшайди. У фақат пастга оқяпти. Унга зарра ёруғлик йўллаганда эди, унда пастдан юқорига кўтарилган бўларди. Манзуранинг қадди ҳам хиёл ростланарди. У тўйхонага тобора сиғмаётган эди. Назарида тўрт томони-тош. Уларни ёриб чиқишга кўзи етмаётгандай тўйхонадаги ҳаво тобора нафасини қисиб борарди.
Манзура ўтирган жойидан турди. Дастурхонини олиб, кетишга чоғланди. Уни Зулайҳонинг опаси кўриб қолди.
– Манзура опа, қаёққа кетяпсиз? Ўтиринг. Тўй энди бошланди-ку…
Манзуранинг кўзлари тўла жиққа ёш эди.
– Борақолай,кўп ўтирдим ҳалиям….
Зулайҳо чопқиллаб ёнига етиб келди. Қўлига тугун тутқазди.
– Аммамга олиб боринг…
Ҳеч кимнинг қийин-қистови қулоғига кирмади. Қаёқдан келди-ю, қаёққа кетяпти. Билолмаётгандай эди.
Тўйхонадан чиққанда, йўл кимсасиз эди. Ҳамма тўйдами ё бошқа жойдами, Манзурага фарқсиз эди. Кўзидан ёшлар сизиб-сизиб чиқарди. Гўё тошларни сизиб чиқарди. Вужудида тошдек қотиб кетган кўз ёшлари гўё энди ўз йўлини топган каби шаштин оқарди. Катта йўлга етиб боргунча, кўзи қип-қизил тусга кирди. Манзура гўё энди эрининг маст-аласт кириб келишларига хаёлан қўл силтади. Қайнонасининг бақир-чақири, қарғишлари ҳам қулоғига етиб келмаётгандай, гўё у ана шу кўз ёшлари бағрида озод қушдай эди.
Балки бу лаҳза умри бўйи топган энг эркин дақиқасидир. Манзуранинг хаёлида кўзларини қат-қат бўлиб тўсган пардалар ҳам эриб, оққандай бўлди.
– Мана кўришади энди… Ҳовуч-ҳовучлаб ўсмалар сепаман. Ҳовлимни хино гулларга тўлдираман. Қандай бўлмасин, нафақа пулимдан битта жемпер оламан. Яп-янги рўмол олиб ўрайман.
Манзуранинг юрагига орзулар ёпирилиб келаётгандай эди. Яна, яна мижжаларига ёш сизиб чиқди. У кўз ёшларини қўли билан артиб, тилига босди. Улар шўрмикин-а, дея хавотири бор эди.
Улар негадир шириндай туюлди.
Матлуба Деҳқон қизи.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2