«Ишқ кўнгли латифликдан пайдо бўлади.
Қалби латиф бўлмаган одам ошиқ бўлолмайди!»
«Қобуснома»дан.
«Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор!» Қўшниникига бирровга кирган Нозима хола анча ўтириб қолди. Бир маҳал уни невараси йўқлаб келди.
—Дарров ортингдан «совчи» келади-я, бирпас ўтиришгаям қўймайди, чолинг қурмағур,—кулди Фарида хола.
—Ҳа, нимасини айтасан, ўртоқ, сал кўздан йироқлашсам излашга тушади бари,— дугонасининг гапини маъқулларкан,—чолнинг феъли раҳматли қайнотамнинг феълига ўхшайди.
Дунёда хаёлдан-да тез, югурик нарса йўқ. Нозима холани хаёл бундан қирқ беш йиллик хотиралар гидобига улоқтирди.
…Эндигина ўн тўққиз баҳорни қаршилаган Нозима суқсурдек келин бўлди. Қайнонасининг оғир бетоблиги учун тўйни тезлатишганди. Эртасига «Юз очар» маросими ўтказилди. Тўрда зўрға ўтирган хаста қайнона келинининг ҳуснидан кўнгли тўлдими, синиқ юзлари бирпас ёришди. Дарди енгиллашиб, қаддини кўтарди, чоли тутган ёстиққа ёнбошлади.
—Чиройи тиниқ келинимнинг, палаги тоза-да, отаси. Раҳматлик бувиси ҳам маҳалламизда тенгсиз гўзал эди, ошиқ бўлмаганнинг ўзи йўқ эди. Келиним ҳам бувисига тортибди,—оҳиста, дам ола-ола гапирди Сарви кампир, чоли Назар ота маъқуллади.
Кампирни ўз хонасига Назар ота суяб олиб кетди, ёрдамга шошилганларни бийлатмади. Янги келин қайнона хизматига киришди. Хилма-хил пишириқлар, овқат, чой ташиб чарчамади. Ҳайрон қолгани шу бўлдики, қайнотаси кампирининг олдидан бир зум нари кетмас, касал кўргани келганларни ҳам аёли чарчаб қолишини айтиб, тезда чиқариб юборарди.
Келинлигининг учинчи куни қайнонасининг чойини янгилашга кирган Нозима ғалати манзаранинг гувоҳи бўлди. Шипга тикилиб ётган кампирнинг бош томонида чоли мук тушиб ўтирар, оппоқ сочларини силаб ёлворарди:
-Онаси, жон онаси, мени ёлғиз ташлаб кетма. Ўлсам мен ўлай, сен ортимдан қол. Сарвигулим, Сарвижон, мени эшитяпсанми?
Отанинг кўзёшлари юзларидан соқолига юмалар, қотма елкалари силкиниб-силкиниб тушарди. Сарви кампир ожиз овозда нимадир деганди, чол тағин ёлвора бошлади:
-Йўқ-йўқ, кетсанг мениям опкет, етимдай ташлаб кетма. Шунча йил бирга бўлдик, энди нега бевафолик қилаяпсан, гулим, гулжоним…— чол аёлининг юзларини силар, пешонасидан, бетларидан оҳиста-оҳиста ўпиб қўярди. Кампирнинг чеккаларидан ёш сизилди.
Нозима бир сўз демай ортига қайтди. Чол-кампирнинг самимий меҳр-муҳаббати уни ҳаяжонга солганди. Еттинчи кун қайнонаси бандаликни бажо келтирди. Шундай бўлишини олдиндан билишса-да, бу ўлим оилани бир қалқитиб ўтди. Айниқса, чолга қийин бўлди. Онадан етим қолган бўтадек бўзлади, ғам чекди.
Сарви холани ерга қўйиб келинган куннинг эртасига чол ётиб қолди. Ота ҳеч нарса емас, гапга жавоб ҳам қайтармас, ичи куйганиданми нуқул сув ичарди. Катталарнинг насиҳатлари, болаларининг ўтинчлари ҳам кор қилмади. Хона шипига тикилганча жим ётаверди.
Емоқ—ичмоқдан қолгани учунми танаси ток зангидай қорайиб, қурий бошлади. Тўртинчи куни Нозима тушлик маҳалида қайнотасидан хабар олгани оёқ учида ичкарига кирди. Чол ўзи билан ўзи гаплашарди: “Сарвигулим, мениям опкет, ортиқ чидолмайман. Ортимдан қол, дедим кўнмадинг. Энди ёнингга чақир, чақира қол тезроқ. Иккимизнинг маъракамизни битта қилишсин, гулим. Сени соғиндим, эшитаяпсанми, соғиндим. Сенам менсиз зериккандирсан. Бирга бўлсак яхши бўларди. Юрагим ёниб кетаяпти, во-о-оҳ!..”
Келинчак нима қилишни билмасди. Чолнинг гапини бўлишга ботинмади, раҳми келарди унга. Оҳиста изига қайтди, оғир—оғир нафас олди.
Шу куни ярим кечада алаҳсираб уйғонди, ёнида эри йўқ. Бироз кутди, келавермагач, уйқуси қочиб кийинди. Даҳлизга чиқаркан, қайнота уйидаги чироқ диққатини тортди, юраги ҳаприқди. Оёқ учида юриб яқинлашди. Ичкаридан ғалати овоз эшитиларди.
Эшикка бош суқди-ю, қайнотасининг тепасида унсиз ўтирган эрининг икки аммаси, яна учта нотаниш эркак, эри ва бешала қайноғасини кўрди.
Ғалати овоз қайнотасининг хириллаши эди. Чол «қих-х-х, қих-х-х» деб хириллар, ўтирганлардан садо чиқмасди. Хотинлар оғиз аралаш бурун—ларини ҳам рўмолча билан тўсганча унсиз титрашарди. Ғалати мавҳумликдан чўчиган Нозима эрини секин чақирди:
-Нодир ака.
Ҳамма ўгирилди. Эри овозсиз, чаққонлик билан турди-да, кўрсаткич бармоғини лабига босиб, «жим» ишорасини қилди. Қўлидан тутиб, ташқарига тортди.
-Овозингни чиқарма, Ноз, кириб ухла, келма буёққа,—бўғиқ овозда шивирлади, сўнг изига қайтди.
Юраги сиқилган келин ҳовлига чиқди. Тандир бошида шумшайиб ўтирган овсинларига кўзи тушгач, ҳайронлиги ортди.
-Отамларга нима қилди,опа?—яқинлашгач сўради,—Нодир акам овозингни чиқарма деб койидилар. Нима бўляпти, тушунмаяпман. Ухламай нега бунақа ўтирибсизлар?
—Отам омонатларини топшираяптилар, овсинжон. Бунақа пайтда чўчитиб юборилса, қирқ кунгача жони узилмай қийналади одам,— овсинлардан бири паст овозда гапирди,—сиз бориб ухлайверинг. Ёш нарса чўчиб—нетиб юрманг.
Нозима даҳшатдан қотиб қолди, бошқа гаплар қулоғига кирмади. У шу хонадонга келгунча аза, ўлик нималигини билмаганди. Бир сўз айтмай, овсинлари ёнига ўтирди. Ҳеч ким уни кетишга қайтиб қистамади. Ҳамма ўз хаёли билан банд. Ярим кеча бўлгани учун ҳаммаёқ тинч, болалар ухлашарди. Биргина кўкда тўлин ой кўринар, сахийлик билан нур сочиб, теварак—атрофни ёритарди. Сукунатни чигирткалар чириллаши, аҳён—аҳёнда итларнинг олисдан келаётган ҳуриши бузиб қўярди.
Нозимани уйқу элитди. Кўзи сал илинган экан, тўсатдан ичкарида бошланган йиғи-сиғи, фарёд овозларидан чўчиб кетди.
—Келин, айтиб—айтиб йиғланг, бўлмаса уят қилишади,—овсинлари кетидан югурган кимдир Нозимани огоҳлантирди.
Эркаклардан ёши улуғроғи чолнинг энгагини рўмолча билан танғигач, кўзини силаб очиқ қолган нигоҳларни ёпди. Бошқаси оёқларини жуфтлаб, бош бармоқларини бир-бирига боғлади. Қўллари қотиб қолмаслиги учун икки ёнга тушириб қўйишди.
—Акажон, бўлди, беринг шуни. Янгамнинг ёнига қўямиз сизни. Берақолинг, акажон, акажоним-м-м…—аммалар йиғлаб ялинишар, марҳумнинг қўлини силаб—сийпашарди.
Нозима қайнотасининг чап қўлида раҳматлик аёлининг қаттиқ ғижимланган суратига кўзи тушди-ю, йиғлаб юборди, узоқ йиғлади…
* * *
Шуларни хаёлидан ўтказган Нозима хола яна бир бор марҳумлар ҳақига Қуръон тиловат қилиб, ис чиқаришни кўнглига тугди.
Кампирини кўрган Нодир чол енгилгина койинди:
—Иш қилмасанг ҳам кўзимни тўйдириб уйда ўтир, онаси, нима бор бировларникида, э-эй, тавба-ей…
Барно АБДУРАЗЗОҚ қизи.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев