(хаётий вокеа)
Солиҳа кўксига муштлаб, сочини юлиб йиғлаётган овсинининг қизлари, келинларига бир зум нафрат билан тикилиб турди. Сўнг хонага шахд билан кириб, уввос солиб йиғлаётганларни ярим жаҳл, ярим ҳамдардлик билан тинчлантиришга уринди:
- Бўлди, кеч тушганда кўз ёшини йиғиштиринглар. Доду фарёд, йиғи-сиғиларнинг фойдаси йўқ энди. Мавлуда опам ҳозир қабрда сўроқ-саволдан ўтяптилар, сизларнинг нола-фарёдингиз марҳумага зиён бўлади. Опам энди гўрида тинч ётсин. Дод-фиғон қилган билан бир нима ўзгарадими?! Ундан кўра ҳақига дуолар қилинг, ётган жойлари нурга тўлсин.
Бир пасда таъзияли хонадон совуқ сукунатга чўмди. Энди аҳён-аҳёнда марҳуманинг қизлари пиққиллаган, ҳиққиллаган товуш чиқариб жимжитликни бузар, ҳеч ким бир-бирига бир оғиз сўз дейишга журъат қилолмас эди. Кечга томон келди-кетдининг кети узилиб, ўлик чиққан уйда фақат марҳуманинг яқинлари, қариндош-уруғ қолди. Солиҳа дастурхон ёзиб қўшнилар чиқарган егуликларни қўйди. Уйнинг ҳар бурчагида биқиниб, кўз ёш тўкиб ўтирганларни бир жойга тўплаб овқатлантирди. Қайноғасининг тўнғич ўғли Зафарбек товоқдаги ширгуручга бир-икки қошиқ солган бўлдию, бир нуқтага тикилган куйи жим қолди. Солиҳа йигитнинг ҳам айрилиқ доғида, ҳам орият зўридан қийналаётганини билиб турганди. Аммо энди минг қийналмасин, бошини тошларга урмасин фойдаси йўқ. Онаси қайтмайди. Ота-она вафоти фарзандга мерос дейдилар. Аллоҳдан келганини бандаси кўтаришга мажбур. Аммо куйгулиги бошқа нарсадан. Овсини шу болаларини, қизларини деб хорижга ишлагани кетганди. Ўша ерда касали ўтиб кетиб, бедаво хасталикка айланган экан. Бир аҳволда юртга қайтдию, бир ҳафта касалхонада ётиб жон берди…
- Дурустроқ емадингиз, Зафаржон. Бунақада ўзингизни олдириб қўясиз-ку…
- Едим, келинойи, раҳмат сизга…
- Зафаржон, дардингиз оғирлигини биламан. Аммо сабр қилинг, бошқа чорамиз йўқ. Раҳматли Мавлуда опам учун еру осмон куйса ҳам энди уларга наф йўқ, қайтанга зараримиз тегади оҳ-воҳимиз билан. Хонадоннинг бош фарзандисиз, ука-сингилларингизга ҳам ота, ҳам она бўлинг. Ўзингизни бардам тутинг энди…
Солиҳа қайнисига сиртдан кўнгил кўтарувчи гапларни гапираётгани билан, кўнглида алам ва нафратдан ўзини қўярга жой тополмаётганди. «Эссиз, йигит, эссиз эркак,- дерди унинг кўзлари, онангни четга ишлагани жўнатиб қўйиб, ўзинг қайси юз билан у юборган пулларни хотин, бола-чақангга, ўзингга сарфлаб юрдинг?! Онанг бегона тупроқларда, ёт кишилар қўлига муте бўлиб топган пулга машина олиб миниб юришга чидаган ориятингга ўт тушсин-а!..»
Солиҳа бу гапларни Зафарнинг ўзига айштишдан маъни йўқлигини жуда яхши билади. Ўшанда овсини Туркияга кетмоқчилигини эшитганида ҳам Солиҳанинг капалаги учиб кетганди. Аввал ишонмади, сўнг минг истиҳола билан овсинидан сўради:
- Опа, четга кетармишсиз, ишлагани?..
- Ҳа, Солиҳабону, бироз ишлаб келмасам бўлмайди. Замонни кўряпсиз-ку… Ҳозир пули йўқ кишини одам ўрнида кўришмайди. Қизларни узатиш керак, ўғилларни уйлантириш керак. Зафарбекни уйлантириб роса қарзга ботиб кетганимиздан хабарингиз бор. Хуллас, оз-моз ишлаб келмасам бўлмайди…
- Опа, қўйинг шу четга чиқишни. Қизларингизни узатиш, ўғилларингизни уйлантириш бўлса, мана биз-амакилари, аммалари бор, ўзингизнинг яқинларингиз…
- Э, Солиҳабону, ҳозир ким ўзидан ортяпти? Қавм-қариндошга оғирлигини ташлаб, яқинлар ёрдамидан умид қилинадиган замонми ҳозир? Худога шукр, ҳаммангизнинг, яқинларимизнинг борига шукр, аммо ҳар ким ўзи учун ўзи ҳаракат қилиши керак. Ҳамманинг ўзига яраша ташвиши етарли.
- Унда ўғилларингиз борсин, сиз қолинг, жон опа. Шу ёшингизда иш деб четга чиқсангиз болаларингизга иснод, ахир!
- Йўқ, Зафарбек ҳам, Зуҳриддин ҳам сингилларининг ёнида қолади. Уйни эркаксиз қолдириб бўладими? Тағин бўй қизлар бор хонадоннинг эркаксиз қолиши маъқул эмас. Зафарбек яқинда уйланди. Ҳозир эр-хотин бир-бирининг ҳуснига қараб тўймайдиган, бир-бирининг меҳрига қонмайдиган пайти. Бу вақтда уларни ажратиб, ўғлим билан келиннинг кўзига балодай кўринмайман. Икки-уч йил ишлаб келайин, унгача Зилола ҳам ўқишини битказади, узатамиз, келин ёш болаларга ўралашиб қолганида Зафарбекни жўнатарман…
- Хўп, бордингиз ҳам дейлик, нима қиласиз? Қаерга борасиз? Иш дегани сизга дарров тап-тайёр турмас?
- Унисини аниқладим-да, айланай Солиҳабону. Туркияга ўз-ўзидан кетадиган бўлибманми? Қудағайнинг бир дугонаси бор экан, Туркияга савдо иши билан қатнаб турармиш. Бир йиғинда ўша аёл билан танишиб, гаплашиб қолдик. Туркиядан менга иш топиб берадиган бўлди. Гаплашиб, келишиб борадиган жойимни аниқлаб олдим. Бир хонадоннинг иккита боласига энагалик қиларканман…
- Ҳаммасини ҳал қилган экансиз-ку, опа… Майли, ўзингизга қаранг. Ишқилиб, хайрли бўлсин…
Солиҳа ўша пайтлари овсинини деб эри билан ҳам жанжаллашишганди.
- Қандай қайнисиз? Одамда орият бўлсин экан-да!? Ахир, ўша аёл раҳматли акангизнинг, бир қориндан талашиб тушган жигарингизнинг хотини-ку! У ҳақида бирор ножўя гап гапирилса, бир учи сизга тегмайдими?!
- Нима қил, дейсан?!- Эрининг ҳам фиғони фалак бўлди.- Мен ўлган акамнинг хотинига хўжайинчилик қила оламанми? Иккита ўғли бор, қизлари бор, қолаверса, ўзининг ака-укаси бор, улар уялсин, ўшалар ор қилсин! Мен нима дейман? Нима қила оламан?! Ишлагиси келибди, борсин, кўрсин, ишласин. Мен ўз оиламни биламан, бошқаси билан ишим ҳам, ҳушим ҳам йўқ!..
Солиҳанинг овсинининг чет элга кетишига қарши кураши шу кўйи мағлубиятга учради. Овсини Туркияга кетди.
Онаси жўнатган пулларга ўғиллар уйларни таъмирлатишди, машина олишди. Оналарини узоқ юртларнинг бегона одамларига хизматкор қилиб, ўзлари юртда ялло қилиб юраверишди. Охир-оқибат онасининг бошига етиб, энди доду фарёд қилиб ўтиришибди.
… Зафарбекнинг юзига қарашни истамай, ўйга ботиб ўтирган Солиҳанинг хаёлларини келин Дилфузахоннинг овози тўзғитди:
- Келинойи, мана бу сизга экан. Ойижон касалхонага охирги борганимизда сизга бериб қўйишимни айтгандилар…
Солиҳа бир Дилфузага, бир қўлидаги дафтарга ҳайрон тикилиб ўзига узатилган дафтарни олди. Ҳайрати тошиб дафтарни варақлашга тушди. Бошида «Адашган кўнгил изтироби» деган ёзувга кўзи тушдию, бир қалқиб кетди. Дафтардаги битиклар нима ҳақидалиги ва уни овсини нега ўзига илинганини идрок этди.
- Зафарбек, Дилфузахон, сиқилмайгина ўтиринглар, мен эртага эрталабда келаман. Энди уйга борайин, болаларга бирор иссиқлик тайёрлаб беришим керак. Амакингиз шу ерда қоладилар.
Солиҳа таъзия эгалари билан хайрлашиб, уйи томонга қадамини жадаллатди.
Уйига келиб болаларининг ош-овқатини тўғрилаб, овсинининг келини тутқазган дафтарни варақлашга тутинди.
«… Одамлари ғалати экан. Ўзларини жуда устун қўйишади. Хизматкор, ҳатто ундан ҳам баттар одамга муомала қилгандек ижирғаниб иш буюришади. Ёш болалари ҳам тап тортмай иш буюради. Айтилган иши вақтидан бироз кечикса, «сенга шунинг учун пул тўлайман-ку!» деб дағ-даға қилишади. Отаси тенги, онаси тенги одамларни ҳам бемалол сенлашади. Барибир ўзимизнинг одамларга етмас экан ҳеч бир миллат. Меҳр-оқибатли, юзи иссиқ халқимни соғиндим…» Солиҳа дафтарни варақлаб, ундаги ёзувларни ўқигани сари ўксиниб йиғларди. Сўнгги варақлардаги ёзувлар Солиҳанинг юрак-бағрини ўртаб юборди: «Қуриб кетсин бу грипп, пул тежайман деб оёқда ўтказиб юбордим. Тинка-мадоримни қуритди. Дори-дармон ҳам фалон пул, касалхонага ётиш учун ҳам пул керак. Нима қилсам экан?.. Ўзинг ёлғизлатма, мени Худойим…Ўпкам санчиб-санчиб оғрияпти. Овозим чиқмай қолди. Дори олиш учун кўчага, дорихонага чиққандим, уй эгаси уйга киритмади. «Сен юқумли касалликка чалингансан. Туберкулёзми, силми, баломи баттарми! Йўқол, болаларимга юқтирасан касалингни! Ол, мана, нарсаларинг. Сени идишларингни ахлатга ташлаб юбордим» деб юзимга эшик ёпди. Энди нима қиламан? Қайга бораман? Раҳм-шафқати йўқ экан, ҳатто охирги маошимни ҳам беришмади. Чипта олиш учун ҳам рейсни кутиш керак. Кейинги ҳафтага қайтсам… унгача кўчада ётаманми?..» Солиҳа шу ерга келганида овозининг борича ўкириб йиғлаб юборди. Тўшакка ўзини ташлаб, «опажоним, пул деб, болаларини деб хор бўлган опажоним» дея хўрсиниб-хўрсиниб кўз ёш тўкди. Айтиб-айтиб йиғлаб, бироз кўнгли бўшагач яна дафтардаги битикларга кўз тикди: «… Уч кундан бери туз тотмадим. Кўчада тунаяпман. Кундузлари дўкон, бозор айланиб вақт ўтказаман. Нафасим сиқиб, бошим айланяпти. Кейинги ҳафта юртга қайтаман.
Кўчада ётганимда одамлар садақа ташлаб кетишади. Ишқилиб самолётим учадиган кунгача кўчада ётиб юрганимда полициянинг қўлига тушиб қолмайда… Мен бойиш учун, мол-давлат тўплаш учун келмагандим. Болаларим бировдан кам бўлмасин, қизларимнинг сарпо-сепини тўкис қилай, уч-тўрт сўмгина ишлай деб келгандим. Мен бу ерларга жаннат излаб келмагандим. Шунчаки тирикчилик ташвишлари бошлаганди. Аммо кўрган-кечирган хорликларим, изтиробларим топганимдан ортиқ бўлди. Мен йўқотганларимнинг ўрнини фиръавннинг мол-дунёси ҳам тўлдиролмайди. Художон, менга умр бер, Ўзинг куч-қувват бер, юртимга етиб олай. Ўлигим бегона тупроқларда хор бўлмасин, Художон! Ўз юртимга, истараси иссиқ халқимнинг бағрида, фарзандларим, яқинларим қўлида жон беришни насиб қилган, Худойим!.. »
Солиҳа шу тун овсинининг Туркияда тутган кундалигидаги ёзувларни ўқиш билан тонг оттирди. Бир хаёли овсинининг болаларини олдига олиб, юрагидаги бор нафрату аламларини айтиб-айтиб олгиси келса-да, «қанийди бу билан бир нима ўзгарса? Ўзи шундоқ ҳам шум етим бўлиб бўлиб армонга тўлиб ўтиришибди, уларнинг дилини оғритиб нима қиламан» деган раҳмоний ўй билан ўз-ўзидан ёзғириб қўйди.
«… Барибир опамнинг кўрган-кечирган кунлари шундоқлигича қолиб кетмаслиги керак. Ахир ҳозир хорижга жаннат истаб кетаётган хотин-қизлар камми? Майли, ҳаммаям раҳматли Мавлуда опамдек қийналмас, азият чекмас, бироқ улар топган минглаб доллар йўқотишлар ўрнини тўлдирадими? Одамларнинг дунёқаришаи бойигани билан биз ўзбекмиз, бизда эгасиз бегона жойларга кетган аёлга одамлар яхши кўз билан қарамайди. Бу дафтарни бирор газета-журналда ишлайдиган журналистга берсам-чи? У шу асосда бир нима ёзса одамларга таъсири сезилар?… Мавлуда опамнинг болалари дафтардагиларни ўқиган бўлса-чи? Келин ойим бизни шарманда қилиш учун онамнинг кундалигини бегоналарга, тағин газетачиларга берибди, деб мендан хафа бўлишса-чи?..» Солиҳа узоқ ўйлади. Ҳар томоннинг ҳисобини олди. Ҳар қандайига ўйламасин, фикрлари овсинининг мусофирчиликдаги изтироблари ёзилган дафтарни шундайлигича қолдиролмаслигини тасдиқларди. Дафтарни яна бир марта қўлига олди-да, «опамнинг исмлари, аниқ манзиллари йўқ-ку бу ерда. Мен ҳам айтмайман. Бу ердаги гаплар газетага чиқса, уни ўқиган хорижнинг пулига орзумандларга ибрат бўлса, савоби опамга тегади… Мавлуда опам ҳаёт бўлганларида ҳам менинг бу ишимни маъқуллаган бўлардилар…» дея кўнглидан кечган ўйдан дадилланиб, газета таҳририятларини кўзлаб йўлга отланди…
Муаллиф номаълум.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1