Уларнинг Красноярск ўлкасига келганларига ҳам анча бўлиб қолди. Октябрь ойи тугаса, етти ой тўлар экан. Эрта баҳордан буён бировнинг уйини қуришади. Пойдевордан бошлашган эди, мана ҳозир сўнгги, пардоз ишларини қилишяпти. Шуни тугатишса тамом – уйларига йўл олишади. Ўн икки нафар одамнинг ичида энг кичиги Азизбек. Йигирма баҳорни кўрган бу йигитни катталар доим назардан қочиришмай юришади, чунки у сал қизиққон, у ер-бу ерга сўроқсиз чиқиб кетиши мумкин. Бу ерда йигитларга ёмон кўз билан қарайдиганлар кўп, ёлғиз-ярим юриб бўлмайди. Келганларидан бери ишга баравар келишади, баравар кетишади. Бўлмаса-бўлмайди, ёлғиз топишса тамом деяверинг. Ё уриб майиб қилиб қўйишади, ё... худо кўрсатмасин. Бир неча маротаба уларга шу ерлик ёшлар тўда бўлиб босқин уюштирмоқчи бўлишди. Аммо бир сафар уларнинг жонига хўжайинлари Сергей Тукмаков оро кирган бўлса, бир сафар қаёқдандир пайдо бўлиб қолган чеченлар оро киришди. Бир сафар эса бостириб кирган ўн-ўн беш босқинчи уларни анча алак-салак қилишди. Яхшиям ичларида бақувват болалар бор. Шулар қўлларига темир, таёқ олишиб ўзларини ҳимоя қила олишди. Ўн икки йигит жипс бўлишиб олишишаётган пайтда Сергей Тукмаков келиб қолди-ю, булар қутулиб қолишди. Хўжайиннинг бу ерда анча обрўси бор экан, шекилли, босқинчилар иш жойларига қайта йўлашмади, лекин кўча-кўйда юриш хавфли эди. Ҳатто озиқ- овқатларини ҳам ишдан қайтаётиб биргаликда харид қилишарди. Бригадирлари Ҳасанали қирқ ёшларга яқинлашиб қолган, кўпни кўрган одам бўлганидан йигитларни қаттиқ назорат қиларди: ичирмайди, кўчага чиқармайди, ҳатто пулларини ҳам оилаларига Сергей Тукмаков билан бориб ўзи жўнатиб келади. Аммо “фалокат оёқ остида” деб бежиз айтишмаган экан. Кутилмаганда Азизбек бир фалокатга рўбарў бўлди.
2
Ўша куни иш вақти тугаб йигитлар кийимларини алмаштиришиб ётоққа жўнашаётган эди. Шу пайтда Азизбекка биров қўнғироқ қилиб қолди. Москвада ишлаётган синфдоши экан.
- Азизбек, тезроқ бизга етиб ол,-деди Ҳасанали охирида эшикка чиқаётиб. Азизбек бошини ликкиллатди-ю, гапини давом эттираверди. Икки синфдош анча гаплашиб қолдилар. Югуриб шерикларимга етиб оламан деб ўйлаган Азизбек атига бир неча минут ушланиб қолди. У югуриб ташқарига чиққанида теваракка шом қоронғиси чўка бошлаган, йигитлар анча олислаб кетишганди. У катта йўлга чиқиб қадамини тезлатди. Қанча тез юришга уринмасин қорда оёқлари сирғаниб кетар, қадами унмасди. Кечки совуқ туша бошлаган бўлса ҳам, ҳозиргина иссиқ жойдан чиққанигами унча совуқ сезмасди. У шошиб-шошиб юз қадамлар юрганидан кейин рўпарасидан бир “Жигули” кела бошлади. Азизбекнинг олдидан ғизиллаб ўтиб кетди-ю, нарироқ бориб тўхтади ва орқаси билан юриб келиб Азизбекнинг олдига келиб тўхтади. Орқа эшигидан икки нафар қора куртка кийган, бошяланг, бақувват икки йигит тушди.
- Ўтир машинага,- деди улардан бири дўриллаб.
- Нимага? Нега машинага ўтираман?
- Ўтир, қора танли,- йигитларнинг иккинчиси Азизбекнинг қовурғасига қандайдир темирни тиради,- биқинингдан дарча очиб қўяман ҳозир.
Азизбек кўз қири билан биқинига ростмана пистолет тиралиб турганини кўриб ҳуши бошидан учди, қўл-оёғи музлаб қолаёзди. Индамай қоқила-суқила машинага чиқиб ўтирди. Шу ондаёқ икки ёнига ҳалиги барзангилар ўтиришди.
- Жим ўтириб айтганимизни қилсанг, ҳаммаси жойида бўлади. Тушундингми?-олд ўриндиқда ўтиргани орқага ўгирилиб Азизбекка уқтирди. Азизбек “Тушундим” деб бошини ликкиллатди.
Олдинда ўтиргани бошлиқлари бўлса керак унинг гапидан кейин йигитларнинг ҳеч бири гап қотмади. Ҳаммаси жим кета бошлашди. Азизбек ўзини қаёққа олиб кетишаётганини хаёл ҳам қилмай қўрқувдан қалтирай бошлади. Тўсатдан
3
кўзларига ёш қуйилиб кела бошлади. Бурнини тортиб-тортиб ҳиққиллай бошлади. Унинг йиғлаётганини сезиб олдидаги барзанги яна орқасига ўгирилди.
- Нега йиғлаяпсан?- сўради у.
- Ҳозир айтдим-ку ўзингни одобли тутсанг, сенга ҳеч нарса қилмаймиз, ука, бизга фақат озгина ёрдам берасан, тамом – вассалом, яна йўлингга кетаверасан.
Азизбек яна бошини ликкиллатди. Бу пайтда машина катта йўлдан бурилиб ўрмондаги ингичка йўлдан кетиб борар, ўрмон ичида уч-тўрт чақирим юриб қўйганди. Азизбек бу жойларни яхши биларди, чунки ёзда дарахт кесиш учун бир неча марта келишганди. Гарчи бу ерлар унга таниш бўлса ҳам кетаётган томонларига қараб унинг қўрқуви баттар кучайди. Чунки бу томонга ёзда ҳам одам кам келар, хилват жойлар эди. Йўлда қор анча қалин бўлса ҳам, машина қийналмай кетиб борарди. Ниҳоят, йўлнинг бир томони қия тепаликка етганда тўхтадилар. Ҳаммалари машинадан тушганларидан кейин ҳалиги олдинда ўтириб келганнинг ишораси билан икки йигит машинанинг орқасига ўтишиб Азизбекни имлашди.
- Қани, бир бизга ҳам хизмат қилиб қўйсанг, ука,- дейишди чарм курткалилар. Иккови юкхонани очишди-ю, Азизбекнинг даҳшатдан оғзи қийшайиб кетди. Қўрққанидан икки-уч қадам ортга тисарилди-ю, қорга ўтириб қолди.
- Тур ўрнингдан, сапляк!- ғижинди рулни бошқариб келган пальтолик йигит. Азизбек қўрқа- писа ўрнидан туриб олдинга юрди. Ҳозир унинг учун юкхонадаги ўликдан кўра булар хавфлироқ экани онгига етиб борди. Икки йигит ўликни кўтариб Азизбекнинг елкасига ортишди.
- Марш. Тепаликка олиб чиқасан!- олдинда ўтириб келган ялангбош дароз қўли билан қияликни кўрсатди.
Азизбек у кўрсатган томонга битта-битта қадам ташлаб кета бошлади. Ортидан белкурак ва чўкич кўтариб икки йигит эргашди. Шофёр ва бошяланг эса машина олдида қолишди. Елкадаги мурданинг залворидан икки букилиб қолган бўлса ҳам тиззасигача қорга ботиб илгари интилар экан, Азизбек нафасини ростлаш учун бир муддат тўхтади ва юкни бир
4
силтаб елкасига яхшироқ жойлаштирди. Шу дамда ўликнинг чўнтагидан бир нима сирғалиб тушди ва қорга ботиб кетди. Азизбек кўз қири билан ортда келаётганларга қаради. Уларнинг ҳеч нимани сезмаганларини билиб, тепага қаради. Мақсади шу ерни белгилаб олиш эди. Тепагача атига беш-олти қадам қолганди. Азизбек чапга бир қадам қўйиб қорни оёғи билан суриб қўйди. Тепаликка чиқиб борганда аъзойи бадани қора терга ботиб кетган, ҳансираб нафас олар, шундай бўлса-да, наригилардан қўрққанидан елкасидаги юкни ерга қўймай кутиб қолди. Тепаликнинг у томони текис ер бўлиб фақат икки қадам нарироқда озгина ўйиқ бор эди, холос. Йигитларни иккови ҳам олдинга ўтиб олиб атрофни чамалашмоқда эдилар. Улар пича ўзаро гаплашиб олишгач, бири: “Бу ёққа олиб кел”- деди. Азизбек ўша ўйиқ жойга бориб тўхтади.
- Ерга қўй!
Азизбек шундагина елкасидаги мурдани қорга ташлади ва ўзи ҳам ҳолсизлигидан унинг ёнига йиқилиб тушди. У ожизлик ва хўрликдан ҳўнграб йиғлаб юборди.
- Нега йиғлаяпсан? Қўрқяпсанми?- сўради йигитларнинг бири. Азизбек бошини силкитди.
- Буни шу ерга кўмасан-да, кетаверасан. Биз сенга тегмаймиз,- деди ўша йигит, - ма, сигарет чекиб ол, енгил тортасан.
Азизбек титраётган қўллари билан сигаретни олди. Чўнтагидан ёндиргични олди ва туташтирди, лекин ёндиргични чўнтагига қайта солаётиб уни қорга тушириб юборди. У бунга эътибор ҳам қилмай қўя қолди. Сигаретни чуқур-чуқур, босиб-босиб тортди. Бироз енгил тортгандай бўлди. Унинг ўзига келиб қолганини сезиб ҳалиги гапирган йигит қўлига куракни тутди.
- Шу ердан кавлайсан. Биз анови ерда кутиб ўтирамиз. Тугатганингда чақирасан,- у тепаликка чиқаверишдаги дарахт остини кўрсатди. Иккови у томонга кетишгач, Азизбек ўйиққа тушди ва у ерда уч-тўрт қадам жойдаги қорни тозалаб ерни очди. “Бу музламада роса қийналсам керак” деб ўйлаган йигит ерга куракни ботириши билан фикри хато
5
эканлигини англади. Курак ерга осонгина ботди, чунки қор остидаги ер ҳали музламаганди. Чиринди ва хазонлар билан аралаш тупроқ осонгина кўчиб чиқа бошлади. У ёнидаги мурдага қарамаслик учун тескари қараб олди.
“Мен пойдевор учун ҳандак қазияпман” деган ўйни ўзига сингдириш учун ўзича “ҳандак қазияпман, ҳандак қазияпман”, деб қўяр, тўхтамасдан тупроқни икки ёнга отар, нафаси бўғзига тиқилиб қолганда куракка суяниб чуқур-чуқур нафас олволарди-да, ишини давом эттирарди. Ҳозир унинг кўнглида “шу ўликни кўмиб берсам қўйворишади” деган умид бор эди...
Бир соатлар чамаси урингандан кейин йигитлар унинг тепасига келишди.
- Бўлди, етарли, жойлашади,-деди уларнинг бири ва икковлашиб мурдани Азизбекка томон думалатишди.- Яхшилаб жойлаштир.
Азизбек энди чарчоқ зўридан қўрқувни ҳам унутганди. Шунинг учун оёқлари остига тушган мурдани иложи борича оёқ қўлини чўзиб ётқизди. Унинг юзини ўзича тусмоллаб қиблага буриб қўйди. Уни ўрадан тортиб олган йигитлар “тупроқ ташла”, деб имо қилишгач, аста- аста тупроқ сидира бошлади. Бўш тупроқнинг шовуллаб тушиши осон бўлса ҳам, Азизбекнинг мадори қолмаган, баъзан чўккалаб қолар, аммо дарров ўрнидан туриб яна тупроқ сурарди. Ўн беш- йигирма дақиқада тупроқни тушириб бўлди. У ҳансираб ўзини ерга ташлади ва оғзига ҳовучлаб қор тиқди. Иккови йигит эса унга парво ҳам қилмай пастга тушиб кета бошлашди. Азизбек белкуракка таяниб ўрнидан турди, лекин куракни ташлаб шоша-пиша уларнинг ортидан эргашди. Кейинчалик бундай қилганига пушаймон бўлди. Балки ўрнидан турмай ётаверганда кетворишармиди.
Улар пастга тушиб борганларида машина келган томонларига қарата бурилган, иккови барзанги машина ичида эдилар. Икки курткали дарров ўзларини машина ичига олдилар.Азизбек эса машина олдига туриб қолди. Эшикни очишга қўрқди. Ичкарида ғўнғир-ғўнғир гап-сўзлар
6
эшитилиб пича турганларидан кейин олдинги ўриндиқда ўтирган барзанги ойнани туширди.
- Совуқми?- сўради у.
- Ҳа,- Азизбек қўлларига куҳлади.
- Курткангни еч,- буюрди барзанги. Азизбек унинг буйруғидан ҳайрон бўлиб курткасини ечди.
- Бу ёққа узат.
Барзанги курткани олиб орқадагиларга узатди.
- Жемперни ҳам, кўйлакни ҳам,- буюрди барзанги.
Азизбек буйруққа итоат қилиб устидаги икки жемпер ва кўйлакни ҳам ечиб унга узатди.
- Буни ушла,- барзанги унга фонар узатди,- сен қуёшли ўлка фарзандисан, бу ҳам қуёшга ўхшайди, фақат кичкинароқ, шунга исиниб манзилингга етиб оласан.
Барзанги шундай деди-ю, ойнани ёпди. Машина ўрнидан жилиб олға кета бошлади. Азизбек унинг ортидан икки- уч қадам юриб тўхтаб қолди. Шу ондаёқ унинг хаёлидан “барибир, музлаб ўлади дейишди” деган фикр ялт этиб ўтди. Биргина ич кийимда қолган йигитнинг шу топда бутун борлиғида биргина савол айлана бошлади: ”Нима қилмоқ керак?! Нима қилмоқ керак?!” Қўлларини кўкрагига қовуштириб дириллаб турар экан тўсатдан хаёлига келган фикрдан суюниб кетди. “Қабр олдига бориб сигарет ёндиргични топиб, ўт ёқиш керак!” У шоша-пиша ортига бурилиб тепалик томон чопа бошлади. Гарчи изғирин ҳамма ёғига бигиздай санчилаётган бўлса ҳам музлаб ўлмаслик учун умид бор эди. Тепаликка қоқиниб- сурилиб чиқиб борар экан, ўзи оёғи билан қорни белгилаб қўйган, мурданинг қўйнидан бир нима тушиб қолган жойга етганда фонарни ёқди ва ўша нимадир тушган жойга, қорга қўлини тиқди. Қўлига илинган кичкинагина нарсани олди-ю, қараб қувониб кетди. Телефон! Қўлидаги телефон эди! У тўхтаб турмай тағин тепаликка интилди. Юз-қўллари қорга беланиб тепаликка чиқиб борди-да, ёндиргични туширган жойни излай бошлади. Қўллари тарашадай қотиб қолганига қарамай қорни аста-аста суриб ниҳоят, ёндиргични ҳам топиб олди. Уни тезда шимига ишқаб қуритди-да, қўлларини ҳам қуритиш, жон киритиш
7
мақсадида шимининг икки ёнига ишқай бошлади. Бироз қўлларига жон киргач, аланглаб ўзига панароқ жой излай бошлади. Фонар ёруғида ўзидан беш қадамлар наридаги арчани кўрди. Арчанинг тагига бориб қуруқ шохчаларни, қуриб қолган баргларни синдириб йиға бошлади. Бу ерга эмаклаб киргандаёқ гўё баданига илиқлик югургандай бўлди. У ҳозир ўт ёқиб бир илож қилиб қўлларини иситиб олиши керак эди. Урина-урина озроқ хашак ва чўп тўплаб ёндиргични чақди. Бир амаллаб озгина ўт ёқди. Аммо бу олов унинг баданини иситишга қодир эмас.
Бу чексиз уммонда энсизгина ёғочни қучоқлаб олган одамнинг ҳолидай гап эди. Азизбек чўпларни синдириб оловга ташлаб бўлиб телефонни олди. У яхшиям Ҳасаналининг телефон рақамини ёддан биларди. Бахтига телефон ишлади. Ҳасанали ҳам телефонни кўтара қолди.
- Ҳасанали ака,- деди Азизбек овози титраб.
- Азизбе-ек! Қаерда юрибсан, ахмоқ! Шу маҳалгача нима қилиб юрибсан? Э, сени деб ичимдан қиринди ўтиб кетди-ю!
Азизбек тишлари таккиллаб бўлган воқеани, ўзини ўғирлаб кетишганини, мурда кўмганини, ҳозир ярим яланғоч арча тагида ўтирганини чала-чулпа қилиб тушунтирди.
- Мурданинг устида кийими борми?- сўради Ҳасанали
- Ҳа, куртка- пурткаси билан кўмдик.
- Қабрга яқинмисан?- сўради Ҳасанали.
- Ҳа-а.
- Гап бундай, ука. Биз етиб боргунимизча камида икки соат ўтади. Ҳозир ўт ёқаман деб уринма, кучингни кетказиб қўясан. Тезда қабр олдига қайт. Қабрни кавла.
- Нима қиламан у ер... ерда?
- Мурдадан қўрқма. Ўликдан қўрқишнинг кераги йўқ. У ҳам бизга ўхшаган одам. Тезроқ қабрни кавлаб мурданинг курткасини олишинг керак, Тирик қолишинг учун шундай қилмасанг бўлмайди, Тўхтамай ҳаракат қил. Уйқу босган сари тез кавла. Уйқу босмаяптими?
- Йўқ.
8
- Демак, ҳали вақтинг бор экан. Тез бўл, ука. Биз йўлга тушдик. Ҳар беш минутда мен телефон қилиб тураман. Тез бўл, жон ука. “Фонарим бор” дединг, фонарни қабрнинг
ташқарисига қўйиб ўзингдан тескари қаратиб қўй, қабр ичига қаратма, шунда анча- мунча ҳайвон яқинлашмайди. Бўлди, югур қабрга!
Ҳасаналининг гаплари Азизбекка жуда катта куч бағишлагандай бўлди. У телефон ва ёндиргични чўнтагига тиқди. Қўллари билан елкалари ва кўкрагини ишқалаб олгандан кейин эмаклаб арча остидан чиқди. Шахд билан қабр олдига келди ва қорда кўмилиб ётган куракни олди-да, ғайрат билан ҳозиргина ўзи кўмган қабрни қайта кавлай бошлади. У қўллари музлаб қотиб бораётганини сезиб, тинмай бармоқларини ҳаракатлантириб туришга тиришар, иложи борича тупроқни кўпроқ олиб отишга интилар, тез- тез чўккалаб қолар, аммо яшаш, тирик қолиш умиди уни тағин ўрнидан туриб тупроқ отишга ундарди. Совуқ бадан- баданини ўяётган бўлса ҳам, ақли унга тинмай йўл кўрсатиб турарди. У қабрни тизза бўйи кавлагач, устидаги пахталик шимини ечди. Ичида, ахир, ички кийим, иккита трико бор-ку. У пахталик шимни иккала поччасини икки елкасидан ошириб устига ташлаб камар билан кўкрагидан амаллаб бойлаб олди. Мана энди ишласа бўлади. Ҳаш- паш дегунча белига қадар чуқурликка тушиб борди. Оёқларига урилаётган совуқ сал сепсилгандай, гўё бадани илиқлашгандай бўлиб орқаси билан деворга суянди. Шу дамда фонар ёнига қўйган телефони овоз бериб қолди.
- Алло, Ҳасанали ака.
- Азизбек, биз йўлда келяпмиз. Рашид билан Анвар югуриб кетишган, улар биздан олдин етиб боришади. Тўхтама,ука, жон ука, тўхтама.
- Хўп, хўп. Мен тўхтамайман.
- Балли. Бўл, ука, кавлаяпсанми? Тезроқ кавла. Мен яна телефон қиламан. Мен югурдим. Ҳозирча.
Азизбек дарров белкуракка ёпишди, аммо қўллари гўё таёқдай бўлиб белкуракни ушлашга қийналди. У бироз қўлларини иситиш учун чўк тушди-да, қўлларига куҳлади.
9
Шунда “озгина дам олсам бўлар”, деб ўйлади. Пича ерга орқасини қўйди. Ёнбоши билан чуқур деворига суяниб қолди. Уни бўйни эгилиб борар, озгина кўзларини юмиб дам олиш
истаги шунақа бостириб келдики, бу истакка қарши туриш учун унинг қуввати етиши даргумон эди. “Мен ухламаслигим керак, мен ухламаслигим керак” деган фикр хаёлида тинмай айланар, аммо кўзлари юмилиб, қунишиб, тобора боши эгилиб борарди...
Узоқ-узоқлардан эшитилган телефон қўнғироғи қулоғига элас-элас эшитилди. “Ҳозир телефонни оламан, ҳозир...” деб ўйлади-ю, ўрнидан туриб телефонни олиш учун кўзларини очолмас, қаддини кўтаролмасди. Аёз ўз ишини қилиб уни эзиб ташлаган, энди уйқу деган йўлакдан ҳалокат сари етакламоқда эди. Тўсатдан унинг шуурида “мен ухлаб қоляпман-ку!” деган ўй ўтди. У бор кучи билан интилиб ўрнидан туриб олди. Гўё бутун қабрнинг тупроғини елкасида кўтариб тургандай бўлди. Телефонни қўлига олиши билан Ҳасаналининг баланд, бақириб гапирган овози эшитилди.
- Азизбек! Уйқу босяптими?! Уйқудан қўрқ! Қимирла! Ер тепин, қаттиқ- қаттиқ ер теп! Қўлларинг билан тупроқларни чангаллаб ирғит! Қўлларинг билан аввал оёқларингни шапатила! Телефонни ўчирма, эшитяпсанми? Овоз бер!
- Эшитдим, ака,- деди Азизбек ҳансираб.
- Айтганларимни қил, жон ука, аввал қўлларингни, юзларинг ва қулоқларингни ишқала! Тек турма, депсин, оёқларингни қимирлат, бўл тез! Гапириб-гапириб айтганларимни қил. Қани, бўл тез. Гапир.
- Гапиряпман.
- Дадилроқ, бақириб!
- Гапиряпман!
- Энди ўрнингдан тур. Тур ўрнингдан!
- Хўп, ўрнимдан турдим.
- Фонар ёниқми?
- Ёниқ.
- Оёғингни қимирлатяпсанми?
- Ҳа.
10
- Қаттиқроқ!
- Ҳа!
- Ана энди айтганларимни қил!
- Хўп, ака.
Азизбек телефонни жойига қўйди-да, энгашиб тиззаларини уқалади. Сонларига шапатилади. Қўлларини
бир-бирига ишқаб, юз-кўзи, бўйни ва қулоқларини ишқалади. Бир-икки ўрнида сакрагандай бўлди. Шундан кейин у тағин белкуракка ёпишди. Тўхтамасдан тупроқни тепага ота бошлади. У бор-йўғи ўн беш минутча ишлаган бўлса ҳам хаёлида жуда узоқ муддат ўтгандай бўлди. Бу орада телефон икки марта жиринглади. Ҳасанали бор овози билан бақирар, Азизбекни ухлаб қолмасликка ундарди.
Ниҳоят, тупроқ остида қорайиб куртка кўринди. Бу Азизбекнинг умидига умид қўшди. У бор кучи билан қўлларида тупроқни сидириб ташлай бошлади. Энди тупроқни тепага эмас, мурданинг оёқ томонига қараб сидира бошлади. Урина- урина, охири, мурданинг кўкрак томонини очиб олди. У оёқларини икки томонга тираб мурданинг ёқасидан тутиб тортди. Уни ўтқизиб олганидан хурсанд бўлиб кетди. Дарров бошидаги қалпоқни олди-да, бошига кийди. Курткасини ҳам амаллаб ечиб олишга муваффақ бўлди. У устига курткани кийди-ю, бир илож қилиб мурданинг свитерини ҳам ечишга урина бошлади. Яхшики, свитер ҳам сурмали, олди очиладиган экан. Қийнала- қийнала бунинг ҳам уддасидан чиқди. У курткани ечиб пахтали шимни ҳам ечди ва ирганмасдан свитерни кийди. Пахтали шимини бошқатдан кийди. Шундан кейин курткани кийиб чўнқайиб ўтириб қолди. У бу ишларни бажаргунча бир неча марта мурданинг устига йиқилиб тушди, аммо у қўрқувни унутган, ҳозир яшаш учун курашаётган дамда мурдадан қўрқиш ҳиссини йўқотганди.
Азизбек ўрадан судралиб чиққан пайтда яна телефон жиринглади.
-Ўша қияликда каттагина шохи синиб ерга осилиб қолган тол бўлиши керак, ўшани топишга ҳаракат қил,- деди Ҳасанали Азизбекнинг кийиниб олганини эшитгандан кейин. Азизбек
11
фонарни ёқиб қиялик устида юриб кетди. Бу қиялик бор- йўғи йигирма беш-ўттиз метрга чўзилганди холос. Шунинг учун шохлари ерга осилиб ётган толни Азизбек қийналмай топди. Гарчи тол новдаларини буткул қор қоплаб олган бўлса ҳам бориб елкаси билан бир туртиши билан қор дувиллаб тўкилди. Кўзларини йирмалаб очиб минг машаққатда ярим қучоқ новда синдирди. Тол остидаги қуруқ ерга келиб амаллаб ёқиб олди. Аввалига бурқсиб ёнмай турган шохчалар майда-майда қуруқ чўплар ёнгандан кейин бири бирига илашиб кетди. Энди Азизбекнинг олдида янги мушкулот, бир илож қилиб ўтин йиғиш ва ўтни баландроқ ёқишдек иш бор эди. У йиғиб келган ўтинни ташлади-да, ёнбошлаб қолиб олов устига шохчаларни битталаб ташлай бошлади. Ёз бўйи қуриб, қовжираб қолган шохчалар аёзни қувмоқчидай чарчиллаб-чарсиллаб ёниб кетди. Олов тафти Азизбекнинг юз-қўлларига, баданига урилган сари ҳуш ёқар, ўзи эса чарчоқ зўридан тобора ёнбошига оғиб борарди. У тўплаган ўтиннинг ҳаммасини бир қўли билан олов устига ташлади ва чалқамчаси бир муддат чўзилди...
Уни ярим соатдан кейин тол остидан топдилар...
Бир ҳафтадан кейин Азизбек батамом соғайиб оёққа туриб кетган бўлса ҳам кечалари қўрқиб бақириб юборадиган, ўрнидан даст туриб кетадиган одат чиқарди. Аммо бора- бора бу одати ҳам йўқолиб кетди.
Гулчеҳра Исҳакова саҳифасидан олинди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3