»
— Негадир бугун сизга мактуб ёзиб, юрагимни ўртаб турган дарддан сал бўлса-да, халос бўлгим келди. Аслида, буни айтишга ҳақим борми-йўқми, билмайман, чунки пешонамга шу битилган экан, тақдиримдан нолишим тўғримикин? Шундай бўлгани менга берилган бир жазодир балки, гуноҳим учун тўлаётган товонимдир? Мени муҳаббатнинг уволи урди… Балки, бегуноҳ боламга унинг исмини қўйганим учун шундай бўлгандир, билмайман. Ё Бобур мени қарғадимикин?
Кутилммаганда хўжайиним бутунлай тўшакка михланиб қолди. Оёқлари умуман ишламайди. Кўрсатмаган табибимиз, шифокоримиз қолмади. Эримнинг аҳволини кўриб, менинг ҳам қон босимим ошадиган бўлди. Бояқишнинг кекса қалбида шунча ғам, шунча кўргилик. Янаям одамзод ҳамма нарсага чидаркан. Унга қараб юрак-бағрим эзилади. Худди ўлимини кутиб яшаётган кишидек паришонхотир.
Ҳаётимиздаги бу кўргилик ва бахтсизлик хўжайинимнинг соғлиғига катта таъсир кўр-сатди. Ахир тўсатдан соғлиғидан жудо бўлиш… Шу кунларда илгаригидек тетик эмас, руҳан эзилган. Фикру хаёли ёлғиз ўғлимизда, негаки ногирон боламизни бу дунёда кимга омонат қолдиришни ўйлаб сиқилади. Биласизми, эрим учун барчаси якун топиш арафасида… чунки…
Йўқ, менинг нолиш ниятим йўқ, ҳаммасига шукр қиламан, тақдир менга инъом этган ҳар кунги қувончларим, гарчи у қадар тўкин бўлмаса-да, бахтимни ҳеч нимага алиштиргим келмайди. Лекин баъзида хаёл мени узоқларга олиб кетади… Менинг ҳам муҳаббатим, орзу қиладиган бахтим бор эди. Ўшанда мен узоқ қишлоқдан шаҳарга ўқийман деб, юрагимда минг бир орзуларни жам этиб келган содда ва беғубор қиз эдим.
Минг бир ҳаяжон билан илк дарсга кирдим. Бу ёғи ўқиш, югур-югур, кутубхонада китоб варақлаб, конспектларни ёзишим, сессия — вақт ёнгинамиздан шувиллаб ўтиб кетаётганини ўшанда сезмасдим ҳам. Дарсдан ётоқхонага келганимда, вақт алламаҳал бўлиб қоларди. Бир куни одатим бўйича кутубхонадан чиқиб, энди ётоқхона томон кетаман, деб турганимда, кимдир менга сўз қотди. Қарасам, Бобур, у ҳам кутубхонадан чиққан экан, қаранг-а, мен уни шу пайтгача пайқамаган эканман. Йўлимиз бир бўлгани боис ҳам бирга кетдик. Йигит мендан ўқишларим, устозларим, дарслар ҳақида суриштирди. Бу ҳолат эртаси, индини куни ҳам давом этди, энди биз кутубхонада ҳам тўсатдан учрашиб қолиб, бир столга ўтириб, дарс тайёрлардик. Ўшанда бу бир умрлик муҳаббат эканлигини билмаганман. Ўқишни якунлаётган йили Бобур менга дил ёрди, турмуш қуриш таклифини айтди. Мен бу масалани яқинларим ҳал этишини, уларнинг фикрига қарши боролмаслигимни тушунтирдим. У ёзда уйимизга совчи юборди. Аммо… Ота-онам узоқроқ қариндошимизнинг ўғлига мени беришни ваъда қилиб қўйишган экан. Мен ўқишни тугатиб келсам, тўй қилишмоқчи экан.
«Сени ўқишга юбориб, хато қилмадимми, деб ўйлардим, афсуски, калтабинлик қилибман. Энди маломат остида қоладиган бўлдим», — онам шу гапларни айтиб, юм-юм йиғлади, уларга қўшилиб мен ҳам йиғладим. Шу паллада негадир илк дафъа онамни тушундим, бу волидамнинг шундоғам ярим кўнглини ўртаб қўйганимга пушаймон бўлдим ва дедим: «Бўлди, ойижон, сиз айтгандек бўлади, мен ўша болага тегаман. Фақат илтимос, сиз хафа бўлманг!»
Онам фикримдан қайтиб қолмаслигим учун унаштирувни тезлаштирди. Мен шаҳарга қайтдим. Бобур бир неча бор олдимга келди, лекин уни кўрсам, юзимни тескари ўгирдим. «Мен унаштирилганман, одамлар бегона йигит билан кўришса, гап қилиб юборишади, энди мени тинч қўйинг, илтимос», дедим охири юрагим фарёд ураётган бўлса-да. Ишонсангиз, ўшанда Бобурнинг кўзидан оқаётган ёшларига қараб, ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим. У сўнгги бор ғамгин нигоҳи билан менга тикилди-да, кетди. Мен бошқа уни кўрганим йўқ.
Ўқишни тугатиб келган йилим тўй бўлди. Турмуш ўртоғим ёмон одам эмасди. Бир-икки йил қишлоқда яшагач, шаҳарга кўчиб келдик. Йиллар бир-бирини қувиб ўтар, мен эса ҳеч ҳомиладор бўлмасдим. Шифокорларга кўриндим, касалхонада ётиб даволандим ҳам. Табиблар, азайимхонлар қолмади, ким нима деса қилиб, кимнинг дарагини берса, шу ерга эринмай борардим, лекин Худо бизга фарзанд ато этмади. Пешонам шунақа шўр экан, эримга бир неча бор ажрашишни таклиф этдим. Лекин у кўнмади. Ниҳоят, биз қизли бўлдик.
Туғруқ асоратли кечди. Шифокорлар бошқа фарзанд кўролмаслигимни айтишди. Қизалоғимиз уч ёшга тўлгач, бир ўғил фарзанд асраб олдик. Исмини Бобур деб қўйдик. Шу тариқа ҳаётимизга қувонч, кўнглимизга нур киргандек бўлди. Лекин ўғлим улғаяётган бўлса-да, негадир ўрнидан туришга ҳаракат қилмас, мудом йиғлагани йиғлагaн эди. Шифокорга кўрсатдик, унинг туғма ногирон эканини, мияси жароҳатлангани боис, бир умрга фалаж бўлиб қолганини эшитиб, ҳушим бошимдан учди. Аммо энди уни қайтариб беролмасдик, унга боғланиб, меҳр бериб қўйгандик. Болага ғамхўрлик қилиб, уни турли шифокорларга кўрсатдик, даволашга ҳаракат қилдик. Кўп йиллик саъй-ҳаракатларимиз туфайли у ўрнидан турди, қийналиб бўлса-да юради, ғўлдираб бўлса-да гапиради. Бироқ бундан бошқасини орзу ҳам қилолмасдик. Опаси мудом укасига ғамхўрлик қилиб, уни кўчада ўйнатар, ҳеч кимга хафа қилдириб қўймасди.
Бу орада қизимиз бўй етиб, уйимизга бирин-кетин совчилар кела бошлади. Қизимни кўнглига ёққан йигитга узатдик. У кетаётиб, укаси билан қучоқлашиб, хайрлашди, ўғлимиз эса энг яқин одами, ҳимоячиси, доим қўллаб турадиган опаси кетаётганидан ўксиб-ўксиб йиғларди. Тўйхонада бу манзарани бефарқ кузатган одам қолмади. Гарчи ўғлимга қараб, юрагим олов мисоли ёнаётган бўлса-да, унга далда бераман, ҳали соғайиб кетишини, бу кунларни кўрмагандек бўлишини айтиб, уни овутаман. У эса маҳалладаги болалар мудом калака қилишини, нега у бошқалар каби мактабга бормаслиги, ҳеч ким у билан ўйнашни истамаслигини сўраб, кўзларимга мўлтираб қараганида, ўзимни қўярга жой тополмайман, нигоҳимни яшираман. Бу аҳволда уни мактабга жўнатолмасдик, у ўзини бошқаролмайди, бировнинг ёрдамисиз кийимини кийиб, овқатини еёлмайди. Охирги пайтлар дадаси иккаламиз фақат шу ҳақда ўйлаймиз, бу қийин вазиятдан чиқиш йўлларини қидирамиз. Лекин олдинда ҳеч қандай нажот кўрмаяпман. Шу туфайли уйқумда ҳаловат йўқ, сочларим оқариб, йиғлайвериб кўзларимда ёш қолмади. Ишонсангиз, кечалари Бобур кўз олдимга келади, у юрагимнинг бир бурчагида яшаётганини ҳис қиламан. Назаримда, ўшанда унинг кўзидан оққан ёшлар, бирга бўлишимиз учун курашишга ўзимда куч топа олмаганим, журъатсизлигим учун жазоландим. Бундан ортиғи бўлмайди, бу юк билан гўримда ҳам тинч ётолмасам керак.
Бутун умр Бобурни орқаворотдан суриштириб юрдим. На у бахтли бўлди, на мен. Бутун умр телбалардай яшадим. Жавобсиз саволларимга жавоб изладим. Бироқ бундан нима наф кўрдим? Фақат талафот… Биламан, бу катта гуноҳ. Аммо нима қилай, кўнглимга буйруқ беролмадим. Бугун виждон азобида қовриляпман. Энди англаб етдим. Бахтсизлигимга ўзим сабабчиман. Доим турмуш ўртоғимдан Бобурни изладим, уни топишга интилдим. Ҳатто боламда ҳам уни кўришни истадим. Қисматимга кўнмаганим учун жазолангандирман, балки…
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1