Галма-галдан опа-сингилларим билан бориб қарайдиган бўлдик. Отамнинг эти суякларига ёпишиб, озиб кетдилар. Ошқозонга ботмаслиги учун ҳазми енгил овқатлар ичириб, едириб турдик.
Орадан ойлар ўтди. Бир куни отам мени ёнига чақириб, олма егилари келаётганини айтдилар. Кун совуқ бўлгани учун эриниб олиб келмадим. Олмани сўраганлари эсларидан чиқиб кетади деб ўйладим. Ўрнига қишга ёпилган олча қайнатмасидан бердим. Ичмадилар, истамадилар, қўллари билан пиёлани итариб, юзларини секингина ўгириб олдилар. Олма менинг эсимдан чиқиб кетган эди. Лекин адамларнинг эсларидан чиқмаган экан...
Ўша куни шомдан кейин оғирлашдилар. Йиғи-сиғи билан атрофларига йиғилиб ўтирдик. Онам отамнинг пешоналаридан оқаётган тер томчиларини оқ чит рўмол билан дамба-дам артиб турар эканлар, отам кўзларини узмасдан менга тикилиб қараб туравердилар.
Юзларига яқин келиб сўрадим: "Адажон у-бу нарса керакми?"
"Олма егим келганди. Энди керакмас...", дедилар ҳансираб.
Томоғимга тош тиқилди. Бўғзим ачишиб, юрагим қаттиқ сиқилиб, отамнинг юзига қаролмай қолдим. Ўлим билан олиша-олиша отамнинг жони тонгда узилди.
Ўшандан бери олма кўрсам ўзимни койивераман.
"Ўша олмани олиб келсам ўлиб қолармидим. Ахир жуда-жуда истаган экан-ку. Ўзини еёлмасалар сувини ичириб қўйсам бўлар эди-ку..."
Ҳар сафар кўнглимда шу гаплар айланаверади. Биламан фойдаси йўқ. Лекин нима қилай виждон азобида қовурилганим қовурилган.
Олма емаганимга етти йил бўлди. Бундан кейин ҳам еёлмасам керак. Чунки олмани кўрганимда кўзлари жавдираб ётган отам кўз олдимда гавдаланаверади.
Зулфия Махмуд.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1