Ота-онамиз бизни ҳеч нарсага зориқтирмай вояга етказди. Оиламиз зиёли, ўзига тўқ оилалардан бири эди. Отамиз олий маълумотли бўлгани учун биз фарзандларини ҳам ўқитишга ҳаракат қилди. Кимдир шифокор, кимдир педагог, яна кимдир иқтисодчи. Хуллас, акаларим ва опаларим ҳаммаси олийгоҳни битириб, ўз соҳаси бўйича ишлай бошлашди. Мен ҳам Тошкент шаҳридаги нуфузли университетлардан бирига ўқишга кирдим. Ҳамма бизнинг оилага ҳавас билан қарарди...
Оилада кичик фарзанд бўлганим учун айтганим-айтган, деганим-деган эди. Уйдагилар менинг кўнглимга қарар, ота-онам ҳам акаларим ҳам қанча пул сўрасам беришарди. Ўқишдан бўшт вақтларим турли дўконларга бориб, ўзим учун кийим-кечак сотиб олардим, ҳар куни ҳар хил кафеларда овқатланардим. Ўша пайтлари мен бошқа курсдошларим қатори кутубхонага бориб китоб ўқиш ёки спорт билан шуғулланиш ўрнига вақтни бекор ўтказардим. Бирон-бир машғулот билан шуғулланмаганим боис, бўшт вақтим кўп бўларди. Тўғриси, зерикиб, нима қилишни билмай юрардим. Адашмасам, иккинчи курсда ўқиб юрган кезларим курсдошим Сардорнинг гапига кириб, кечки пайт турли базм ва ўтиришларга борадиган одат чиқардим. Ота-онам ва акаларимнинг танбеҳ беришига қарамай, бу одатимни тўхтатишга ўзимда куч топа олмадим. Секин-аста спиртли ичимликлар ича бошладим. Бу ҳам етмагандай, тунги клубларга боришни канда қилмасдим.
Шу-шу, энди ичкилик қолиб, наркотик моддаларни таътиб кўрмоқчи бўлдим. Бир куни тунги клублардан бирида ўртоғим Сардор ғалати усулда қадоқланган “сигарета”ни қўлимга тутқазди. Уни чекишга-чекдим-у, бошим айланиб, ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Кейин нима бўлгани эсимда йўқ. Бир пайт кўзимни очсам уйда ётибман. Эртаси куни Сардор кечаги чакканимиз наша эканлигини айтди. Мен уни бир марта чекиб кўраман, кейин ташлаб юбораман, ҳоҳлаган пайтда ўзимни тўхтата оламан деб ишонардим. Лекин мен ўйлагандек бўлиб чиқмади. Биз Сардор билан деярли ҳар куни ўша тунги клубга борадиган бўлиб қолдик. Шу тариқа наркотик моддаларга ружу қўйдим. Ўқишим ҳам ўлда-жўлда бўлиб қолди. Учинчи курснинг охирги чорагида университетдан ҳайдалдим.
Шундан сўнг, ота-онам мени уйлантиришга қарор қилди. Билишимча, улар бу орқали менга инсоф бериб қолишидан умидвор эдилар. Тахминан йигирма беш кун ичида қўшни маҳаллада яшовчи Назокат исмли қиз билан тўйимиз бўлди. Тўйдан бир ой ўтар-ўтмас, турмуш ўртоғим гиёҳванд эканлигимни билиб қолди. Уйига кетишга шайланган пайтда, ота-онам унга эланиб, ёлворишди. Бу одатни ташлашимга уни ишонтирди. Назокат онамнинг кўзларидаги ёшни кўриб, раҳми келганидан кетиш фикридан қайтди.
Ота-онам ва акаларим даволанишим учун махсус шифохонага ётқизишди. Сўраганларга тоққа дала ҳовлимизга кетганлигимни айтиб, даволанаётганимни ҳаммадан сир тутишди. Аёлим ҳам мени тўғри тушиниб, бу ҳақда ҳеч кимга чурқ этмади ва ота-онам билан яшаб турди. Аммо мен тўрт кун деганда даволаниш муассасасидан қочиб кетдим…
Кайфу-сафога берилиб, инсон қиёфасидан чиқиб кетган эдим. Ҳар куни уйда жанжал чиқариб, ота-онам ва акаларимдан пул таъма қилардим. Улар эса нима қилишни билмай, менга пул берарди. Бу ҳолат уч-тўрт ойча давом этди. Кейин улар ҳам пул бермай қўйишди. Шунда мен уйдаги нарсаларни ўғирлаб чиқиб, сота бошладим. Қўлимга нима иланса, озгина пулга сотиб юборардим...
Аста-секин қариндош-уруғ, қолаверса, қўшнилар ва маҳалла-кую менинг асл қиёфам ҳақида билишди.
Ота-онам, акаларим ва опаларим элу-юрт олдида шарманда бўлиб, уятга қолди. Бу иснодни кўтаролмай, эндигина болаларининг роҳатини кўраман деган пайтида отам қон босими ошиб оламдан ўтди. Онам эса, қандли диабет касалига чалинди. Отамдан кейин улар ҳам кўп яшамади. Мен падаркушдан ҳам ошиб тушдим! Мени дея ота-онам бу ёруғ оламни тарк этди! Қариган чоғларида ҳар бир куни алам, қайғу ва ғам-андуҳ билан ўтди. Ҳам отам ҳам онамнинг ўлимига сабаб бўлдим...
Ота-онамдан айрилганим етмагандай, фарзандим ногирон ва касалманд бўлиб туғилди. Биргина ўйламай босилган қадам туфайли ўз умримни барбод қилдим. Мен-ку, майли, нима қилган бўлсам, шунга яраша тақдир мени жазолади. Аммо ота-онам, акаларим ва опаларим мени дея қанча-қанча қийиниликларни бошдан кечиришди...
Гулдай аёлимнинг умри хазонга айланди. Ҳали эндигина туғилган норасида гўдак, ўғлим эса ногирон, бир неча нуқсонлари бор. Мен дардимни кимга айтай! “Билмай босдим тиканни, тортадурман жабрини” дея, ўзимни-ўзим қарғаб яшамоқдаман. Мен умрини озгина кайфу-сафога алмашган осий бандаман!
Ўз томирига болта уриб, кейин афсусланиб юргандан фойда йўқлиги менинг мисолимда яна бир бор ўз исботини топди. Ҳар бир инсон вақтида кўзини очиб, қилмишларининг оқибатини ўйлаши лозимлигини англаб етдим! Бор-будимдан айрилиб, бошим деворга теккандан сўнг кўзим очилди. Лекин энди жуда кеч эди! Афсус, вақтни орқага қайтариб бўлмас экан! Ҳар бир нарсанинг борида қадрига етиш керак экан!
Нодир Бердиев,
Тошкент шаҳри.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5