Бир хонадонда тўрт ака-ука яшашарди. Ҳар бирига икки хонадан уй ажратилган.
Вақт ўтиши билан болалар улғайгач, икки хонали уйлар кичиклик қила бошлади. Тўрт ўғилда учтадан-тўрттадан фарзанд. Болаларни ҳам уйли жойли қилиш керак, ахир.
Ана ўшанда онам масъулиятни бўйнига олди-ю, Россияга ишлагани кетди. У ерда кампир қарай бошлади. Мактабни тугатгач, мен ҳам иш излай бошладим. Шаҳарлик бир устага шогирд тушдим. Икки қиздан сўнг туғилган ёлғиз ўғилман. Опаларим турмушга узатилганди. Онам билан фақат телефон орқали гаплашардик, виртуал дийдорлашардик. Йиллар эса ўтиб борарди.
Шундай кунларнинг бирида қашқадарёлик қиз билан танишиб қолдим. Муҳаббат инсонга куч бераркан. Муносабатларимиз тобора жиддийлашиб уйланишга қарор қилдим.
Қашқадарёга совчиликка ўзим бордим. Аввалига қизнинг онаси билан бувиси кўнишмади. “Берсангиз ҳам берасиз, бермасангиз ҳам берасиз”, деб остоналарида ётиб олдим ҳисоби. Қатъиятимни кўргач, рози бўлишди.
Келиб дадамга, амакимларимга айтдим. Онам эса телефон орқали хабар топди. Бўлажак келини билан ҳам ижтимоий тармоқ орқали юз кўришди.
Тўйга кўпроқ пул ишлаш мақсадида қўшни Қозоғистонга ишлашга кетдим.
Икки йил...
Икки йил онамнинг келишини кутдим.
“Она, бўлди, келинг энди”, дейман ҳар гал қўнғироқлашаганимизда.
“Оз қолди болам. Уй олайлик, сенга ва келинга... кейин бемалол бораман”.
“Нега энди, биз сизлар билан яшаймиз. Бирга яшаймиз, мен ҳам ишлаяпман... етади пулимиз, келинг “, дейман куйиниб.
“Йўқ, эр-хотин алоҳида яшайсизлар, худо хоҳласа. Биз даданг билан ўша катта хонадондаги уйимизда яшайверамиз. Мен ҳар куни бориб келаман”, деб кулади онам.
Икки йил “ана бораман, мана бораман”, деб алдади онам.
Икки йилдан сўнг... онамнинг вафоти ҳақида хабар келди.
Қўшни давлатдаман. Амаким қўнғироқ қилди. Ҳайрон бўлганча гўшакни кўтардим.
“Мурод, бардам бўл, бандалик экан”, деганида ҳам хаёлимга онам келмади...
“Ким? Ким ўлди?” дея олдим холос.
“Онангни бериб қўйдик. Россияда юрак хуружидан вафот этибди. Тезроқ кел, бориб майитни опкелишимиз керак!”
Ишонасизми ,телефон қўлимдан қандай тушиб кетди, қандай ўтириб қолдим... Шок ҳолати дейилади. Мана шу ҳолатни онамнинг ўлимини эшитганимда ҳис қилдим. Қўл-оёғим ишламай қолди гўё. Ҳеч нарсани сезмайман. Карахт аҳволдаман. Фақат лабларим “Онам”, деб пчиирлайди холос.
Қариндошлар йиғилиб ,бир ҳафта деганда онамнинг совуқ танасини Ватанга олиб келдик. Ўзи юриб, кулиб чиқиб кетган онам тобутда қайтди... Аламли , оғриқли ҳолат.
Икки йил кутдим... юзларини кўрмаганимга икки йил бўлганди. Телефондаги дийдор дийдормиди?
Онамнинг оппоқ, совуқ дийдорига тикиларканман, бўғзим ачишарди. “Мени кимларга ташлаб кетдингиз? Нега ? Келинг, деганимда нега қайтмадингиз?” ичимдаги овозлар эди бу. Ўкириб ўкириб йиғлагим келарди-ю, йиғлолмасдим. Нимадир томоғимга тиқилиб, фарёд отилолмасди. Онамнинг юмилган кўзларига қараб ичимдан эзилардим. Шаҳло кўзлигимни нигоҳлари ҳам армон эди...
Дийдорини соғинганим, чиройли юзлигимни қора тупроққа бериб қайтдик.
Ишонасизми, ҳеч нарсанинг қизиғи қолмади мен учун. Одамзод дунё талабида югуравераркан-у, аммо сонияларда дунё билан видолашиб кетаркан... Онасизлик оҳир бўларкан. Узоқда бўлса ҳам ҳар куни бир неча марта гаплашиб турардик. Жонсиз телефонга тикиламан. Қанийди “Онам” деган ёзувдан қўнғироқ бўлса... йўқ бу ҳам армон эди энди...
25 ёшдаман, ўзимни ўзим эплай оламан, лекин Онасиз ҳеч ким бўлиб қоларкансиз!
Вақт ҳамма нарсага даво. Бир йил ўтиб, ғамимиз ариди, қайғуларимиз эскирди. Одамларга қўшила бошладик. Дадам тўй тадоригини бошлади.
Онам биз учун сотиб олган уйни безатдик. Қўшиқчининг “Онамсиз тўйим бўлди”, деган қўшиғини эшитганмисиз? Эшитганимда, ҳеч нарсани ҳис қилмаганман, шунчаки ашулада деганман. Аммо айнан ўзимнинг тақдиримда шу ҳолат содир бўлди. Мен куёв бўлдим. Лекин онам дуоси билан кузатмади. Уйимга оқ либосда келин келди, бироқ биринчи бўлиб онам кутиб ололмади. Аламли, оғриқли, армонли...
Онам кўп нарсани билган экан. Мана, ҳозир эр ва хотин алоҳида яшаяпмиз. Аёлим ҳомиладор... насиб қилса, фарзандли бўламиз. Онам раҳматли бўлажак келини билан гаплашганда, туғилажак набиралари учун ҳам исм айтиб кетган экан. Сезган экан онам... билган экан онам...
Ҳозир исмингизни эшитиб, бир қалқиб тушдим. Онамнинг исмлари ҳам Саида эди. Исмингизни эшитиб, онам ёдимга тушди... деб ҳикоясини якунлади уста йигит.
Ҳаётнинг кутилмаган зарбалари қаршисида баъзан ожиз бўлиб қоласан. Уста йигитнинг ҳикоясини шунчаки тинглолмадим, қоралаш истаги туғилди. Зеро, ҳар ким ўзига яраша хулоса чиқариб олади деб ўйладим...
САИДА ҚОРАБОЕВА.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2