Вокзал. Йигит ортига бир неча марта ўгирилди. Aммо қиз телефонда гаплашганча ҳеч қаерга қарамай кетарди...
— Диёра, мен уни соғиняпман
— Ия, кетдими?
— Йўқ, энди...
— Ҳалитдан соғинсанг, кетгандан кейин... Сенга ачинаман.
— У ортимдан қараб турибди...Уни яна бир марта кўргим келяпти...Балки бу охиргиси бўлар...
— Унда нега ўгирилмаяпсан?
— Aгар ҳозир ўгирилсам унинг қалби мен билан қолиб кетади. Кейин у қалбсиз қандай яшайди?!
— Йиғлаяпсанми? Ўзингни ўзинг қийнаяпсан. Бор у билан хайрлаш.
— Йўқ, йўқ. Боролмайман. Унинг айтишича, мен ундан кечиб тошбағирлик қилибман. Aхир у эмасми, оиласи бўла туриб қалбимга муҳаббат ўтини ёққан, руҳимни-да рухсатсиз ўзиники қилган. У эмасми бирданига икки қалбнинг уволига қолган...
— Ким ўйлабди дейсан унинг оилали эканлиги. Кўринишидан туппа-тузук одамга ўхшайди. Aслини олганда эркакларнинг ҳаммаси бир: аёлнинг ҳис-туйғулари билан ўйнашишдан, уни ҳар кўйга солиб томоша қилишдан завқ олади.
Ўзинг ҳам жуда соддасан-да! Наҳот сезмадинг?
— Шубҳаландим, аммо бунинг рост бўлиб чиқишини эмас, ёлғон бўлишини чин дилимдан истадим. Бу аччиқ ҳақиқатни ўзим исботлагим келмади. Бунга ҳаракат қилсам, худди йўқ нарсани ўзим бор қиладигандек туйилаверди.
— Эҳ, ўртада ўзинг жабр кўрдинг. Ҳаётингда бир марта ишонгандинг. Балки, уни ўзинг билан олиб қолишинг керак эдими? Aхир у сени танлади-ку. Бу қўлингдан келар эди, тўғрими?
— Келар эди, аммо уни икки ойдан буён кутаётган муштоқ аёличи? У мени қалбимни ўғирлади, у аёл эса бор вужуди билан эрига сиғинган... Кўрсанг эди... У аёл янгидан ҳаёт бошлаши учун янгидан туғилиши керак. Мен эса ўзимни ўнглаб олишга кучим етади.
— Сен яна ҳамма оғирликни, масъулиятни ўз елкангга ортяпсан. Эркаклар ҳар доим бундай елкалардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишади, ёдингдан чиқарма. Нозик ва ожизлик эркакларни сақлаб қолишнинг энг оддий йўли. Улар сени ҳамма нарсани эплашингга кўзи етдими, сендан кўнгиллари тўқми, тамом...
— Унақа бўлолмасам нима қилай...
— Бўлди қил, ўкинишни. Ҳеч бўлмаса ўч олишни ўрган. Ким сенга озор берса ҳам жавоб қайтармайсан. Турган гап, ҳамма нарса мумкин деб, бошингга чиқиб чилдирмаларини чалишади. Шунда ҳам сендан садо йўқ.
— Бандасига Худонинг ажридан муносиби борми?
— Яна бошладингми? Унда ўша Худойингдан бу виждонсиз эркакка виждон сўраб йиғлаб юравер.
— Диёра...
— Гўшакни қўйяпман, унутма: очиқ идишга кўр ҳам назарини солиб ўтгиси келади. Кўнгил ҳам шундай!
Қиз бир зум тек туриб қолди. Олдидан катта жамадонини зўрға судраб келаётган эркакни кўрди-ю, четроққа ўтди. Шунда ҳам жамадон эгасининг қўрс ҳаракатидан қизнинг оёқларига урилиб ўтди.
— Ҳой олифта, кўзингга қарасанг бўлмайдими? Жамадонимни йиртиб юборай дединг-ку, - эркак баланд овозда қизни жеркиди. Қиз индамади. Индолмади. "Нега шунақа эканман-а?" Қизнинг хўрлиги келди. Шартта бориб эркакнинг йўлини тўсдию, шапалоқ туширди. Унинг бу ҳаракатини кутмаган эркак, юзини чангаллаганча қотиб қолди.
Қиз ўзини танимади. Шапалоқ туширган қўллар ҳам уники эмас эди гўё. Aммо кеч бўлса-да, ҳаётда ҳамма нарсага кўникиб яшаш инсонни ўзлигидан айиришини англаганидан тасалли топиб, вокзалнинг чиқиш эшиги ёнида ўтмиши билан хайрлашди.
Аржумандбегим
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2