Эрта тонгда муҳим иш билан шаҳарга йўл олдим. Катта йўл ёқасига келгач, шувиллаб ўтаётган машиналардан бирига қўл силкидим. Улов ёнгинамга келиб тўхтадию, олд ойнаси пасайиб, чамаси эллик-эллик беш ёшлар атрофидаги мўйловдор киши бошини эгиб, мен томонга қаради.
— Шаҳарга.
Йўлимиз бир эканлиги учун орқа эшикни очиб, машинага ўтирдим.
— Ассалому алайкум, — дедим ўриндиққа жойлашар эканман.
— Ва алайкум ассалом, бор бўлинг, бор бўлинг, — ҳайдовчи машинани жилдирганча орқага бир қараб, жилмайиб қўйди. — Шаҳарга кетяпман денг.
— Ҳа, шундай, — тасдиқладим мен.
У машинани эпчиллик билан бошқариб борар экан, олд ойнанинг юқорисида турган шапалоқдеккина кўзгу орқали менинг уст-бошимга бир қур синчиклаб қаради-да, оғиз жуфтлади.
— Ўқийсизми?
— Ҳа.
— Балли, ўқиш керак, ҳозир замон ўқиганники.
Такси сал нарида қўл кўтарган аёл яқинида тўхтади. Аёл ҳам салом-алик билан машинага ўтирди.
Орага сукунат чўкди. Фақат ёнимиздан аҳён-аҳёна шарпадек ўтиб кетаётган машиналарнинг шувиллаши эшитилиб турарди. Анчагача жим кетдик. Атроф шунчалар гўзал эди-ки, томоша қилиб, қандай шаҳарга кириб келганимизни ҳам сезмай қолибман.
Ёнимдаги аёл манзилига яқин қолди шекилли сумкасини титкилай бошлади. Пулларини топа олмагач, шошилганча ҳамма чўнтакларига қўл солиб кўрди. Ҳайдовчи кўзгуга тикилиб, аёлга кўз қирини ташлади.
— Тушасизми синглим?
— Ҳа, нариги бекатда, — аёл ҳаяжондан дудуқланди.
Зум ўтмай айтилган жойда машина тўхтади.
— Етиб келдик, — деди рулдаги киши майинлик билан.
Жувон умид билан яна сумкасига қўл солди. Xижолатдан юзлари қизариб, сумкасини тутиб турган қўллари маҳкам сиқила бошлади.
— Бугун қайси кун, — деди ҳайдовчи чап қўли билан ойна четига ёпиштирилган нархномани яширишга уринар экан.
— Жума, — дедим чаққонлик билан.
— Ие, синглим, тушаверинг, жума куни мижозлардан пул олмаймиз-ку.
Негадир бутун вужудим музлаб кетди.
🪷🪷🪷🪷🪷🪷🪷🪷🪷🪷🪷🪷
ЎГАЙ
Икром уйга ўзгача шашт билан кириб келди. Қўш тавақали эски ёғоч дарвозанинг тарақлаб ёпилганидан ердан икки қаричча кўтарилган сўрида пинакка кетган Мирзакарим чўчиб уйғониб кетди. Қаддини ростлаб, уйқудан қизариб кетган кўзларини бир ишқаладию, ўғлининг саломига алик ҳам олмай, афтини бужмайтирди. Чап ёни билан турди шекилли Икромнинг қўлларидаги тўрт-беш чоғли китобларга бир қур назар ташлаб, ўдағайлашга тушди.
— «Етим боқсанг, оғиз-бурнинг қон бўлур», деб бекорга айтмаганда. Сен бола мени хонавайрон қиласан.
Икромнинг юзидаги табассум аста йўқолди.
— Сизга бир нарса айтмоқчи эдим, дадa...
Мирзакарим ўғлини оҳиригача эшитиб ўтирмай, гапини бўлди.
— Яна китоб-питобинг бўлса керак-да. Ўқиб, олим бўлармидинг? — у липпасини пайпаслаб, носқовоғини олдию, пастки тишларига тиқ-тиқ этиб уриб нос отди ва увада кўрпача тагига тиқиб қўйди, — ўзи топган пулим шунга кетяпти. Ундан кўра бор, молларни боқиб кел. Сен тенгилар сўфи уйғонмасдан далага кетади. Сен бўлсанг, гўрга борсанг ҳам китоб қучоқлаб борасан. Э, садқаи одам кет!
Икром дадасининг гапларига эътибор бермасликка уринди.
— Китобхонлар танловида қатнашгандим, ғолиб бўлганим учун менга машина беришди, — у чўнтагини ковлаб, машина калитини отасига узатди, — шуни сиз мининг дада...
ТАРБИЯ
— Ойи, дадам бизни ташлаб қаёққа кетганлар?
— Жаннатга қизим. – Аёл қизалоғининг бошини силаб қўйди.
— Улар қандай инсон бўлганлар? – тағин сўради қиз.
Она ўйчан нигоҳларини қизининг кўзларига тикди.
— Жуда яхши инсон эди отанг... Доим бизни ўйлаб, тиним билмасди. У энг яхши ота эди.
— Унда нега бизни ташлаб кетганлар?
— Умри қисқа экан... Агар яхши инсон бўлсанг, сен ҳам жаннатга кирасан. Сен энг яхши отанинг қизисан, энг яхши қиз бўлишинг керак...
— Шундай қиламан ойижон.
Она қизининг юз-кўзларидан ўпиб, бағрига босаркан, ичувчи эри билан кечган умрини эслаб чуқур xўрсиниб қўйди.
©Шаҳзод ЭРГАШАЛИЕВ
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3
ПОК БУЛАДИ
КИТОБХОН ЙИГИТ- БАХТЛИ БУЛСИН, ОМАДИНИ БЕРСИН ОЛЛОХИМ
БЕВА АЙОЛ, КОН ЕГЛАТКАН ЭРИНИ,
ЁМОН ДЕМАЙ, КИЗИГА ЯХШИ НАСИХАТЛАР БЕРИБ, ТАРБИЯЛАГАНИ УЧУН,
РОХАТИНИ БЕРСИН ХУДОИМ
ЖАННАТИ АЙОЛ ЭКАН.
ХАММА БАХТЛИ БУЛСИН