Бир аёлнинг эри вафот этди. Икки қизи етим қолди. Бу мусибат сабаб фақирлик, муҳтожлик унинг боши узра айлана бошлади. Уйнинг эгаси ижара ҳаққини сўрар, дилбандларининг очликдан силласи қуриб борарди. Маблағ йўқлиги туфайли уйдан чиқариб юборилди. Ҳар хил гап сўзлар - у, ёмонларнинг зараридан қочиб, бегона шаҳарга кетди. У шаҳарда қаҳратон совуқ ҳукм сурарди. Қизларини эски - вайрона масжидда қолдириб, емак топиб келиш мақсадида ташқари чиқди.
Мусулмон, виқорли, шаҳар зодагонларидан бири бўлган кишига дуч келди. Аҳволини тушунтириб ёрдам сўради.
Аёлнинг гапларини эшитиб бўлгач бой:
— Гапларинг ростлигини исботла! Далил келтир менга!— деди.
Аёл:
— Сизга қандай исботлай, бу шаҳарда ҳеч кимим йўқ бўлса, мени кимса танимайдики сизга келтириб сўйлатсам, — деди.
Мусулмон киши унга ишонмади, юзини ўгириб кетди.
Аёлнинг шундоқ ҳам ғам қучган қалби, баттар синди. Иложсизликдан йиғлай бошлади. Шу пайт унинг ёнидан ёши улуғ, кекса бир киши ўтиб кетаётганди. Аёлнинг ҳоли унинг диққатини жалб қилди.
— Тинчиликми, қизим? Нимага йиғлаяпсиз? — деб сўради.
Аёл аҳволини, бояги кишининг унга ишонмаганлигини айтиб йиғлади.
Чолнинг унга раҳми келиб уйидан аёл - қизларини жўнатди. Улар аёл ва унинг масжидда қолган қизларини келтиришди. Едириб - ичириб, ювинтириб чиройли кийимлар беришди. Олий даражада иззат - икром қилишди.
Чол ва унинг оиласи насронийлар эдилар.
Тун ярмига чўкканда, аёлни ночор ҳолида қолдирган мусулмон киши туш кўрди.
Унда, қиёмат қоим бўлганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Уларнинг ортларида байроқлари ҳилпираб тик турарди.
Шунда бойнинг нигоҳи ям - яшил зумраддан қурилган чиройли қасрга тушди. Унинг айвонлари дур ва ёқутдан, қуббалари марварид, жавоҳир - у маржонлардан ясалган, ўта нозик ва ҳашаматли эди.
Бой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қаср кимга тегишли эканлигини сўради.
У Киши:
— Тавҳидли мусулмонники, — дедилар.
Бой:
— Эй Аллоҳнинг элчиси, менман ўша Аллоҳнинг ягона, Сизни ҳақ Пайғамбар эканлигингизга иймон келтирган, тавҳидли мусулмон, — деди.
У киши:
— Қани, далил - исботинг, гапинг ростлигини тасдиқла?! — дедилар.
Унинг ақлига чақмоқдек аёл билан ўтган суҳбат келди.
— Сен аёлдан далил сўрадинг - ку?! «Гапларинг ростлигини исботла!» дединг - ку! — дедилар.
У қўрқиб уйғониб кетди. Қилган ишидан жуда афсусланди. Эртаси кунидан бошлаб аёлни шаҳар бўйлаб ахтара бошлади. Ахири уни насронийнинг уйда эканлигини билди.
Бориб:
— Аёл ва унинг қизларини менга беринг! — деди.
— Бунинг иложи йўқ, улар уйимга келгандан бери шунақа барака ёғила бошладики, тасаввур қилолмайсиз, — деди чол.
— Мен сизга минг дийнор бераман, уларни менга беринг! — деди, бой.
— Йўқ, — деди, насроний.
— Беришингиз шарт! — деди бой.
Насроний:
— Сиз хоҳлаётган нарсага сиздан кўра мен ҳақлироқман. Тушингизда кўрган қаср, мен учун қурилган. Аллоҳга қасам, уйимга аёл ва қизлари келгандан сўнг, унинг қўлида мен ва оилам исломни қабул қилдик, кейин сиз кўрган тушни мен ҳам кўрдим.
Расулуллоҳ:
— Аёл ва унинг қизлари сеникидами? — деб сўрадилар.
— Ҳа, шундай, эй Росулуллоҳ, дедим.
У киши:
— Бу қаср сен ва оилангники, дедилар, — деди.
Бу гапларни эшитган бой шу даражада надомат қилдики, умри бўйи ҳеч нарсага бунчалик афсус қилмаганди!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев