- Ирода, эсизгина, ўн йилликка бекор бормадинг. Ҳамма курсдошлар келишди, фақат сен йўқсан, - телефонда астойдил куюниб гапирди дугонам Соҳиба.
- Биласанку, эрим боришга рухсат бермади, - дедим унга жавобан. Аслида роса боргим келгаанди. Бироқ жуфтимни норози қилиб қандай бораман? Курсдошларни роса соғингандим. Кўргим келганлари бор эди. Ўн йилдан буён учрашмаганларим қанча эди. Бироқ истаклар ҳамиша ҳам амалга ошавермайди.
- Ҳе, ўргулдим шу рашкчи, бадфеъл эрингдан. Сени биров олиб кетармиди?.. Ҳа-я, Зафар сени сўради... - бу исмни эшитиб кўнглим алланечук бўлиб кетди.
- У ҳам келдими? – сўрадим секингина. Илк муҳаббатнинг исми ҳам инсонни энтикишга солади. Унинг исмини эшитиб юрагим тезлашибЮ борлигини сездириб қўйди.
- Ҳа, келди. Айтишича, хотини билан ажрашаётган экан. Муроса қилишолмаганмиш. Телефон рақамингни сўради. “Ҳалиям ўша рақамда”, дедим. Ёдида экан, сонма сон айтиб берди. Ўзинг ҳам шундай йигитга тегмагандинг. Мана, танлаб-танлаб тозисига учрадинг. На бирор жойга жўнатади, на ўзи олиб боради... – асабий тарзда гапирди дугонам.
- Қўй, ундай дема, ўзи олиб боради, - дейман унга ичимдаги оғриқларни билдирмаслик учун.
- Зафар сени кўп эсларкан. Баъзан гаплашгим келади, деди. Балки қўнғироқ қилар. “Эрининг феъли чатоқ, эҳтиёт бўлинг”, деб огоҳлантирдим. “Йўқ, овозини эшитсам бўлди”, деди. Сўнг “Бахтлими?” деб сўради.
- Сен нима дединг? – дейман гўшакни қаттиқроқ қулоғимга босиб.
- Нима дердим, борини айтдим. – унинг гапини охиригача эшитолмадим. Эшик қўнғироғи босилди.
- Майли, кейин гаплашармиз, - деганча гўшакни қўйиб, эшик томон шошилдим. Остонада умр йўлдошим ҳар доимгидек қовоғини солиб турарди.
- Тинчликми? Намунча эшик очишинг қийин? - сўради менга синовчан тикилиб.
- Ҳа, тинчлик. Соҳиба билан гаплашаётгандим. Курсдошларнинг ўн йиллиги ҳақида айтиб берди...
- Ҳм... ичингга олов ёқмоқчи бўлибди-да..
- Нима? - Шошиб қолдим. Хаёлан гапимизни эшитиб қолгандек туюлди. Чиндан ҳам Зафарнинг исмини эшитиб, ичимга олов ёқилгандек бўлгани рост. Эримни зимдан кузатаман. “Ишқилиб, сездириб қўймадимми?” дейман ўзимга ўзим.
- Бормадинг, зўр бўлди дегандирда... – деганча ётоқхонага кийимларини алмаштиришга кириб кетди.
- Ҳа, - деганча ошхонага ўтдим. Ортиқ гапирмадим. Аслида шундай тадбирга юбормагани учун ундан ранжигандим. Ростда, тўрт йил бирга ўқиб қадрдонга айланган чеҳраларни кўргим келганди. Бироқ у истамади. Беш йилдан буён бирга яшаётган бўлсак ҳам ҳануз бир-биримизнинг феъл-атворимизни тушунолмаймиз. Иккимиз икки дунё вакилимиз, гўё. Гап сўзимиз, дунёқарашимиз ва ҳатто дидимиз ҳам икки хил. Бироқ биз бир оила бўлиб яшаяпмиз. Бу эркак билан яшаш баъзан менга оғирлик қилади.
Самад акам ювиниб чиқиб, дастурхонга юзланди. Косадаги таомни олдига қўйдиму, бошқа хонага ўтдим.
- Мен билан ўтирмайсанми? - Деди эрим ортимдан.
- Йўқ, ўтириб нима қилдим. Барибир гаплашмайсиз-ку... – деганча юмшоқ ўриндиққа чўкдим. У индамади. Аммо мен унинг нимадир дейишини кутаман. “Кел, сени соғиндим. Кун бўйи сени ўйладим”, деса қанийди? Йўқ, у ҳам жим, мен ҳам... Телевизор пультини босаман. Экранда чиройли хонанданинг овози янграйди.
Энди менинг қалбима муҳаббат ўт ёқмайди,
Юрагимда бир тош бор эримайди, оқмайди...
Қўшиқни тинглаб, хаёлга чўмдим. Беш йилдан буён аҳвол шу. Ҳеч бир гап сўзсиз яшаймиз. Аввалига унинг феълига кўникишим жуда қийин бўлди. Табиатан шаддод ва шўх қиз эдим. Унга тинмай савол бераверардим. Эрим эса ўнтадан бирига жавоб берарди, холос. Турли мавзуларда суҳбатлашишни истардим. Бироқ у оғир табиат бўлгани учун гапиришни истамасди. “Нега тақдир мени бундай инсонга рўпара қилди?” деб тинмай йиғлардим. Ҳатто ажрашгим ҳам келарди. Аммо нимадир тутиб турарди. Қолаверса, беш йилдан буён Яратган ҳам бизни фарзанд билан сийламади. Манаман деган шифокору табиблар ҳам “Иккингиз ҳам соғсиз, кутинглар”, дейишдан нарига ўтишмаса... Балки шу сабаб ҳам бир-биримизга гапимиз камдир...
Энди ўтлиқ сўзларим бирор дилни ёқмайди,
Юрагимда бир тош бор эримайди, оқмайди...
Қўшиқни тингларканман Зафар ёдимга тушди. Роса тўрт йил ортимдан юрганди. Менинг ҳам кўнглим бор эди унда. Аммо ота-онам бошқа вилоятда яшаркан, деб розилик беришмади. Афсуски, унга ҳам бахт кулиб боқмабди, менга ҳам...
- Мен **** бўлдим. Йиғиштирвол, - деганча телевизор қаршисига ўтирди эрим. Яна сўзсиз ошхонага чиқдим. Идиш юварканман, қўл телефоним жиринглай бошлади. Дарров рақамига қарадим. Яширин экан. Ажабланиб тугмани босдим.
- Алло...
- ... - у ёқда жимжитлик.
- Алло, ким у? Гапиринг...
Оғир хўрсиниқ эшитилди. Сўнг алоқа узилди.
- Ким экан? - Сўради эрим ичкаридан.
- Ҳеч ким... адашиб тушди, шекилли. Ё овозим ёқмадими, гапирмади... – Дафъатан хаёлимга келган ўйдан қўрқиб кетдим. “Зафар бўлса-я”... Охирги пайтларда бундай сирли қўнғироқлар икки-уч бор такрорланаётганди. Аҳамият бермагандим. Бироқ бугун Соҳибанинг гапидан сўнг негадир Зафар қўнғироқ қилаётган бўлса керак, деб ўйлай бошладим. Унинг шундай одати бўларди. Ўқиб юрган кезларимиз қўнғироқ қиларди-да, ё ёмғир овозини ёки сукунатни эшиттирарди. Эртаси куни эса “Ёқдими?” деб сўрарди. “Нега бундай қиласиз?” десам, “Сенинг овозингни тинглашни истайман”, дерди. Ўз хаёлларимдан уялиб кетдим. Худди айб устида қўлга тушган ўғридек атрофга алангладим. Оёқ учида юриб Самад акам ўтирган хонага мўраладим. У берилиб телевизор кўрарди. Яна қўнғироқ бўлишини кутдим. Йўқ, телефон қайта жирингламади.
Эрталабдан ёққан ёмғир бирам ёқимли эди. Аслида ёмғирда сайр қилгим келганди. Аммо Самад акам шошаётганини айтиб, машинасида ишхонамга ташлаб ўтгани учун ёмғир томчиларни кузатишга фурсат бўлмади. Негадир юрагим сиқиларди. Иш столимдаги қоғозлар асабимни баттар қўзғатди. “Иш, иш, иш... жонга ҳам тегди”. Аста дераза ёнига бориб ёмғирни томоша қила бошладим. Шу маҳал қўл телефоним жиринглади. Яна яширин рақам. Тугмани босиб, қулоғимга тутдим.
-Алло...
Нариги томондан шатир-шутур қилиб урилаётган ёмғир томчиларининг овози келди.
- Алло ким бу? - такрор савол бердим. Аммо жавоб ўрнига бир неча сония ёмғир симфонияси эшитилди. Ким бўлса ҳам менга табиатнинг энг гўзал куйини улашди. Бир неча сония янграган бу куй асабларимни тинчлантирди, кўнглимга ёруғлик сола олди. Ёмғир симфониясини эшиттирган нотаниш кимсадан ич-ичимдан миннатдор бўлдим. Эндигина оғиз жуфтлаб “Раҳмат”, демоқчийдим, гўшак жойига қўйилди.
***
Уйда кечки овқатни тайёрларканман, яна ўша сирли одам қўнғироқ қилди. Бу гал у кўчадаги машина шовқинини тинглашимни истади. Бир муддат автомобиллар сигналларига қулоқ тутиб:
– Кимсиз? – дея савол бердим. Аммо жавоб ўрнига алоқа узилди.
Сирли қўнғироқ эгаси кимлигини билолмасдим. У бир кунда икки маҳал қўнғироқ қиларди. Қандайдир овозлар ёки хўрсиниқ эшитиларди баъзан. Хаёлан бу Зафарнинг иши эканлигини билиб турардим. Аммо... рости, уч кун ичида бу қўнғироққа шу қадар ўрганиб қолдимки. Агар телефон жирингламаса уни кутадиган бўлиб қолдим. Нотаниш қўнғироқ ҳақида умр йўлдошимга айтиш учун оғиз жуфтладим-у, бироқ чўчидим. Балки нотўғри тушунар... “Ким ҳам сенинг телефонингга қиларди, бирор танишингдирда”, деб қолсачи... аммо бу қўнғироқ менга кайфият бахш этарди. Негадир ўзимни кимгадир керакдек ҳис қилардим, гўё...
Уч кундан сўнг яширин рақамлар эгаси кимлигини билишга бўлган қизиқишим шу қадар ортиб кетди. Ўйлай-ўйлай дугонам Соҳибага сим қоқдим.
- Соҳи, Зафарнинг телефон рақамини биласанми? - Деб сўрадим.
- Билмайман, нимага? - Ҳайратланди дугонам. Унга бўлаётган воқеани гапириб бердим.
- Бўлиши мумкин. Зафар: “унга қўнғироқ қиламан, фақат овозини эшитсам бўлди”, деганди. Балки удир... яхшиси, алоқа компаниясига бор. Агар рақамга жавоб берган бўлсанг, компания компьютерида рақам белгиланади.
- Қойил-э, сенга, – қичқираёздим қувониб кетганимдан. Нега шу нарса ўзимнинг хаёлимга келмабди-я...
Эртаси куни менга қўнғироқ қилаётган сирли рақамни билдим. Қўлимдаги қоғозда менга мутлақо таниш бўлмаган рақам турарди. Демак, Зафарнинг рақами шу бўлса керак, деб ўйладим.
Тушдан сўнг яна телефоним жиринглади. Яширин рақам.
- Алло... – жавоб ўрнига болаларнинг шодон қийқириғи эшитилди. Йиғлаб юбордим. “Қанийди менинг ҳам болам бўлганида эди... Ахир ким экан бу кимса? Нега ўйин қилади?” Кўнглимда дарҳол қоғоздаги рақамларга қайта қўнғироқ қилиш истаги туғилди. Бироқ телефонимда “Шифокорим” ёзуви пайдо бўлгач, кеча унинг ёнига боришим кераклиги ёдимга тушди. Икки уч кундан буён ўзимни жуда ҳолсиз сезаётгандим. Балки, баҳорнинг таъсиридир бу. Аслида эрта баҳор инсонни бироз лоҳас қилади-ку..
Шифокор ҳузуридан чиқарканман, ўзимни қушдек енгил ҳис қилардим. У менга дунёнинг энг қувончли хабарини маълум қилганди. Мен ҳам оналик бахтига эришарканман...
Бир неча соат илгари болалар кулгусини эшитганим бежиз эмасди. Менга хайриҳох бўлган ким экан у? Бугун шундай қувончли хабар эшитшимни наҳот билган бўлса? хаёлларимга ошно бўлиб пиёда юргим келди. Йўлда кетарканман, телефоним куйини чала бошлади. Самад акамнинг мусиқаси янграганидан у эканлигини билдим. Қувончли хабарни у билан бўлишгим келди. Йўқ, яхшиси уйга борганда айтаман, дедим ўзимга ўзим.
- Кўчадаман, пиёда келаётгандим, - дедим унга жавобан.
- Ҳали кечки овқатни ҳам тайёрламабсан-ку, такси тўхтатиб кел. Қорним роса оч... – алоқа узилди. Ич-ичимдан хўрлигим келди. Бу одамга мен фақат овқат тайёрлаш, кир ювиш, уй тозалаш учун керакман, холос. Кўнглимда нелар кечаётгани билан иши йўқ. “Нима бўлди? Нега пиёда келяпсан?” деб сўрамади ҳам. Кўзларимдан томчилар думалай бошлади.
Уй эшиги очиқ эди. Эрим асабий тарзда у ёқдан бу ёққа бориб келарди.
- Қаерда юрибсан, соат олтидан ошга бўлса, - остонадан кирмасимданоқ ўшқиришга тушди.
- Шифокорга боргандим, - дедим ундан ранжиганимни сездириш учун.
- Вақтлироқ борсанг бўлмасмиди... Қанақа хотинсан ўзи? Охирги пайтда ўзгариб қолдинг. – Ялт этиб унга қарадим. Наҳот, сезиб қолган бўлса?..
- Бу нима деганингиз? Бир кунгина овқат кечикса, осмон узилиб ерга тушмайдику, ҳозир тайёрлайман.
- Керакмас, мен кўчада овқатланаман. Ўзинг пишириб еявер, иштаҳани ҳам ўлдирдинг, - дея жаҳл билан эшикни ёпиб чиқиб кетди.
Йиғлаб юбордим. Бугун ўзимни энг бахтиёр аёлдек ҳис қилгандим. Шундай муҳим кунда ҳам қалбимга озор етказди-я.. Ахир унга янгиликни айтиш учун бир олам гапларни ўйлаб келаётгандимку. У эса.... Шу тобда қўлимдаги телефон жиринглади. Яна ўша номаълум кимса...
Алло... - у тарафдан сокин мусиқа товуши эшитилди.
- Кимсиз, айтинг, ахир... менда нима ишингиз бор? Сизнинг қўнғироғингиз менга умид берганини биласизми? Бугун қувончли хабарни эшитдим. Мен она бўламан. Аммо буни отасига айтолмадим. У мени эшитишни истамади, - ҳўнграб йиғлаб юбордим. Шу заҳоти алоқа узилди. Кимгадир гапиргим, юрагимдаги аламни тўкиб сочгим келарди. Дарҳол алоқа компаниясидан олган рақамларни тердим. Ортимдан эшик очилганини пайқамадим ҳам. Телефонда чақирув гудоги кетаркан, ортимдан мусиқа эшитилди. Ўгирилдим. Эрим менга тикилиб турарди. Телефони эса тинимсиз жирингларди. Аста телефонни олиб рақамига қарадим. “Азизам”, деган ёзув турарди. Самад акам:
- Нима дединг? – деб сўради.
- Ҳа, - дедим кўз ёшларим юзимни ювиб. – Биз фарзандли бўламиз.
- Худога шукур, - деганча у мени бағрига босди. Унинг қучоғидан чиққим келмасди. Пичирлаб сўрадим:
- Нега ундай қилдингиз?
У эса сочларимни силаган кўйи жавоб берди.:
- Гапиролмаган гапларимни телефонда айтгим келди. Нафасингни ҳис қилишни истадим. Шунинг учун яна бир телефон ва янги рақам олгандим...
Саида
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7