ИСЛОМ ДИНИГА УМУМИЙ ДАЪВАТ ВА ҲАБАШИСТОНГА БИРИНЧИ ҲИЖРАТ.
Ҳазрати Умар иймонга келиши билан дедиким: «Ё Расулаллоҳ, бизнинг динимиз ҳақ,
йўлимиз тўғри бўлгандин кейин бундай яшириниб юришимизнинг йўли йўқдур, бизлар
барча халқни бу динга даъват қилиб, бу ҳақиқатни юзага чиқазишимиз керак. Эндиги
диний ибодатларимизни Байтуллоҳ ҳузурида очиқ равишда адо қилайлик», деди. Бу сўзга
ҳаммалари қўшилиб, қирқ кишидин тузилган бир жамоат, Пайғамбаримиз бошлиқ шу
ҳайъатларича Қурайш халқининг кундалик мажлис жойлари — Байтуллоҳ олдига чиқдилар.
Мана шу кундин бошлаб, Ислом динига даъват ишлари ошкора бўлди. Буни кўрган
Қурайш мушрикларининг ғазаблари қаттиқ қўзғолиб, мусулмонларга ҳар турлик
ийзо(озор)-иҳонат қилишга киришдилар. Шундоқ бўлса ҳам иймон келтиргувчилар сонлари
кундан-кунга кўпаймоқда эди. Шунга кўра, уларга ҳар тарафлама озор ишлар ҳам
кўпайди. У ҳолдаги мусулмонлар учун душманларига қарши мудофаа қилиш вақти ҳали
келмаганликдан сабр қилиб чидашдан ёки иккинчи бир ҳукумат қўл остига ҳижрат
қилишдан бошқа чоралари йўқ эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз мусулмонларнинг
кўрган азобларига ичлари оғриганликдин ҳижрат қилишга рухсат қилдилар. У замонда
Ҳабашистон мамлакати Арабистонга чегарадош эди. Нажоший номлик подшоси билан
бутун халқи насоро динида эди. Лекин бу подшоҳ ўзи олимлардин бўлиб, Таврот, Инжил
китобларида Пайғамбаримизнинг сифатларини кўп кўрган эди. Исо алайҳиссалом башорат
берган охирзамон Пайғамбарининг чиқар вақти яқин бўлди, деб ўзи ҳам кутмоқда
эди. Мана шунинг учун Пайғамбаримиз саҳобаларини шу ёққа ҳижрат қилишга буюриб:
— Ул жойнинг подшоси ҳақиқатсевар, динпарвар, одил кишидур, ҳижрат қилиб, анинг паноҳига
боргувчи мусофирлар ҳақида ҳеч қандоқ жабр-зулмга йўл қўймайдур, шу жойга бориб,
динингларни, жонингларни тинч-омон сақлаб, фурсат кутиб туринглар. Қачонки, бизлар куч-
қувват топиб, бу ишимиз ривожланса, шу чоғда хабар қилсак келурсизлар, — дедилар.
Мана шу сабаблик, биринчи навбатда саҳоблардин эру хотун бўлиб, ун уч нафар киши
яширин йўл билан Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Мана шу ҳижрат ислом йўлида қилинган
ҳижратларнинг биринчиси эди. Булар ичида Ҳазрати Усмон ва жуфтлари Руқия —
Пайғамбаримизнинг қизлари бор эди. Улар кетганларидин сўнгра Қурайш мушриклари
қувишиб чиққан бўлсалар ҳам, аларга етолмай, йўлдин қайтдилар. Лекин бу муҳожирлар
борганларига олти ой бўлмай туриб, Қурайш халқи динга кирмишлар, деган ёлғон хабар
эшитишлари билан, ҳаммалари қайтиб келдилар. Келганларидин кейин кўрган азиятлари
илгаригидин ҳам кўпроқ бўлди. Қурайш мушриклари қарасалар, ҳазрати амир Ҳамза,
Ҳазрати Умар, — бу икковлари иймон келтиришлари билан, Ислом дини ривожланишга бошлади.
Улар бу чироғни ўчириш қасдида, ҳар турлик чорага киришдилар. Қурайш раисларидин Утба
ибн Робиъа деган кишини Пайғамбаримизга юбордилар. Ул келиб, дедиким:
— Эй қариндошим ўғли Муҳаммад, сен бўлсанг Қурайш қабиласи ичида ҳасаб-
насаблик, қадр-қимматга эга бўлган бир кишимиз эдинг, нима бўлдиким, ҳеч
хаёлимизга келмаган бир улуғ ходиса келтурдинг. Шу сабаб ила ўзаро иттифоқимиз бузилиб,
жамоатимиз тарқалди. Орамизга душманчилик тушди, динимизни хўрлаб, бутларимизни
ҳақоратладинг, ота-боболаримиз йўлларини ташладинг, энди мен сенга Қурайш халқи
томонидин вакил бўлиб келдим. Аларнинг топшириқлари бўйича бир неча сўзларни айтиб,
ўтмоқчи бўламан. Агар шулардин бирортасини қабул қилар бўлсанг, ўртамиздаги бу
ихтилофлар кўтарилур эди,— деб сўзини тамомлади.
Сўнгра Пайғамбаримиз: «Гапиргин, эшитайлик», деб қулоқ солиб турдилар. Анда Утба:
— Эй қариндошим ўғли, агар сенинг мақсадинг шу баҳона билан мол топиш бўлса, тилаганингча мол топиб берайлик, ичимиздаги энг бойимиз сен бўлгин; ёки мансаб-
даража топиш учун бу ишга киришган бўлсанг, ўз устимизга сени раис кўтарайлик, ҳеч
бир ишни сенсиз қилмайлик; ёки бу иш орқалик подшоҳ бўлиш ниятин
г бўлса, тахт қуриб,
тож кийдириб, сени подшоҳ қилайлик. Ёки бу мақсадлардин ҳеч бири сенда бўлмаса, балки
ишлашган жинлар таъсиридан бўлган иш эрса, қўлда молимиз, танда жонимиз борича бунинг
чорасига киришайлик,
— деб шунга ўхшаш сўзлар қилди. Пайғамбаримиз айтдилар:
— Эй Утба, агар сўзинг тугаган бўлса, энди мендин эшитгил, — деб «бисмиллоҳ»дин
сўнгра «Ҳа. Мим.» билан бошланувчи сурадин бошлаб ўқийвердилар. Утба эрса бу қадар
фасоҳат-балоғатга эга бўлган Қуръон оятларини онглаб, қулоқ солганича ҳайрон бўлиб
туриб қолди. Пайғамбаримиз бу сурадаги сажда оятигача ўқиб келганлари сўнгида
дарҳол сажда қилдилар. Сўнгра айтдиларким: — Эй Утба, бу ўқилган Қуръон сўзларини
эшитдинг, мана сенга жавобим шулдир, — деб сўзларини уздилар. Сўнгра Утба ўрнидин
турганича Қурайш мажлисига қараб жўнади. «Нима жавоб келтирур экан?» деб улар ҳам
кутишиб турган эдилар.
Ўлтиришган кишилардин баъзи бировлари дедиким: «Аллоҳга қасамёд қилурманким, Утба
кетганидаги фикридин ўзгариб қайтмоқдадир». Шу орада ўзи ҳам келиб етди. Қурайш
раислари: «Иш қандоқ бўлди?» деб ондин сўрадилар. Анда Утба: «Қасам ул Худогаким,
умримда анингдин ҳеч эшитилмаган бир турлик сўз эшитиб келдим. Шоирларнинг шеъри,
соҳирларнинг афсуни, коҳинларнинг мавзуʼ сўзлари, мана буларнинг ҳеч бирига
ўхшамайдур.
Эй Қурайш аҳли, бу тўғрида менга итоат қилишингларни сўрайман, бу ишда менинг
тўхталган ра- йим шулки, Муҳаммаднинг динига ёрдамчи бўлмасак ҳам, анинг
йўлига тўсқинлик қилмайлик, буни бошқа арабларга қўйиб берайлик, аган Муҳаммад
араблардин енгилар экан, ётлар ёрдами ила биз ондин қутулган бўламиз. Иш ўз
тилагимизча ўзимизга келур. Ёки бу курашда уларни енгиб чиқар эрса, анинг давлат-
ҳукуматига, иззат-шавкатига албатта, бизлар шерикдурмиз. Инсонлар ичида энг бахтлик
бўлиб яшаймиз» деб эдиким, тараф-тарафдин: «Эй Утба, Муҳаммад тили билан сени
сеҳрлаганга ўхшайди», деган қарши овозлар кўтардилар. Утба: «Бу ҳақда менинг
фикрим шу эди, буни сўзладим, бунга йўқ десанглар, сизларнинг деганингларча бўлсин»,
деб сукут қилишга мажбур бўлди. Шундоқ бўлатуриб ҳам, Қурайш қабилалари ичида
мусулмончилик кун сайин кўпайгани турди. Қабила мушриклари эса алардин бир нечаларини
қамоққа олдилар ва қанчаларини динларидин қайтариш учун турлик азоблар ила қийнадилар.
Энди бу ишлар билан ҳам муддаолари ҳосил бўлмаганликдин, иккинчи навбат тубандаги
қабила раислари яна қайтадин йиғилдилар. Булар эрса, Утба, Рабиъа, Шайба, Абу Суфён,
Абул Бахтарий, Назр ибн Хорис, Асвад ибн Мутталиб, Замъа ибн Асвад, Валид ибн Муғира,
Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва бошқалар эдилар. Сўнгра бир киши келиб: «Эй Муҳаммад, қабила
раислари сиз билан келишмоқ учун, Каъба олдида тўпланиб, сўзлашмоққа чақирадилар»,
деб хабар берди. Пайғамбаримиз гумон қилдиларким, мени сўзларим буларга энди таъсир
қилганга ўхшайди, тавфиқ топган бўлсалар ажаб эмас, деган хаёл қилиб, тезлик билан
келдилар, қарасалар туслари бошқачароқ бўлиб, дўстлик нишонаси уларда кўринмади.
Ичларидин бировлари сўзга туриб:
— Эй Муҳаммад, бутун Қурайш халқи томонидин бизлар бу иш устида сен билан очиқ
сўзлашгани келдик. Араблар ичида, сендек ўз қавмига зарарлик ишни ҳеч ким қилган
эмас, ота-боболаримиз йўлидин чиқдинг, динимизни сўкдинг, бутларимизни ҳақорат қилдинг,
қариндош-уруғларимиздин ажратдинг, жамоатимизни тарқатдинг, энди бизнинг устимизда
сенинг қилмаган ёмонлигинг қолмади. Агар бу ишдин мақсадинг мол топиш бўлса, мол
йиғиб бериб, сени бой қилайлик, агар иззат-обрўй истаган бўлсанг, бутун Қурайш қабиласи
устига сени раис қилиб кўтарайлик, агар подшоҳ бўлиш кўнглингга тушган бўлса, сени
подшоҳ қилиб, тахтга чиқарайлик. Йўқ, агар жинлар тарафидин сеҳрланган бўлсанг, мол-дунёмизни аямай, анинг чорасига киришайлик, ё тузалурсан, ёки бизни маъзур
тутурсан.
Мана шунга ўхшаш сўзлар қилиб, илгари Утба айтган сўзларни қайтадин такрор қилдилар.
Пайғамбаримиз алар
дин бу сўзларни эшитганлари сўнгида:
— Сизлар деганингларнинг ҳеч бириси менда йўқдур. Бу ишда менинг мақсадим мол
топиш ёки обрўй, мартаба орттириш эмас, ё сизларга подшоҳ бўлиш эмас. Лекин
шуни билингларки, мени Аллоҳ таоло инсон олами устига пайғамбар қилиб юборди, ўз
тарафидин менга «Қуръон» отлиғ улуғ китоб индирди. Бу китобда инсонлар учун икки
жаҳонда саодат топиш йўлларини кўрсатди. Мўминларни жаннат
неъматлари ила суюнтиришга,
кофирларни дўзах азоби ила қўрқитишга мени буюрди. Тангрим буйруқларини сизларга
етказдим, устимга юкланган ялавочлик (элчилик) вазифасини адо қилдим, ҳар ҳолда
сизларга хайрихоҳдурман. Ҳеч қандай бошқа муддаойим йўқдур, агар сўзимни қабул
қилсанглар, келтирган динимга кирсанглар, дунё ва охират саодатидин топган улуғ
насибаларингдур. Агар бу сўзимни рад қилиб, мени ёлғончига чиқарсанглар, у ҳолда
Аллоҳ амрини кутиб, сабр қилишдин бошқа чорам йўқдур — дедилар. Бу сўзлардин кейин
улар яна:
— Эй Муҳаммад, энди биз сенга қилган таклифларимизни ҳеч бирини қилмаган бўлдинг,
ўзинг биласан, биздин ери тор, суви оз, турмуши оғир ҳеч қабила йўқдур. Энди сен
айтгандек, улуғ қудратлик Худонинг сени бизга пайғамбар қилиб юборгани аниқ бўлса,
еримизни торайтиб турган тоғларни ўртадан кўтарсин, Шом, Ироқ вилоятларига ўхшаш
боғ-бўстон, оқин сувлар пайдо қилсин, ўтмишда ўлган ота-боболаримизни тирилтирсин, ул
тирилганлар ичида бешинчи бобомиз Қусай ибн Килобнинг бўлиши шартдур. Чунки ул
бутун араблар ичида чин сўзлик, тўғри тиллик бўлиб топилган кишидур. Ана шулардин биз
сўрайлик, Аллоҳ таоло сени пайғамбар қилиб юборгани аниқмидур. Агар сенинг сўзингни
тасдиқлаб, Худо тарафидин юборилган Пайғамбарлигингга гувоҳлик берсалар, яна биз
сўраган нарсаларни вужудга чиқара олсанг, шундагина сенинг пайғамбарлигингга
ишона оламиз, Аллоҳ олдида қанчалик қадринг борлигини шунда биламиз, — дейишдилар.
Анда Пайғамбаримиз айтдилар:
— Мен бу ишлар учун келмадим, мени Аллоҳ таоло ҳақиқат йўлини кўрсатиш, Ислом динини
ўргатиш учун юборди. Аллоҳ амрини сизларга етказдим, қабул қилсанглар, дунё ва
охиратлик яхши насибадур, агар уни рад қилсанглар, Худо фармонига қараб туришдин
бошқа на чорамиз бордур? — дедилар.
Мушриклар бунинг билан ҳам сўзларини тўхтатмасдин, яна:
— Эй Муҳаммад, бизлар учун фойдалик иш кўрсатишга кўнмасанг, энди ўзинг учун
фойдалик иш қилиб кўрсат, шундоқки, сени бизларга юборган Раббинг сени сўзингни
тасдиқлаш учун яна бир фаришта юборсин, сени Худо тарафидин элчи бўлиб келганингга
у гувоҳлик кўрсатсин ва ўзинг айтган жаннат боғларидин сенга атаб қаср-кўшклари ила
бир боғ чиқарсин, у боғ ичида олтин-кумуш хазиналари бўлсин, токи сени бош-қа
одамлардек овқат овораси бўлмай, ҳеч нарсага ҳожатсиз, роҳат ила умр ўткузишингни
кишилар кўрсинлар. Ана шу чоғда сени Пайғамбарлигингга, Худо олдида қадр-қийматинг
борлигига ишона олурмиз, — деганларида, яна Пайғамбаримиз юқоридаги сўзлар ила
жавоб бердилар. Бунга ҳам қаноатланмасдин дедиларким:
— Эй Муҳаммад, ўзинг айтгандек, Раббингнинг қудрати етмаган иш йўқ бўлса,
айтгин ангаким, бошимизга ёмғурдек тош ёғдурсин, ёки андин бир парчасини
устимизга ағдарсун. Агар биз сўраган нарсамизни келтира олмасанг, ҳеч вақтда сенга
иймон келтиришимизни умид қилма.
Анда Пайғамбаримиз:
— У ишлар ихтиёри Аллоҳдадур, ҳар нарса қилса, унинг қудрати, эрки бордур. Агар қилишни
истаса, ҳеч кимдан сўрамасдан бошларинг устига бу балони бир дамда келтирадур, —дедилар.
Мана шунчалик сўзлари устида яна бировлари туриб:
— Эй Муҳаммад, сўзимизнинг тўхтагани шуки, сени бизга пайғамбар қилиб юборган
Худойингни кўзимизга кўрсат ёки ўзингнинг ростлигингга гувоҳлик бериш учун бир
жамоат фаришталарни келтир, ана шундагина иймон келтирамиз, — деб сўзларини кесдилар.
Пайғамбаримизнинг ҳам улардин умидлари узилиб, у жойдин чиқдилар. Кейинларидин Абдуллоҳ
ибн Умайя деган бир одам эргашиб чиқди, бу бўлса Пайғамбаримизнинг аммалари
Отиканинг ўғли эди. Олдиларини тўсиб туриб, дедиким:
— Эй Муҳаммад, қавминг Қурайш бир неча таклифларни сенга қилдилар, ҳеч бирини қабул
қилмадинг, сўнгра халқ учун фойдалик бир неча нарсаларни Аллоҳдин сўраб беришингни
сендин ўтиндилар, буни олмадинг, бу талабни чиқара олсанг эдинг, Худо олдида нақадар
мартабанг борлиғи маълум бўлиб, сенга иймон келтиришга йўл очилур эди, ёки ўз
фойданг учун улар сўраган нарсаларни вужудга чиқариб, халқ олдида ўз даражангни исбот
қила олмадинг: Халқни қўрқитиб, ўзинг айтиб юрган нарсаларнинг баъзи бирини уларга
кўрсатишингни сўрадилар. Буни ҳам кўрсата олмадинг. Аллоҳ оти ила онт ичаманки, мен
сенга ҳеч қачон иймон келтирмайман, агар кўз олдимда осмонга чиқиб
пайғамбарлигингга хат-ҳужжат келтирсанг, унинг устига тўрт фаришта сенинг билан бирга
тушиб, гувоҳлик берсалар ҳам энди сенинг сўзингга ишонмайман, — деб яна қасам
ёди билан юз ўгириб кетди.
Бунинг сўнгида Пайғамбаримиз бу ишга қаттиқ қайғуриб, хафалик билан уйларига
қайтдилар. Чунки улардин кўз тутилган яхшилик умидлари узилган ҳисоб бўлди. Яна бу
сўзлардин сўнгра Абу Жаҳл малъун туриб:
— Эй Қурайш халқи, мана кўрдинглар, Муҳаммад билан бўлган муомаламиз шу бўлди,
динимизни хорлаб, бутларимизни ҳақорат қилиб, ота-боболаримизни, бизни аҳмоқ санаб
юрибди. Унинг мақсади эрса, бизларни хафа қилишдур. Энди мен ўз кўнглимда шундай
аҳд қилдимки, агар эртага келиб Байтуллоҳ олдида яна ўз намозини ўқимоқчи бўлса,
нақд саждага бош қўйган чоғида қўл кўтаргудек оғир тош билан уриб бошини
янчаман. Шундоқ қилиб, биратўла ўлдириб қутулмасак, бошқа чораси йўқдур. Анинг
ҳимоятчиси Бани Ҳошимлар қўлларидин келганини қилсунлар. Қурайш халқи улардин мени
сақлаш-сақламасликларини ўзлари билсунлар, — деди.
Анда Қурайш раислари:
— Эй Абул Ҳакам, Худо ҳаққи, сенинг бу фикринг тўғридур. Агар шу аҳдингга вафо қилиб,
бу иш ижроси ила Муҳаммаддин бизни қутқара олсанг, баримиз бир қўл, бир тил бўлиб, сени
ҳимоя қилишга ваъда берамиз, — дедилар.
Уларнинг айтган сўзларидин Абу Жаҳл журъатланди, эртаси куни ўзи дегандек бир чўнг
тошни тутиб, пойлаб турди. Пайғамбаримиз ўз одатларича Байтуллоҳ олдига келиб, икки
ракат намоз ўтамакликка киришдилар. Қурайш раислари ҳам ўз масжидларида Абу Жаҳл
ишини кутиб ўлтирмоқда эдилар. Қачонки Пайғамбаримиз саждага бош қўйиб эдилар,
ёмон ният билан пойлаб турган Абу Жаҳл бир катта тош кўтарган ҳолда урмоқчи бўлиб
яқин келди. Келиши ҳамон кўкрагидан итаргандек бўлиб, орқага қайтди. Қўрққанидин
ранги ўчиб, тош кўтарган қўли жонсизланиб, уни ташлади. Бу қўрқинчлик ҳолга қолган
Абу Жаҳл устига бир неча мушриклар югуришиб келдилар.
— Эй Абул Ҳакам, сенга нима ҳодиса бўлди? — деб ундин сўрадилар.
Анда ул:
— Кечаги айтган ишимни қилмоқчи бўлиб, яқин борган эдим, тишлари найзадек,
умримда кўрмаган ҳайбатлик бир буғро туя олдимдан тўғри чиқиб, оғзини ғордек
очиб, менга ҳамла қилди. Бўлган воқеа шулдир,— деди. Пайғамбаримиз:
— Кўринган буғро туя биродарим Жаброилдур, агар менга яқинлашса, уни ҳалок қилур
эди, — дедилар.
Бу кўринган мўъжизага Абу Жаҳл ўзи иқрор қилганлигидан, бу сўз тарқалиб, халқ ичига яна
ғулғула тушди. Қурайш раисларидан Назр ибн Ҳорис деган одам туриб:
— Эй Қурайш халқи, бу воқеа эрса таажжуб қилурлик даражада бир қизиқ ишдур. Чунки
Муҳаммаднинг болалик, йигитлик даврлари кўз олдимизда ўтди. Ул бўлса ичимизда энг олий
ахлоқлик, чин сўзлик, ҳар ишда ишонимлик, ҳар кимга ёқимлик йигитимиз эди. Қачонки
унинг йигитлик даври тугаб, чакка сочлари оқара бошлаганда бундоқ бир улуғ ҳодисани
ўртага чиқарди. Энди буни биримиз сеҳрчи, биримиз фолчи дедик, яна биримиз туриб ани
мажнун дедик. Мен Аллоҳ оти ила онт ичиб, қасам қиламанки, унинг ҳақида буларнинг бариси
бир қуруқ туҳматдур. Бу ишнинг ҳақиқатига энди бизлар етишимиз керакдур, — деди.
Қурайш раислари андин бу сўзларни эшитгандин кейин, унга Уқба ибн Абу Муайт деган
одамни қўшиб, Мадинага юбордилар. Аларга айтдиларким:
— Мадина шаҳрида Яҳуд тоифалари кўпдур. Аларнинг ичларида Таврот, Инжил китобларини
ўқийдиган катта олимлар бор, деб эшитамиз, шуларнинг олдиларига боринглар.
Муҳаммаднинг сифатларини, халққа айтаётган сўзларини, ўртамизда ўтган воқеаларни
уларга яхшилаб тушунтиринглар, чунки Яҳуд қавми китоб аҳлларидур, ўтган
пайғамбарлар, уламолардин хабардор бўлиб, биз билмаган сирларни албатта улар билишлари
керак — дедилар.
Шунинг билан бу икковлари Мадинага келдилар, яҳуд олимлари билан кўришиб, бўлган
воқеани уларга баён қилишди. Яҳуд олимлари бу ҳақда бир қанча фикр қилишгандин
кейин, уларга:
— Андоғ бўлса, ул пайғамбарлик даъвосини қилган кишига шул уч нарсадин савол
беринглар, буни пайғамбардин бошқа ҳеч ким билмайди.
1. Ўтмиш замондаги Ашоби Каҳф қиссаларидин сўранглар.
2. «Бутун олам атрофини айланган бир одам ўтган, у ким?» деб сўранглар.
3. Инсон руҳининг ҳақиқати нимадур?
Агар шу уч саволга ҳақиқати ила жавоб бера олса, билингларким, у киши пайғамбардур.
Анда у одамга иймон келтириб, кўрсатган йўлига кириш керак, агар бу саволларга жавоб
бера олмаса, ул чоғда унинг ёлғончилиги маълум бўлиб, ўзи жазога лойиқдур, дедилар.
Шунинг билан бу иккови Маккага қайтишди, уларнинг хабарини кутишиб турган кўп халқ
йиғилдилар. Анда бу иккисидин бирови туриб:
— Эй халойиқ, Мадинага бориб, хизмат топшириғини сизлар дегандек бажариб келдик. Яҳуд
уламоларининг маслаҳатларича, ушбу уч нарсадин савол берамиз. Агар ҳақиқатга
мувофиқ жавоб бера олса, унинг пайғамбарлиги аниқланади, йўқ эрса, ёлғончилиги
юзага чиқиб, ўзи жазога тортилдаи, деб шу кўпчилик билан Пайғамбаримиз олдиларига
келишиб:
— Эй Муҳаммад, Ашоби Каҳф йигитлари кимдур? Алар қайси замонда ўтмишдурлар?
Иккинчи, бутун дунёни кезган мағриб-машриққа қадами етган қайси кишидур?
Учинчи, инсон руҳининг ҳақиқати нимадур? Мана шу уч нарсага жавоб беришингни
сендан сўраймиз, — дедилар.
Анда Пайғамбаримиз бу ҳақда Худо тарафидин ваҳий келишига ишониб: «Бунинг жавобини
мендин эртага олинглар» — дедилар, аммо «Худо хоҳласа», демадилар. Бандачилик, ул
сўз ёдларидин чиққан эди. Шунинг билан эртага, деб ваъда берган киши ўн беш кунлаб
ваҳий кутиб турдилар. Ислом динида бутун ишларни Аллоҳ иродаси ила бўлур, деб ишониш
фарздур. Шунинг учун ҳар бир мусулмонга, сўз бошларида ёки анинг тугашида,
«Иншааллоҳ» — «Худо хоҳласа», демак лозимдур. Мана шунчалик ишга танбеҳ бўлиб,
ваҳий келиши ўн беш кун кечикди. Макка мушриклари таъна қилишларига бу ишни баҳона
қилдилар:
— Мана, Муҳаммаднинг қилган ваъдасидин ўн беш кун ўтди, ҳали дараги йўқ, биз
сўраган нарсаларнинг жавобига ожиз қолгандек кўринур.
Халқ ичига тарқалган бундоқ таъна сўзлардин Пайғамбаримиз ҳам хафа бўлдилар. Бу
ишнинг зоҳиридаги сабаби «Иншааллоҳ» демаганлари бўлиб кўринса ҳам, яна бунинг
ҳақиқатини Аллоҳ ўзи билур. Энди бу муддат ўтгандин сўнгра Жаброил алайҳиссалом Каҳф
сурасини ваҳий келтурдилар, алар сўраган уч масалага шу сурада жавоб берилди. Ашоби
Каҳф қиссалари, Руҳ масаласи, Зулқарнайн қиссаси тамом шу сурада баён қилинди.
Бундин бир қанча насибалик кишилар ҳидоят топган бўлсалар ҳам бошқалар яна шу
гумроҳликда қолдилар. Юқорида айтилганича, мўминларга мушриклар тарафидин ҳаддин
оша азиятлар етганликдин, яна ҳижрат қилишга Пайғамбаримиз рухсат қилдилар.
Саҳобалардин биринчи дафъа кетган ўн уч киши Исломнинг ривожи ҳақида хато хабарлар
онглашиб, бирор йил ўтмасдин туриб, қайтиб келган эдилар. Келишлари билан мушриклардин
кўрган жабружафолари илгаригидин неча баробар ортиқ бўлди. Бу иш сабаб бўлиб, саҳобалар
яна иккинчи навбат ҳижрат қилишга киришдилар.
📝 Тарихи Муҳаммадий.
Алихонтўра Соғуний.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев