(Ҳикоя)
– Ўғлим, тўғри, сизлар уни она деб қабул қила олмайсизлар, лекин у аёл менинг маҳрамим. Шу кунгача иссиқ-совуғимга қаради. Бору-йўғимга кўниб яшади. Закс қилманглар, моддий томондан таъмагирлик қилмасин, уй-жой иддао қилмасин дединглар, барисига кўнди. Шундай кунида ёрдам бера олмасам юзсизлик, субутсизлик қилган бўламан-ку болам.
– Ҳа, хўп мен нима қилай дада? У касал бўлса менинг қўлимдан нима келади? Доктор бўлсам экан мана бу дориларни ичсин ёки мана бу укол қуйилса тузалиб кетади десам. Қизиқ гапларни топиб келасиз-ей.
– Докторлар дори, уколларини ёзиб беришган. Дастим қисқалик қилаяпти-да, болам. Уч ҳафта олдин келганимда маошимни олай, бераман деган эдинг. Ундан кейин ҳам икки марта келиб сени излаб топа олмай кетганман. Илтимос, шу сафар қуруқ қайтармагин болам.
– Хўп! Хўп дедим-ку, дада. Ҳали маош олганим йўқ. Ўзи уйга, рўзғорлик учун юз доллар қарз кўтарганман. Ҳали униям қайтаришим керак. Ишлаб чиқариш корхонаси директори ёки бизнесмен бўлсам экан, тахлам-тахлам пул кўтариб юрадиган. Иккалангиз ҳам пенсия олардингизлар шекилли, шундан ишлатиб туринглар. Мен ҳам кечаю кундуз сизни қайғураман. Дадам бечорага қийин бўлди деб. Қариган чоғингизда нима қилардингиз-а уйланиб?!
Ўғлининг муомаласидан бу сафар ҳам уйга пулсиз, қуруқ қайтиши аён бўлган ота зора кўнгли юмшаса деб, яна эзилиб гап бошлади.
– Озиб-тўзиб, қуруқ устихони қолган бечорани. Рак дегани бир офат экан. Менинг пенсиямга рўзғор қилсак, уникини дори-дармонга ишлатаяпмиз болам...
– Майли дада майли, ҳозир мажлис чақирганман. Ойлик олишим билан сизга хабар бераман ёки ўзим ташлаб ўтаман. Сиз овора бўлиб, келиб юрманг.
Юмшоққина креслосидан сапчиб турган ўғил, отасининг чиқиб кетишини ҳам кутмай шошилганча хонани тарк этди. Жилла қурса, шу сафар ёрдам қилар деб, ўртанча ўғлидан умид қилиб келган Ражаббой ота хомушланиб уйига қайтди.
Бўёғи ўчинқираган дарвозани хиёл суриб ичкари кираркан, димоғига хушбўй райҳон ҳиди урилди. Боғчадаги ранг- баранг очилиб ётган гулларга тикилиб, беихтиёр ўйга толди. “Оҳ, бечорагина-я, эрта баҳорда ҳолсизлигига ҳам қарамасдан ўзи эккан эди шу гулларни. Мана Соҳибажон гулларинг яшнаб, чирой таратаяпти. Сен эса кундан-кунга сўлиб бораяпсан. Ўшанда болларимнинг гапига кириб, фарзанд керакмас деб, бўйида бўлса ҳам олдириб ташлашга мажбур қилмасам бўлар экан. Ўша болалар туғилганида, балки, бугун сенга тиргак бўлиб туришган бўлишармиди. “Туя қариса боласига ияради” деб, беҳуда айтишмаган экан. Сен мени шунчалар асраб, авайлаб ҳокисор бўлганинг сари мен гўстоҳ, болаларимга ёмон кўриниб қолмаслик дардида яшайверибман. Мана, бошимга кўтарган болаларимнинг оқибати... Эртага мен ётиб қолсам ҳам ўзларидан ортишмаслиги кундек равшан бўлиб қолди. Ўзим, ҳа, фақат ўзим айбдорман. Художон шу бандаи мўминангни дардига ўзинг шифо бергайсан илоҳим...”.
– Ким-у?
Ичкаридан келган заифгина сас отахонни хушёр торттирди.
– Мен момоси, мен!
Ражаббой ота калишини ташқарида қолдириб, ичкарига йўналди.
Тўрдаги ётоқда кўрпага ўралганча ҳарсиллаб нафас олаётган Соҳиба опа турмуш ўртоғининг сасидан таскин туйиб, мажоли етмаслигини билса-да, бошини хиёл кўтарди:
– Оллоҳга шукур, келдингиз. Отаси қори домлага одам жўнатинг. Жичча бўлса ҳам енгиллик еткизар Худоим...
– Соҳиба, мен келгунча шу гапларни ўйлаб ётибсанми? Қўй, совуқ нафас қилма. Қара, оғриқ қолдирадиган дориларингни олиб келдим, – Бобо бироз тараддудланиб, яна давом этди, – Йўлда Маҳмуджон билан йўлиқишиб қолдик. Ҳали замон ўзиям келиб қолса керак. Янги сўйилган қўй гўшти оламан. Пул-мул яна алланарсаларни обораман деди. Келин, навараларни ҳам олиб келса керак...
Чоли тушмагурнинг, кўчага дори-дармон заруратидан чиқиб келганида такрорлайдиган сўзларини ҳар сафар жимгина тинглайдиган Соҳиба опа, бу сафар ичидан келаётган совуқ ҳавл кучидан нималардир дейишга шошилаётгандек эди...Отахон термосдан илиқ чойни пиёлага қуйиб, ҳозиргина олиб келган доридан бир бўлак синдириб, ичиришга чоғланган эди:
– “Ё-син”... Қори домла-аа – деди аёли. Охирги кучини йиғиб, эрига кулимсиб боқаркан, – Нарсалар тахх-мондаа - дея, олди холос.
Кўзлари билан қўлида маҳкам ушлаб олган қийиққа зўр-базўр ишора қилди...
Сайёра Жабборзода
🌺
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1