Сотувчи дўконга кирган харидорларга сермулозамат бўлсада, ўртадаги ойнаванд пештахта ичида турган қимматбаҳо қўл телефонни ярим соатдан буён томоша қилаётган қизчадан кўзини узмасди. У гоҳ бурнини пештахта ойнасига тираб хўрсинса, гоҳ нималарнидир пичирлар, гоҳида жилмайиб, чаппак чалиб қўярди.
“Бирорта мижознинг қизи бўлса керак” ҳаёлидан ўтди унинг. Аммо бу таҳмини нотўғри экан. Харидорларнинг ҳаммаси дўконни тарк этганида ҳам, қизча жойида турарди. Демак шунчаки дайдиб кирган..
Бу ёшдаги болалар кўчага ёлғиз чиқишмайди. Ишқилиб адашиб қолмаганмикин? Балки уйдан қочгандир.
Сотувчи пештаҳталарни айланиб ўтишга эриниб, уни олдига чақирди.
- Қани, бу ёққа келчи.
Ийманибгина яқинлашган қизчанинг кўзи ҳамон ўша телефонда эди.
-Ёшинг неччида?
- Олтида.
- Бир ўзинг нима қилиб юрибсан?
Унинг мунчоқ кўзлари жавдиради. Аммо дархол ўзини қўлга олиб дадил жавоб қайтарди.
- Мен...Менга совға керак. Шу телефонни сотиб олмоқчиман.
Сотувчи кулиб юборди. Қизча тушмагур телефоннинг нархини кўрмаган шекилли.
- Ўх-хў! Буни қанча туришини биласанми?
Сотувчи энг сўнгги русумдаги ўша телефонни пештаҳтадан олиб, обдон мақтар экан, қизчанинг сабри чидамади.
- Илтимос, шуни менга сотинг... Сота қолинг илтимос! Етмаганини кейин олиб келиб бераман. Ишонинг, алдаб кетмайман.
Қизча терлаб кетган кафтини очди. Унда бир нечта ғижимланган минг сўмлик ва майдароқ пуллар бор эди.
Сотувчи хохолаб кулди.
-Бу пулингга ўйинчоқ телефон ҳам бермайдику!
Қизчанинг мижжасида ёш қалқиди. Хафа бўлиб, энди эшик томон йўналган ҳам эди, хафсаласини пир қилган сотувчи амакининг овози уни тўхтатди.
- Шошма! Телефонни нима қиласан? А, тушундим! Сенга ёқиб қолган. Ёки бугун кимнингдир таваллуд айёми, топдимми?
-Йўқ!-деди қизча, бошини экканча хўрсиниб.
- Унда кимга совға қилмоқчисан?
-Акамга. Акам-чи, ойимга ёрдам бериш учун ўқишдан кейин ишлайди. Бу йил институтга кирди. Шунинг учун совғага пул тўплагандим. Хайитга берилган пулларни озгинасигагина музқаймоқ олганман, яна қурут, писта... Қолгани шу. Сизга битта гапни айтайми?
-Айт!
- Акамчи менинг туғилган кунимга энг чиройли қўғирчоқларни олиб беради. Яна торт ҳам олиб келади. Ҳечкимга, ҳеч қачон хафа қилдириб қўймаган. Ойлигиданчи, чиройли кийимлар ҳам олиб беради. У, дунёдаги энг яхши ака!
Сотувчи бидирлаб турган қизчани тўхтатгиси келмасди, шундай бўлсада бўғзида турган савол қандай чиқиб кетганини билмай қолди:
-Даданг қаерда болам? Даданг борми?
Кулиб турган қизчанинг кайфияти бузилди. Ёноғига тушган бир томчи ёшни титроқ кафти билан сидирар экан, йиғламсираб жавоб қайтарди:
-Дадам ўлиб қолганлар. Чақалоқлигимда....
-Ўлиб қолганлар? Кечирасан қизим! Демак аканг сенга ота меҳрини ҳам берар эканда.
- Ха. Биласизми, ойим кўп касал бўладилар. Ҳамма дориларини ҳам акам олиб беради.
Сотувчининг кўзларига ёш тўлди. Қизчанинг қўлидаги пулини олиб санаб олгач, бошини силаб жилмайди. Сўнг ўша қимматбаҳо телефонни чиройли елим халтага солиб қизчага узатди.
-Мана қизим, совғани ол. Акангни менинг номимдан ҳам табриклаб қўй! Яхши ўқисин хўпми?
Қизча бир сотувчининг кафтидаги ғижимланган пуллар, бир хозиргина ўзига тутқазилган телефонга қараб олгач секин пичирлади:
- Уни қиммат дедингизку!
-Адашдим. Шу пулларинг етар экан.
-Ростданми?!
Жажжи харидор сакраб юборди. У қулоқларига ҳам, кўзларига ҳам ишонмасди. Бир муддатдан сўнг қайта- қайта раҳмат айтгач, дўкондан чопиб чиқиб кетди.
Жилмайганча кузатиб қолган сотувчининг эса кўз ўнгида ўз болалиги намоён бўлди. Ота-онаси бир кунда автоҳалокат қурбони бўлишганида у шу қизчанинг ёшида эди. Икки синглиси ,ўзи ва ўн беш ёшдаги опаси иззиллаб қолишгани ёдида. Ўшанда қариндош-уруғ болаларни меҳрибонлик уйига топширишмоқчи бўлишганди. Аммо опаси шу мақсадда уйларига кириб келган оқибатсиз қариндошларни кўчага хайдаб солди. Укаларига ўзи бош-қош бўлишини айтиб, муштдек боши билан уларни оқ ювиб, оқ тараб катта қилди. Афсус, умри қисқа экан ўттизга кирмай буйрак хасталиги туфайли вафот этди. Агар ҳаёт бўлганидами...
Бир соатдан сўнг пештахта ёнида яна ўша қизча турарди. Фақат ёнида бояги чиройли елим халтани ушлаган озғингина, рангпар йигит ҳам бор эди. "Дунёдаги энг зўр ака шу эканда!" Хаёлидан ўтди унинг.
У совғани сотувчига узатди.
-Кечирасиз, мана буни қайтариб олинг ва синглимни кечиринг. У ўғирлик қилмасди.
Сотувчи йигитчага разм солди. Ёшига нисбатан улғайиб қолган аканинг нигоҳида, ота меҳри билан бирга , унинг маъсулияти ҳам жо бўлганди.
- Синглинг ўғри эмас!
Йигитча жавдираб турган синглисига қараб қўйгач, сотувчига юзланди:
- Телефонни сотиб олдим деяпти, аммо унинг нархини яхши биламан. Илтимос, уни айбламанг. Бир гап бўлса онам кўтара олмайди.
Сотувчи уни гапиртиргани қўймай, ўзига узатилган қимматбаҳо совғани эгасига қайтарди.
-Нимага ундай қиляпсиз? Пулини тўлай олмайманку!
Сотувчи унинг елкасига қоқиб, кулимсиради:
- Телефонни пулини ўзинг аллақачон тўлаб қўйибсанку болам. Синглинг етмаганини қўшди холос.
- Тушунмадим?!
- Сен бераётган меҳр бу арзимас матоҳдан анча қиммат туради. Муборак бўлсин! Мазза қилиб ишлат!
Сотувчи жовдираб турган йигитчани ўқишга киргани муносабати билан табриклар, дўконга кириб келган харидорларга эса эътибор ҳам бермасди. Шу лаҳзаларда кўз ўнгида яна болалиги намоён бўлди. Жамалак сочларига пиликлари ярашган ўн беш ёшли муштипари унга жилмайиб турарди...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1