Жаҳон драматургияси дурдонаси Шекспир асаридан
Тирик қолмоқ ё ўлмоқ? Шудир масала!
Қайси бири булардан бизга муносиб?
Шу дилозор фалакнинг таҳқирларига
Шикоятсиз — шиквасиз чидаб турмоқми?
Йўқса, унга рад-бадал бериб қўзғалмоқ,
Қурол олиб ё енгмоқ, ё маҳв бўлмоқми?
Ўлиш... Унутилиш. Масала тамом.
Танимизга ўралган минг-минг ташвишнинг
Занжирин илол-абад узади ўлим.
Зотан дилнинг азамат армони шу-ку!
Ўлмоқ — ғафлат тушида ухламоқ демак.
Тушлар! Қандай тушлар у? Тушлар эмиш-а?
Дунё туйғуларидан тикилган либос
Гўрда ечиб олинган бўлса, у ҳолда
Ўликлар уйқусига кирарми тушлар?
Мана, ҳамма сирларнинг ҳикмати шунда!
Мана, бизнинг ҳаётда ғамларимизнинг
Муҳлатин йилдан йилга чўзаётган сир.
Йўқса, шу киборларнинг жаҳолатига,
Ҳокимларнинг жабрига, сохта кибрига.
Шу мунофиқ муҳитнинг айёрлигига,
Бировига ҳасрат ҳам қилолмасликка,
Муҳаббатнинг хору зор эзилишига,
Мардакларнинг кўзида ҳар қандай ҳиммат
Анойилнк саналиб топталишига,
Бутун бу разолатга ким чидарди, ким?
Ваҳолонки, ханжарнинг битта зарбаси
Бу мужмал тугунларни ечар кўп осон.
Ўлимдан сўнг, у ёқда нелар бўлғуси?
У қандай, бир диёрки, унга борган кўп,
Аммо ҳануз қайтолган бирон йўлчи йўқ?
Бу ваҳима ром этар иродамизни,
Номаълум бир диёрга қочишдан кўра —
Бизга таниш балога бўламиз рози!..
Йўқса тирикчиликнинг зири-борида
Ҳолсираб юрмоқликка ким кўнарди, ким?
Бас, фикримиз шу тахлит қўрқоқлашади,
Ва ақлиинг боши берк кўчаларида —
Сўлиб кетар биздаги жасорат гули.
Кўп умидли, қанотли ниятларимиз
Ҳадеб нуқул орқага силтаниб қолиб
Барбод бўлаётирлар. Энди бас, етар!—