Тошкентда энди ишга киришда прописка талаб этилмайди
Ўзбекистонда вақтинчалик ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишдаги тақиққа барҳам берилади ва иш берувчилар жавобгарлиги бекор қилинади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 январдаги 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланган қарорида кўзда тутилган.«Ўзбекистон 24» телеканали «Ахборот 24» дастурида хабар қилинишича, энди вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилиб, меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчиларни маъмурий жавобгарликка тортиш бекор қилинади.Ушбу норма фуқароларга мамлакатимизнинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишда ҳеч қандай чекловларсиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради.Шу тариқа, энди истиқболли кадрлар қаерда доимий ёки вақтинча прописка қилингани, турар жойи бўйича ҳисобда турганидан қатъи назар, пойтахт минтақасида меҳнат қила оладиган бўлди. Шунингдек, Ўзбекистонда мавсумий ишларга (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда) жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизими соддалаштирилади, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талаби бекор қилинади.Вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.Бундан аввалроқ ушбу давлат дастурига кўра, Тошкент ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларга иккиламчи бозордан кўчмас мулк харид қилиш имконияти тақдим этилиши маълум бўлганди.Эслатиб ўтамиз, Давлат дастури 231 банддан иборат. Ҳужжатда, 37та қонунни қабул қилиш кўзда тутилган.(manba Kun.uz)
Мы используем cookie-файлы, чтобы улучшить сервисы для вас. Если ваш возраст менее 13 лет, настроить cookie-файлы должен ваш законный представитель. Больше информации
Нет комментариев