Уйимизда бир фотосурат бор. Унда онамнинг ёнида чиройли бир келинчак жилмайиб турибди. Суратнинг орқа қисмида “Сабоҳат ва мен, 198... йил” деган ёзув бор. Онамнинг айтишича, улар бу суратга Сабоҳат янга энди келин бўлиб келган пайтларда тушган экан. Ҳар гал оилавий суратларни кўрганимда шу суратни ҳам обдан томоша қиламан ва болалик пайтларимни, Сабоҳат янгани эслайман...
“Ҳаётий ҳикоялар” рукнидан берилаётган навбатдаги ҳикояда келтирилган воқеалар 1980-йиллар бошларида содир бўлган. Унда кимнингдир ўйламасдан қилган иши оқибатида эрта вафот этган ёш аёл фожиаси ҳикоя қилинади.
“Сабоҳат вафот этибди, жаноза соат иккида экан”. Отам эрталаб шу хабарни онамга айтганида энг аввал мен ажабландим. Менинг болаларча ўлчовимда инсон қариб вафот этиши керак. Сабоҳат янга эса жуда ёш эди.
Мен ёш бола бўлсам ҳам у аёлни яхши танирдим. Маҳалламизга қўшни маҳалладан келин бўлиб тушганди.
Сабоҳат янга жуда чиройли эди. Ўшанда биз унга ўхшаган опамиз ёки янгамиз бўлишини жуда хоҳлаганмиз. Болалар билан у келин бўлиб тушган хонадонга тез-тез бориб турардик. Шунда янга биз билан суҳбатлашар, қанд билан меҳмон қиларди.
Сабоҳат янга бирин-кетин икки ўғил туғди. Шундан сўнг биз учун унинг болалари овунчоқ бўлиб қолди. Янга рўзғор юмушлари билан банд бўлганида биз унинг болаларига қараб турардик.
Турмуш ўртоғи Омон ака ҳам очиқкўнгил йигит эди. У Сабоҳат янгани жуда яхши кўрар ва шу сабабли ҳам биз янганинг атрофида қанча ўралашсак ҳам индамасди.
Айтишларича, Омон ака Сабоҳат янгани яхши кўриб қолгач, қўшни маҳалла йигитлари билан кўп марта тўқнашган, бирида устун келган бўлса, бошқасида калтак еган, бироқ ортга қайтмаган экан.
Катталар Сабоҳат янгани келин қилиб тушириб келишда қўшни маҳалла йигитлари йўлни тўсгани ва куёвнавкар бўлиб борган йигитлар билан катта жанжал бўлганини ҳанузгача айтиб юришади.
Ўшанда маҳалламиз йигитлари йўлни очиш учун қўшни маҳалла йигитлари билан басма-басга муштлашишган ва енгиб чиқишган. Эртаси куни тўйда бири кўзи, бошқаси юзи кўкарган ҳолда қатнашган.
Фарзандлари туғилган пайтда Омон ака ва Сабоҳат янга алоҳида бўлиб чиқишган эди. Улар Омон аканинг ота ҳовлисига яқин жойда уй тиклашганди. Омон ака ва Сабоҳат янганинг оиласига, ҳаётига барча ҳавас қиларди. Бироқ бундай тотув ҳаёт узоқ давом этмади.
Омон ака баҳордан кузгача колхозда меҳнат қилар, қишда Тошкентга бориб ишлаб келарди. Ана шундай кунларнинг бирида, эри уйда йўқлигида Сабоҳат янга вафот этди. Эри Омон ака унинг жанозасига етиб кела олмади.
Омон ака Тошкентда ўзи яшайдиган квартиранинг телефон рақамини қолдирган экан. Бироқ у пайтларда қишлоқларда телефон йўқ эди. Туман марказига чиқиб ўша рақамга телефон қилишса уй эгаси у ишга чиқиб кетганини айтибди.
Омон ака ишдан тунда қайтган. Квартира эгаси шумхабарни айтганда қишлоқ аҳли Сабоҳат янгани кўмиб келиб бўлганди. Омон ака эртаси куни эрталаб етиб келди.
Сабоҳат янганинг жанозасига мен ҳам бормоқчи бўлдим, бироқ ойим қўймади. “Ёш боласан, қўрқишинг мумкин”, деди.
Янганинг тобутини уйимиз олдидан кўтариб ўтишаётганда ғалати бўлиб кетдим. Тўн кийиб белини боғлаб олган эркаклар “во жигарим” деб додлаб кетишарди.
Кечки пайт отам ва онам гаплашиб ўтиришганда Сабоҳат янганинг ўлими тафсилотларини эшитдим.
Маълум бўлишича, Сабоҳат янга эри Тошкентга кетадиган кунларда болалари билан қайнотасиникига бориб яшаб турар, Омон ака сафардан қайтгач яна ўз уйларига ўтишаркан.
Кеча тунда Сабоҳат янга ухлашдан аввал ташқарига чиқибди. Қараса уйидан тутун кўтарилаётганмиш. Шунда “уйимиз ёняпти” деб бақириб уйи томонга югурибди. Шу ҳолда икки юз метрча жойни босиб ўтиб, уйининг супасига келиб йиқилибди.
Унинг бақирганини эшитган қайнотаси, қайнонаси, қайниси ташқарига чиқишган ва янганинг ортидан чопиб боришган. Янга уларнинг кўз ўнгида йиқилган.
Ўша пайтда ростдан ҳам уйнинг бир бурчагидан тутун чиқаётган экан. Қайнота тутунга эътибор бермай қўшнининг машинасида аввал келинини шифохонага олиб борибди.
Шифокорларнинг ташхисига кўра янга ваҳимага тушиб, қаттиқ қўрққан ва қон босими жуда кўтарилиб кетган. Оқибатда юрак атрофидаги асосий қон томирлари узилиб кетган.
Ўшанда у нимагадир қоқилиб эмас, қон томирлари узилиб кетганидан мадорсизланиб йиқилган экан. Шифокорлар янгани сақлаб қолишнинг иложи йўқ дейишибди. У шифохонада жон берибди.
Тутунни текшириб кўришса, у мўри учун ўрнатилган ва орқа девордан чиқариб қўйилган қувурдан чиқаётган экан.
Ёзда қушлар уя қурмасин деб қувурга зич қилиб эски латта тиқиб қўйилган экан. Қайсидир ноинсоф кўчадан сигарет чекиб ўтаётиб, қолдиғини ўша қувурга тиқиб кетган. Оқибатда эски латта тутаб, Сабоҳат янгага ўша тутун кўринган экан.
Сабоҳат янганинг ўлими қишлоқ аҳлига қаттиқ таъсир қилди ва одамлар бир неча кун мўрига сигарет қолдиғини тиқиб кетган одамни қидириб кўрди. Бироқ натижа бўлмади ва янганинг ўлимига сабабчи бўлган одам барибир топилмади.
Сабоҳат янганинг вафот этганига ҳам 40 йилдан ошди. Ўшандан буён маҳалламиздан жуда кўп одам оламдан ўтди. Лекин на ўтганлардан, на тирик юрганлардан бирон киши ўшанда сигарет қолдиғини мўрига мен тиққандим демади.
Кўп ўтмай Омон аканинг қайнотаси набираларим бегонанинг қўлига тушиб хор бўлмасин деб яна бир қизини унга никоҳлаб берди. Бироқ Омон ака Сабоҳат янгани унута олмади. Янганинг икки ўғли улғайди, Омон ака уларни уйлантирди. Ҳозир набиралари ҳам катта бўлиб қолишган.
Уйимизда бир фотосурат бор. Унда онамнинг ёнида чиройли бир келинчак жилмайиб турибди. Суратнинг орқа қисмида “Сабоҳат ва мен, 198... йил” деган ёзув бор.
Онамнинг айтишича, улар бу суратга Сабоҳат янга энди келин бўлиб келган пайтларда тушишган экан. Ҳар гал оилавий суратларни кўрганимда шу суратни ҳам обдан томоша қиламан ва болалик пайтларимни, Сабоҳат янгани эслайман.
Баъзида уни тушларимда кўраман, биз болаларга конфет тарқатаётган бўлади
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев