2020, яхши қол, хуш қол,
Азобли тўрт фасл алвидо сенга.
Умрим тақвимида тўксанг-да виқор,
Ҳатто бир лаҳзанг ҳам тушмас эсимга.
2020 эшигимни ёп,
Аччиқ шамолингдан жунжикмасин юз.
Хайр ҳам демайман, юзимда ниқоб,
Қўл ҳам силтамайман, умидингни уз!
2020 тугунингни туг,
Олиб кет, келтирган лаш-лушларингни.
Сенинг синовларинг минг эшшакка юк,
Қолдирма бир мисқол улушларингни.
2020 жонимга тегдинг,
Наздимда жуда кўп қолиб кетдинг сен.
Не-не буюкларнинг бошини эгдинг,
Не-не суюкларни олиб кетдинг сен.
2020 кўз ёшингни арт,
Йиғлама, йиғлатиб қилдинг-ку абгор.
Икки йигирманинг бирлашмоғи дард,
Икки йигирмада қирқта синов бор.
2020 нафас олмай кет,
Нафас ололмаган дардмандлар ҳаққи!
Сен берган дар билан тимдаланди эт,
Сен берган дорилар заҳару-заққу.
2020 сенга лутф ҳадя,
Қаҳринг-ла сололдинг дунёни изга.
Одамлар унутиб қўймасин, дея,
Меҳрнинг қадрини кўрсатдинг бизга.
2020 - хонанишин йил,
Мактаблар ёпилди, масжидларда қулф.
Бўм-бўш хиёбонлар, ҳувиллаган йўл,
«Уйда қолинг» деган шиор бўлди урф
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев