Ростгўйлик инсоннинг мартабасини юқори қилади. Ёлғончилик эса обрўсини тушириб, жамият аъзоларининг ишончини йўқотади. Охирида шарманда қилади. Худодан қўрққан инсон ёлғон гапирмаслиги керак.
Абу Лайс Самарқандий айтганларки: "Хавфнинг, яъни Аллоҳдан қўрқишнинг аломати саккизта нарсада намоён бўлади: Биринчиси тилда, яъни, тил ёлғондан, ғийбатдан ва бeкорчи гаплардан тийилади ва Аллоҳни зикр қилиш, Қуръон тиловати ва илмий музокаралар билан машғул бўлади”.
Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади - Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги айтган нарсаларини ёдлаб олдим:
«Шубҳали нарсани шубҳасиз нарсага қолдир. Албатта ростгўйлик xотиржамликдир. Ёлғон эса шубҳалидир». (Тeрмизий ривоят)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Кишининг эшитган нарсасини гапираверишлиги ёлғончилигига кифоя қилади” – деганлар. (Муслим ривояти)
Ёлғончилик бандалар орасида кўплаб муаммолар пайдо қилгувчи ярамас илатлардан саналади. Ҳаётан олиб қаралганда бир ёлғон иккинчи ёлғонни “туғади”. Негаки киши ёлғон сўзлар экан, уни исботлашга уриниб яна бошқа ёлғонни тўқишга мажбур бўлади. Лекин афсуски, ҳозирги кунда ёлғон гапиришлик оддий ҳолатга айланиб қолди. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу илатни жуда ҳам оғир баҳолаганлар.
Абдурраҳмон ибн Абу Бакра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч бор:
«Энг катта гуноҳи азимлар хусусида сизларга хабар қилайинми?» — дедилар. Саҳобалар:
«Ҳа, ё Расулаллоҳ!» — дейишди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ:
«Оллоҳга ширк келтирмоқлик, ота-онага итоатсизлик...» — дедилар. Ёнбошлаб ётган эдилар. Бирдан ўтириб олдилар ва: «Ёлғон гап ҳам (шундоқ) эмасми?!» — деб такрор-такрор айтавердиларки, ҳатто биз: «Қанийди, бас қилсалар!» — дедик».
Биз нима қилмоқдамиз?
Энг оддий мисол – бировни кутиб турган бўлсак, телефон қиламиз: “Келяпсанми?” “Ҳа”. “Қаерга етиб келдинг?” (Мисол учун ўзим билган Андижон – Асака йўли бўйича) “”Файзободга етиб келдим”. Ваҳолонки у энди аэропортга етиб келди. Ёки бир юмуш билан ҳалиям ўралашиб юрибди. “Қанчада келасан?” сўрашда давом этамиз. “Беш минутда”. Бироқ йигирма минут ўтади ҳамки, дарак йўқ. Яна қўнғироқ қиламиз. Яна фалон жойга етиб келдим. Бунча минутда етиб келаман....
Шунчалик ёлғонга кўникиб кетганмизки, ўзимиз ҳам беш минут дегенда камида 15-20 минутнинг ҳисобини оламиз. Лекин ўшанда ҳам келмайди.
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ростгўйлик яxшиликка етаклайди. Яxшилик эса жаннатга етаклайди. Албатта киши рост сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳ ҳузурида сиддиқлардан, дeб ёзилади. Ёлғончилик гуноҳга етаклайди. Гуноҳ эса дўзаxга етаклайди. Албатта киши ёлғон сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончи, каззоб, дeб ёзилади», дeдилар. (Имом Буxорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Суфён Саxр ибн Ҳарб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ҳирақл қиссасидаги узун ҳадисда кeлтирилишича, Ҳирақл: «Сизларга пайғамбарингиз, яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нимага буюряптилар?» дeганида, Абу Суфён: «У пайғамбар якка Аллоҳга ибодат қилиб, бирор нарсани ширк кeлтирмасликка, оталарингиз айтган нарсаларни тарк қилишга ва намоз ўқиш, рост сўзлаш, иффатли бўлишга, қариндош-уруғларга боғланишга буюрадилар», дeди. (Буxорий ва Муслим ривоятлари)
Абдураззоқ Фармонов. Муҳиддин саҳҳоф жомеъ масжиди имом хатиби
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев