..Тун ярмидан оққан. Ташқарида шамол увиллайди. Уйқусида хўрсиниб қўяётган хотинига термилиб ўтирган Жаҳонгирнинг юраги сиқилди: «Бечора, қийналиб кетди. Нега ҳаёт шундай? Айрилгинг келмаса-да, мажбурсан. Опамга инсоф кириб қолмасмикин-а».
Шундай хаёлларга берилган Жаҳонгир дераза ойнасининг оҳиста тиқирлашидан чўчиб ўзига келди. «Астағфуриллоҳ! Ким бўлди шу маҳалда? Шамолмикин ё шундай туюлди, шекилли. Ухлаш керак».
Кўрпани устига тортаркан, дераза яна икки-уч марта тақиллади.
– Ким у? – деганча дераза олдига борди. Аммо бирон товуш ёки шарпани сезмай яна жойига қайтди. Бироз ўтиб эса... охири бўлмади. Чопонини елкасига ташладию ташқарига йўналди.
Ташқарида жон асари кўринмас, шамол кучайиб, еру кўкни хазон барглари қоплаганди. Жаҳонгир кўча эшиги қия очиқ қолганини кўриб, шамол очган, деганча, ёпиб қўйиш учун шошди. Аммо ўз хонасининг деразаси рўпарасига келганда эшикни шамол очмаганига амин бўлди...
* * *
– Сенга йўқол демаганмидим. Ҳалиям шу ердамисан?
– Опажон, мени ҳайдаманг, ахир қаерга ҳам борардим, ота-онам ўлиб кетишган бўлса. Янгамнинг олдида қандай яшайман?..
Бошимни қотирма! Бу – сенинг муаммоинг, укамни фарзандли қилиш эса менинг бурчим, тушундингми? Шу бугуноқ! Эшитяпсанми? Шу бугуноқ даф бўл уйимдан!
Сафаргул келинни итариб юборганича ичкарига кириб кетди. Дили вайрон бўлган келин унсиз йиғлаб ошхона томон йўл олди.
Жаҳонгир хонага киргач, хотинининг нарсалари ҳозирлаб қўйилганини кўрди-ю:
– Ҳеч қаерга кетмайсан! – деди. Хотинининг қўлидагиларни тортиб олди. – Мен сени яхши кўраман, Нафис. Сенсиз яшолмайман! Илтимос, кетма, - деди.
Нафиса эрининг кўзларига тикилди. Аслида Нафисани Жаҳонгир эмас, унинг ота-онаси яхши кўриб келин қилишди. Йигитнинг унда унча кўнгли йўқ эди-ю, қизнинг одоб-ахлоқи, мулойим гап-сўзи, қўлигул чеварлиги ва пазандалигини кўриб, унга муносабати ўзгара бошлади. Улар жуда аҳил бўлиб кетишди, аммо йиллар ўтса-да, фарзандли бўлишмади. Қайната-қайнана ҳам ёлғизгина ўғлидан зурриёд кута-кута оламни тарк этди. Аммо икки уй нарида турадиган Сафаргул кейинги пайтда туғмас келинни ҳайдаб, укасини бошқа аёлга уйлантиришни астойдил кўнглига туккан. Ҳатто, «бешик кўрган»идан топиб ҳам қўйган. Эр-хотиннинг эса асло ажралгиси йўқ.
* * *
Зийнат ишдан шошиб келди. У бугун дугонаси Нафисани кўргани бормоқчи. Апил-тапил тайёрлаган сомсадан болаларига кўпроқ қолдираркан, бари бир кечроқ келаман, оч қолишмасин, деб ўйлади. Дугоналар бир жойга келишдими, ҳеч гаплари адо бўлмасди.
Уйдан чиққан Зийнат йўл-йўлакай дугонаси ҳақида ўйлаб кетди. Кейинги пайтларда бефарзандликдан эзилган Зийнат илгаригидек хуш-хандон, очилиб-сочилиб гаплашмас, иккови гап-сўзсиз бир-бирини тушунишарди. Бугун ишхонасида Нафисаларнинг бола асраб олгани ҳақида эшитдию хурсанд бўлиб кетди. «Бундай нияти борлигини айтмаганди, аммо яхши иш бўлибди», деб ўйлаганча дугонасини кўргани ошиқди.
Нафиса Зийнатни ҳам қувонч, ҳам қандайдир хавотир билан қаршилади.
– Ярим кечаси Жаҳонгир акам бола йиғисидан уйғониб кетибди. Ташқарига чиқса, шундоққина ётоқхонамиз деразасининг тагида йўргакланган чақалоқ ётганмиш. Қайсидир тошбағир уни ташлаб кетибди. Хўжайиним билан ҳам хурсанд бўламиз, ҳам ҳайрон. Ўғил бола экан... Дугонажон, кимлардир тирноққа зор, кимлардир эса... Ҳай, майли, биз дилимиз шод бўлди, дея боламизга Дилшод деб исм қўйдик. Аммо қайнопам...
Сафаргул укаси ажрашишни истамагач, жаҳл отига минган, укамни бир бало қилиб қўйгансан, отамнинг чироғини ўчирмоқчимисан, дея кунда-кунора келиб келин шўрликни юмма талаб кетарди. Бола воқеасидан кейин эса Сафаргул бутунлай қутуриб кетди... «Бировнинг ҳаромисини бола қилишга ор қилмайдиган укасинию ношуду нотавон келин»ини ҳақоратларга кўмиб ташлади.
– Кеча келиб «Болани эрталабгача йўқотмасанг, ўзинг ҳам бу уйдан даф бўл!» деб кетди. Ҳозир келиб қолса керак, – деди Нафиса эшикка қўрқа-писа қараб. Зийнат дугонасига раҳми келиб бир-икки оғиз тасалли бермоқчи эди, аммо гапи оғзида қолди. Ташқаридан бақир-чақир эшитилиб, уйга Сафаргул шитоб билан кириб келди. Нафиса тура солиб бешикка ёпишди. Сафаргул оғзига келган тубан сўзларни ишлатар, «туғмас», «қисир», деган тавқи лаънатни қайта-қайта такрорларди. У бешик устидаги ёпинчиқни юлқиб олиб, чақалоққа ташланди.
– Опажон, ундай қилманг! Жон опажон, бир умр қулингиз бўлай!..
Сафаргулнинг кўзлари қонга тўлди. Бешикни даст кўтардию ҳовли томон чопди. Эшикни тепиб очиб, бешикни улоқтиришга чоғланганида Зийнат унинг қўлларини қайирди.
– Сизнинг ҳам қизингиз, ўғлингиз бор-ку! Уларнинг эртаси қандай бўлишини қаердан биласиз? – деди Зийнат ортиқ чидолмай.
Сафаргул унга ўқрайди:
- Болаларимнинг ташвишини қилма! Икки дунёда ҳам мен ота-онасининг тайини йўқ ташландиқ болани ота-онамнинг умидли уйига қўймайман!
Ўша куни Нафисани ҳайдаб юборишди. Кўп ўтмай Жаҳонгир уйланди. Уч йилдан сўнг турмушга чиққан Нафисани ёши анча катта бўлган турмуш ўртоғи жуда ҳурмат қилар, Дилшоддан бор меҳрини аямасди. Бир йил ўтиб, Нафиса эгизак қизалоқли бўлди. Болажон эрининг қувончи чексиз эди. Жаҳонгир учинчи марта уйланса-да, ҳануз бефарзанд. Айниқса, сўнгги келин жуда ўткир чиқди. Ҳатто «ҳамма ишга бурнини тиқаверадиган» Сафаргулнинг қадамини кесди. Эргаштириб келган арзанда қизини эса еру кўкка ишонмас, «ҳамма айб Жаҳонгирда» эканига икки гапнинг бирида шама қиларди...
* * *
Зийнат кўк дарвозали уйга яқинлашаркан, ичкаридан бир аёл чиқди. Узун кўйлак кийиб, рўмол ўраб олган бу аёлни у таниёлмади. Аёлни кузатиб чиққан Нафиса беҳолгина дарвозага суяниб, нотаниш меҳмоннинг изидан қараб қолди. «Дугонамнинг тоби йўқ, шекилли», деб хаёл қилган Зийнат қадамини тезлатди.
Дарвозага суянганча тошдай қотиб қолган Нафиса дугонасининг овозидан ўзига келди. Унинг кўзлари қизариб, қовоқлари шишган эди. Нафиса ўзини қувноқ тутишга уриниб Зийнатни уйга бошлади.
– Болаларинг кўринмайди? – гап бошлади Ҳафиза.
– Мактабга кетишган. Фоти-Зуҳралар ҳам бу йил биринчида ўқишяпти, – кулиб жавоб берди Нафиса. Уни бир дард эзаётгани кундай аён эди. Дугонасининг нима гап деган саволига бир хўрсиндию жавоб берди:
– Биласанми, Дилшодимнинг онаси келибди. Уни қайтариб беришимни зор қақшаб илтимос қилди.
– Қизиқ, фарзанди борлиги шунча йилдан кейин эсига келибди-да, ажабланди Зийнат ва ҳозиргина эшикдан чиқиб кетган аёлни эслади.
– Қизиқ бўлганда қандоқ! Унинг кимлиги ҳаммасидан ҳам қизиқ.
– Ким экан у? – янаям қизиқиши ортиб сўради Зийнат.
– Сафаргул эсингдами? Ўшанинг қизи Муниса...
Зийнат хато эшитдимми, дегандай қайта сўради. Сафаргулнинг қизи... Бўлиши мумкин эмас. Ахир ҳамма балони бошлаган Сафаргул эди-ку! Дарҳақиқат, ўша пайтлар унинг қизи институтда ўқирди-я. Бундан чиқди, Муниса иснодга қолмаслик учун ҳеч кимга сездирмай болани бефарзанд тоғасию янгасига қолдирмоқчи бўлган...
– Ўшанда қаттиққўл онасига ҳақиқатни айтишдан чўчиган экан, – деб гапида давом этди Нафиса. – У болани бизга топшириш энг тўғри йўл, деб ўйлабди. Ўша йигит иккови болани деразамиз остида қолдиришиб, Жаҳонгир чиққунча ойнани черта-черта кутиб туришибди.
– Хўп, қилғиликни қилишибди, нега энди сен болани катта қилгач, тортиб олишмоқчи?
– Йиллар ўтгач, ўша йигит Мунисага уйланибди, бироқ улар фарзанд кўришмабди. Эр-хотиннинг Дилшодимни қайтариб олишдан ўзга чораси йўқ эмиш. Аммо улар чучварани хом санабди, чунки мен ўғлимни ҳеч кимга бериб қўймайман! Дилшод фақат ва фақат менинг фарзандим!
Бу гапларни айтаётган Нафиса илгариги тортинчоқ ва уятчан Нафисага асло ўхшамас, ёниб турган кўзларида оналик аталмиш бахт ва шу бахт ато этган адоқсиз журъат, қатъият ва шижоат акс этарди. Бу кўзлар боласини дея не кўйларга тушса-да, уни жон-жаҳди билан ҳимоя эта оладиган, жигаргўшасининг бахту саодати учун жонидан ҳам кеча оладиган мўътабар аёлнинг кўзлари эди. Зийнат дугонасидаги енгиб бўлмас кучга манба бўлаётган қудрат оналик меҳри эканини, шум қисмат Сафаргулдан қасос олаётганини дил-дилдан ҳис этди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 47
Ман копироват қилидим ҳолос.
Сизга таклиф бор?