Чин ота (4-хикоя)
Гулзода хар уч кунда эридан калтак **** келавергач отаси ва акалари уни эридан буткул ажратиб олишга қарор қилдилар.
-Бўладиган бола бошидан маълум, дейишади қизим. Бас, бу бола сенга эр бўлолмади. Бирон жойингни уриб майиб қилмасидан ажратиб олайлик.
Авваллари отасидан бу гапни эшитганда, имкон берайлик, ўзгариб қолар, деб доим рози бўлмас эди. Бу сафар ундай қилмади. Кўкарган кўзини силаркан:
-Хўб дада, сиз нима десангиз шу!-дея рози бўлди.
Уч ойгача хар куни қудалар келаверди, булар рад қилаверди. Бир куни куёвни ўзи хам маст-аласт келиб жанжал бошлади. Эртага ярашиб кетса синглимиз гапни тагида қолмасин деб акалари куёвларига қаттиқ гапиролмас эдилар. Энди вазият ўзгарган, ичидаги аламларини хуморидан чиқса бўлади.
-Хой, Пўлат!-Ахмадали биринчи марта куёвини сенларкан, ёқасидан олиб силтаб юборди.-Яхшиликча уйинга қайт, бўлмаса сени аравада олиб кетадиган қилиб ураман.
-Ур-р-риш-санг ур-ришўраман!-Пўлат гандираклаб келиб Ахмадалига хезланди.
-Уришгунча сўтагингни артсангчи!-Мухаммадали акаси ва куёв ўртасига тушаркан, унинг кўкрагига кафтини қўйиб тўхтатди.-Шу пайтгача синглим хурмати хурмача қилиқларингга чидаб келаётгандим. Энди тамом, синглим сен билан ажрашади.
-Нима, аж... аж... аж-рашадими? Номини оқ..оқлаб олди... бўл... бўлдими? Мен омасам... мен омасам синглинг қ-қ-қари қ-қ-қиз бўли-иб ўтирарди.
Гулзода табиатан кўримсиз қиз эди. Бунинг устига битта елкасида озроқ қусури бўлиб, бир қўлини қорни томонга сал тортиб турарди. Шунинг учунми Совчилари саноқлигина келган, улар хам туғма ногирон йигитлар учун сўраб келишарди. Кейинчалик эса буткул совчи келмай қўйгани учун махаллада “ўтириб қолган” дея ном ола бошалаганди.
Ёши йигирма саккизга чиққанида Пўлатдан совчи келиб қолдию, кўп ўйламай узатиб юборишди. Ўгай онасининг жангарилиги сабабми, ё хар тўйларда ичволиб жанжал қилавергани учунми Пўлатжонга хеч келин топа олишмаётганди. Чиройи бўлмаса хам эплигина қиз, бунинг устига махалла чевари бўлган Гулзода улар учун сўнгги чора бўлди. Ўгай онаку келинидан бесабаб айб қидирмади, аммо, Пўлат хеч одам бўлмади. Ичиб келиб хотинини дўппослар, чеварлик қилиб топган пулларини тийинигача қўймай олиб ичиб юборарди.
Беш йиллик турмуш давомида агар кунма-кун қўшиб хисобланса бир йил хам эриникида яшамади. Ўн кун эриникида бўлса, уч ой отасиникида яшарди.
Албатта бу холат эркакларнинг иззат-нафсига тегиб келган. Яшаб кетар, яшаб кетар деган илинжда куёвларини аяб келган йигитлар энди сабр қилишолмади. Айниқса
“қари қиз” ибораси сўнгги зарба бўлди. Мухамадали ўнг қўли билан шунақанги тарсаки тортдики, овозидан терак учидаги чумчуқлар хам чўчиб кетишди.
Пўлат эса, кўзлари олайганча, кесилган теракдек ёнбошига қулади.
Можорони кузатиб турган қўшнилар дарров орага тушиб, ака-укаларни бир четга тортишди. Кимлардир эса ариқдан ховучида сув олиб, Пўлатга сепиб ўзига келтиришди.
Тамом, эндиям ярашиш хақида гап бўлиши мумкин эмасди.
Гулзода тўрт ёшли ўғли билан отасиникида яшай бошлади. Энди оилада иккинчи ўғилга ер сотиб олиш хақида музокаралар бошланганди. Давлат ахолига уй-жой учун ер берганда катта ўғилга хам ер берган, унинг уй-жойдан муаммоси йўқ эди. Гулзода ажрашгандан кейин (қайтиб турмуш қилмайман деб келаётган совчиларни қайтаравергач) кичик ўғил хам бошқа уй қуриб чиқиб кетишни режа қилган, ота ховлини сингилларига қолдиришмоқчи эди.
Бирдан кенжа келиннинг муносабати ўзгариб қолди. Бошқалар буни сезмаса хам, Гулзода буни аниқ-тиниқ пайқаб бўлганди. У тушунди, “чиққан қиз чиқириқдан ташқари” деб бекорга айтишмас экан. “Онам тирик бўлгандаям кеннаям бунақа ўзгармасди” дея тунлари йиғлаб оладиган одат чиқарди.
Айни шу кунларда махалла оқсоқоли уйларига тез-тез келадиган бўлиб қолди. Маълум бўлишича оқсоқол Гулзода ва Қосимжоннинг бошини қовуштириб қўйишни режа қилган экан.
Қосимжонлар қишлоққа янги кўчиб келган оилалардан эди. Тожикистонда фуқаролар уруши бошланган пайтларда касал онаси билан келиб қолганди. Унинг ота-боболари бир пайтлари шу қишлоқдан Душанбега кўчиб кетган дейишарди. Қишлоқда уларнинг биргина қариндошлари қолган - Ойша буви. Ойша бувининг эри ва икки ўғли 43-йилларда урушда халок бўлган экан. Ўша бўйи бир умр ёлғиз ўтди.
Қосимжон ва бемор онаси Ойша хола билан яшай бошладилар. Онаси 3-4 ой ўтмай, Ойша хола эса икки йилча олдин вафот этгандилар. Қосим ўшандан бери ёлғиз яшар, махаллада мардикор ишлаб кун кўрарди. Қосимжон 10 ёшлар пайти эхтиётсизлик қилиб устига қайноқ сув тўкиб юборган, бунинг оқибатида юзининг ярмидан кўпи - ўнг томонига қараб оқиш пушти тусдаги доғлар ялтираб турар, бир қараган одам сесканиб кетиши табиий эди. Агар кўйлагини ечиб ишласа бу доғлар унинг ўнг елкасидан биқинига қараб чўзилганини хам кўриш мумкин бўларди, аммо Қосимжон хеч қачон ечиниб ишламасди.
Бу йигит ўзига бирон қиз турмушга чиқишига ишонмас, шунинг учун уйланиш хақда ўйлаб хам кўрмасди.
Оқсоқол эса, унинг халол ва мехнаткашлиги учун хурмат қилар, бир амаллаб бошини иккита қилиб қўйишни ўйлаб юрарди.
Бу никох хақида айтишганда Гулзода кутилмаганда розилик билдирди. Қосимжондан яхшироқ одамларга хам рад жавобини бергани, қондошлари орасида “энди қайта турмуш қилмайди” деган тушунчани шакллантириб бўлганди.
Махалланинг каттта-катталарини чақириб ош бердилар, уларни никохлаб қўйишди. Гулзода ва ўғли Улуғбек Қосимжон билан яшай бошладилар.
Улуғбек ўгай дадасини биринчи кундан ёқтирмади. Тоғалари, бобоси уни доим эркалатиб, “сиз”лаб гапиришарди. Бирон айб қилса хам кулгуга олиб қўяверишарди. Қосимжон эса унинг хар бир айби учун бу ишнинг нотўғрилиги ва оқибатлари хақида болага насихат қиларди. Бунинг устига “сен”лаб гапириши болага оғир ботарди.
Эр-хотин чорбоққа чиқиб ишлаган кезлари болани хам ёнларига чақириб олар, арзимаган юмуш бўлса хам болага буюриб, мехнатга ўргатарди. Бу албатта етти ёшли болага ёқмасди.
-Новдани ёшлигида эгиш керак хотинжон!-деб қўярди Гулзодага. Агар Улуғбек қўл учида иш қилиб, қочиш учун у ёқ – бу ёққа аланглаб қолса ўгай ота қовоғини солиб унга тикилар, аммо сўкмасди. Урсанг эти, сўксанг бети қотади, деб тушунарди. Қосимжон бу талабчанлигига яраша ўз вақтида рағбатлантиришниям ўрнига қўярди. Ха, унинг бошқаларга ўхшамаган ўз тарбиялаш усуллари бор эди
-Яша ўғлим, бугун зўр ишладинг! Бозорга борсам марожний билан хўрозқанд олиб келаман,-дея уни қувонтириб турарди. Айтдими албатта бажарар, хатто хўрозқанд олиб келса ўртоқларинггаям бер, деб қўлига ортиқча ушлатиб қўярди.
-Халироқ ўзи **** оларди, ўртоқларига бериш шартми?
Гулзода аввал бошида ана шундай эътироз билдирганида Қосимжон кулганча жавоб қилганди:
-Қўявер, бу ёшдаги болалар дадаси билан мақтанишни яхши кўради. Мен унга шу имкониятни беряпман.
Гулзода эрини илгари умуман танимаганини кун ўтган сари аниқроқ хис қилиб борарди. Бирон жойда ўқимаган оми, хатто бироз эсипастроқ деб хисобларкан. Энди эса жез деб олгани тиллага айланаётганидан ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетарди.
Куз келиб Улуғбек мактабга чиқди. Қишки каникулга чиққанларида эса онаси қиз бола жижи олиб келди. Синглисига Азиза деб исм қўйишди. Қизалоқ туғилгач Улуғбекка бўлган эътибор бироз пасайгандек бўлди. Бола бундай шароитдан фойдаланиб кўчага кўпроқ чопиб, ўзидан катта болаларга қўшилиб номаъқул қилиқларни ўргана бошлади. Бир кун унинг оғзидан тамаки хиди келаётганини сезиб қолган ота бунинг зарарларини санаб насихат қиларкан, иккинчи марта такрорласа хипчин билан савалашини айтиб қўрқитди.
Биринчи синфни тугатиб, ёзги таътилга чиққан пайтлари яна қўлга тушиб қолди. Катта болалар “Битта ичингга тортсанг пул бераман” деган гапларига ишониб сигаретани қўлига олди. Қосимжон буни кўриб турган экан. Ўғлини тезда уйга киришини буюриб, ўша болаларга хам айтар гапини айтди. Кейин ховлига қайтаркан Улуғбекни ёнига чақирди. Тутнинг кичикроқ новдасини синдириб олган экан, ўша билан боланинг болдирига бир икки туширди.
-Хой, нима қилганингиз бу! –Гулзода биринчи марта эрига қарши чиқиб боласиини химоя қила бошлади.-Ўзингизни болангиз бўлсаям урармидингиз?
-Мен ўз боламни уряпман хотин, қоч аралашма!
-Болангиз бўлса жонингиз ачирди.
-Ачигани учун уряпман. Ортиқча шохни катталашмасдан кесиб ташлаш керак.
-Нима айб қилди бунча золим бўлиб кеттингиз?
-Чекишни одат қиляпти.
-Э-э, бу бола бўлса чекишни биладими? Чексаям, тўғриликча тушинтирса бўмийдими?
-Тушунтирганман аввал. Такрорланса хипчин билан уришга келишиб олганмиз, тўғрими Улуғбек?
Улуғбек кўз ёшларини артаркан онасини панасига беркинди.
Бу эр хотин ўртасидаги биринчи зиддият эди. Кейинчалик, Улуғбек бешинчи синфда ўқиб юрган кезлари иккинчиси хам юз берди. Ўша куни ўғли ўртоқларига қўшилиб Азамат буванинг пайкалига тушиб, бир сумкадан чала пишган хандалак ўғирлаб келишганди. Қосимжон сумка ва ўғлини велосипедига миндириб далага қайтиб борди. Пайкал четида юрган Азамат бува билан саломлашиб воқеани тушунтирди.
-Азамат бува, айбимиз бўйнимизда, мана ўғлим. Хохласангиз ялонғоч қилиб арига талатинг. Хохласангиз қўл-оёғини боғлаб избирга чўктиринг. Менга бунақа ўғри бола керакмас.
У шундай деб ўғлини ташлаб уйига қайтди. Нима бўлишини юрак ховучлаб кутиб ўтирган хотини дарвоза олдида кутиб олди. Хотинига бўлган ишларни айтиб берганди, жанжал бошланди.
-Ўгай бари – бир ўгай экан-да,-дея жавраганча далага югурди. Йўл-йўлакакай дадасиникига кириб, бирга боришга кўндирмоқчи бўлди. Аммо, кутилмаганда дадаси ўзини уришиб берди.
-Сен қанақа онасанки болангни тўғри йўлга солаётган одамга қаршилик қиласан. Нима, ўғлинг биринчи эрингга ўхшаган такасалтанг бўлсинми?
Қўрқма, болангни арига хам талатмайди, сувгаям улоқтирмайди. Уйингга бориб эрингдан кечирим сўра.
Гулзода уйига қайтиб, ўз чевархонасига қамалиб олди. Аммо, тиқ этса қулоғи динг бўлиб ўғлини кута бошлади. Қош қорайганда Улуғбек сумкаси тўла холда қайтиб келди. Сумкадан шундай ёқимли хид таралардики, ичини кўрмасдан хам бу хандалаклар эканини пайқаш мумкин эди.
-Сени урдими?-она боласини бағрига босаркан, эрига ўқрайиб қараб қўйди.
-Йўқ.
-Сўкдими?
-Йўқ. Мен Азамат бувага ёрдамлашдим. Бегона ўтларни юлиб пайкал четига ташидик. Кейин сув очиб эгатларни суғордик. Шундан кейин менга ўзи мана буларни узиб берди.
Гулзода шунда хам эрига рўйхуш бермай юрди. Аммо, эри йўқ пайти ўғлини яхшилаб тарбиялаб олди. Дадаси тўғри иш тутганини, ўғирлик энг ёмон одатлигини сингдирди.
Орадан йиллар ўтиб Улуғбек тўққизинчи синфга кўчди. Синфдоши Олим скутер олганини кўриб роса хаваси келди. Келиб онасига бу хақда айтаркан:
-Менгаям олиб беринг, -деб хархаша қилди.
-Дадангдан сўраймиз ўғлим, даданг нима деса шу. Пули бўлса олиб беради, бўлмаса катта бўлиб ўзинг оласан.
Кечга дадаси ишдан келганда дадсига ўша гапларни айтди. Қосимжон пиёладаги чойини хўпларкан, Гулзодага бир қараб олиб сўз бошлади:
-Ўғлим, хозир рўзғордан орттириб сенга скутер олиб беролмаймиз. Кўряпсан, уйларимиз эски, тулаб кетяпти. Шу уйларни бузиб, янгилашимиз керак. Аммо, сенга имконият берамиз. Ўзинг ишлаб пул топ, пулингни аянг тўплаб беради. Қачон етарлича пул йиғсанг сотиб оламиз. Даврон тоғангни иккала ўғли хам ғишт заводига бориб ишлашяпти, ўшаларга қўшилиб ол.
Дадаси гап бошлаганда тарвузи қўлтиғидан тушган бола гап охирида жонланиб қолди. Эртасигаёқ ишга қатнай бошлади. Махалладаги Рустам дамасида ғишт заводига одам ташиб кира қиларкан. Улуғбек биринчи кунлари ишнинг хадисини олгунча бироз қийналди. Кейин тезда мослашиб кетди. Иш юритувчи хар куни кечки пайт болаларнинг пулини санаб берарди. Пул беришда синдирган, брак қилган ғиштларнинг пулини олиб қоларди албатта. Аммо, Улуғбекка бундай қилмасди, бола эса бундан ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетарди. “Янгилигим учун хатоларимни кечиришяпти” деб ўйларди. Рустам амаки эса кичик тоғамни ўртоғи бўлгани учун мендан йўл киро олмаяпти, деб хисобларди.
Ёз ўрталарига бориб Улуғбекка скутер сотиб олишди. Шундан сўнг ғишт заводига қатнамай қўйди. Энди асосий вақтини Олим иккиси скутер учиб ўтказа бошладилар. Хеч қанча ўтмай бу уларни зериктира бошлади. Улуғбек энди айфон телефонга қизиқиб қолди. Бу хақда дадасига айтганди, Қосимжоннинг қовоғи уйилди.
-Ўғлим, биз сени институтда ўқийди, олий маълумотли бўлади деб умид қилиб юрибмиз. Сен эса ёш боладек фақат ўйин хақида ўйлайсан. Бугундан бошлаб телефонни унут. Скутерни хам иш чиққанда минасан. Қўшнимиз Диёра репиторга қатнаяпти экан. Эртагадан сенам Чўриндилик Хасанбой домлага қатнайсан, математикани ўрганасан. Хозирдан бошламасанг интститутга киролмай қоласан.
-Хасанбой домла сентябрдан бошлайди ўқитишни,-эътироз билдирмоқчи бўлди дадасига.
-Сен олдин сентябргача тайёрланиб уни имтихонидан ўтиб олишинг керак. Группасига имтихонидан ўтганларрни қабул қилишаркан. Яхшилаб ўқишинг керак ўғлим. Бўлмаса бир умр мендақа мардикор ишлаб ўтасан.
Улуғбек ноилож фанларни ўқишга киришди. Сентябрь ойида эса Хасанбой домла имтихонидан ўтиб, гурухига қабул қилинди.
Октябрь ойи охирлари эди. Қосимжон ўғлини бир назорат қилиб қўяй, деган фикрда скутерни миниб Чўриндига йўл олди. Афсуски, дарс бўлаётган гурухда ўғлини топа олмади. Устознинг айтишича Улуғбек уч сафардан бери дарсга келмаётган экан.
-Сентирдаги компютерхонада бўлса керак,-деди орқароқда ўтирган йигитчалардан бири.
Қосимжон ғазаб отига минганча ўша ерга йўл оди. Ростдан хам ўғли ўша ерда экан. Қосимжон ўзини тутиб туролмай, тарсаки тортиб юборди. Кейин қўлидан тутиб ташқарига судради.
-Сен билан уйда давом эттирамиз!-дедию, скутерни хайдаб кетди. Уйга келгач, хонага қамаб олиб роса тергади. Аламидан хонтахтани муштлаб-муштлаб юборарди.-Мени қийналиб ишлаганимни қўя тур, аянгни қара, сени ўқитаман деб кечаси билан иш тикиб чиқади. Нима, сенам қора ишчи бўмоқчимисан? Нимага хар нарсага етган ақлинг шунга етмайди? Тушуняпсанми сен оилавий даромадимизга хиёнат қиляпсан. Худди ўғирлик қилган билан тенг бу ишинг! Эссиз сенга сарфлаган пулларимиз. Бўлди, бугундан бошлаб ўқиш йўқ. Мен билан мардикорга чиқасан, синглингни ўқитиш учун пул ишлайсан.
-Миннат қиляпсизми?-орқасидан Гулзоданинг овози эшитилди.
-Ахмоқ хотин!-Қосимжоннинг энсаси қотди.-Мана бола нега айниб кетяпти. Сени мана шунақа ён босишларинг оқибатида боланг мени айтганимни қилмаяпти. Хамма гап сенда эканку. Аввало сени тарбиялаш керак экан.
Эр-хотин ўртасида даханаки жанг бошланган пайти Улуғбек аста сирғалиб ташқарига чиқди. Унинг йўқолиб қолганини анча кеч пайқашди.
-Болани беззиллатиб қўйдингиз!-Гулзода зарда қилганча кўчага чиқиб кетди. Бироздан сўнг бир ўзи қайтиб келди, ўғлини тополмаган эди.
Кечки овқат махали бўлди хамки, бола келмади. Қосимжон хотинининг дийдиёларидан зерикиб кўчага чиқди. Аввалига Улуғбекнинг ўртоқлариникига кириб чиқа бошлади. Тополмагач, махалла четидаги билярдхонага йўл олди. Ўғли бу ерда хам йўқ экан. Қайтиб чиқаётганда тол тагида ичиб ўтирганлардан бири гап ташлади:
-Кимни қидиряпсан пес?
Қосимжон Гулзоданинг биринчи эрини танидию, эътибор бермай кета бошлади.
-Улуғбекни қидираётган бўлсанг овора бўлма. У энди мен билан яшайди.
Қосимжон тушундики, Улуғбек бу ерда бўлган. Балки мени кўриб яширингандир, дея дўкон нарисидаги қари толга тикилди. Унинг назарида кимдир ортига яширингандек туюлди. Тўғри ўша ерга бориб қараса, ўғли яшириниб турган экан.
-Олдимга туш!-деди унга йўл бериб. Бола йўлга тушаркан бироз гандираклагандек бўлди. Оғзини хидлаш учун сал энгашди,-Шошма, “кух” дечи. Ие, ичдингми?
-Йигитти хўрози ароқ ичади пес. Мени улим хўр-роз, билдингми?
-Сен аралашма!-Қосимжон қўлини бигиз қилиб Пўлатга дўқ урди.-Ўзинг ботганинг етмагандек боланиям тортяпсанми?
-Ў-ў-ўв, келгинди, кимга дўқ уряпсан?-Пўлат хезланиб кела бошлади. Қосимжон қўлида силтанаётган ўғлини тутиб қолмоқчи бўлганди, бошига қарсиллаб ароқ шиша урилди. Вазиятдан фойдаланган Улуғбек эса ура қочди. Яхшики одамлар кўп экан, Пўлатжон ва Қосимжонни ажаратиб қўйишди. Қосимжон пешонасидан қон сизганча уйига кириб борганди, Гулзоданинг капалаги учиб кетди.
-Тинчликми? Ким билан муштлашдингиз?
-Эринг шиша билан урди. Хечқиси йўқ, оғримаяпти.
-Нимага мени эрим бўларкан?-Хали жахлидан тушмаган хотини жаврашга тушди.-Кўчада калтак **** аламингни мендан оляпсанми?
-Нимага аламимни оламан, саволингга жавоб беряпман.
-Боплабди урган бўлса. Ўғлини сенга хўрлатиб қўймайди ажрашган бўлсаям. Ўгай деб доим уни камситасан? Доим тергайсан.
Қосимжон эндигина хотини ўзини “сен”лаётганини пайқаб қолди. Гулзодани биринчи марта кўраётгандек тикилиб қолди. Бу қарашларга дош беролмаган хотини кўзини олиб қочдию, нарсаларини йиғиштиришга тушди.
-Қизим тур, бобонгникига кетамиз. Акангни хўрлаган одам билан яшаб бўлмайди. Тур тез-тез ивирсимай! Ташла китобингни, олдимга туш.
Қосимжон ўзини кроватга ташлаганча қолаверди.
“Айбим нима? Болани тўғри йўлга солаётганимми? Ўқисин, одам бўлсин деганимми?”
Ноябрь ойининг иккинчи жумасида кичик тоғаси Улуғбекни хам жума намозига олиб кетди. Улуғбек у ердан бир олам завқ-шавқ билан қайтиб келди. Кўйлак тикиб ўтирган онасига имом домла қилган маърузалардан гапириб бера бошлади. Ўғлидаги ўзгаришни кўрган Гулзода хурсанд холда уни тингларди. Бир пайт ўғли хали тушлик қилмагани ёдига тушиб қолди.
-Абед қилвол сен бола. Тоғанг қани?
-Тоғам кўча бошида бир ошнаси билан гаплашиб қолувди, мен келавердим.
Тоғаси ўша бўйи қош қорайганда кириб келди. Гулзода унинг ташвишли юзига қараб нимадир юз берганини пайқади.
-Тинчликми ака, кеч қолиб кетдингиз? Қаерда эдингиз?
-Эрингни кўргани кирувдим. Бир – икки кундан бери бомдоддда кўринмай қолувди. Яхшиям кирган эканман.-У хонтахта четига келиб ўтириши билан жияни унинг тепасига келиб тик турганча унга қулоқ сола бошлади.- Истмада куйиб ётган экан бечора. Анави эринг шиша билан урганда синиқ парчаси тери остида қолган экан. Чаккаси йиринг боғлаб кетибди, истма шунга чиқаётган экан. Битта мошина ушлаб тез тиббийга олиб бордим. Яраларини ювуб, тозалаб тикиб қўйишди. Икки соатча дохтирлар назоратида турди. Кейин жавоб беришганди, яна уйларингга олиб келиб қўйдим.
-Ая, кетдик уйга!-Улуғбек онасига қаради. Унинг қарашларида хам, овозида хам хеч қандай ялиниш ёки илтимос оханги йўқ. Бу хеч иккиланишсиз аниқ қилиб айтилган буйруқ эди. Шу пайтгача акаларининг хам дадасининг хам гапига унамай келаётган эди. Аммо, хозир ўғлига хеч нарса дея олмай қолди. Улуғбек эса онасидаги иккиланишни кўриб бироз зарда билан бугун имом домладан эшитган гапни эслатди,-Эрини рози қилмаган аёл жаннатга кирмас экан ая!
Боланинг гапидан сўнг ака-сингил бир-бирларига қараб олишди. У синглисига “ана кўрдингми, ўғлингни ақли жойида” дегандек имлаб қўйди.
Ха, Улуғбек аллақачон бир тўхтамга келиб юрарди. Чунки, уч-тўрт кун олдин ўртоқлари билан ғишт заводига ишга боришганди. Ундан хеч йўл киро олмаган Рустам ака етиб боришлари билан пулини сўради.
-Рустам ака мен ўртоғингиз Мухаммадалини жияниман. Мендан пул олмадингизку олдин?
-Сени танидим жиян. Олдин сендан пул олмасдим тўғри, чунки даданг олдиндан йўлкирога пул бериб қўйганди. Хафа бўма жиян, тирикчилик, сенларни бепул ташисам, бола чақани ким боқади.
Улуғбек бу гаплардан сўнг тушундики, ғишт заводиддаги иш юритувчи унинг брак қилган ғиштларига пул ушлаб қолмаганига хам дадаси сабабчи. Пули тезроқ кўпайиб, тезроқ скутер олиши учун шундай қилган кўринади.
-Кетдик ая, бўлмаса синглимни олиб ўзимиз кетамиз.-онасини қистай бошлади.
-Сени урганини дарров унутдингми?
-Ота-онанинг болани уриши ун оши, сўккани сўк оши экан ая. Мен ўқишим керак, дадамнинг гапларини энди тушундим ая. Кейин, ўтган куни кеннаямни кўзгусини синдириб қўйгани учун синглимни қанақа урдингиз? Дадам мени бунақа арзимас матах учун хеч қачон урмаган.
-Гулзода, бола тўғри гапиряпти! Кўтар лаш-лушларингни, уйингга бор. Айниқса хозир унга жуда кераксизлар!
Гулзода ўғли ва қизи билан уйига кириб борганда боши бинт билан боғланган эри кечки овқат учун картошка арчиб ўтирган экан. Уларни кўрдию кўзлари порлаб кетди.
-Ассалому алайкум, тузукмисиз дадаси. Мана биз келдик. Бизни кечирасизми?
28.01.2025 Дониёр Аҳмаджонов
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев