Қабул қилсанг келур бошингга давлат.
Жаҳон кўрган қарининг сўзин олғил,
Амал айлаб, ани кўнглингга солғил.
Йигитлик даврини иш вақти деб бил,
Ғаниматдир, керак ишни билиб қил.
Жаҳон халқи ўликдир ё тирикдир,
Тирик юрган илмсизлар ўликдир.
Ҳаёт ичра урушмоқ ё топишмоқ,
Икковига зарурдир илм ўқимоқ.
Илмсизлик нечук қилди элингни,
Илм-чун боғлагил эмди белингни.
Сиёсатда агар бўлсанг Темурдек,
Ёқарсан илми йўқларни кўмирдек.
Илмсизлар бўлур ҳар ишда ҳолсиз,
Урушга кирса бўлғайму қуролсиз?
Илм билгил, тилин бил дўсту душман,
Иккови бўлмаса бергай сена панд.
Ўқи ҳар канча билсанг, куч кўрурсан,
Вале бир ишни қилсанг куч бўлурсан.
Ул иш эрса унутма ўзлигингни,
Таниткил барчага ўзбеклигингни.
Бировлар соясида турма зинҳор,
Заҳарли сарқитидан тотма зинҳор.
Бировлар соясида кун кўришлик,
Эрур яхши у иш қилмай ўлишлик.
Ватан асли сенингдур Ўзбекистон,
Ўғуздан қолмиш эрди бу гулистон.
Ватан аҳли Ватан меросхўридур,
Отадин қолса мол фарзандникидур.
Онадур бу — Ватан аслини сўрсанг,
Сени туғмиш будур, яхши тушунсанг.
Чиқармиш сен учун турлик емишлар,
Кўтармиш елкасида ёзу қишлар.
Тириклар бу Ватан бўйнига мингай,
Ўликлар ҳам анинг қўйнига киргай.
Ватанни дўст тутиш имондан эрмиш,
Онинг-чун ҳақ Расулдин нақл бўлмиш.
Ватанни севмаганлар биздин эрмас,
Буни ким билмаса имонга кирмас.
Ҳаётинг шарти бўлди илм ўқимоқ,
Илмсиз мумкин эмасдир кўз очмок,
Қаро нағувдир жаҳон бошдан-оёғи,
Илмдир доимий ёнган чироғи.
Дема: «Вақт ўтди, энди фойда бермас»,
Киши оқил эса бу сўзни қилмас.
Агар бўлса ўқи ўқдон ичинда,
Бўлур сайд этса вақти келганинда.
Ўқур бўлсанг ўқ ургайсан кўзига,
Асалдек бўлса алданмас сўзига.
Киши умри саноқликдур билурсан,
Ани ўлмайди дебму шак қилурсан.
Жаҳоннинг турмуши ҳар турлик ишдур,
Кўрурсанким, охири ўзгаришдур.
Ўқир бўлсанг жаҳонда билим кўпдур,
Кифоя қилмас, умринг оз бўлибдур.
Азиз умрингни танлаб сарф қилгил,
Ва лекин тарих илмин кўп ўқигил.
Улуғ тарих эгаси Ўзбекистон,
Қозоғу, қирғизу ҳам Туркманистон,
Ўқур бўлсанг билурсан кимлигингни,
Унутмассан яна ўзбеклигингни.
Бухорода туғилди Ибни Сино.
Анингдек йўқ эди қимматли доно.
Бунинг устози эрди Насри Фороб,
Билай десанг буларнинг тарихин топ.
Туғулғон жойи эрди шаҳри Ўтрор,
Бобо Арслон у ерда, билсанг эй ёр.
Бурун Фороб эди бу шаҳри Ўтрор,
Унутма бу сўзимни, айла такрор.
Учинчиси, Абу Райҳон эрур, бил,
Анинг тарихин айтурман, эшитгил.
Эрур Ибн Синолар қатори,
Замондош эрур, ҳам эрди ёри.
Туғулғон жойидур Хоразм, билсанг,
Туганмас фазлини ҳар қанча қилсанг.
Буларнинг ҳар бири бир юздан ортиқ,
Ёзибдурлар китоб уч юздин ортиқ.
Борини фан уза ёзғон эдилар,
Жаҳон аҳлига қолғизғон эдилар.
Эшитдиким, на қилмиш бу учовлон,
Туғулғон жойларидурким Ўзбекистон.
Алардин бу китобларким қолибдур,
Бутун тилларга қолмай йўткалибдур.
Вале қолмиш қуруқ, ўз аҳли андин,
Илмсиз бўлса ҳайдалғай Ватандин.
Яна чиққан бу жойдин бир улуғ эр,
Билур бўлсанг, анинг отин Темур дер.
Туғилмишдур бу шер Шаҳрисабзда,
Билай десанг анинг тарихин изда.
Йигирма етти марказ олмиш эрди,
Жаҳонни остин-устин қилмиш эрди.
Ўзи тузган «Тузукот»ни ўқиб кўр,
Темур қандоқ кишидур анда айтур.
Жаҳонда ўттиз уч йил давр сурган,
Эмасдир ҳеч урушда у енгилган.
Жаҳонда кўп баҳодирлар ўтибдур,
Темурдек каҳрамонни ким кўрибдур?
Иккинчи— Шоҳруҳ ўғли Улуғбек,
Илмда ҳеч ким бўлмади анингдек.
Самарқандда мунажжимхона солди,
Расадхона деган жойни у қилди.
Ҳисобу ҳандаса илмига омил,
Фунун ҳайъат ичида эрди комил.
Шунинг-чун «Зиж Кўрагонни» у ёзди,
Тўлиқлаб ҳайъат илмини чиқозди.
Жаҳон халқи Улуғбекни улуғлар,
Бўлиб олимлари ҳар ерда сўзлар.
Учинчи доҳий эрди Мирзо Бобур,
Сиёсат бобида кўп эрди моҳир.
Илмни ҳам сиёсатни олибдур,
Китоб ёзиб ўз отин қолдирибдур.
Набира бўлғуси Соҳибқиронға,
Етар беш ота бирлан каҳрамонға.
Ўқиб кўрсанг, унинг ёзғон китобин,
Билурсан, шунда ул қандоқ эконин.
Билай десанг, онинг қўл ёзмаси бор,
Ўқиб кўр, изла, «Бобурнома»си бор.
Ўқиб, ёд айла «Бобурнома»ни сан,
Аниқ ўзбек тилин шунда билурсан.
Яна айтай, Алишер Навоий,
Улуғ ўзбек элининг раҳнамои.
Қуёш ёнглик, десам ҳам ёлғон эрмас,
Тушунганлар, бу нотўғри, деёлмас.
Тўлиқ ой оз эрур васфин қилурда,
Этолмас бизга фойда еткирурда.
Биза бу эр улуғ хизмат қилибдур,
Тугамас яхшиликни қолдирибдур.
Отаси ул эрур ўзбек тилини,
Киши билмас онинг билганларини.
Замона тилларин яхши билурди,
Ва лекин ўз тилин ортиқ кўрурди.
На ёзди эрса, ёзмиш турк тилида,
Ўз элин ўйламиш бу қилғонида.
Агар бул бўлмаса, тил ким билурди,
Онинг қилғон ишини ким қилурди?!
Агар ул кутмаса ўзбек тилини,
Билолмас эрди ҳеч ким борлиғини.
Унутса ўз тилин ҳар қайси миллат,
Хиёнатдур, кечилмас бу хиёнат.
Бу ишдин қутқарган бизни Навоий,
Анинг руҳини шод айла илоҳи.
Агар қадриға етса Ўзбекистон,
Атаб номиға қилсун боғу бўстон.
Сифатин айладим бу етти эрнинг —
Бари ўғлони эдилар бу ернинг.
Фалак устида етти юлдуз ўхшаш,
Булардин ибрат олсин ҳар қари — ёш.
Кел, эй Соғуний сўзни кўп узотма,
Кўзинг оч, уйғониб ғафлатда ётма,
Ўтибдур барча умринг дарду ғамда,
Ғаниматдур на қилсанг ҳам шу дамда.
Ёшинг етмишдин ўтмишдур, на чора,
Кўнгил халқ кайғусидин пора-пора.
Айирув бўлсалар жонимни шандин,
Ватаннинг амралмас севгиси мандин.
Дегайлар: Етти қат бу ерни билсанг,
Чуқур ўйлаб қара, яхши тушунсанг.
Боболар сўнгаги бир қат бўлубдур,
Буларнинг танларидин ер тўлибдур.
Она дейдур: Ватанни ондин ортиқ,
Билурсанг, сенга сут бергандин ортиқ.
Босарсан елкасига, юрганингда,
Қучоғида ётурсан ўлганингда.
Ватанни сақламабдур қайси инсон,
Кўрар турлик балоларни у ҳайвон.
Ота меросимиздур Ўзбекистон,
Еткандур бизга эмди бу гулистон.
Ватандин ажради-ўлди, демакдур,
Боқиб душманга, термулди, демакдур.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев