Мен ҳаяжонимни яширолмай, у кишига нималардир дедим. Жуда ҳаяжонланган эдим! Чунки мўъжизага дуч келганим аниқ эди. Қаршимда Президентгина эмас, Худо берган одам – авлиё ҳам ўтирганини аниқ билиб турар эдим...
Ислом Каримовга бўлган иззат-ҳурматимни ҳамиша – у зот билан илк бор учрашганимдан буён юрагимда сақлайман. Аммо бу эҳтиромимни ҳаётликларида баралла ёзишга қўлим бормади. Ҳар ҳолда, тўрт қатор шеър ёзиб, ишларини битириб кетадиган адабий “савдогар”лар қаторига тушиб қолишдан уялдим... Аммо у киши ҳақида бир кунмас-бир кун ёзишим кераклигини мудом англаб келганман.
Чунки Ислом Каримов ҳақиқатдан ҳам Улуғ зот эди!
Гапимнинг исботи учун хотираларимдан бир шингил ҳикоя этишимга тўғри келади.
Президент девонида ишлар эдим.
Мустақиллик эълон қилингандан, бир йил-ярим йил йил ўтган. Бир кун, тўсатдан, зилзила рўй берди. Хонамдаги мебеллар ғижирлади, столим устидаги қаламу ручкалар, ғилдираниб бориб келди, шифтга осилган қандилчалар ҳалинчак учди. Негадир юриб, дераза ёнига келдим: пастдаги чорбоғу кўча қалқиниб турибди.
Кейин билишимизча, зилзила маркази қаердадир Помир тоғларида — бизгача эса тўлқинлари етиб келган, нисбатан кучлироқ мавжи эса Андижонга безараргина тегиб ўтган экан.
Аммо бу гаплар Ислом акага тасалли бермади.
Ўз кўзи билан бориб кўрмаса, бу одамнинг кўнгли тинчирмиди?
У шу заҳотиёқ Андижонга учиб кетди.
Кечқурин “Ахборот”дан Президентнинг Андижонга ташрифи ҳақида лавҳаларни кўрдим. У киши шаҳарнинг одамлар гавжум жойида шаҳарликлар суҳбат қилётгани асносида, зилзиланинг майда-чуйда оқибатлари тезда бартараф қилниши ҳақида гапирдилар, одамларга тасаллли бердилар, режалардан сўзладилар.
Эртаси ишга келиб, Президет келишини кутиб ўтирдим. Чунки у киши зилзила бўлишидан аввал менга иш юзасидан бир топшириқ бериб, натижасини тезда маълум қилишим кераклигини айтган эдилар.
Қабулхонага бордим. Қабулхонаги тажрибали ёрдамчи менга Президентнинг олдига кирмасликни маслаҳат берди.
— Негадир жуда ҳаяжонланиб келди, — деди у.
Мен иш зарурлигини айтиб, кабинет эшигини очдим ва Ислом акага кўзим тушди. Бир қўли чўнтагида шиддат билан хонанинг у бошидан бу бошига йўлбарсдай тўлғониб, бориб-келяпти... У кишидан таралаётган аллақандай беҳоловат ғужур менга ҳам ўтди. Ислом ака менга бир қарадилар-да, тўрдаги деразага тортилган парда олдига бориб, тўхтадилар.
— Усмон, — дедилар у киши менга ногаҳон ўгирилиб қараб, — мен Худога нима қилдим?
Сесканиб кетдим. Бу саволдаги дард-оғриқ шу қадар маҳобатли эдики, унга мос бир жавоб топиш мушкул эди ва шу билан бирга “Яратганнинг олдида нима гуноҳим бор?”, деб сўраётганларини ҳам англадим.
— Мен Худога нима қилдим?! – деди у киши яна. – Нега зилзила бўлади?
Мен яна лолу карахтликда қолдим. Нима деб жавоб берай?
Аммо саъй-ҳаракатларининг ҳаммаси эзгулик йўлида эканлиги айтиб, у кишини тинчлантиришга ҳаракат қилганим ёдимда. Зилзила эса... Парвардигорнинг иши-да! Кеча “Ахборот”дан кўрганим – Андижонга айтарли зарар етмаганидан гапириб, тасалли берган бўлдим.
— Бекорга зилзила бўлмайди! — деди Ислом ака ёнғинда қолган одамдай ўртаниб. — Қаердадир одамларнинг гуноҳи ҳаддан ошиб кетади! Гуноҳ ҳаддан ошган жойга эса Парвардигор офатини юборади!..
У киши мисоллар келтира бошладилар. Қаерни сув олган, қаерда тўфон бўлган, қаерда зилзила... Ҳақиқатан ҳам ўша жойларда одам тасаввурига сиғмайдиган – мудҳиш воқеалар бўлиб ўтган эди.
Мен Ислом акани тинчлантирмоқчи бўлдим. Аммо у киши ҳаддан ортиқ безовта эди.
— Ҳозир зилзила бўлади! – деди у киши яна баттар ўртаниб. – Менинг терим йўқ. Асаб томирларим очилиб қолган! Сезиб турибман, ҳозир зилзила бўлади!..
Бу башоратдан бошдан оёғим жимирлаб кетди.
— Ислом ака, қўйсангиз-чи!, — дедим таъбиримдан адашиб. – Озгина тинчланинг!..
У киши ниҳоят стол ортидаги жойларига ўтдилар. Қўнғироқ қилиб, ёрдамчиларига чой буюрдилар. Чой тайёр бўлгунча, гуноҳлари учун Оллоҳ юборадиган бало-қазолар ҳақида куйиб-ёниб гуринглашиб турдик.
Чой олиб киришди.
Ислом ака чой ўзлари чой қуймоқчи бўлдилар.
— Чой ичасанми?
Ҳазил билан вазиятни юмшатмоқчи бўлиб, Президентнинг қўлидан чой ичиш ҳаммага ҳам насиб этмаслигини айтдим.
У киши жилмайиб чой узатдилар.
Мен пиёлани тутиб, у киши қўлларини пиёладан олмасдан туриб, бирдан... мебеллар зириллашга тушди. Пиёладиги чой қалқиниб, бир у кишининг бармоқларига, бир менинг бармоқларимга тегди. Зилзила!..
— Айтмадимми!..
У киши ёрдамчини чақириб, тезда вазиятни билишни топширди.
Иккаламиз энди жимгина ўтирибмиз денг.
Ёрдамчи кириб Тошкентда уч бал, Андижонда тўрт бал зилзила бўлганини айтди.
Мен ҳаяжонимни яширолмай, у кишига нималардир дедим. Жуда ҳаяжонланган эдим! Чунки мўъжизага дуч келганим аниқ эди. Қаршимда Президентгина эмас, Худо берган одам – авлиё ҳам ўтирганини аниқ билиб турар эдим...
Насиб бўлса, бу улуғ зот ҳақида кўп хотиралар ёзаман.
Ислом аканинг жойлари жаннатда бўлсин! Охиратлари обод бўлсин!
Усмон Азим,
Ўзбекистон халқ шоири
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев