Ташландиқ─6
Ховлининг бостирма томонида қўйлар учун махсус қўтон ясалганди. Қўтоннинг ости бир қаричдан ортиқроқ баландликда қўй тезаги ва хашаклар қоришмаси билан тўлган, яқинлашган одамнинг сассиқ хиддан хатто кўзлари хам ёшланиб кетарди.
Пўлатжон шу қўтонга қамаб қўйилган, чиқиш эшиги арқон билан чандиб боғланганди. Бола бу ердан чиқиш учун тинмай харакат қилар, панжарадан ошолмай, лойқа ерга ағанаб тушарди. Шундоқ хам жулдур бўлган устидаги кийимлари балчиқ аралаш гўнгдан қараб бўлмас ахволга келганди.
Бола уринишлари зое кета бошлагач, панжарани чангаллаганча йиғлаб юборди. Унинг овозини эшитган Лола, ховлидан шу ёққа чопиб келди.
─Вой болажоним, мен сени қаерлардан қидирмадим─а? Йиғлама қўзичоғим, хозир сени чиқариб оламан.
Лола эшикка боғланган арқонни тирноқлари билан ечишга уринаётганда бостирма бурчагидаги девор ковагидан қора─кулранг илон ўрмалаб чиқа бошлади. Илон белигача ковакдан чиққач бошини бир қаричча кўтарди─да, айри тилини чиқариб вишиллай бошлади.
Лола бу овозни эшитиб ўша томонга қаради─ю, қўрққанидан оёқ─қўли акашак бўлиб қолди. Йўқ, аёл ўз жонини ўйлаб қўрқмаганди, аксинча боласини ўйлаб тамом бўлганди.
Ана, йўғонлиги катта одамнинг болдиридек келадиган илон болага қараб ўрмалай бошлади.
Бирдан аёлда тушуниб бўлмас куч пайдо бўлди. У қўтон панжарасини икки қўллаб чангаллади─да бор кучи билан тортиб, устунга махкамланган ошиқ─мошиғидан суғуриб олди. Шундан сўнг чопиб ичкарига кирди─да боласини даст кўтариб олди.
Болага етишига ярим қадамча қолганда, ўлжасидан мосуво бўлган илон норози вишиллай бошлади. У бошини кўтариб ташланишга шайланганча тебрана бошлади.
Лола кескин харакат қилса илон ташланишини билиб, худди илондек судралганча чекина бошлади.
Илон унинг найрангини сезгандек, тезлик билан чақиш учун хамла қилди. Лола чап қучоғидаги болани пана қилиб, ўнг қўли билан илоннинг бўйнига чанг солди. Бармоқлари илоннинг томоғидан хиппа бўғиб, ўзидан бир қаричча нарида тутиб турарди. Шу пайт илон тилга кирди:
─Лола, бу нима қилганинг? Ўлдириб қўясан─ку!
Лола уни эшитмасликка олиб, бармоқларини махкамроқ сиқди. Тирноқлари илоннинг танасига санчилганини хис қилиб турарди.
─Лола!─илон бир силтандию, унинг қўлидан чиқиб кетди.─Уйғонсангчи ярамас!
Лола кўзини очдию, қаршисида қизарган томоғини силаётган Нилуфарни кўрди. Хайрон бўлиб атрофга алангларкан, қамоқхона камерасида ётганини, бўлиб ўтган воқеалар тушида эканини пайқади.
─Ёмон туш кўрибман!─деди у ўзини оқлаб.
─Сал қолса мени бўғиб қўяй дедингга. Шунча кучинг бор экан, анави шаллақига кўрсатмайсанми, хамма нарсамизни тортиб олаяптику ўзига.
─Қўй Нилу, Холдор билан тенглашма!─қўл силтади Лола.─Муаззамни нима ахволга солганини кўрдингку!
─Агар Муаззамнинг хам икки – учта тарафдорлари бўлганда осонликча жон бермасди. Лола, кўзингни оч, бу қисмат эртага ё сени ё мени бошимга тушмайди деб ким айта олади? Курашиш керак, унга кимлигимизни кўрсатиб қўйишимиз керак.
Лола ётган жойида Холдор(асл исми Холида бўлга бу аёлни хамма Холдор деб чақирарди)нинг Муаззамга кўрсатган хунарларини кўз ўнгига келтирди.
Холдор қамоқхонанинг ички шефи бўлишга давогарлардан бири эди. Бу аёл кимнинг яқинлари кўргани келса, олиб келишган егуликларини ва буюмларини олиб қўярди. Бу буюмлар китоблар, озиқ овқат ёки аёллар кийимлари─ қамоқхона тартибларидан четга чиқмаган холда қабул қилинадиган нарсалар каби бўларди.
Холдор ўша куниёқ битта қўймай хаммасини тортиб оларди. Қамоқхона назоратчилари зимдан уни қўллаб қувватлаб туришарди. Махбуслар буни сезишар, Холдорга қаршилик қилган аёл турли бахоналар билан қийноққа солинишини, ёки Холдорнинг ўзи жазолаганда кўриб –кўрмасликка олишларини билиб туришарди. Шунинг учун хеч ким Холдорга қаршилик қилишга юраги бетламасди.
Муаззам эса бу холатга ортиқ сабр қилолмади. Холдор унинг ички кийимлари солинган пакетни қўлтиғига уриб кетаётганда ортидан ташланиб қолди. Иккиси ўртасида олишув бошланди.
Холдор қамалмасидан олдин кўча безорилари билан талончилик қилиб давру─даврон сурган аёллардан эди. Кўча жангидан хам хабардор бўлиб, рақибини қандай таслим қилишин яхши биларкан. Муаззам икки қўллаб унинг томоғига ёпишганда, ўзи хам унинг
икки қулоғидан махкам чангаллади. Суғуриб олгудек куч билан тортганда, Муаззамнинг қўллари бўшишиб, ўзини озод қилиш учун рақибасини қўйиб юборди.
Холдор бундан фойдаланиб, рақибасини қулоғидан тортиб югуртирди─да, юзи билан деворга олиб бориб урди.
Бурни билан деворга урилган Муаззам ох уриб ортига қулади. Бурнидан шаррос қон кета бошлади.
Жанжал бўлаётганини кўрган назоратчилар югуриб етиб келишди. Холдор қолиб Муаззамни қўлтиғидан кўтариб судраб кетишди.
Уч кунгача хеч ким уни кўрмади. Тўртинчи куни, оёқда зўрга турган аёлни кравотига ташлаб кетишди.
Энди бу бечора махбус Холдорни кўрганда таппа ўтириб оладиган одат чиқарди. Қўрқув шунчалик кучли эдики, ким унга яқинроқ борса иштонини хўллаб қўйганини кўрган бўларди.
Хозир Нилуфар Лолага шу Холдорга қарши курашишни гапираётганди. Лола тушуниб турарди бунинг иложи йўқ. Лола ким бўпти, жимитдеккина гавдаси билан эркаклардек бесўнақай гавдали Холдорни енга олармиди. Камига, унинг атрофида доим 5─6 нафар ювундихўрлари бўлади. Рақиблари сони ошса, дарров Холдорнинг ёнига киришади, қарши чиққанларнинг адабини беришади.
Сўнгги пайтларда Холдор янги солиқ чиқарди. Энди у яқинлари келиб кетган махбуслардан минг сўмдан пул талаб қила бошлади. Ичкарига пул олиб кириш қийин масала, аммо буни уддалаётганлар хам топиларди.
Лола Холдорни зимдан кузатиб юраркан, бу аёл ўзи тўплаган пулларни Назоратчилар бошлиғи Жўраевага беради деган хулосага келди. Жўраева эса, бу пуллар хисобига, ичикарида Холдорнинг гегамонлигига шароит яратиб беради.
Яқинлари билан учрашувга чиққан махбуслар қабул қилиб оладиган махсулотлар қаттиқ назорат қилинарди. Афтидан, бу назорат пайтида, махбуслар ўзларига пул яшириб олишларини билиб─билмасликка олишарди. Хозир тортиб олишса, маъмуриятга топширишга тўғри келади. Акс холда эса, Холдор ичкарида қириштириб оладию, оқибатда чап чўнтакка келиб тушади.
Лолани охирги марта учрашувга олиб чиқишганда бундан бош тортгани, азиз ўқувчимнинг ёдидами?
Назоратчи аёл ўшанда Лоланинг рад қилишини тушунмай, хайратда қолганди:
─Сен қанақа одамсан, эринг келди, ўғлинг келди. Нахотки улар билан кўришишни истамайсан? Бу кун хар доим хам бўлавермайди, ақлингни ишлат!
─Йўқ, истамайман! Мен унга ўғлимни олиб келманг дегандим!
─Одамлар боласини кўришга ошиқади. Сен қанақа бемехр хотинсанки, ўз болангни кўришни истамайсан? Ё, кўчадан орттирволганмисан?
Лола алам билан тилини тишлади. Хозир боплаб жавоб бермоқчи бўлдию, аммо назоратчи резинка таёғи билан ширтиллатиб болдирига уриб қолишидан қўрқиб, индай олмади.
─Истамайман, ўғлимни олиб келса чиқмайман хеч қачон.
─Ўзинг биласан!─деди назоратчи аёл.─Бу ер сени котта холангни уйимас, сени эркалигингни кўтаргани. Кўришишни истамасанг, қайтдик орқага.
Холдор кейинроқ пайтини топиб Лоладан пул талаб қилди. Учрашувга чиқмаганини айтганда эса, биқинига мушт туширди.
─Кейинги сафар яна шунақа тантиқлик қилсанг, чотингни жираман!
─Хохласам учрашаман, хохламасам йўқ! Буни сен эмас мен хал қиламан!─деди Лола биқинини силаб.
─Билганингни қил!─деди Холдор назоратчилар яқинлашаётгани учун Лоладан узоқлашаркан.─Аммо, соққани тўлайсан. Бўлмаса тунги ишга чиқарвораман. Хар қанқасига пулимни ундирволаман.
Лола бу “тунги иш” хақида оз─моз эшитганди. Бўйсунмайдиган ёки тили ўткир аёлларни махфий равишда тунги ишга чиқарилиши хақда қамоқхонада миш─мишлар юрарди. Қўшни камерадаги Сабохат шундай ишларга мажбуран чиқарилиши оқибатида хомиладор бўлиб қолган, хозир лапанглаб зўрга юрарди.
Қисмати бунчалик шўр эканидан куюнган Лола, юзини тўшакка босиб аччиқ─аччиқ йиғлашга тушди.
Сабохатнинг холига тушмалик учун хам эндиги учрашув вақтида албатта эрининг олдига чиқишни ўйлаб қўйди. Аксига олиб, навбатдаги учрашув кунига эри келмади.
─Хой, ташландиқ, кўрдингми, ноз қилувдинг эринг келмай кетди. Сен бу ерда унга содиқман деб юрипсану, у аллақачон биронта оқ баданни қучоғида айшини суриб юрипти.
Холдор мазахлаб кулганча ундан узоқлашаркан, икки қадам нарига борганда ортига бурилиб, тахдидли шивирлади:
─Тайёрлан, бугун эрта тунги ишга чиқасан!
Ташландиқ – 32
Камола йигитнинг лабларига ёпишган овқат юқини сочиқ билан артиб қўйди. Улуғбек унга миннатдорона бош ирғаб эшитилар–эшитилмас:
–Рахмат,–деди.
–Кам ичяпсиз укажон, бунақада қувватга киролмайсиз.
–Тўйдим, рахмат опа!–деди йигит яна паст овозда.
У яна бироз овқат ичгиси бор эди аммо, боқувчиси аёл киши бўлгани учун “бозор қайтишини” ўйлаб хижолат бўлаётганди. Қанча кўп еса, ичса бунинг бадалига шунча кўп тувакка мурожат қилишига тўғри келади. Модомики ўзи тувакка ўтиролмас экан, бошқаларни бу ишга камроқ жалб қилгани маъқул. Охун шу ерда бўлгандаку, бошқа масала эди. Аммо, Охун кеча кетганича қайтиб келмади. Ишқилиб, унинг ишлари пачава бўлмасинда. Улуғбек унга тайинлади, казино томонларга яқинлашма деб. Қулоқсиз бола ўз билганидан қолмаган шекилли. Икки кунки мана қорасини кўрсатмаяпти.
Улуғбек Охунни ўйлаб ётаркан, кўз қири билан аёлни кузатарди. Камола сўнгги вақтларда негадир бесаранжом тутяпти ўзини. Бунга сари Улуғбек ўзини ортиқча, айтиш мумкинки бир дардисардек хис қиляпти. Тезроқ Охун келса экан, бошқа жойга кўчириб кетса. Лекин, қаерга хам кўчирарди. Квартирасига бориш хавфли. Охуннинг биронта хам шериклари кўрмагани яхши. Агар Тимурнинг хўжайинлари босқинчиларни қидиришга тушган бўлса, кўчадаги хамма ўғриларни қистовга олади. Кимдир сотиб қўйиши тайин. У холда Охунниям ўзиниям ахволига маймунлар йиғлайди.
Қизиқ, нега Камола бир жойда ўтиролмай қолди. Кеча хам энг мехрибон аёлдек парвариш қилаётганди. Бугун эрталабдан кайфияти ўзгарди.
–Опа,–уни чақирди йигит ортиқ тоқат қилолмай.–Биламан сизни кўп овора қиляпман. Охун келса кетамиз бу ердан. Харажатларингизни қоплаймиз қўрқманг.
Камоланинг юзи тундлашди. Қўлидаги идишни столга қўйиб, йигитнинг тепасига келди.
–Улуғбек, бу нима деганингиз? Мен харажатлар хақда ўйлайдиган аёлга ўхшаяпманми?
–Назаримда бугун кайфиятингиз бузилгандек кўриняпти.
–Тўғри, лекин бу бошқа масалада... биласиз бугун жума. Шанба ва якшанба дам олиш куни менинг хўжайинларимга. Бу ёғи қиш келиб қолган бўлса хам, улар дачага келишни канда қилишмайди. Икки кун шу ерда дам олишади, балиқ ови дегандек. Ёки, болаларини чанада учиришади, хуллас дам олишга келишади. ГОхида улар Жума куни шом пайти етиб келишади. Менинг қўрққаним, улар келганда сизни кўриб қолишса нима бўлади деб ўйлаяпман. Милицияга хабар бершмайди деб хеч ким кафолат беролмайди.
Энг яхшиси улар сизни кўрмасликлари керак. Бу ерда эгасиз дачалар кўп. Аниқроғи, эгалари қишда келишмайди бу ерларга. Ўша дачалардан бирига сизни кўчиришимиз керак. Бунинг учун менга Охун укангиз керак бўлади. У эса, кеча келиши керак эди, мана, бугун хам дараги йўқ. Қариндошингиз оқибатсизроқ экан сизга.
–Биз қариндош эмасмиз опа. Земляк холос.
–Нахотки,–аёлнинг қошлари чимирилди.–У холда сизни ташлаб кетибди. Бу ер Ўзбекистон эмас. Одамлар пул дардида хатто қўшнисидан, синфдошидан юз ўгириб кетади. Сизлар эса, бор йўғи хамшахар экансиз холос.
–У энди келмайди деб ўйлайсизми?
–Менимча келмайди. Ёки, сиздан жон қарзи борми?
–Йўқ, жа унчаликмас. Бир пайтлар кичикроқ ёрдам қилувдим. Аммо, икки хисса ортиғи билан менга ёрдам қилди.
–Ана, ўзингиз хам тушуниб турибсиз. Агар абедгача келмаса, ундан умидни узсак хам бўлаверади.
–Агар...агар у келмаса мен тамомман...–рухи тушиб кетди Улуғбекнинг.–Бу ахволда узоққа боролмайман.
–Қани, бироз кутайликчи!–деди аёл унга далда бериб.–Йўқса ўзим бир амаллайман.
Улуғбек кута–кута ухлаб қолибди. Бир пайт тепасига келган шарпадан чўчиб уйғонди. Камола экан, қўлида бинт, жарохатга суртиладиган дори бор эди. Улуғбек аёл нима қилмоқчи эканини пайқаб, кўкрагини пастга қаратиб ётди.
Камола аввал унинг елкасидаги ярасини дорилаб, дока билан боғлаб қўйди.
–Иммунитетингиз юқори экан, жарохат тез битяпти,–мақтаб қўйди у.–Энди белингизни очаман! Хў–ўш, бу ерингиз хам қотиб қолибди анча. Аммо нега оёқларингизни харакатлантира олмаяпсиз, хайронман.
–Белимда қаттиқ оғриқ бор опа, сал қимирласам бу оғриқ кучайиб кетяпти.
–Умуртқадан оёққа нерв толаси ўтган бўлади. Ўқ айни шу ерга теккан. Ишқилиб, жиддий зарар етмаган бўлсин.
–Унда нима бўлади?–хавотир билан сўради йигит.
–Агар жиддий жарохатлаган бўлса узоқ йиллар шол б
ўлиб қоласиз. Менимча операция йўли билан тикласа бўлади, лекин вақт керак.
Умид қиламизки, жарохатингиз жиддий эмас. Тез орада оёққа туриб кетасиз.
Камола унинг белига хам малхам суртиб, тоза бинт билан боғлаб қўйди.
–Сиз ухлаб қолганда дядя Ванянинг дачасига кириб чиқдим. Итини олиб кетибди, демак яқин орада келишмайди. Сизни бир амллаб ўша жойга кўчириб олишим керак. Кундузи борсак кимдир кўриб қолиши, Шомгача кутсак менинг хозяинларим келиб қолиши мумкин. Бошим қотди, нима қилсам экан.
–Менга йўлни кўрсатинг, эмаклаб етиб оламан!–деди Улуғбек.
–Йўқ, бўлмайди. Қорда шамоллаб қоласиз. Мен омборни қарайчи, телешка турган бўлса, ўшанга юклайман сизни.
Аёл ховлига чиқиб кетди. Улуғбек унинг “ғарч–ғарч” қилиб қадам ташлаганча орқа томонга ўтиб кетганини эшитиб ётди. Бироздан сўнг нимадир гуп етиб ерга тушди. Ортидан омборнинг эски эшиги “ғийқ” этиб очилди. Шундан сўнг хаммаёқ сув қуйгандек жимиб қолди.
–Бекор қилдим шу ишни,–ўзидан хафа бўлиб кетди йигит. – Нега машинага солдим уни? Нима қилмоқчи эдим? Квартирасига ташлаб кетсам бу машмашалар йўқ эдику. Нима қилмоқчи эдим, сувга ташлайман деб қўрқитармидим? Барибир ташлолмасдимку, ўлдиролмасдимку! Қийнамоқчи эдимми? Пўписа қилмоқчи эдимми?
Бир хисобда воқеалар шундай тус олгани хам яхши бўлди. Агар уни қўрқитиб, кейин қўйиб юборганимда бизни таниб қолган бўлармиди? Ана унда изимга тушмаслигига ким кафолат беради?
–Улуғбек,–Камола хурсанд холда кириб келди.–Тележка бутун экан. Эшик яқинига олиб келдим. Вақтни ўтказмайлик, сизни у ёққа жойлаб келгунимча хўжайинлар келиб қолмасин.
Камола Улуғбекнинг кийимларини йиғиштириб, рўмолига тугди. Шкафдан қалин одеял олиб, ташқарига чиқиб кетди.
Бироздан сўнг қайтиб кирдида, йигитнинг тепасига келди.
–Қани, аста менга суяниб ўрнимиздан турамиз.
Улуғбек у айтгандек қаддини кўтарди. Оғриқ зўрлигидан тишини –тишига махкам босиб олганди. Камола унинг қўлтиғига кириб, белидан махкам ушлаб олди.
Йигит қаддини ростлашга уриндию, гуп этиб кроватга ўтириб қолди.
–Опа, ўнг оёғимни умуман сезмаяпман,–деди оғриқни енгиш учун жипс қилиб олган тишлари орасидан.
–Унда сизни судрашимга тўғри келади.
Камола унинг орқа томонига ўтиб, қўлтиғидан судрай бошлади. Улуғбекнинг жонсиз оёқлари полда сирғаниб борарди. Аёл эшикка етгач оёғи билан туртиб эшикни очди. Улуғбекнинг юзига муздек хаво урилди.
Жонсарак аёл бир амаллаб йигитни тўрт оёқли аравачага чиқариб олди. Кейин дарров устини ўради. Ниқоблаш учун араванинг бўш жойларига қанақадир қопларни хам жойлади.
–Ана, энди йўлга тушсак хам бўлади!–деди хансираб. Аравани итариб йўлга соларкан итини хам чақириб олди.–Матилда, замной!
Камола бошқаларнинг эътиборини тортмаслик учун асосий йўл қолиб, қўшнилар ўзаро борди–келди қиладиган кичик сўқмоқдан юрди. Нотекис боз устига қор қоплаган сўқмоқда кўзланган дачага етгунча қора терга ботди.
Улуғбек устига ёпилган одеял орасидан аёлнинг юзини кузатиб бораркан, ўзининг ожизлигидан нафратланиб кетди. “Куним аёл кишига қолсая!”
Камола эса буни сезмасди. Қорда сирпана–сирпана аравани итариб борар, баландликлар чиқиб қолса, олдига ўтиб олиб, судраб чиқарди.
Орадан ўн дақиқа ўтмай, Ваня тоғанинг дачасига кириб олди. Боя келганида эшикни очиб, ичкарини тайёрлаб кетганди. Хозир Улуғбекни ўша жойга судраб олиб бораркан, елкасидаги жарохатдан қон сизаётганига кўзи тушиб қолди.
–Ярангиз қонаб кетди. Оғримаяптими?
–Йўқ!–деди йигит ёлғондан. Аслида жони халқумига тиқилиб қолганди.
–Сиз ўраниб ётинг, мен хозир печкага қарайман.
Камола бурчакдаги катта чўян печга яқинлашди. Ўзи тайёрлаб қўйган тарашаларни печкага жойлай бошлади. Узунлиги 60–70 сантиметрли ғўлалар бутунича печкага сиғаётганди.
У ўтинни тахлаб бўлгач, оқ қайиннинг пўстлоқларини тўплаб тутантириқ қилди. Ёғли пўстлоқлар тезда аланга олдию, тирсиллаб ёна бошлади.
–Ана, печкамиз ёниб турсин, мен дориларингизни олиб келаман. Келишда уларни олиш эсимдан чиқибди. Матилда, сиди здес!
–Хўп,–деди Улуғбек муздек тўшак ичида қалтираганча.–Бу ер совуқ экан.
Камола ортига қайтиб кетди. Аёл дорилар солинган халта билан қайтиб келгунча орадан яна 15–20 дақиқа ўтиб кетди. Бу орада печка ичида худди рицарлар қиличбозлик қилаётга
ндек қарсиллаган овоз чиқариб олов забтига оларди. Ит бу овозлардан ажабланганча печ атрофида айлана бошлади. Иссиқлик ошгани сари эса ўзини узоқроққа оларди.
Камола қайтиб келиб, йигитнинг жарохатларини очди. Иккала жарохат хам бу ёққа кўчиш пайтида қонаб кетган экан. Аёл бошқатдан дорилаб, боғлаб қўйди.
–Улуғбек, энди сиз ухлаб дам олинг. Мен кечроқ келман. Агар хўжайинлар келса, бир ўзингиз тунайсиз, келишмаса мен хам шу ерга чиқаман.
–Хавотир олманг, эрталаб келсангиз хам майли.
–Йўғе, эрталабгача бир ўзингизни ташлаб кетолмайман. Орада келиб кетаман бир иложини қилиб.
Камола ортига қайтиб кетди. У дача эгалари келгунча, хоналарни тозалаб, гўё хеч ким келмагандек кўринишга келтирди. Ишлатилган укол қолдиқлари, қонли докаларни халтага солиб, ахлат қутисига ташлаб келди.
Жуда ажойиб аёл эдида бу Камола. Хўжайинлар ахлат қутисидаги докаларни кўриб қолмасин деб гугурт чақишниям унутмади. Унинг айни шу харакати кейинчалик Охунни катта шубхадан сақлаб қолишини хаёлига хам келтирмасди.
Аёл ёнаётган қутидан узоқлашиб, ховлига кирди. Энди хўжайинлар келишига овқат тайёрлаши керак эди. Шу мақсадда Ертўлага тушиб, сабзавотларни саватчасига солиб чиқаётганда йўлдан машина овози келди.
–Охунни машинасику!–қувониб кетди аёл. У саватчани ерга қўйиб, дарвозани очиш учун чопди.
Рулда хорғингина бўлиб Охун ўтирарди. Йигитнинг пешонаси ғурра бўлган, бурни хам шишиб кетганди. Афтидан кўриниб турибдики, уни роса дўппослашган.
Бирдан Охуннинг кўзлари қўрқувдан қисилиб кетди. Ўзидан икки юз қадамча наридаги муюлишга Қора Жип келиб тўхтаганини кўриб қолди.
Бу машина Кеча вокзалга келиб хамма кўча безориларни тўплаган, битталаб фургонга қамаб, олиб кетишганди. Кейин қанақадир база омборига олиб бориб роса савалашган, Тимурнинг уйига ўғирликка тушган кимсаларни суриштиришганди. Бир кунлик қийноқдан сўнг, кўпчиликни қўйиб юборишди. Улар орасида озодликка чиққан Охун хамхоналари билан бир амаллаб квартирасига етиб келишди. Ўша ерда Фарход бир гап айтиб қолди:
–Тимур деган йигитни ўлдириб кетишибди. Квартирасини шип–шийдам қилиб, карта ташлаб кетишганмуш. Бундан кўриниб турибди бу қиморбозларни иши, аммо калтакни биз едик.
–Ким экан у Тимур?–ўсмоқчилаб сўради Охун.
–Скорпионни шатакларидан. Казинода охраналарни бошқарадиган одам. Менимча козинода биронта пулини бой берган бойвуччага қўполроқ муомала қилган бўлса керак, мана қасос олишибди.
Охун ўшанда шерикларига сир бермаганди. Мен бугун хотин ака билан тунайман, деб чиқиб келганди.
Энди билдики, улар озодлика чиқарилган хар бир ўғрининг изини кузатишяпти.
–Эх, ишлар пачаваку!–қўрқиб кетди Охун.–Ичкарига киришса, хаммаси тамом!
Шу пайт унинг хаёлида кичик бир айёрлик шаклланди. Шунинг учун атай Камолани ёнига чақирди. Кузатиб турганлар кўринадиган жойга чиққан аёлни эса шартта қучоқлаб олди.
–Опа, жим! Бизни кузатишяпти. Ортимда дум бор экан, сезмай қолибман. Мени хотиним ролини ўйнанг.
–Қўрқманг, акангизни бошқа жойга яшириб қўйдим.
Бояги машина шу томонга яқинлашиб келаётганда, икковлон хеч нарсадан бехабардек, қўлтиқлаганча ичкарига кириб кетишди.
Ташландиқ–33.
Жайронни даволаш учун Тошкентга олиб кетишгандан сўнг, Пўлатжонга чинакамига зерикарли кунлар бошланди. Акаси Ойбек мактабга борар, дарсдан келгандан сўнг эса, апил–тапил қорнини тўқлаб кўчага чопарди. Шу бўйи кечки овқат махалигача қорасини кўрсатмасди. Олтиной эса туш пайтигача уй юмушлари билан овора бўлар, бўшаганда ўтириб дарс қиларди. Кейин мактабга жўнар, Пўлатжон билан ўйнашга сираям қўли тегмасди.
Пўлатжон Зумрадларникига борса, бувисиникига мехмонга кетиб қолган экан. Шундан сўнг бола янги эрмак топиш учун излана бошлади. Аввалига ўзларининг кичик кўчаларидан юриб, қишлоқнинг асосий катта кўчасига чиқиб борди. Бу жойлар болага нотаниш эди. Балки шунинг учундир унинг қизиқиши ортиб, йўл четидан эски махаллага қараб бораверди. Бир жойга етганда кўчадаги артезан жўмрагида пиёла ювуб турган икки қизчани кўриб қолди. Қизларнинг кичкинаси Пўлатжон тенги эди. Опаси эса 6–7 ёш каттароқ экан.
Бола уларнинг бир хилда атлас кийиб олганларига, бошларига хам бир хил ироқи зар дўппи бостириб олганларига завқи келди. Дўппининг орқа томонига ўрилган қирқ кокил тикилган экан.
Пўлатжонга мана шу суний қирқ кокиллар қизиқ туюлди. Аста бордида қизларнинг кичикроғини бошидаги дўппини қўлига олди. Дўппи четидаги қирқ кокилни тортиб кўрди.
–Хой бола. Нима қиляпсан?–қизларнинг каттаси Пўлатжонга тикилди.–Бер синглимни дўпписини. Вазира нега дўппингни олиб қўйса жим турибсан?
Қизиқ, дўпписини опасига хам ушлатмайдиган Вазира Пўлатжонга жилмайганча қараб тураверди. Бундан дадилланган бола дўппини ўз бошига кийиб кўрди.
–Э, кийма қиз болани дўпписини, чўмбилинг қочиб кетади,–кулди Назира.
Пўлатжон ростдан хам қочиб кетдимикан деган хавотирда шўртигини очиб ичига қаради.
–Турибдики–ку!–лабини чўччайтирди алданган бола.
–Ха–ха–ха!–кутилмаганда аёл кишиниг кулгуси эшитилди. Ариқнинг у юзидаги дераза орқали болаларни бир аёл қўлида қайчи тутганча кузатиб турган экан. Уларнинг гап–сўзлари ва Пўлатжоннинг харакатидан завқланиб кулиб юборди.
–Хой бола, отинг нима сени?
–Пўлат,–деди бола дўппини Вазиранинг бошига қайта кийдираркан.
–Кимни ўғлисан? Аянг ким?
–Мамлакатни ўғлиман?
–Қайси Мамлакат?
–Ўша Мамалакат,–деб жавоб қилди бола тезгина.
–Уйларинг қаерда?
–Ўша ерда.
–Ажойиб бола эканку бу а?–деди аёл боланинг жавобларидан завқланиб.–Назира уни олиб киринглар бу ёққа?
Пиёлаларни ювуб бўлган опа–сингил болани эргаштириб ховлига киришди. Оналари Улфатой ховлига чиқиб турган экан. Унга Пўлатжон ёқиб қолганди. Нимасидир Рахматли ўғли Зиёбекни эслатиб юборар, бундан аёлнинг ичида нималардир ёқимли ғимирлаб қўярди.
–Сенга дўппи ёқадими?
–Йўқ, чўмбилим қочиб кетади,–деди бола бепарвогина жавоб қилиб. Кўзлари эса бу янги ховлини томоша қилиш билан банд эди.
–Сенга ўғил бола дўппи бераман. Мана қарагин,–аёл бир пайтлар ўғли кийиб юрган Марғилонча дўппини узатди.–Кийиб кўрчи?
Пўлатжон шу пайтда қўлини чўзиб, дўппини олиши, бошига кийиб кўриши керак эди. Лекин у бошқачароқ йўл тутдики, бу харакати билан яна бир карра аёлнинг мехрини тўлинлантириб юборди. У аёл томон бир қадам ташлаб бошини унга тутганди.
Улфатой икки қўллаб дўппини кийдираркан, бўшаган кафтлари билан унинг юзларини силаб қўйди. Бола Дўппини кийгач янаям Зиёбекка ўхшаб кетганди.
–Узум ейсанми?
Пўлатжон жавоб ўрнига валишдаги узумларга тикилди. Улфатой пастак валишга интилиб, қизил хусайнидан бир бошини узиб олди. Айвон четидаги чойнакдан сув қуйиб узумни ювди.
–Мана, еб кўрчи сенга ёқармикан?
Пўлатжон узумни олдию, бошқа болалардек очофотлик билан оғзига солмади. Каттароқ бир шингилини узиб, Вазирага узатди.
–Ўзинг еявер, ўртоғинг хеч узум емайди,–деди Улфатой, ичида эса боланинг назари тўқ экан деб, эътироф этди. Қизиқ, кутилмаганда Вазира хам болага қўшилиб узум ея бошлади.
–Назира, чиқ бу ёққа бирон нимани синдириб юбор. Қара, синглинг узум еяпти–я!
Пўлатжон бу гаплар мазмунини кўпам англамасди. У қараса Вазира ўзининг қўлидаги узумни еб бўлибди. Шунда у ўзининг шингилидан бир дона узиб қизчанинг оғзига тутди. Иккинчисини ўз оғзига солди.
Азиз ўқувчим бу хонадан эгалари ким бўлди, нега кутилмаганда воқеалар оқими марказида пайдо бўлиб қолди деб ўйланаётгандир. Агар
иягингизни икки кафтингизга жимгини тираб, менга қулоқ берсангиз, бу оила хақида имкон қадар гапириб беришга уриниб кўраман. Зеро, Вазира Пўлатжоннинг келажагида мухим ўринлардан бирини эгаллаши, воқеалар ривожида улар хақда сўз боришига туртки бўлмоқда.
Камронбек Фарғона Политехника институтини битиргач отасига қарши боролмай ўз қишлоқдошига (собиқ қишлоқдоши, чунки Улфатойлар гўдак пайтидан шаҳарга кўчиб кетишган ва қарийб шаҳар шароитида ўсган эди)уйланди. Тўй жуда тез бўлиб ўтди. Бўлажак келин куёлар бир марта танишиш учунгина учрашувга чиқишдию, кейингисида тўй куни учрашдилар.
Орадан ширин ойлар ўтаверди, Лекин ўртада фарзанд бўлмади. Катталарнинг кўрсатмасига мувофиқ ёшлар Узоқ даволанишди. Камронбек Улфатойнинг “Камронга тегмайман” деб жанжал қилганларини орқаваротдан эшитгани учунми Улфатойнинг ишидан айб қидириб топадиган ва тез– тез дўппослаб турадиган одат чиқарди.
Улфатой сабрли келин экан, хаммасига чидаб юрди. Ниҳоят Аллоҳ 4 йил деганда уларни ҳам фарзанд билан сийлади. Қизалоқ туғилди. Кейин ўғил, йиллар ўтиб эса учинчи фарзанд хам туғилди. Қурилиш факултетини тугатган Камронбек ўз касби бўйича тайинли иш тополмагач кимнидир тавсияси билан тадбиркорликни бошлади. Ишлари юришиб, пули кўпайгач эса улфат кўпайди ва ичкиликга берилди.
Бу оилада тез –тез жанжал бўлар, болалар жанжалдан жуда безишганди. Ўғиллари Зиёбек онасининг йиғлаганини кўрса эзилар ўзи–ўзига “мен хеч қачон ароқ ичмайман” деб қасам ичарди. Онасини қучоқлаганча: –Аяжон йиғламанг катта бўлсам ўзим сизни ҳеч кимга хафа қилдирмайман,– деб қўшилиб йиғларди
Тўртинчи фарзанди Вазирага хомиладор пайтида Комрон Улфатойни жуда кўп калтаклади. Хали қўли синган, хали кўзи кўкарган, хали боши ёрилган Улфатойни кўрган одамлар эринг билан ажраш деб гап ўргата бошлади. Лекин оғир табиатли, вазмин Улфатой хатто ота– онасининг, акаларининг ҳам гапига кирмай рўзғори, фарзандлари учун ҳамма хўрликга жимгина сабр қиларди.
Бир сафар акаси Жумақўзи Комронни кўчада тутиб олиб роса урганда, акасига аччиқ гаплар айтди:
–Ака, шунча мехрингиз бўлса, нега тўйни тўхтатинглар деганимда қулоқ солмадилариз? Энди аралашманглар мени хаётимга, ўзимга қўйиб беринг.
Акалари шундан сўнг куёвини кўрса кўрмасликка олиб ўтадиган бўлишди.
Бола туғилишига яқин қолган кунларда куёви яна арзимаган сабаб билан уни аёвсиз калтаклади. Бу пайтга келиб Комрон бор будини ичиб, қарзга тўлаб банкрот бўлган, уйда ўтириб қолгани аламини баттар ичкилик ва оиласидан оларди.
Охирги зарбани қабул қилиб олган Улфатой баланд айвондан пастга қулайди.Хотинини касалхонага олиб кетишгач хеч нарсани билмай ётган Комрон мастлик билан туриб аёлини излайди. Эхтимол қорни очган ёки чой қайнатиб ичгиси келгандир. Аммо, тезда кўчага чиқиб кетадию, бироз вақт утиб уйда ёнгин чиқади.
Қишлоқ аҳли дарров хабар топиб ўтни ўчиришади. Лекин кўп нарса ёниб кетади
Узлуксиз жанжаллар оқибатида асабий холатда ҳомиладорлик даврини ўтказган хотини қўлида чақалок билан келиб уйини аҳволини кўриб телба бўлаёзди. Айвон устунлари, деразалар кўмирдек қорайиб турар, дарвозадан кириши билан димоққа куйинди хиди урарди. Шунда ҳам оиласидан воз кечмади.
У қизлик пайтида моҳир чеварга шогирд тушиб анча тикиш бичишни ўрганган экан.
Қулоғидаги онаси келинлигида берган сирға–ю– зирагини сотиб тикиш машинаси олди ва тикувчиликни бошлади. Аввалига анча қийналди, аммо секин–аста чеварлик махорати ошиб борди.
Ўтган даврда у ўз ишини устасига айланди. Келинларга, хаттоки йигитларга куёв кастюм ҳам тика бошлади. Аввалига яқин қариндош–уруғлари пул бегона бўлмасин қабилида буюртма бериб тиктиришган бўлса, охир оқибат уларга навбат хам тегмай қола бошлади.
Ўша кунлари катта қизи иккинчи марта институтга хужжат топшириб, контракт асосида ўқишга кирди. Улфатой тирноқлаб йиғиб шартнома пулини тўларди. Ота деган “жанавар” оилага ёрдам қилиш ўрнига махалла дўконлариинг савдосига хисса қўшиб юрарди. Улфатой орият кучи эрининг қарзларини хам тўлаб қўярди. Кейинги йили Зиёбек хам ўқишга кирди–ю шартномага ўқимайман деб, ташлаб кетди.
–Мен эркак кишиман, ўқишим шарт эмас, аввал опамни ўқитайлик,–деб онасини овутди. У махалладаги уста акала
рига қўшилиб ишлай бошлади.
Отаси ичса ҳам онасига “қўйинг индаманг” деб, иш хақи олганда келиб дўкондаги дадасининг қарзларини тўлаб кетарди. У пул жамғариб онасига атаб энди–энди урф бўлаётган уяли телефон сотиб олди. Устасининг телефонидан қўнғироқ қилиб, онаси билан гаплашиб турадиган бўлди.
Оила аста–секин ўзини тутиб ола бошлади. Хаммаси яхши кетаётган эди. Қўшни туманда ишлаб юрган ўғил бир куни онасига телефон қилди:
–Аяжон мен маош олдим кўчага опам ва укаларимни олиб чиқиб туринг. Мен бошқа жойга ишга кетяпман, пул ташлаб –ўтаман, сизларни соғиндим. Хаммаларингиз бозордан кийим оласизлар,– деди.
Улар кўчага чиқиб туришади. Йўлни у тарафидан келаётган ўғлини кўриб Аллоҳга шукур ўғлим ёнимга кирди энди қийналмаймиз, деб ўйлаб турган Улфатой ўғли келиб оҳиста қучганидан ўзига келди.
–Болам рахмат борингга шукур,– деди йиғлаб.
–Э, нега йиғлайсиз, йиғламанг,– деб онасини овутган йигит сингилларини хам бир– бир қучоқлаб ўпади–да, уни кутиб турган машинага қараб юради
Сингилларини қучиб эркалаганига кўнгли тўлиб кетган она, тузукроқ хайрлаша олмади хам.
Кейин бозорга жўнашади. Бозордан тўлиб– тошиб келишган оила хурсанд ҳолда кечки овқатга ўтирган пайтда мудхиш хабар уларни карахт ахволга солади
Янги иш жойига кетаётган ўғли уста акалари билан автохалокатга учрабди. Қарши тарафдан келаетган цемент ортилган катта юк машинаси шафёрининг эхтиётсизлиги туфайли икки навқирон йигит қазои муаллақга учради.
Опа бехуш...Она бехуш...Ота хам бехуш, шароб оғушида...
Эрталаб сахарда ўз акасини шапалоғидан ўзига келиб кўзини очган ота унинг айтганларидан нима гаплигини тушундию, хайкалдек қотди.
Нималар бўлганини кеч англади, афсуски жуда кеч...
Карахт ота ишонсангизлар уч ойларгача миқ этиб овоз чиқармади. Ўз–ўзини еб битирди ҳисоб. Гохида хар куни, гохида кун оралатиб йўқолиб қоларди.
Акаси уни бориб ўғлининг қабридан топиб келарди.Уч ойда 45 ёшли одам худди 70 яшар бобойга айланди. Сочлари оқарган, юзлари ажин. Кўзлари нурсиз...
Бир куни ўғлини тушида кўради.
–Дадажон нега ўзингизни тутмаяпсиз. Мени қоронғиликдан чиқаринг,– дебди кўзда ёши билан.– укамларга қаранг, аямни, опамни эхтиёт қилинг!
Бирдан уйгонди шўрлик ота. Ха, нафақат уйқудан, хаёт берган аччиқ зарба карахтлигидан хам уйғонди.
Унинг бир синфдош дўсти бўларди Абдували исмли. Комроннинг иши юришиб, сассиқ кекирдак бўлиб юргандаям, тўйларда пул сочиб корчолонлик қилгандаям қовоқ солиб қўядиган. Хеч махал унинг зиёфатларига келмаган, машинасига чиқмаган.
Шу синфдошини ёнига бориб, “мени шогирдликка ол” деб ялинди. Кейин у билан чиқиб кетди–да 15 кунлардан кейин телефон қилди:
–Онаси, мени Зиёбек зулматдан олиб чиқди. Мен уйғондим, мени ўғлимиз уйғотди. Пул бериб юбораяпман кам бўлса ҳам фарзандларимизни корига ишлатиб тур. Мен ишлаяпман ой охирида яна юбораман,– дебди.
Катта қиз институтни битираётганда яхши бир хонадонга узатишди. Эндиликда Назира ва Вазира қизларининг тарбияси билан банд эдилар.
“Ўша” синглисининг ахволига чидолмай куёвини дўппослаган акаси икки кунни бирида келиб хабар олиб туради.
Пўлатжон бу ховлига кириб келганда оилада бахтиёр кунлар хукмрон эди. Эски яралар унутилган, келажакка интилишганди. Фақат, дўппини кийиб олганча Вазира билан уч ғилдиракли велосипедда учаётган бола рахматли ўғлини ёдига солиб юборганди. Улфатой тикиш учун хонасига кириб кетаркан Пўлатжонга тайинлади:
–Эртагаям биззикига келгин ўғлим, сенга лалоқилар тикиб бераман!
Ташландиқ–34
Инсон умри давомида ўз танасига турли хил зарбаларни қабул қиларкан. Тош, мушт, таёқ, тиғ ва хаказо...
Зарба ўз номи билан зарбада, нишонини топгач энг камида бир неча сонияга ўз ўлжасини карахт қилиб қўяди.
Холдор берган зарба эса жуда оғир бўлди. Лола бу зарба тасирида ярим тунгача тўлғониб ўтирди. Хозир кимдир келадида, Лолани олиб чиқади. У ёқда ёмон одамлар кутиб турган бўлади. Улар Лолани ечинтириб...
–Йўқ,–кес кин бош силкиган аёл, хаёлига хира пашшадек ёпишиб олган бу совуқ тасаввурларни қувишга уринар, Хеч ким уни бу номаъқул иш учун зўрламайди, деб умид қиларди.
Вақт ўтган сари энди хеч ким келмаслигига ишониб борарди. Лола ўзига мўлжалланган койкага ётаркан, қўрқа –писа эшикка қараб қўйди. Ростдан хам хеч ким йўқ, эшикнинг тирқишлари оралаб эса, қайсидир камераларда сухбатлашиб ўтирган махкумларнинг овозлари кириб турарди.
Лола тақдири нима бўлишини кутавериб холдан тойган эди. У эхтимол бирон жазо олса бунчалик шалвираб қолмаган бўларди. Номаълум жазони кутиш даври, тинкасини қурутганди. Лола киприклари қачон харакатдан тўхтаганини пайқмай қолибди. Бир пайт кимдир “Лола” деб чинқириб юборди. Бу овоз нафақат Лолани, балки бошқа махбусларни хам уйғотиб юборганди.
–Ўлсин Лола!–қарғанишди улар.–Берадигани бўлса берсин, бўлмаса оладиганини олсин, иш тугасин–э! Жонга тегдику...
Лола яна бир соатча ухлолмай ётди. Охири, чарчоқ устун келиб кўзлари илинди.
У тонгда уйғонганида хам бутун танаси зирқираб оғриб турарди. На рухияти на жисми ором тополмаганди бу тун. Унинг бахтига эрталабдан “фаришта” йўқлаб келди.
–Лола, чиқ, цехга борасан!
Аёл бу гапни эшитиб шунақанги хурсанд бўлдики асти қўяверинг. Нега деб ўйлаётган бўлсангиз, айтиб берай. “Фаришта” лақабли назоратчи аёл махкумларни худа–бехуда сўкавермайди. Резинка таёғини доим хам ишга солавермайди. Энг мухими эса, хушхабарларни кўпинча шу назоратчи етказади. Шунинг учун кўпчилик уни “лейтенант Равшанова” эмас ёқимлигина қилиб “фаришта” дея аташарди.
Мана бугун хам худди нажот фариштасидек кириб келди. Лолани тикув цехига ишга олиб бораркан. Бу шуни англатадики, энди то махбусларга ухлаш учун команда берилмагунча камерага қайтмайди. Демак ўз–ўзидан маълумки машум “тунги иш”га хам чиқаришмайди. Қамоқхонанинг қоғоздаги низомида хам амалдаги низомида хам кундузи ишлаганлар тунда ишга олиб чиқилмайди. Хар холда хали бунақасини эшитишмаган.
Лола ич–ичидан Худога шукурлар айтиб, камерадан чиқди.
–Деворга ўгирил!–деди лейтенант эшикни қулфлаб олиш учун, кейин эса яна буюрди.–Кетдик.
Улар узун коридор бўйлаб кетиб бораркан, Холдорнинг камераси ёнидан ўтаётганда Лола беихтиёр унинг эшигига қаради. Овқат киритиладиган туйнукдан Холдор энкайганча тикилиб турарди. У Лола эшик тўғрисига келганда ўзари тушунган мазмунда гап қилди:
–Ўзингни авайла, кундузги ишда чарчаб қолмагин!
Лола индамай ўтиб кетдию, ичида ўйлайди “Аламидан шундай деяпти. Хеч нарса қилолмаслигиин тушунди шекилли!”
Лола ва бошқа интизоми жихатдан қониқарли бўлган махбус аёллар умумий колонияда жазосини ўтаётган махбуслар корпуси томон олиб кетилди. Бу корпусга ёнма–ён холда катта бино қурилган бўлиб бу бинода бир нечта турдаги ишлаб чиқариш цехлари ишлаб турарди.
Ичкарига олиб кирилган махбусларни сафга тизиб йўқлама қилишдида ким қайси бўлимга бориб ишлашини тушунтиришди. Шунга кўра назоратчилар гурухларга ажратилган махбусларни иш жойларига кузатиб қўйишди.
Лола комбенизон тикаётган аёлларга бориб қўшилди. У махсус столларда иш тикаётган аёлларга қараганча бир зум туриб қолди.
–Хой, ғўдайган,–деди ёши қирқ беш ёшлардаги семизгина аёл,–Бу ер сенга циркми анграясан.
–Нима қилай?–довдираб қолди Лола.
–Бу ёққа кел, менга шогирд бўласан. Анави стулни олиб кел. Исминг нима эди? Ха–а, Лолами... Бу тупканинг тагида Лола нима қилсин. Сен лола эмас янтоқ бўл, тикон орасида гуллаган жингул бўл.
Қани, қайчини олчи. Ха, яхши. Мана бу мел изидан қайчи сол. Дадил бўл, ишни бузиб қўйсанг юмшоқ жойингга қирқ икки размерли сапог билан тепаман.
Лола у кўрсатган чизиқ бўйлаб матони қайчилай бошлади.
–Ана, бўлди. Энди бунисини қирқамиз. Тезлаш, йўқса орқангдаги қизлар сочингни матога қўшиб тикиб юборишади, хе–
хе–е!–аёл эркаклардек беўхшов кулиб қўйди.
Улар матони ўлчашар, бўр билан чизиб, қирқишарди. Керакли шаклда қирқилган матони эса орқа томондаги тикувчиларга узатиб юборишарди. Орқадаги машинкада ўтирган қизлар бу матоларни бир–бирига улаб тикишардида кейинги столга ўтказиб юборишарди. Навбати билан столлардаги аёллар ўзига тегишли қисмларни тикиб, улаб охирги столга олиб бориб тахлашарди. Охирги столдаги аёллар эса, тугма қадашар, кителни кийишга яроқли холатга келтиришарди.
Лола тезда ишга киришиб кетди. У хали тажрибасиз бўлгани учун фақат қайчида қийиш ишларини бажарар, ўртадаги бўш қолган бир–икки дақиқаларда атрофдаги иш тикаётган аёлларни қизиқиш билан кузатарди.
У шу кузатишлар пайтида эшикка яқин столда хеч бир иш қилмай ўтирган аёлга эътиборини қаратди. Бу аёл бошқаларга ўхшаб бошига кўк дағал рўмол ўрамаган, қўлбола кепка кийиб олганди. Ўша аёл хар–замонда иш тикаётган аёллар оралаб ишни назорат қилиб чиқар, суст ишлаётган аёлларни тергаб қўярди. Шундай кузатувларнинг бирида Лолага яқин келдида, юзига тикилди.
–Сен абгор бўлибсан,–деди ачингандек.
Иш пайтида оғзи тинмайдиган Лоланинг “устози” шу кепкали келганда ранги қочар, оғзига талқон солиб олгандек жимгина ишлаб қоларди.
–Нега абгор эканман?–хайрон бўлди Лола.
–Бу ёққа юр!–кепкали Лолани ўзининг столига бошлаб кетди.–Мана бу ерга ўтирчи. Холдор билан нега апоқ–чапоқ бўлиб юрипсан.
Лола ички хиссиёти билан англади, бу аёл Холдорни рақибаси экан. Бошқалар бу кепкалидан қўрқаётганига қараганда тикув цехини шу аёл бошқаради. Чақчайган кўзлари, юзларидаги чандиқлари қараган одамнинг ичида титроқ туришига сабаб бўларди. Лола хам бўри қаршисидаги қўзичоқдек қалтирай бошлади. У ўзини оқлаш учун оғиз жуфтлади:
–Апоқ–чапоқ эмасман.
–Кўрдим!–унинг гапини шартта кесиб қўйди.–Сен мана бунга қара!
Кепкали шартта кителини кўтариб биқинидаги чандиқни, кейин елкасидаги жарохат изларини кўрсатди.
–Булар Холдордан эсдалик. Янги келганимда роса сийлаган мени. Хали унга жавоб қайтариб улгурмадим. Унга биринчи жавобим сен бўласан.
–Опа, мен нима қилдим!–Лоланинг кўзлари ёшланди.–Ўзим хам ундан жабр кўряпман. Сиз ўйлаганчалик апоқ–чапоқ эмасман.
–Э, ғалча, бас қилсангчи! Биламан сендан нима талаб қилаётганини. Шунинг учун сени ўзимга олдим. Мени Холдорга яқин йўлатишмайди, жанжал чиқишини билишади. Сен почта бўласан. Мен сенга қурол ясаб бераман. Пайтини топиб ўлдирасан! Ёки... ёки ўзим сени ўлдираман.
Лоланинг оёқ қўлидан мадор кетди. Бошига қандай қора кунлар тушишини тасаввур қилаётганди.
–Опа, рахмингиз келсин! Ёш болам бор,–йиғлай бошлади Лола.
–Бас қил! Агар ўғлингни кўриш ниятинг бўлса уни ўлдирасан. Хомтама бўлма, мен сени ўлдириб қўлимни қон қилиб ўтирмайман. Сени химоямдан чиқаришим билан Холдорнинг ўзи сени ўлдиради. Бошқа виход йўқ сенга. Ё ўлдирасан ё ўласан.
Бугун сени бир жойга олиб чиқишади. Аслида кеча тунда чиқишинг керак эди, режалари ўхшамади. Хабаринг бордир.
–Ха,–деди Лола бош силкиб.
–Хуллас, бу ўйинга аёллик номусинг хам тикилган. Бу тун сен кимгадир хотин бўласан. Бу ерда эркаклар йўқку деб ўйлайсанда. Йўқ, қизча хато ўйлаяпсан. Сендақалар учун эркаклар хам топишади. То хомиладор бўлиб туққунингча уларга эрмак бўласан, агар мен айтганимни қилмасанг.
–Нима қилишим керак?–бирдан Лола чўкаётганда ходани кўргандек жонланиб кетди.
–Сен ўша эркакни жарохатлайсан. Агар буни уддаласанг, қайтиб хеч қачон “тунги ишга” чиқаришмайди, аммо бу ерда қийноқларга солишади. Қўрқма, бу қийноқлар вақтинчалик. Сени мен –Чаёнгул химоя қиламан. Аммо, менга вада беришинг керак, биз Холдорни ўлдирамиз, келишдикми?
Сен ўйлашинг мумкин, нега бошқаларни бу ишга жалб қилишмади деб. Тўғри бу ерда сендан уддабуронроқлар ххам бор, лекин уларда имкон йўқ. Холдорга яқинлатишмайди уларни. Сен янгисан, Холдорга қасд қилганингни билишгунча уни даф қилиш имконинг бор.
Мана бу тўғнағични ол. Шимингни ечиб, ички кийимингни ичкарисига қадаб қўй. Бу тун у сенга керак бўлади. Қолган ишни вазиятга қараб хал этасан. Қўрқма, камерага қайтаётганингда сени тинтиб кўришса хам бу тўғноғични сезишмайди. Аммо, мана бу михчани хар эхтимолга қарши пайтаванг остига, товонинг тагига ташлаб ол. Мабода пара
шўтинг очилмай қолса, шундан фойдаланасан.
Бўлди, энди хеч нарса бўлмагандек ишингни қилавер. Сен билан беш кундан кейин гаплашамиз.
Лола чаёнгул берган қуролларни эхтиётлик билан яшириб олгач иш жойига қайтди. У чор–ночор кепкалининг айтганларига рози бўлди. Рози бўлмай иложи хам йўқ, ахир биринчи навбатда ўзининг хавфсизлиги турибди.
Лола нега беш кундан кейин гаплашамиз деб сўрамоқчи эди, ботинмади. Бу саволига эса ярим тунда жавоб топди.
Давоми бор...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев