Қадрдон шаҳрингнинг кўҳна тарихига ўзингни дахлдор ҳис этиш, эндигина тандирдан узилган ноннинг, майин шабодадада тебраниб, райҳоннинг атрофга таратаётган ёқимли ва ҳушбуй ҳидларини нақадар соғинганлигимни тўрт йил хорижда ўқиб, уйга қайтгач сездим. Агар тўрт йил аввал кимдир менга тонг саҳар туриб, мақсадсиз Тошкент кўчаларида яёв кезасан, деганида ишонмаган бўлардим. Энди эса худди биров туртгандек тонг саҳар уйғониб, шошганча юз- қўлимни жумрак тагида чайганча, онамнинг ҳай- ҳайлашига қарамай кўчага шошилардим. Болалигим ўтган кўчалар. Бу ерда ҳар бир уй, ҳар бир муюлиш таниш. Фақатгина синфдошим Хуррамбек уйининг олдидаги қари марварид тут дарахтини кесишибди. Мактабдан қайтар чоғимиз албатта унинг устига териб, дурдек товланиб турган тутдан тўйиб ер, унинг ширасидан бармоқларимиз бир бирига ёпишиб қолгудек бўларди. Албатта бундай пайтлари раҳматли бувижонимга ҳам тут териб, олиб бориб берардим. Доналарни авайлаб оғизларига солар эканлар, тутнинг мазасини яхшироқ ҳис этиш учун бир муддат кўзларини юмиб турар, сўнгра “тут дарахтини жаннатмакон юртимизга раво кўрган Аллоҳимдан ўргилай, ўзингга, етқазганингга шукр. Тут қанчадан қанча одамларни очликдан қутқарган болажонларим” дея болалик хотираларини сўйлай бошлар эдилар. Хуррамбек иккимиз бувижоним ёнларига жойлашиб ўтириб, уларни жон қулоғимиз билан тинглар эдик... Хаёлларим гирдобига ўралашиб, бомдод номозидан қайтаётган отахонларга урилиб кетишимга сал қолди. Дарҳол ўзимни четга олиб, қўлимни кўксимга қўйганча уларга салом бердим. -Ваалайкум ассалом, кўп яшанг болам. Отахонлар худди келишиб олишгандек бараваракайига алик олишди. Шу он уларнинг орқасидан келаётган Хуррамбекнинг отаси Шодибек акага кўзим тушди. -Ассалому-алайкум. Ерга қараб келаётган Шодибек ака, бошини кўтариб менга қаради. Шу он унинг ҳиссиз, совуқ нигоҳидан баданим жимирлаб кетди. Олдинда кетаётган чоллардан бири орқасига қайрилиб, яна “Ваалайкум” деб қўйди. Шодибек аканинг чоллардан орқада кетаётгани мени ажаблантирди. Балки улар билан гап талашиб қолгандир? -Гулрухсор аянинг соғлиғи яхшими? Хуррамбекчи? Келганимдан буён уни топа олмайман. Бир-икки маротаба уйларингга борганимда дарвоза қулф эди. Қўнғироқларимга ҳам жавоб бермаяпти? Ё... телефон рақамини ўзгартирганми? Балки янгисини айтворарсиз? Шокир ака негадир индамай бошини чайқади-да, чоллар орқасидан илдам юриб кетди. ...Тошкент уйғонмоқда. Эски шаҳар кўчаларида илк йўловчилар пайдо бўлди. Сутчилар сумкаларини баклашкалар билан тўлдирганича, ҳар қандай опера хонандаси ҳавас қиладиган овоз билан маҳсулотларини мақтаб, ўзлари келганини билдиришмоқда. Молоко-о-о- о, кислый пресный молоко-о- о! Сут, қатиқ, қаймоқ бо-о-р!» Новвойхона олдидан ўта туриб, беихтиёр қадамимни секинлатдим. Новвойчилар эндигина ўзидан ажиб, ҳушбуй ҳид таратаётган нонларни кўргазмага қўйгандек ёйиб қўйишган. Беихтиёр оғзимни тўлдирган сулакни ютиб, тўртта нон, кўчанинг қарама-қарши тарафида сут маҳсулотларини ёйиб улгурган онахондан қаймоқ харид қилдим. Отам эрталабки нонуштага иссиққина нон билан қаймоқ тановвул қилишни ҳуш кўрадилар. Бунинг учун кичик косага нонни тўғраб, устидан қаймоқ солар, кейин ҳар бир тўғрамни чайнар экан, кўзларини юмиб ҳузурланарди. Нон совиб қолмаслиги учун ортга қайтишга қарор қилдим. Хуррамбеклар дарвозаси олдида яна Шокир акага дуч келдим. У уйдан ўн қадамча узоқда турганича, дарвозадан кўзини узмасди. -Шокир ака нега уйингизга кирмаяпсиз? Ёки Гулрухсор ая билан айтишиб қолдингизми? Ўғлингизнинг телефон рақамини сўровдим..... -Ёз... Унинг кескин овозидан хафа бўлсамда, буни билдирмасликка уриниб, уяли алоқа телефонимни чўнтагимдан чиқариб, Шокир аканинг дона-дона қилиб айтган рақамларини ёзиб олдим. -Ие, Шокир ака, ахир бу унинг эски рақами-ку. Демак, рақамини ўзгартирмабди-да? -Йўқ ўғлим, ўзгартиргани йўқ. Совқотиб қоласан, уйингга бор. Менинг ҳали ишларим кўп... Кетмоқчи бўлиб, ён кўчага бурилишим билан, Шокир аканинг овози мени тўхтатди. -Ҳа, айтгандай, Хуррамбек кеч соат ўнларда уйда бўлади. Кеч бўлишига қарамай, тортинмай бизникига кел. Хуррамбекка менинг хонамдаги сандиқ остидаги полнинг тахтаси кўчишини айт. У ерда менинг катта бобомдан қолган қилич ҳамда йиғиб қўйган пулларим бор. Қиличнинг нархи йўқ, у бебаҳо. Унинг дастаси олтиндан ясалиб, қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Хуррамбек уни сотмасин, музейга топширсин. У давлатнинг мулки, сенинг фарзандларинг ҳам бундай ноёб қилични томоша қилиши лозим. Пулларни эса ўқиши учун тўласин. Бу пуллар ўқишини битиргунича унга етиб ортади. Ҳозир у жуда ҳам қийин аҳволда... -Шокир ака?! Нега буларни менга айтаяпсиз? Ўзингиз унга айтсангиз бўлмайдими? Ҳайрат ила ажабланганлигимни яширмай унга тикилдим. -Йўлдан қоч... Пушт..Пушт... Орқасига қалин жун матога ўралган нон тўла сават маҳкамланган велосипедчи мени туртишига сал қолиб, ёнимдан ўтиб кетди. -Кўзингга қарасанг бўлмайдими? Кўрмисан? Жаҳлимни яшира олмай велосипедчи орқасидан бақириб, яна Шокир ака томон бурилдим. Аммо у жойида йўқ эди. Дарвозахона ҳам очилиб ёпилгани йўқ. Худди ер ёрилиб, ерга кириб кетгандай. Тор кўча бўш эди. Атрофга аланглаб бирор жойда уни кўрмагач, ғалати бўлиб кетдим. Шу пайт дарвоза очилиб, ундан Хуррамбек ташқарига чиқди. Мени кўриб, худди арвоҳни кўргандек жойида қотиб қолди. - Салом ўртоқ, нима мени танимаяпсанми? -Салимжон… Бирданига у мен томон ташланиб, махкам қучоқлаганича даст кўтарди. Унинг бақувват қўлларидан чиқишга ҳаракатларим бесамар кетди. - Илтимос, қўйвор… Ниҳоят оёқларим асфальтга тегиб, уни қучоқлашга эришдим. - Бормиса-ан.. Келганимга бир ҳафта бўлди, ҳеч ҳам сенга қўнғироқ қилиб туша олмадим. Бугун дадангдан рақамингни олиб, қўнғироқ қилсамми ёки бостириб ўйга кирсамми, деб ўйлаб турувдим.. -Дадам… Хуррамбек бирданига кўзига қуйилиб келган ёшни артар экан, титраган товуш билан: -Улар сенга қандай қилиб телефон рақамимни бериши мумкин, ахир вафот этганларига бир йил бўлди-ку! –деди. -Ҳазилни ҳам қийворасанда... Мен бир неча дақиқа олдин Шокир акани кўрдим, анави ерда турувдилар… Гаплашдим... -Ҳазиллашаётганим йўқ. -Ке, бунақа нарсалар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Менга телефонингни бердилар.. Ишонмасанг мана.. Хуррамбекнинг жаҳли чиқди. -Салим, устимдан кулма, ҳозир ҳазиллашадиган аҳволда эмасман. Юр, уйга кирайлик… -Йуқ. Бошқа сафар. Ке, кечқурун соат олтида учрашайлик. Сенга айтадиган гапим роса кўп. Юрагимда қоришган қўрқув ва ажабланишдан иборат ғалати туйғу билан уйга ошиқдим. Эрталабки қувонч, ҳаяжондан асар ҳам қолмаган эди. Содир бўлган воқеани эшитиб, дадам кулимсираганича менга тикилдилар. Аммо юзимда акс этган қўрқувни кўриб: -Шокирни уйи олдида машина уриб кетувди. Бечора шу заҳоти жон таслим қилибди. Шу куни Хуррамбекнинг тўйи бўлиши керак эди. Тўйга келганлар жанозада қатнашишди. Шундан сўнг Хуррамбек уйланишдан бош тортди, Шокирнинг аёли Гулрухсор эса ётиб қолди. Айтишларича у ақлдан озибди. Бир ўзига келиб, яна бир қарасанг ҳеч кимни танимайди. Эрини чақириб, ёлғиз ўғилига оқ фотиҳа беришни сўрайди. Хуррамбек ўқишни ташлаб, онаси, учта синглисини боқиш учун ишга кирувди, аммо махалла аралашиб, қўни-қўшнилар унинг шартномасини пул йиғиб, бир йилга тўлаб беришди. Адашмасам у бу йил ўқишни тугатади, қийналиб қолди бечора... -Шокир ака, менга унинг хонасида бобосининг қимматбаҳо қиличи яширинганини айтди.. -Сен ростданам Шокирни кўрдингми? Қизиқ, нега у айнан сенга кўринган экан-а? Демак, унинг руҳи тинч эмас, у ўзини оиласининг қийналиб қолганидан айбдор деб санаб, ерни тарк этмаётган бўлса керак. Хуррамбек уйланиши лозим. Қиличга келсак, чойхонада ўтирганимизда Шокир катта бобоси Қўқон амири Умархоннинг энг яқин сафдоши бўлганлигини айтиб берган эди. Умархон буйруғи билан 19 асрда Сирдарё бўйларида Янгиқурғон, Қамишқурғон, Оқмачит каби қурғонларнинг, Шахрихон шаҳрининг қурилишларига бевосита раҳбарлик қилган. Умархон Ўратепани босиб олиш учун шаҳарни қамал қилиб, унинг атрофида пишган буғдой, арпа далалари, боғларни ёқишни буюрганида, шаҳар беклари одам ёллаб, Умархон жонига қасд қилишади. Шунда Шокирнинг бобоси уни ўлимдан олиб қолиб, ўзи қаттиқ яраланган экан. Амир Умархон миннатдорчилик сифатида дўсти, сафдошига олтин сопли қиличини ҳадя этган. Шундан бери бу қилич авлоддан авлодга мерос бўлиб келаётган экан. Аммо Шокир қилич унинг уйида сақланишини айтмаган эди... Кечқурун Хуррамбек билан унинг отаси кўрсатган жойдаги полнинг тахталарини кўчирдик. Сандиқ остида туйнук бўлиб, ҳақиқатдан ҳам унинг ичидан қизил бахмалга ўралган қилич ва қутига тахланган АҚШ долларлари чиқди. Хуррамбек матони олиб ташлаши билан хона чироғининг нурида қўлидаги қилич ярқираб кетди. Иккаламиз ҳам ундан анчагача кўз узолмай қолдик. -Албатта отангнинг истагини амалга оширишинг зарур, дея ўртоғимга эслатдим, бир оз ўзимизга келгач. Бу ердаги пуллар ўқишингга ҳам, уйланишингга ҳам, Гулрухсор опани даволатишга ҳам бемалол етади. Юр, эртага Мохигулларникига бирга бориб, ундан ва ота-онасидан кечирим сўрайсан. Улар албатта сени тушинишади, ахир Мохигул бежиз сенга турмушга чиқишга рози бўлмаганку, тўғрими? Хуррамбек ниҳоят нигоҳини қиличдан олиб менга қаради ва учрашганимиздан буён илк маротаба жилмайди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3