Бу воқеага анча йиллар бўлган. Ўшанда мен Бурчмуллага амалиёт ўташ учун юборилгандим, —деб ҳикоя қилади Гўзал Қодирова. — Бу ерга келгач, тоғлар, сирли ҳудудлар ҳақида кўп қизиқ ҳикояларни эшитдим. Бу тоғларда шундай жойлар бор эканки, ҳосил киши билмас кўпаяверар экан. Кейин бу ерларда доривор гиёҳлар бисёр эди. Ҳар борганимда у ердан қуруқ қайтмасдим. Аммо тоғ тепасидаги узумзорга ҳам, гиёҳ теришга ҳам ҳеч қачон бир ўзим бормаганман. Аммо бир сафар вазият тақозоси билан тоғда гиёҳ териб, бир ўзим қолиб кетдим. Кундуз кун бўлишига қарамай, бундай жойларда одам бироз чўчир экан. Шунинг учун тепадан тез тушиб, катта йўлга чиқиб олдим. Қарасам, йўлда узун қора кўйлак кийган, бошига рўмол ўраган учта аёл кетаётган экан. Қўлларида ҳеч қанақа тугун йўқ. Ҳайрон бўлдим. Чунки бу ерга одамлар аслида узум узиш ёки гиёҳ териш учун келишади. - Ҳой қўшнилар, шошманглар, бирга кетамиз! — дедим мен. Аёллар эса гўё мени эшитмагандай, пинак бузмай йўлда давом этишди. Йўқ, улар тез юришмаётганди, шунга қарамай, ортларидан югуриб етолмасдим. Мен уларни яна чақирдим. - Тўхтанглар-е, бирга кетайлик! Шунда энг четда кетаётган аёл тўхтади ва менга ўгирилиб қаради. Унга яқин боришимга ўн метрча қолганди. Чопиб келаётган жойимда даҳшатдан таққа тўхтаб қолдим. Негаки, бу аёлнинг қиёфаси йўқ эди! Бошига рўмол танғиб олган, аммо унинг на қоши, на кўзи, на оғзи-бурни бор эди. Чеҳра ўрнида юмалоқ, қорача нарса турарди, холос. Қолган икки аёл ҳам унга яқинлашишди ва менга қараганча тўхтаб қолишди. Уларнинг ҳам қиёфаси йўқ эди! Ортимга қарамай қочдим. Мен ҳарсиллаб нафас олганча югурар ва қўрқувдан йиғлар эдим. Агар йўлимда мактаб мудири Замира опа учраб қолмаганида билмадим, нима қилар эдим. У киши мени уйига олиб кетиб, сув билан тинчлантирувчи дори берди. Анча ўзимга келгач, йўлда қандайдир қиёфасиз аёлларга дуч келганимни айтиб бердим. Замира опа мени шу ерлик бир табиба аёлникига бошлаб борди. У баджаҳл, чўрткесар аёл экан. -Бу жойларда ёлғиз юрмаслик керак, — деб мени койиди у. — Қизим, сен жой эгалари, тоғ руҳларига дуч келибсан. Улар сенга одам сийратида кўриниш берган, — деди. Аёл менга қўрқувни кетказадиган қандайдир гиёҳли дамламалар берди. Шу воқеа сабаб, тоққа ёлғиз бормайдиган бўлдим.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев