“Шом(Сурия)да қози эдим. Бир куни дўстларимиздан бириникида
тўпландик. Тўсатдан нафасим қаттиқ сиқа бошлади. Дўстларимдан кетишга
рухсат сўрадим. Улар эса тонггача бирга ўтиришни сўраб қаттиқ туриб
олишди. Лекин менинг бунга тоқатим етмасди. Уларга: “Тоза ҳаводан нафас
олишим керак”, дедим-да якка ўзим, қоронғида ташқарига чиқиб кетдим.
Йўлда кетаётиб бир тепалик ортидан зорланган, ўтиниб илтижо қилаётган
овозни эшитиб қолдим. Ўтиб қарасам, ўта ночор ҳолдаги бир аёл йиғлаб
Аллоҳга дуо қиляпти.
Унинг ёнига бориб “Эй синглим, нега йиғлаяпсиз?” – деб сўрадим.
У жавоб берди: “Эрим золим, қаттиққўл одам. Мени уйдан ҳайдаб,
болаларимни олиб қўйди ва уларни қайта кўра олмаслигимни айтиб қасам
ичди. Менинг борар жойим ҳам, ёрдам сўрайдиган кишим ҳам йўқ”.
Мен ундан “Унда нега қозига арз қилмадингиз?” – деб сўрадим.
У йиғлаб “Менга ўхшаган бир аёл қозининг олдига қандай ҳам етиб бора оларди?” – деди”.
Шайх йиғлаб ҳикоясини давом эттирди: “Аёл шу сўзларни айтяпти-ю,
Аллоҳ қозини (яъни ўзини назарда тутяпти) бўйнидан судраб унинг олдига
олиб келганидан бехабар...”
Субҳаналлоҳ! Ким унга (қозига) тун қоронғулигида ташқарига чиқиб,
аёлдан ҳожатини сўраш ва унинг арзига қулоқ тутиш учун ўз оёғи билан
юриб келишни буюрди? Ўзи аёлнинг олдига келиб, ундан арзини сўраб
турибди-я! Бу мискин аёл қайси дуони қилган эдики бунчалик тез суратда,
айни кўринишда дуоси ижобат бўлди?!
Эй, ўзини ночор ҳис қилган, дунё зулматдангина иборат деб гумон қилиб
қолган киши! Икки қўлингизни юқорига кўтариб, Аллоҳдан дуо қилиб
сўранг! “Бу муаммо қандай ҳам ҳал бўлсин? Иложсиз-ку”, деманг. Балки
чумолининг ўтинчини ҳам эшитадиган Зотга тазарруъ, илтижо қилинг! Шундан
кейин ҳам сиқиласизми?!
Аниқ билингки, сабрдан кейин сизни бир яхшилик кутиб турибди. Аллоҳ
таоло сизни бирон нарса билан синар экан, албатта ўшанда сиз учун хайр
бор. Ҳатто бунинг аксини (келган синов қийинчилик деб) гумон қилган
бўлсангиз ҳам... Ич-ичингиздан хурсанд бўлинг.
Агар синов бўлмаганида Юсуф алайҳисалом отасининг қучоғида эркаланиб
вояга етар эди. Лекин айни шу синов туфайли у Миср Азизи (вазири) бўлди.
Шундан кейин ҳам сиқиласизми? Аниқ ишонингки, машаққатга қилинган
сабрдан кейин сизни кутиб турган, сизни хурсанд қиладиган, алам,
оғриқларни унуттирадиган бир яхшилик бор...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2