🌹 🥀:БИР ТОМЧИ ЁШЧАЛИК АРМОН БУ ДУНЁ...
Жамиланинг кўз ёшлари юзини юва бошлади. Темур ўрнидан туриб, қиз томон икки қадам қўйди-да, юзига қарай олмай, совуққонлик билан шивирлади:
— Энди мен бора қолай!
— Ким у? — ҳаяжон аралаш сўради Жамила.
— Ҳеч ким. Ишон, орамизда ҳеч ким йўқ, мен ростини айтдим…
— Тўйни тўхтатинг, Темур ака, тўхтатинг дедим, йўқса, ўзимни нимадир қиламан, ишонинг, кейин афсусланасиз…
Темур қизга жавоб бермади. Ҳатто «Ўзимни нимадир қиламан» деганида ҳам пинак бузмади. Шунчаки жим кетди. Ортга қарамаслик, Жамилани шу алфозда ташлаб кетиш оғир эди. Бироқ қайтса, қизнинг кўзларига тик қараб, ҳақиқатни айтиш ундан-да мушкул эди. Ҳеч нарса демади. Энг қизиғи эса Анвар билан Миржаҳон ҳам унга эргашди. Нуқул Темур билан Жамила жанжаллашиб қолганда, Темурга жаҳлдорлигини айтадиган, хатони ким қилаётганини тушунтирадиган, ҳамиша Жамиланинг ёнини оладиган ўртоқлари бу гал томошаталаб курсдошларнинг ҳаммасини ҳайратга қўйганча, Темурнинг ортидан эргашди.
— Номард!!!
Бу сўз саккиз-ўнтача талабанинг оғзидан бир пайтнинг ўзида янгради.
* * *
Темур билан Жамиланинг муҳаббати куртак очганига анча бўлган, яқин-яқингача гулга айланганди ҳам. Чинданам гулдек муҳаббатлари бор эди. Ҳамма уларга ҳавас билан қарар, ҳатто муҳаббатнинг борлигига доим шубҳа билан қарайдиганлар ҳам асл севгининг кучига ишонишганди. Бироқ ўқишни якунланишига бир йил қолганида, аниқроғи, Жамиланинг уйига сўраб келувчилар серқатнов бўлиб қолишганидан сўнг Темур ўзгарди. Ҳар гал Жамила йигитга: «Уйингиздагилар қачон келади?» дейишни бошласа, гапни бошқа ёққа буришга ҳаракат қилар, жуда эпини қилолмаса, қўрслик билан бирор баҳона топиб қўя қоларди. Уларнинг муносабатига ечим топилмаётганининг сабаби ҳам, аслида, бир-бирига бўлган ишонч, бир-бирига бўлган меҳр эди. Яъни, жанжаллари бир зумда унутилиб, яна ярашиб олишар, то кейинги совчиликкача беғам қолишарди.
Саъдулла аканинг паймонаси тўлди. Хотинига қизи бу гал ҳам бинойидек йигитни «касал»га чиқармаслигини, «Ота рози бўлса, Худо ҳам рози» бўлишини яхшилаб тушунтириб қўйди. Оғайнисининг ўғлига розилик берди. Жамиланинг кўз ёшига болиш макон бўлди, Жамиланинг қарғишига тақдир манзил бўлди. Юм-юм йиғлаш билан чекланиб қолмади. Ягона умиди — яна бир марта гаплашиб кўришга аҳд қилди. Бироқ Темур юқорида эшитганингиздек, рўйхушлик бермади. Унга бахт тилаганича кетди…
* * *
«Номард»га айтган сўзида туролмади Жамила. Ўзини «бир бало» қила олмади Жамила. Ота-онаси кўринди кўзига. Тақдирга тан беришдан бўлак чораси йўқ эди.
Тўй дабдаба билан ўтди. Аммо Жамиланинг кўнгли алағда эди. Қиз кутди, охиригача кутди. Йўллар кўзига қадалган ниш эди. Аммо бу йўлларда таниш қадамлар эшитилмади. Жамила ҳар қанча кутмасин, Темур келмади…
Алданган битта мен эканманми, бахтидан айрилган битта менми, деб ўйлади Жамила. Чидаган камми, яшаб кетган камми, бахтли бўлиб кетган камми, деди. Кўникишга қарор қилди. Келин бўлиб тушган хонадонидан бахт кутди, эрига кўнгил қўйишга аҳд қилди. Аммо ҳаёт тақдирининг тизгинини яна унинг қўлидан олиб қўйди.
Тўйдан чамаси бир ҳафталар ўтди. Ўша куни ёш келин-куёвларнинг хонасидан дастлаб чинқириқ овози эшитилди. Кутилмаганда Жамила ҳовлига отилиб чиқди-ю, ҳовли ўртасида тош қотди. Насиба опа зудлик билан келинининг олдига чиқиб, ўзи билан олиб чиққан адёлни ич кийимда, дийдираб турган келиннинг устига ташлаб, юз-кўзларини силай бошлади.
— Нима гап, қизим? Нима бўлди? — нафаси тиқилиб сўради у келинидан.
Ҳаял ўтмай қайнотасининг ҳам қораси кўринди-ю, энди гапираман деб оғиз жуфтлаган Жамила қулт-қулт ютинганча қолаверди. Юзи лов-лов ёнганча яна орқасига қайтди…
Қайнона-қайнота буни ўзича тушунишди. Аммо… Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Ахийри Насиба опа келини билан гаплашиб олмаса бўлмаслигини тушунди. Эри ҳам, ўғли ҳам йўқлигида, келинини қаттиқ сиқувга олганди, Жамила ичидагини тўкиб сочди:
— Ажрашаман, ўғлингиз билан ажрашаман! — деди у тутаққанча.
— Вой, ўлмасам, ҳай, шайтонга ҳай беринг, қизим, ахир…
— Менам шайтонга ҳай бермоқчиман! — йиғламсираганча баттар бақирди Жамила.
— Чунки шайтон болангиз, эшитдингизми, сизнинг болангиз! Чақиринг эрингизни. Чақиринг, дадажонимнинг дўстини. Менга ҳам айтиб берсин дўстликлари ҳақида…
— Нималар деяпсиз, қизим?..
— Нима деб алдадингизлар дадамни? Нимани яширдингиз?! Фарзандингиз гиёҳванд эканини айтдингизми ё алкашлигиними. Балки, унинг…
Жамила бирдан жим бўлди. Ранги докадек оқарди. Ҳансираганча нафас олиб, қайнонасининг олдига аранг етиб келди-ю, оёқлари остига чўккалади.
— Мен фақат билмоқчиман, — деди юзини кафтлари билан яширганча сим-сим йиғлаб. — Айтинг, илтимос! Отам шуларга кўз юмиб, қизини қўлларингизга тутқаздими ёки отамни ҳам алдаганмидиларингиз?
Насиба опа жавоб беролмади. Келинини маҳкам қучоқлаб, у ҳам йиғлашга тушди.
* * *
— Темур, сени сўраб келишибди, болам.
Остонада турган онасининг ҳолатини кўриб, Темур ҳайрон бўлди. Сўраб келишса, нима қилибди? Ким экан, деган ўйда остонага қараб юрди.
— Болам, сен менинг боламсан, шуни унутма!
Онаси нимага ишора қилаётганини яхши тушунди. Ҳар гал ўғли тушкун бўлиб қолса, изтироб чекаётса, айниқса, олдида йўллар кўп бўлиб, бирор қарор қабул қилиши керак бўлса, шундай дерди онаси.
«Онангнинг фарзандисан, отангга тортмаслигинг керак!»
Бу гапдан сўнг баттар ажабланган Темур боши ғовлаганча кўчага чиқди. Чиқди-ю, Жамилага кўзи тушди…
Жамила лом-мим демади. Темурнинг онаси — Малоҳат ая меҳмонни тўрга ўтқазди. Университетда ўқийдиган, ўқиши сабаб уларникида яшайдиган синглисининг қизи Сабоҳат ҳам уйда эди. Хола-жиян зир-зир югуриб, дастурхон ёзди Ҳар икки гапининг бирида «Болам, болам»лаб, кўнглига қаради Малоҳат ая. Сўнг ҳалиям эшикка суяниб, сўппайганча турган ўғлига маъноли қараб, секин Сабоҳат иккаласи хонадан чиқишди. Уларнинг гапига эшик ортидан қулоқ осиб туришди.
— Турмушимни бузинг! — деди Жамила кутилмаганда тап тортмай.
— Нима?!
— Турмушимни бузинг, деяпман, бўлди, ортиқ чидолмайман! — Жамиланинг жазаваси тутиб, Темурга ўшқира кетди. Жуда узоқ гапирди. Нолиди, йиғлади-сиқтади, қарғади. Сўнг жавоб кутди. Темур қизнинг олдига келиб ўтирди.
— Нима бўлди? Нима гап?
— Мен у тўнғиз билан яшолмайман.
— Нега?
— Илтимос, турмушимни бузинг, ялинаман, ёлвораман, оёғингизга бош қўяй, фақат…
Бир баҳя қолди Темур Жамилани одати бўйича юпатишига. Бехосдан ҳушига келди. Ўзини қўлга олди.
— Нега бундай қиляпсан, Жамила? Озгина сабр қилсанг, балки, унга кўнглинг тушиб қолар.
— Нима?! — худди ажабтовур ҳолатга гувоҳ бўлаётгандек кўзлари катта-катта очилди Жамиланинг. — Нима? Сиз унга кўнглим тушиб қолиши ҳақида ўйлаяпсизми? Ўшанга-я?! Ўша маразга-я? Биласизми, у ким? Ҳайвон у! Ҳайвон, бузуқи! Хотин зотини жинсий эҳтиёж чораси деб биладиган, шаҳвоний ҳирсдан бўлак ҳиссиёти йўқ муртад у! Яна гиёҳванд ҳам, яна пиёниста ҳам! Эртага фарзанд кўргудек бўлсак, боласиниям пуллаб юборадиган мараз!
— Бўлди қил! — бу гал Темурнинг овози баланд чиқди. — Эсингни йиғиб ол. Агар айтганларинг чин бўлса, отангга айт, онангга айт. Ажраш, вассалом. Аммо бошқа менинг хонадонимга қадам босма!
— Темур ака?
— Унут Темур акангни, мен уйланяпман! — деди бошқа чораси қолмаган Темур айни паллада гапиришга сўз тополмай. — Унаштирувим бўлди!
— Ёлғон, ёлғон гапиряпсиз, кўзимга қаранг!
— Қарамайман, нима эди?! — бақирди Темур. — Нима қиласан? Мажбур қиласанми? Қайси калланг билан ўйладинг мени бировнинг турмушини бузишга қодир деб. Яна бир гап, мен уйлан-япман. Сабоҳат!
Эшик ортида уларга қулоқ осиб турган хола-жиян ялт этиб, бир-бирига қаради.
— Сабоҳат дедим!
Сабоҳат оёқ-қўллари қалтираганча, дир-дир қалтираб ичкарига кирди. Унинг ранги ўчиб кетганди.
— Чақирдингизми? — деди базўр.
— Унинг исми Сабоҳат, — деди Темур Жамилага ўгирилиб, — унаштирилганмиз, келаси ойда тўй. Бу уйга бошқа қадам қўйма. Энди кет, кўзимга кўринма!
Жамила карахт бўлиб қолди. Тўғри, аслида, бу ёққа келаётганидаёқ кўнгли сезганди Темур унга бемаънигарчилик қилаётганини айтиб, қайтариб юборишини. Аммо бунақа муомала билан ҳайдашини тасаввур этолмаганди. Ўйларини ўйлаб улгурмасидан, Темур қизнинг билакларидан ушлаб, ўрнидан турғазди.
Остонада ҳамон анграйганча қолган Сабоҳат ҳам, йўлакда кўз ёшларини рўмолининг учига артиб турган онаси ҳам юрак ютиб бирон нарса деёлмади. Деярли судраб олиб чиқди Темур Жамилани. Сўнг дарвозага ишора қилди. Жамила йиғлаганча кўчага отилди. Темур қизнинг ортидан эшикни ёпиб, дарвозага бошини суяганча қотиб қолди.
— Бунақада бирор ғалвани бошлаб қўяди бу қиз, — деди онаси унга, — бекор унақа қилдинг, болам.
— Ака, — деди Сабоҳат, — ҳалиям кеч эмас, ётиғи билан тушунтириб, уни уйига, ҳеч бўлмаса ота уйига ташлаб келинг.
Онаси яна алланималар деди, холаваччаси ҳам, аммо миқ этмади Темур. Ортига ўгирилиб, хонасига томон юрди. Ўшанда кўриб қолди Малоҳат ая ўғлининг йиғлаётганини.
* * *
Малоҳат ая токчадаги суратни қўлига олди. Темурнинг болалигидаги ягона сурат. Бояқиш онанинг кўз олдида ўғлининг ёшлиги жонланди. Ўшанда саккиз ёшда эди. Малоҳат ая Худонинг зорини қилиб ҳам эрига инсоф юқтиролмаганидан сўнг тақдирига тан берганди. Аммо Темур кўтаролмади. Кўтара оладиган, ҳаётни тушунадиган ёшда ҳам эмасди. Отаси ташлаб кетаётган куни Темур уввос солиб йиғлади. Қорни қор, совуқни совуқ демай машинанинг ортидан чопди. Малоҳат ая ўғлига етолмади. Ярим йўлда ҳансираб, йиқилиб қолди. Темурга қаради. У ҳамон қўлини кўтариб, машинани тўхтатишларини отасидан ташлаб кетмаслигини сўрарди.
Милиция ходимлари шу кетганича йўқ бўлиб қолган Темурни икки кундан сўнг топиб келишди. Аллақайси далада музлаб, қунишиб ётган экан.
У ёғини эслашни истамади шўрлик она. Боласининг расмини маҳкам қучоқлаганча, йиғлаб юборди.
* * *
Жамила ота уйига қайтди. Ҳақиқатни билганидан сўнг отасининг ўзи қайтариб олиб келди.
— Менинг ажрашадиган хотиним йўқ, — дея роса тўполон қилди Сардор.
Иш судга оширилди. Суддан сўнг Сардор Жамилага холи гаплашиб олишни сўраб, четга олиб чиққанида, таҳдид ҳам қилди:
— Агар мени ташлаб кетсанг, бошқасига эрга тегсанг, ўша одамни ўлдираман!
Жамила эрининг гапларини писанд ҳам қилмади, аммо дугонаси ҳам эшитгач, хавотир олди. Нозима эса бу гапдан Темурни бехабар қолдирмади. Темурнинг қанчалик жаҳли чиқмасин, аммо ҳовурини босди. Худди хотиржамдек тутди у билан кўришганида.
— Жамилага мен уйланмоқчиман! Хўш, ўлдирасанми мени?
Кейин ўрталарида нима бўлганини ҳеч ким билмади. Жамила билан Нозима машинада қолишди. Темур Сардорни олиб четроққа чиқди ва зум ўтмай қайтиб келди. Шу-шу Сардор бошқа Жамилани безовта қилмади.
Жамила ота уйига буткул қайтди. Малоҳат ая совчиликка келганида, Жамиланинг ота-онаси дастлаб унашмади. Қизларининг бахтини таваккал қилишолмади. «Турмушидан ажраган қизингни уларнинг маҳалла-кўйи нима дейди, ўзлари қандай муносабатда бўлишади, қўй, онаси, бир хато қилдик, иккинчиси қимматга тушади. Бирорта ўзининг тенги топилиб қолар», деди отаси. Аммо Темур унамади. «Жамиладан бошқаси керакмас, агар чиндан қизингизнинг бахтини ўйлаётган бўлсангиз, қаршилик қилманглар», деб туриб олди. Бошқа гапни эшитишни ҳам истамади. Остонасида ётиб олган Темурни кўриб, энди Жамиланинг назарида эртанги кунга умид, яшашга иштиёқ туғилгандек эди-ю, аммо сал ўтмай тақдир яна чаппасига айланиб кетди. Жамиланинг тез-тез мазаси қочадиган бўлиб қолди. Текширувлар эса ҳомиладор эканини кўрсатди.
* * *
Малоҳат ая «Қайтаришди», деганидан сўнг Темур яна қатнади уларникига. Ҳақиқатни билмагунигача қўймади. Ҳақиқат ошкор бўлгач эса кутилмаганда Темур хотиржам тутди ўзини. Худди ҳеч нарса бўлмагандек. Лекин энди Жамиланинг қайсарлиги тутди.
Онасининг: «Ундай қилма, қизим, Темурдек йигит бошқа учрамайди ҳаётингда, унга ишонсанг бўлади», дегани ҳам иш бермади.
Темурнинг: «Ҳеч қачон уни ўгай билмайман, отанинг қадрини менчалик ҳеч ким ҳис этмаслигини ўзинг биласан-ку. Хавотир олма, унга ўзим оталик қиламан!» дегани ҳам наф бермади.
Ҳатто отаси ҳам аралашиб кўрди:
— У ёлғон гапирмаяпти, шу йигит сенинг бахтинг, қизим, фарзандингга ҳақиқий ота бўлади, мана кўрасан!..
Барибир, фойдаси бўлмади. Шунда руҳшунос битта гап айтиб қолди уларга. Жамилада кузатилаётган қайсарлик, инжиқликлар шунчаки ҳомиладорликдан, кейин ўтиб кетадиган ҳолат экан.
Чиндан ҳам, ота-онаси ва Темур қизни бирпас тинч қўйишди. Сабр қилишди. Шунда офтоб чиқди уларнинг осмонида. Жамила яна Темурга розилик билдирди.
Тўй ихчамгина бўлди. Аслида, Темур орзу-умидлар билан, унга оқ кўйлак кийгизиб, катта тўй қилиб олиб кетмоқчи эди, Жамила рози бўлмади. Эл гап қилишидан қўрқди. Аслида, Темурнинг маломатга қолишини истамади.
Тўйдан сўнг Темур Жамилани ўз ҳолига қўйди. Кунларнинг бирида эса…
Ишдан қайтган Темур ичкарида бақир-чақирни эшитиб, сал қия очиқ эшикдан тўғри кириб келаверди. Иш аслаҳаларини айвондаги столга қўйиб, меҳмонхона томонга қулоқ тутди. Афтидан овоз эгаси қайнонаси эди. Дам-бадам Сабоҳатнинг ҳам овози чиқар, у она-болага уришмаслигини, Темур келса, бафуржа гаплашиб олишларини айтиб, тинмай ялинарди.
Темур ичкарига кирганида, хотини ҳам, қайнонаси ҳам унга кўзи тушиши билан жим бўлди. Ҳол-аҳвол сўради. Темур хотинининг рўпарасига, қайнонасининг ёнига ўтирди.
— Онам қани? — деб сўради Темур Сабоҳатдан.
— Холам дўхтирга кетганди, ҳозир келиб қолади, — Сабоҳат ҳам кўзини олиб қочди.
Темур яхшиси ўзларидан сўрай қолай деб, она-болага юзланди.
— Нима бўлди?
— Ҳеч нима, шунчаки, озгина тортишиб қолдик, — дея қайнонаси юзини терс бурди.
— Нима бўлди? — энди хотинига юзланди Темур.
— Ўзимиз, сал қизишиб кетдик…
— Қизишиб кетдинг?! — қошларини чимирди онаси, сўнг овозини баландлатиб, қўлини пахса қила кетди. — Қизишиб кетиб, яна нималар қилганингни ҳам айт, гапир, нега жимсан? Айт!
— Бўлди қилинг, она, уриш қилгани келганмисиз? — деди Жамила. Сўнг эрига қаради.
Темур унга шундай тикилиб ўтирардики, эрининг нигоҳига дош беришнинг имкони йўқдек эди. Дарров кўзларини олиб қочди.
— Жамила?!
Жамила Темурга қарамади. Яна икки марта чақирди уни Темур, барибир қарамади. Шунда қайнонасининг ўзи айтиб қолди. У гапни дастлаб Темурдан бошлади:
— Хотинингиз билан бемалол эр-хотинга ўхшаб яшайверинг, куёв бола!
Темур Сабоҳат узатаётган чойни қўлига олгач, қайнонаси нимани назарда тутаётганини англай олмай, унга тикилди.
— Нега анграясиз? Энди ҳаммаси ортда қолди, қизим ҳомиладор эмас!
Темур қайнонасидан кўзини узмас, аммо унинг нима деяётганини яхши англаётган ҳам эмасди. Жамила онасига бошқа гапирманг, деб илтимос қилганида, аксинча, онаси тутақиб кетди. Бақириб юборди, куёвига қараб, қизини кўрсатиб йиғлай бошлади:
— Бу аҳмоқ аллақандай таблеткалар ичиб юрган экан. У энди ҳомиладор эмас, ўғлим, у боласини ўлдирди. У ҳомиласини нобуд қилди. Нобуд қилди. Дўхтирлар унинг мажруҳ туғилишини айтишган экан, бу аҳмоқ Худога ишонмай, дўхтирларга ишониб қўя қолган, болам, қизим фарзандини ўлдирди…
Темур кар-соқов, шол бўлиб қолганди. Қайнонасининг хонадан йиғлаганча ўқдек отилиб чиққанини ҳам, уни юпатиш учун ортидан Сабоҳат кетганини ҳам сезмади. У фақат Жамила келиб қўлларидан тутганида ўзига келди. Хотинига ўгирилди. Темурнинг нигоҳидан бирор маънони уқиб олиш амримаҳол эди. Кўзлари ҳам бемаъно боқарди.
— Нега бундай қилдинг? — деб сўради Жамиладан.
— Темур ака!
— Биласанми нима? — деди Темур юзини бошқа томонга буриб. Сўнг эшитилар-эшитилмас шивирлади. — Болалигимда, икки кун қишнинг қаҳратонида кўчада қолиб кетганман.
Темур нега бундай деганини Жамила яхши тушунмади. Унинг гапини давом эттиришини истаб, оғзига маҳтал бўлди.
— Мен ота бўлолмайман, Жамила, чунки мен ўшанда…
Темур ортиқ гапиролмади. Кўзидан бир томчи ёш думалаб тушди. Аллақаердандир, радиоми ёки магнитафонданми нотаниш ҳофизнинг таниш дард ҳақидаги қўшиғи элас-элас қулоққа чалинарди:
Гоҳ савоб, гоҳ гуноҳ, тиним билмайди,
Одамлар гумроҳми, сабрсизми ё?
Айбларинг ювмоққа изн бермайди,
Бир томчи ёшчалик қадрсиз дунё!
༺🌺༻🌸༺🌺༻
МЎМИННИНГ ҚАЛБИ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев