Одам боласи учун отадан улуғ, онадан азиз яна бир зот бўлиши мумкинлигини тасаввур этмоқ қийин. Аммо донолар устозни отага тенглаштириб: устоз отангдек улуғ, деган латиф каломни ҳам кашф этганлар. Бунинг ботиний маъноси шундаки, фарзанднинг дунёга келишига ота асос бўлса, шогирднинг илм, ҳунар ҳикматини эгалламоғига устоз сабаб.
Бу ҳол айниқса, спортда ёрқинрок, акс этади. Комил устоз ва содиқ шогирд муносабатлари бархаёт бўлган жойда ҳамиша эртага умид ва ўтган кунга шукр бўлади. Устоз - мураббий этагини тутиб, чин ихлосу хавас билан камолга етганларнинг барчасини муроди ҳосил бўлади. Яъни, ота-онасини ҳалол рози этган фарзанднинг камоли ҳақ бўлгани каби, устоз дуосини олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Бунинг учун чин ихлос ва эътиқод қалбда - юракдан бўлиши керак.
Нақл этишларича, қадимда кучи билагига сиғмаган бир пахлавон бўлган экан. У моҳир бир инсондан таълим олиб, тезда эл назарига тушибди. Яқин-йироқ-да курагини ерга тегизмаган пахлавон қолмабди. Ютуқларидан мағрур бўлиб, оқибат ўз устози билан курашмоққа ва ягона ғолиб бўлмоққа қасд этибди. Шундай беллашув бўлибди, аммо такаббур шогирд енгилиб, мағлуб бўлибди. Шунда алам ва ички азобдан тўлғонган шогирд устозидан сўрабди:
- Мени мағлубиятимнинг сабаби нимада?!
Устоз эса хотиржам жавоб берибди:
- Ғолиблик кучда эмас, ақлу тафаккурда. Сен мана шу усулни ўрганишга тоқат қилолмадинг. Сени мағлубиятинг фикрсизликда.
Шарк, фалсафаси шогирд ва устоз муносабатларига жуда катта эътибор қаратган. Юқоридаги нақл ҳам шунга ишора бўлиб, устоз ёқасидан тутган, қадру қимматини билмаган шогирднинг оқибати хорлик эканлиги акс этган.
Французларда бир мақол бор экан: чақалоқ қанотлари қисқариб, оёклари узайган фариштадир. Мен бу қиёсни асл спортчиларга ҳам қўллагим келади. Чунки хақиқий курашчи улғайиб, ютуқларга кўпроқ эришгани сайин ўз қадамига - йўлига ҳушёр ва содиқ бўлишга мажбурият сезади. Ҳаёл ва арзон шуҳратга мубтало бўлганлари нафақат рақиб, балким осонгина шериклари ва устози юзига ҳам оёқ қўйиши мумкин. Бундай кимса ҳар қанча кучга тўлган, жисмонан етук бўлсин - бўлмасин оқибатида хорлик бор. Шунинг учун ҳам Ҳазрат Аҳмад Яссавий ўз ҳикматларидан бирида:
Хатини бехабар Аллоҳга мункир,
Адабсиз беадаб дунёда бе пир, дейдилар. Яъни пир - комил устозга қатъий итоатда бўлмаган кимса одобсизларнинг одобсизидир. Бу яратганга инкор билан боғлиқ гуноҳлар сирасидандир, дейилади. Бундан мурод устоз-пирнинг нақадар улуғлигига ишорат, шогирднинг қанчалар масъул эканлигига далилдир.
Ҳали ҳаётда ота-онасини рози этмай барака топган инсонни аҳли замин кўрмади. Шу баробар устозни рози этиб, дуосини олмаган шогирд ҳам барака топмади. Демак, эътиқод билан қатъий йўл танлаган шогирдларга, шу жумладан, спортчиларга бу йўл сабоқ бўлиши лозим. Токим, устози, мураббийси - тренерига қалбан боғланиб, унинг йўл-йуриғини дастурамал билиш, англаш тафаккурига дилдан жо бўлсин. Дил ва тил айри тушиб, устоз ҳурматини ўз манфаатидан паст қўйган инсонга толиб ва шогирдга ҳали омад кулиб боққани йўқ. Шунинг учун ҳам маслак ва эътиқодда бардавом бўлиш, айниқса, Шарқ якка курашларида, ҳусусан японча беллашувлар, жумладан, Шинкиокушинкай Каратэда юксак даража ҳисобланади.
Мен юқоридаги фикрларимнинг кўплаб ҳайрли исботларини Ватанимизда Шинкиокушинкай Каратэ Маркази "НУР-ХАС" асосчиси, 4-Дан қора белбоғ сохиби, Ўзбекистон байроғини илк бора Японияга ўрнатган таниқли каратэчи ва моҳир устоз мураббий Хасан Назаров мактаби ва унинг ўз сиймосида кўраман. Бундан 30 йил аввал бир киши билан бошланган Марказнинг бугунги бир неча минг кишилик обру эътибори ва жаҳон даражасидаги ютуқларини ҳам шунда деб биламан.
Тўғри, адашганлар, ўз ҳою ҳаваси билан чалғиганлар бу даргоҳда ҳам учраб қолса унчалик ажабланишга ҳожат йўқ. Вақт олий ҳакам, "олтин ҳам, мис ҳам" ўз ўрни билан намоён бўлаверади.
Энг асосийси, ишонч ва эътиқоди мустаҳкам бўлиб, устоз йўлига содиқлик ва собитлик даражаси насиб этган чинакам фидойи шогирдларгагина камол насиб этиши ҳақ!
Мен "НУР-ХАС"чиларни ёмон кўздан Аллоҳнинг ўзи асраб, ҳамиша ютуқларга ёр этишига тилакдошман.
Суюндуқ Мустафаев
Комментарии 3