Ортиб кетди яна менинг гуноҳим,
Кимга ёриламан, Ўзингдан бошқа?!
Битта таскинингга зорман, Илоҳим,
Малҳам йўқ қалбимга сўзингдан бошқа.
Билмайман, жой борми менга аршингда,
Ўзимни беҳиштга чоғламоқчиман.
Илтимос, Худойим, ҳозир қаршингда,
Озгина ўзимни оқламоқчиман...
Ишқ мукофот, ахир, жазомас,
Билиб уни Сендан туҳфа йўйганман.
Маъшуқлик - бахт, ошиқ - сазомас,
Сени суйган каби меҳр қўйганман.
Атодай кўрардим онгу шууримда
Кетгандирман Ҳавво изини босиб.
Покликни тўтиё билиб умримга
Ўзимни гуноҳга кўрмай муносиб!
Қўйма мени ташлаб, ундан тонмасам,
Энди ишқ нелигин туйган онимда
Шундай соф севмасам, ўтдай ёнмасам,
Нима қадрим қолар Сенинг ёнингда?
Феълимни Ўзингга ўхшатган тақдир,
Гоҳида сокинсан, гоҳи жўшасан.
Жимгина яшаб ўт, десанг, айт ахир,
Унда нега лойимга олов қўшасан?
Ўзим кечдим, кетдим, хайр, деб,
Беқарор феълидан кўп озор едим.
Лекин сўрамадим ундан айир, деб
Менга афзалини раво кўр, дедим.
Ато ҳам эмасди мукаммал, бекам,
Ҳавво иззиллади бўлганда жудо...
Балки арзимасдир тирноғимга ҳам,
Уни менга афзал қилиб бер, Худо!
...Ҳар кун дилни тутиб сўроққа,
Юрак танҳоликка сира кўнмади.
Қанча узоқлашмай, кетмай йироққа,
Қалбимдаги оташ зарра сўнмади.
Ҳозир... гўё қадрим учун суюнаяпман...
Сен эса менгамас, кўнглимга ён бер.
Куйганда аслида, мен куйинаяпман,
Илтимос, Худойим, менга инсоф бер!
Усиз ўтаётган кунларим ғамли,
Кел, дилдан гинани энди ўчир, де.
Беҳиштдан қувилган каби аламли,
Кўнглингда нимадир бўлса, кечир, де...
Илтимос, Худойим, ҳолимни тушун,
Ўзим ҳам билмайман, не бўлаяпти...
Негадир сўнгги пайт уни ўйласам,
Кўзларимга ёш тўлаяпти...
Айт, васлдан кимнинг кўнгли тўлмаган,
Ошиқ-маъшуқларга гўша жаннатда.
Иккимиздан бўлак ҳеч ким бўлмаган,
Тангрим, қайтар яна ўша жаннатга...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 7