Сенга бир гапим бор!
Кириш сўзи йўқ.
Ҳамду санолардан, оҳ-воҳдан холи.
Сохта мулозамат, тама тузи йўқ,
Лутфимга ёт эрур лисоний қолип.
Сенга бир гапим бор!
Ундов-сўроқсиз,
Заррача ҳайратга тушмассан балки.
Шунгача юрагим урди титроқсиз,
Титроқсиз ургани юракмас ёки...
Сенга бир гапим бор!
(Жамланди кучим!..)
Қолган-қутган сўзлар гум бўлар кўздан.
Сўнгра бу дунёда қолмайди ишим...
Шуни айтиш учун юрибман ростдан.
Сенга бир гапим бор!
Тубсиз идишман:
Атодан ёдгорлик ҳисни ташувчи,
Милён йил йўл босиб яшашга ўчман,
Кўнгиллар гирдидан селдай тошувчи.
Сенга бир гапим бор!
Умримдан қиммат,
Пинагингни бузмас, эҳтимол ларзам.
Не бўлса ҳам майли, у сенга албат,
У менинг ҳаётим, энг сўнгги лаҳзам.
Сенга бир гапим бор!
Шабнамдек тоза.
Бу сўзнинг ифори беҳи ҳидидай.
Кўзларим қаршингда тилсиз овоза,
Сукунат юзимдан оқар ҳадемай...
Сенга бир гапим бор!
Сенга бир гапим...
Тингла, осий руҳим топсин ҳаловат –
Бир нафас, бир қараш, бир яшаш каби...
У ёғи – қалбнамоз – мангу ибодат.
Сенга бир гапим бор!
Битилар ҳаёт –
Энди Сўз умрига кўчишим равшан.
Кераксиз сатрлар тугар шу заҳот:
Ҳар икки дунёда сени севаман!
Алибек Анварий
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 5