Жума кунининг одоблари
.
➊ Ғусл қилиш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Жума куни ғусл қилиш ҳар бир балоғатга етган кишининг бурчидир”
(Бухорий (879) ривояти).
➋ Покланиш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким жума куни ғусл қилса, қўлидан келганича покланса, сочини ёғласа, уйидаги атирдан сепса, сўнг масжидга бориб, одамлар елкасидан ҳатлаб ўтмаса, сўнг қўлидан келганича нафл ўқиса, сўнг имом хутба қилаётганида жим туриб тингласа, албатта Аллоҳ таоло унинг келаси жумагача бўлган гуноҳларини кечиради”
(Бухорий (883) ривояти).
Бу ҳадисда ғусл қилиш билан бирга покланиш ҳам зикр қилинди. Бундан келиб чиқадики, ҳадисдаги покланишдан мақсад фақат ғусл қилиш эмас, балки покланишга сабаб бўладиган бошқа ишларни ҳам қилиш экан. Шунга биноан, жума куни аврат ва қўлтиқ тукларини тозалаш, тирноқларни олиш ҳамда мўйлабни қисқартириш жума кунининг одобларидан саналади. Баъзилар покланиш ниятида жума куни соқолини ҳам қиртишлаб олади. Бу жуда ҳам катта хато. Чунки соқолни қиртишлаб олиш ҳаромдир. Шунингдек, оғзи, оёғи ёки қўлтиғи ҳидланадиган кишилар доимо, айниқса, жума куни имкон қадар шу ишнинг олдини олишга ҳаракат қилишлари, қўланса ҳидларни кеткизадиган замонавий воситалардан фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир.
➌ Атир сепиш: жумага борганда одамларга турли хил ёқимсиз ҳидлар билан озор бермаслик учун атир сепиш шу куннинг суннатларидан саналади.
➍ Энг чиройли кийимларни кийиш ва сочни ёғлаш: мусулмон киши жума намозига борганда қалбини поклаш билан бир қаторда ташқи кўриниши ҳам гўзал бўлиши лозим. Шунинг учун жума намозига боришдан олдин энг чиройли кийимларингизни кийишингиз ва агар сочингиз узун бўлса, соч учун ишлатиладиган махсус крем, гел ва ёғлар ёрдамида сочингизни тартибга келтириб олишингиз ҳам суннатдир;
➎ Мисвок ишлатиш ёхуд тишни ювиш: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар умматимга машаққат бўлмаганида, мен уларни ҳар намоздан олдин мисвок ишлатишга буюрган бўлардим” – деганлар
(Бухорий (887) ривояти).
➏ Юқоридаги ҳадисда айтилган савобга эришиш учун масжидга боргандан сўнг одамлар елкасидан ҳатлаб ўтмаслик кераклиги айтиб ўтилди. Чунки бу иш ўтирганларга азият беради ва уларда сизга нисбатан нафрат уйғотади. Ҳолбуки мусулмон кишига азият бериш ҳаромдир.
➐ Каҳф сурасини ўқиш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким жума куни Каҳф сурасини ўқиса келаси жумагача ундан нур таралиб туради”
(Байҳақий “Сунанул кубро”да (5996) ривоят қилган, бу ҳадисни шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ саҳиҳ деган).
➑ Кўп дуо қилиш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жума куни шундай бир вақт борки, мусулмон киши шу вақтда намоз ўқиб, Аллоҳдан дуо-илтижо қилиб сўраса, албатта Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради” – деганлар ва қўллари билан бу вақтнинг жуда ҳам қисқалигига ишора қилганлар
(Муслим (1926) ривояти).
Бироқ ҳадисда бу вақт қачон экани аниқ айтилмаган. Шу вақтга тўғри келиб қолиш ниятида жума куни вақтингизни ҳеч ҳам бекорчи нарсаларга сарфламай, доим дуода бўлишингиз мақсадга мувофиқ бўлади.
➒ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга имкон қадар кўп саловат айтиш: бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга жума куни кўп салавот айтинглар. Чунки менга ҳар жума умматимнинг менга айтган салавоти рўбару қилинади. Ким менга кўп салавот айтган бўлса, (қиёматда) менга энг яқинлардан бўлади” – деганлар
(Байҳақий “Сунанул кубро”да (5791) ривоят қилган).
➓ Бошқа кунлар қолиб, фақат жума куни рўза тутмаслик: бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳеч ким фақат жума куни рўза тутмасин. Бироқ жумага қўшиб бир кун олдин ёки бир кун кейин рўза тутса бўлаверади”
(Бухорий (1985) ривояти).
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 2