------------
Мусулмон ва мўъмин ўртасида фарқ борми?
Аллох Таоло айтади
بسم الله الرحمن الرحيم
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ۖ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ۚ ذَٰلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا
“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинг ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон бўлиб Аллоҳнинг ҳукмларини татбиқ қилаётган) ҳокимларга бўйинсунинг! Бордию бирон муаммога дуч келсангиз — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у муаммони Аллоҳга ва пайғамбарига қайтаринг! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”. (Нисо. 59)
Бизнинг юртларда мусулмон деб айтиладиган сўз аслида муслим бўлгани учун, кейинда муслим сўзини ишлатамиз. Шаръий жиҳатдан мўъмин ва муслим (яъни мусулмон) ўртасида фарқ бор.
Муслим ва мўъмин ўртасидаги фарқ Ислом ва иймон ўртасидаги фарққа бориб тақалади. Чунки иймон келтирган у – мўъмин, Исломни қабул қилган у – муслим. Ислом ва иймон хусусида фақиҳлар ўртасида фиқҳий қоида бор: Агар бирлашса, ажрашади. Агар ажрашса, бирлашади. Бунинг маъноси, агар Ислом ва иймон сўзлари (шу жумладан муслим ва мўъмин сўзлари ҳам) иккаласи битта нассда (оят ёки ҳадис матнида) келса, булар бирлашган ҳисобланади ва иккаласига алоҳидадан маъно айтилади, яъни улар бир-биридан ажрайди. Агар бу иккала сўз битта нассда бирга келмаса, унда улар бирлашади, яъни битта маънони ифодалаш учун ишлатилаверади, мўъмин деб муслимни, муслим деб мўъминни назарда тутиш мумкин бўлади. Бунинг далили:
Ислом ва иймон сўзлари битта оятда келган ҳолатида Ислом сўзи билан шаръий аҳкомларга боғланган ҳолда инсон қилувчи амаллар назарда тутилади, иймон сўзи эса, Аллоҳнинг биру борлигига ишониш, эътиқод қилиш, яъни ақидани ифодалайди. Мана шу ерда улар бир нассда келиб, маънолари ажраяпти.
قَالَتِ الْأَعْرَابُ آمَنَّا قُل لَّمْ تُؤْمِنُوا وَلَكِن قُولُوا أَسْلَمْنَا وَلَمَّا يَدْخُلِ الْإِيمَانُ فِي قُلُوبِكُمْ وَإِن تُطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ لَا يَلِتْكُم مِّنْ أَعْمَالِكُمْ شَيْئاً إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
“Аъробийлар, иймон келтирдик, дедилар. Сен: “Иймон келтирганингиз йўқ, лекин бўйинсундик денглар, ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ ва агар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилсангиз, амалларингиздан ҳеч нарса камимас. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли зотдир”, деб айт”. (Ҳужурот. 14)
Аммо Ислом сўзи бир ўзи келган ҳолида у иймон маъносини ҳам ўз ичига олади.
إِنَّ الدِّينَ عِندَ اللّهِ الإِسْلاَمُ
“Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир”. (Оли Имрон. 19)
Ва яна иймон сўзи бир ўзи зикр қилинса, у Ислом маъносини ўз ичига олади.
وَمَن يَكْفُرْ بِالإِيمَانِ فَقَدْ حَبِطَ عَمَلُهُ
“Ким иймонни инкор қилса, унинг амали бехуда кетади”. (Моида. 5)
Булардан билинадики, муслим деган сўзга мўъмин маъноси ҳам, мўъминлик сифатлари топилмаган ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиган инсонлар ҳам киради. Аммо мўъмин деган сўзга ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиган ҳар қандай инсон кира олмайди, чунки ақли билан иймонни топиб, ушбу иймонидан келиб чиққан аҳкомлар бўйича қадам босаётган инсонни (яъни мўъминни) Аллоҳ Таъоло маълум сифатлар билан сифатлаб, ўзини мусулмон деб ҳисобловчи ҳар қандай инсонда мўъминлик сифатлари топилмаслигини билдирган. Аллоҳ Таъолонинг мўъмин тўғрисида таъкидлаганларини қуйироқда келтираман.
Бу тўғрида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига ҳам эътибор берсак, у зот ҳам умумий қилиб, ўзини мусулмон деб ҳисоблаган ҳар қандай инсонни қамраб олувчи маънодаги сўзларида “муслимлар” сўзини ишлатганлар.
المسلمون شركاء في ثلاث: في الماء والكلأ والنار
“Муслимлар (мусулмонлар) уч нарсада шерикдирлар: сувда, ўт-ўланда ва оловда”. Аҳмад ривояти. Саҳиҳ. Ислом давлатида уммат мулки бўлган мулкларни тақсимлашда мусулмонларнинг қанчалик даражада мўъмин бўлаётганига, мусулмонлар қанчалик даражада иймонни тушунаётгани ёки вожиботларни қандай бажарётганига қараб тақсим қилинмайди. Шунинг учун уларнинг барчасини битта қилиб, муслимлар сўзи ишлатиляпти.
Лекин мўъминлар сўзини ишлатганларида ҳар қандай ўзини мусулмон деб ҳисобловчиларнинг барчаси ҳам қўлидан келавермайдиган, ҳақиқий тақводорлар, ҳақиқий мўъминлар бемалол қиладиган амалларни айтаётганларида “мўъминлар” сўзини ишлатганлар.
مثل المؤمنين في توادهم وتراحمهم وتعاطفهم مثل الجسد إذا اشتكى منه عضو تداعى له سائر الجسد بالسهر والحمى
“Мўъминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат, ўзаро дўстлик муносабатда ҳудди бир жасад кабидирлар. Жасаднинг бир аъзоси касалланиб аламланса, жасаднинг бошқа аъзолари ҳам иситма ва алам билан оғрийди, қийналади”. Муттафақун алайҳ. Демак, инсон мўъмин деган сифатни ўзида пайдо қилиши учун бошқа мўъминлар билан худди бир тананинг аъзоси каби бўлишлари керак.
Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳар бир мўъмин у муслимдир, яъни мусулмондир. Лекин ҳар қайси муслим мўъмин бўлавермайди. Шунинг учун ўзини мусулмон деб ҳисобловчи ҳар қандай одамга нисбатан муслим сўзи ишлатилаверади, лекин уни мўъмин дейиш қийин, чунки мўъмин деб аталиш учун инсон “иймон келтириш” деган ишни ақли билан тушуниб қилиши керак. Соддароқ қилиб айтганда, Исломни қабул қилганга ёки Исломни қабул қилганини айтганга нисбатан муслим (мусулмон) сўзи ишлайверади, лекин Исломни қабул қилиб, Аллоҳнинг борлигини ақли билан топиб, иймон келтирган одам, албатта, амалларида ушбу иймонидан келиб чиққан ҳолда қадам босади, имкони борича Аллоҳ буюрганни қилиб, тақиқлагандан қочади ва ундай одамга мўъмин сўзини ишлатиш ўринли бўлади. Зеро Аллоҳ Таъоло мўъминларни шундай таърифлаган:
قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ * الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ * وَالَّذِينَ هُمْ عَنِ اللَّغْوِ مُعْرِضُونَ * وَالَّذِينَ هُمْ لِلزَّكَاةِ فَاعِلُونَ * وَالَّذِينَ هُمْ لِفُرُوجِهِمْ حَافِظُونَ * إِلَّا عَلَى أَزْوَاجِهِمْ أوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُمْ فَإِنَّهُمْ غَيْرُ مَلُومِينَ * فَمَنِ ابْتَغَى وَرَاء ذَلِكَ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْعَادُونَ * وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ * وَالَّذِينَ هُمْ عَلَى صَلَوَاتِهِمْ يُحَافِظُونَ * أُوْلَئِكَ هُمُ الْوَارِثُونَ * الَّذِينَ يَرِثُونَ الْفِرْدَوْسَ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
“Дарҳақиқат мўъминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда-фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи кишилардир. Улар закотни (адо) қилгувчи кишилардир. Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақлагувчи кишилардир. Магар ўз жуфтиҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас, улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (яъни, зино ва шу каби Ислом шариатида ҳаром қилинган бошқа нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддидан ошгувчилардир. Улар (яъни, мўъминлар) ўзларига (ишонилган) омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилгувчи кишилардир. Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир. Ана ўшалар Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлгувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолурлар”. (Мўъминун. 1-11)
Демак, мўъмин мана шундай сифатларни ўзида жамлаган тақводор кишидир. Муслим эса, Исломни қабул қилган ёки Исломни қабул қилганини айтган ҳар қандай инсонга нисбатан муслим дейиш мумкин. Валлоҳу аълам.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев