---------
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Туғилган болалар унинг ҳузурига келтириларди. Бас, уларга барака тилаб дуо қилар эди. Бир гўдак ҳузурига келтирилди. Унинг ёстиғини қўймоқчи бўлди. Қараса, боши остида пичоқ турибди. Бас, пичоқ ҳақида сўради. “Жиндан (сақлаш учун) қўямиз”, дейишди. У пичоқни олиб, отиб юборди. Уларни бундай қилишдан қайтарди ва:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шумланишни ёқтирмас ва ёмон кўрар эдилар”, деди.
Оиша бундан қайтарар эди”.
Шарҳ:
Ота-оналар фарзандларига дуо умидида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари, мўминларнинг оналари – Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига уларни олиб келар эканлар. Бир куни у зотнинг ҳузурларига бир гўдакни олиб келдилар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо гўдакни қўлларига олиб туриб, бошини қўйиш учун ёстиғини бошининг остига тортган эдилар, ёстиқнинг тагидан бир пичоқ чиқди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Бу пичоқ бу ерда нима қилиб турибди?» деб сўрадилар. «Болаларнинг ёстиғининг тагига жин-пин тегмасин, деб пичоқ қўйиб қўямиз», дейишди. Шунда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо пичоқни олиб, ташқарига отиб юбордилар ва: «Иккинчи бундай қилманглар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай шумланишни ёқтирмас эдилар, бундан аччиқлари чиқар эди», дедилар.
Ровий айтадиларки, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бундай ишлардан наҳий қилар эдилар.
Ушбу ҳадиси шариф шумланиб, жин тегмасин, пари тегмасин, кўз тегмасин, у қилмасин, бу қилмасин деб болаларнинг бешигига, ётадиган ёстиғининг остига, кўрпасига, кийимигами – ҳар хил нарсаларни осиб, илиб, тикиб қўйишнинг яхши эмаслигига далолат қилмоқда.
Болаларни ана шундай нарсалардан сақлаш учун аҳли фазл кишиларнинг, ота-оналарнинг ояти карималарни, дуоларни ўқиб, дам солиб боришлари энг мақбул йўл. Лекин хаёлга келган ҳар хил нарсаларни қилавериш дуруст эмас.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 1