-------
Абу Қудома қиссаси...
«Агарда Аллоҳ таъоло сенга шаҳидликни насиб этса, менинг ҳаққимга шафоат сўрагин. Шаҳид етмиш қариндоши ва етмиш қўшниси учун шафоат сўрай олади деб эшитганман».
(Онанинг ўғлига айтганлари).
Абу Қудома ва Аллоҳ йўлида сочини от учун тушов тўқиб берган аёл ҳақидаги ҳикоя жуда машҳур ҳикоядир. Бу ҳикояни бир гуруҳ жамоа нақл қилган. Жумладан Аҳмад ибн Жавзий Димашқий ҳам бу ҳикояни «Савқул арус ва унсун нуфус» деб номланган китобида шундай келтиради:
Мадинада Абу Қудома Шомий исмли бир киши яшар эди. Аллоҳ таъоло унинг қалбига Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва Румга қарши ғазот қилиш муҳаббатини солган эди. Бир куни Абу Қудома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида саҳобалар билан суҳбатлашиб ўтирган эди. Шунда саҳобалардан бири:
- Эй Абу Қудома, бизга жиҳодда кўрган энг ажойиб нарсангиз ҳақида сўзлаб беринг!- деди.
Абу Қудома сўз бошлади:
Ҳа, бир неча йил олдин қурол-яроқни кўтарадиган туя сотиб олиш учун Риққа шаҳрига кирган эдим. Бир куни олдимга бир аёл келиб шундай деди:
- Эй Абу Қудома, жиҳод ҳақида гапириб, одамларни унга рағбатлантираётганингизни эшитдим. Аллоҳ менга бошқа аёлларга бермаган ажойиб бир соч берган. Мен сочимни ўриб ундан от тушовини тўқидим ва бировнинг кўзи тушмасин деб уни тупроққа беладим. Бу тушовни ўзингиз билан олиб кетишин-гизни истар эдим. Кофирлар диёрига борганингизда, паҳлавонлар жангга кири-шиб, камон ўқлари узулган, қиличлар яланғочланиб, ҳанжарлар қинларидан чиқарилган пайтда, шу тушовга муҳтож бўлсангиз ундан фойдаланинг. Агар муҳтож бўлмасангиз уни муҳтож кишига беринг. Токи менинг сочим Аллоҳ йўлида чангга белансин. Мен бир бева аёлман. Эрим ва эркак қариндош уруғларим бор эди. Барчалари Аллоҳ йўлида шаҳид бўлдилар. Агар менга жиҳод қилиш вожиб бўлганда эди, албатта мен ҳам жиҳод қилган бўлар эдим.
У менга тушовни бераётиб гапида давом этди:
- Эй Абу Қудома шуни билингки, эрим шаҳид бўлганида менга бир барно ўғил қолдириб кетди. У қуръондан таълим олди, чавандозлик ва камондан ўқ узишни ўрганди. Кечалари намозда қойим, кундузлари рўза тутади. Ёши ўн бешда. У ҳозир отасидан қолган далага кетди. Шояд у кетишингиздан олдин қайтса, уни Аллоҳ таъолога ҳадя қилиб, сизга қўшиб юборар эдим. Ислом ҳурмати ила сўрайман, мени бу савобдан маҳрум қилманг.Мен сочдан тўқилган тушовни қўлимга олдим. Шунда аёл:
- Уни кўзим олдида юкларингизга ташлаб қўйинг, шунда мени кўнглим хотиржам бўлади,- деди.
Мен тушовни юкимга ташлаб қўйдим ва ҳамроҳларим билан бирга Риққадан чиқиб, йўлга тушдик. Маслама ибн Абдулмалик қалъасига етганимизда орқада бир отлиқнинг:
- Эй Абу Қудома, Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин, бир оз тўхтаб туринг,- деб бақирганини эшитдим.
Мен тўхтадим ва ҳамроҳларимга қараб:
- Сизлар бораверинглар, мен бу одам кимлигини кўрай,- дедим.
Отлиқ менга яқинлашгач, мени қучоқлаб шундай деди:
- Мени сизга ҳамроҳ бўлишдан маҳрум қилмаган ва орқамга қайтармаган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.
Мен у болага қараб:
- Менга юзингни очиб кўрсат. Агар сенга ғазотга чиқиш лозим бўлса, биз билан юришга буюраман. Акс ҳолда орқага қайтараман,- дедим.
У юзини очган эди, қаршимда ўн тўрт кунлик ой мисоли барно бир бола турганини кўрдим. Юзида илоҳий неъмат белгилари кўриниб турар эди. Мен унга қараб:
- Отанг борми?- дедим.
- Йўқ, лекин мен шаҳид бўлган отам учун қасос олиш мақсадида сиз билан бирга ғазотга чиқмоқчиман. Шояд Аллоҳ отамга ато этган шаҳидликни менга ҳам ато этса,- деди бола.
Мен боладан:
- Онанг борми?- деб сўрадим. У:
- Ҳа,- деб жавоб берди.
Мен унга қараб шундай дедим:
- Онангни олдига бориб ундан изн сўра. Агар онанг изн берса ғазотга чиқавер. Акс ҳолда онангни ҳузурида бўл. Чунки онангга итоат қилишинг жиҳоддан афзалроқдир. Зеро, жаннат қиличлар сояси ва оналар оёғи остидадир. Бола:
- Эй Абу Қудома, мени танимадингизми?- деди. Мен:
- Йўқ, танимадим,- дедим.
Бола шундай деди:
- Мен омонат берган аёлнинг ўғлиман. Сизга тушовни омонат сифатида берган онамнинг васиятини қанчайин тез унутиб юбордингиз. Мен Аллоҳ хоҳлаган бўлса шаҳиднинг ўғли шаҳидман. Худо ҳаққи мени сиз билан бирга Аллоҳ йўлида жанг қилишдан маҳрум қилманг. Мен Аллоҳнинг китобини ёд олганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини биламан. Чавандозлик ва камондан ўқ узиш қўлимдан келади. Менинг ортимда қолганлар орасида мендан яхшироқ чавандоз топилмайди. Ёш бўлганим туфайли менга эътборсизлик билан қараманг. Онам менга ортга қайтмаслигим ҳақида қасам ичириб: «Ўғлим, кофирларга дуч келган вақтингда уларга орқангни ўгириб қочмагин. Жонингни Аллоҳга топширгин ва шаҳид бўлиш ҳамда жаннатда отангга ва солиҳ биродарларингга қўшни бўлиш талабида бўл. Агарда Аллоҳ таъоло сенга шаҳидликни насиб этса, менинг ҳаққимга шафоат сўрагин. Шаҳид етмиш қариндоши ва етмиш қўшниси учун шафоат сўрай олади деб эшитганман», - дедилар ва мени бағрларига босдилар. Кейин осмонга қўлларини чўзганча: «Парвардигоро, қалбимнинг қувончи, кўзимнинг нури бўлган мана шу боламни Сенга топширдим. Уни отаси билан бирга қилгайсан!»,- деб дуо қилдилар.
Мен бу сўзларни эшитганимда йигитчанинг ҳуснига ва ёшлигига ачинганимдан, онасининг қалбига раҳмим келганидан ва сабрига ҳайрон қолганимдан йиғлаб юбордим. Йигитча менга қараб:
- Амаки, нимага йиғлаяпсиз? Агар менинг ёшлигимга йиғлаётган бўлсангиз Аллоҳ таъоло осийлиги учун мендан ёшроқларни ҳам азоблайди-ку,- деди. Шунда мен:
- Ёшлигингга йиғлаётаним йўқ. Онангни қалбига раҳмим келганидан йиғлаяпман. Сендан кейин унинг ҳоли нима кечаркин,- дедим.
Кун бўйи юриб, кечаси тўхтадик.
Тонг отгач яна йўлга чиқдик. Йигитча тинмасдан Аллоҳ таъолони зикр қилар эди. Мен уни бироз кузатган эдим, у отни ҳаммамиздан ҳам яхшироқ минишини кўрдим. Биз бирон жойга қўнсак йигитча бизга хизмат қилар эди. Биз юрганимиз сари унинг қатъияти кучайиб, ғайрати ортиб борар, қалби покланиб, юзида шодлик белгилари зоҳир бўлар эди. Биз юришда давом этавердик ва шом вақтида мушриклар диёрига яқинлашиб қолдик. Бир жойга қўндик. Ўшанда биз рўзадор эдик. Йигитча ифтор қилишимиз учун овқат пишираётган эди. Шунда унинг уйқуси келиб узоқ ухлаб қолди. Йигитча ухлаётган вақтида табассум қилди. Мен ҳамроҳларимга:- Қаранглар, мана бу йигитча куляпти,- дедим.
Йигитча уйғонгач, унга:
- Эй ҳабибим, боя тушингда табассум қилиб кулаётганингни кўрдим,- дедим. У:
- Бир туш кўриб, ҳайрон бўлиб қолдим ва кулдим,- деди.
Мен:
- У қандай туш экан?- деб қизиқдим.
Йигитча деди:
- Тушимда мен ям-яшил гўзал боғга тушиб қолибман. Мен ўша боғда айланиб юрган эдим, бирдан олдимда айвонлари дуру маржонлар билан безатилган, эшиклари тиллодан, пардалари туширилган кумуш қаср кўринди. Баногоҳ юзлари гўзал жориялар пардаларни кўтардилар ва мени кўриб: «Ҳуш келибсиз!» дедилар. Мен улардан бирига қўлимни узатмоқчи эдим, у: «Шошилма, ҳали вақт келмади!» деди. Сўнгра улардан бирининг бошқа бирига: «Бу Марзиянинг жуфти!», деганини эшитдим. Шунда улар менга: «Олдинга юр! Аллоҳ сени раҳматига олган бўлсин!» дейишди. Мен олдинга қараб юрдим. қасрнинг энг тепасида қизил тиллодан бўлган бир хона бор экан. Хонанинг ичида ўзи яшил гавҳардан, оёқлари оқ кумушдан бўлган сўрини кўрдим. Сўри устида чеҳраси бамисоли қуёшдек бир жория (ҳур) ўтирган эди. Аллоҳ таъоло кўзимга қувват бермаганида хонанинг кўркамлигидан ва жориянинг гўзаллигидан кўзларим кўр бўлиб, ақлдан озган бўлар эдим. Жория мени кўрган чоғида: «Хуш келибсан, қадамингга ҳасанот, эй Аллоҳнинг дўсти ва ҳабиби! Сен меникисан, мен эса сеникиман!» деди. Мен уни бағримга босмоқчи эдим, у: «Шошилма, бироз сабр қил. Чунки сен бузуқликдан йироқсан. Сен билан менга ваъда қилинган вақт эртага пешин намозидан кейин келади, шод бўл!»- деди.
Абу Қудома айтади:
- Яхшиликни кўрибсан, яхшилик бўлади,- дедим.
Кейин ҳаммамиз йигитчанинг тушидан таажжубланиб уйқуга кетдик. Тонг отгач, шошилиб отларга миндик. Ўша заҳоти қўшинлар ичидан бир нидо қилувчи:
- Эй Аллоҳнинг қўшини! Отларга мининглар ва жаннат хушхабарини олинглар! Отлиғу пиёда ҳолда жиҳод қилинглар!- деб нидо қилди.
Бир соат ҳам ўтмасдан кофирлар қўшини -Аллоҳ уларни шарманда қилсин- дарё каби оқиб келди. Бизнинг ичимиздан душманга биринчи бўлиб ҳужум қилган ўша йигитча бўлди. У душман сафларини ёриб уларнинг тўпини бузди. Уларнинг орасига кириб бир нечтасини ўлдирди. Ботир жангчиларини ерга қулатди. Мен уни бу ҳолатда кўргач, олдига етиб бордим ва отининг тизгинидан ушлаб:- Ҳабибим орқага қайт, сен ҳали ёшсан ва уруш ҳийлаларини билмайсан,- дедим.
Йигитча айтди:
- Эй амаки, Аллоҳ таъолонинг: «Эй мўминлар! кофирларнинг ҳужумига дуч келганингизда уларга орқа ўгирманглар! (яъни қочманглар)» деган сўзини эшитмаганмисиз? Наҳот менинг дўзахга тушишимни хоҳлайсиз?...
Йигитча бу гапларни айтаётган пайтида душман ёппасига ҳужумга ўтди ва ўртамизни ажратиб юборди. Ҳар биримиз ўзимиз билан овора бўлиб қолдик.
Шу жангда кўп мусулмонлар шаҳид бўлдилар. Икки қўшин бир-биридан ажраган вақтда жангда ўлганларнинг сон-саноғига етиб бўлмасди. Мен отимга миниб, ўлганлар орасида айлана бошладим. Ер уларнинг қонлари билан бўялган эди. Чанг ва қоннинг кўплигидан ётганларнинг юзларини таниб бўлмас эди. Мен ўлганлар орасида айланиб юрганимда отнинг туёқлари остида қолиб кетган, тупроқ ва ўз қонига беланиб ётган бир йигитча олдидан ўтиб қолдим. У одамларга қараб:
- Эй мусулмонлар! Аллоҳ ҳаққи, менга Абу Қудомани юборинглар!- деб овоз чиқарарди.
Товушини эшитиб унинг олдига бордим ва қон билан чангнинг кўплигидан, юзини отлар эзиб ташлаганлигидан уни таний олмадим.
- Абу Қудома менман- дедим.
Йигитча:
- Эй амаки, туш рост бўлиб чиқди. Каъба эгасига қасам ичиб айтаманки, мен ҳалиги тушов соҳибасининг ўғлиман- деди.
Ўша онда мен унинг устига ўзимни отдим ва пешонасидан ўпдим. Унинг юзидаги қон ва тупроқни артаётиб шундай дедим:
- Эй ҳабибим, Қиёмат кунида амакинг Абу Қудома учун ҳам шафоат сўрашни унутма!
Йигитча деди:
- Сиз кабилар унутилмайди. Юзимни тўнингиз билан артманг, менинг тўним сизнинг тўнингиздан кўра бунга ҳақлироқдир. Артмай қўяверинг уни эй амаки, Аллоҳ таъоло ҳузурига мана шу юзим билан бораман. Эй амаки, мен сизга сифатлаган ҳалиги ҳур бошим тепасига келиб, руҳим чиқишини пойлаб турибди ва менга: «Шошилақол, мен сенга муштоқман!» демоқда. Эй амаки, агар Аллоҳ сизни саломат қайтарса, қонга беланган мана бу кийимимни олиб, ўғлидан ажраган бечора онамга беринг. Токи онам васиятларини бажарганимни ва душманга йўлиққанимда қўрқоқлик қилмаганимни билсинлар. Онамга мендан салом айтинг ва «Аллоҳ таъоло берган ҳадиянгизни қабул қилди» деб хабар қилинг. Эй амаки, менинг ўн ёшга тўлган синглим бор. Ҳар сафар уйга келганимда мени кутиб олиб, салом берарди. Уйдан чиққанимда ҳаммадан охирда қолиб мени кузатиб қўярди.
Синглим менга «Аллоҳ ёр бўлсин акажон, олдимизга тезроқ қайтинг» деб қолган эди. Синглимни учратсангиз унга ҳам мендан салом айтинг ва мен уни Қиёмат кунигача Аллоҳнинг паноҳига топширганимни айтиб қўйинг. Сўнгра йигитча табассум қилиб: «Ваъдаси рост бўлган Якка Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бераман. Аллоҳ ва расули бизга ваъда қилган нарса мана шудир. Аллоҳ ва расули рост айтади» деди. Кейин унинг руҳи танасидан чиқди.Биз уни ўз кийимига ўраб дафн қилдик. Аллоҳ ундан ва у туфайли биздан рози бўлсин.
Биз ўша жангдан қайтаётиб Риққага кирганимизда мен фақат ҳалиги бола онасининг ҳовлиси ҳақида ўйлардим. Тўсатдан, ҳусни-чиройида ўша йигитчага жуда ўхшаб кетадиган бир қизчага кўзим тушиб қолди. У эшик олдида туриб, олдидан ўтган ҳаммадан:
- Амаки, қаердан келяпсиз?- деб сўрар эди.
Одамлар унга:
- Ғазотдан!- деб жавоб беришарди. Шунда қизча:
- Акам сизлар билан қайтмадиларми?- дер эди.
Одамлар:
- Биз уни танимаймиз!- дейишарди.
Мен қизчанинг бу гапларини эшитгач, олдига бордим. У менга ҳам қараб:
- Амаки, қаердан келаяпсизлар?- деб сўради.
- Ғазотдан,- деб жавоб бердим.
Шунда қизча мендан:
- Акам сизлар билан қайтиб келмадиларми?- деб сўради-да, кейин йиғлаб:
- Ҳамма келиб, акам келмаганига хафа бўлмайман!- деди.
Кўзим ёшга тўлди. Мен қизчага:
- Уй бекасига: «Абу Қудома эшикда турибди» деб айтгин,- дедим.
Аёл сўзларимни эшитиб, ранглари ўзгарган ҳолда чиқди. Мен унга салом бердим. Аёл саломимга алик олиб:
- Ҳушхабар олиб келдингизми ёки таъзияга келдингзми?- деб сўради.
- Аллоҳ сени Ўз раҳматига олсин, менга ҳушхабар қайсию, таъзия қайсилигини тушунтириб берсанг,- дедим мен.
- Агар болам саломат қайтган бўлса, таъзияга келган бўласиз. Агар Аллоҳ йулида шаҳид бўлган бўлса, ҳушхабар келтирган бўласиз,- деди аёл.
Шунда мен:
- Шод бўлинг, ҳадиянгиз қабул бўлди,- дедим.
Аёл йиғлаб юборди ва:
- Қиёмат куни учун уни захира қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин,- деди.
Мен аёлдан:
- Боланинг синглиси қаерда?- деб сўрадим.
- Сиз билан боя гаплашган қизча унинг синглиси бўлади,- деди ҳалиги аёл.
Шунда қизча олдимга келди ва мен унга:
- Аканг сенга салом йўллади ва сени Қиёмат кунигача Аллоҳга топширганини айтиб юборди!, дедим.
Қизча чинқириб юборди ва хушидан кетиб юзтубан йиқилди. Бир оздан сўнг уни тургазмоқчи бўлган эдим, у ўлиб қолган экан.
Бундан таажжубда қолдим. Сўнгра боланинг кийимини онасига топширдим-да, бола билан қизчага ачинган ва онасининг сабрига ҳайрон қолганча кетдим.
Муаллиф айтади: Аллома ҳофиз Абу Музаффар ибн Жавзий бу ҳикояни эшитганларидан кейин ўзларидаги сочларини жамлаб, ундан 300та тушов тўқидилар.
Аллоҳ барчамизни тўғри йўлга бошласин!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев