Ҳалимбойни шаҳарда танимайдиган одам йўқ. Шаҳар дарвозасидан кириб, “шу кишиникига боришим керак,”десангиз бас, учраган йўловчи ҳовлисини кўрсатиб қўяди. Қўша –қўша ҳовлилари, машиналари бўлган Ҳалимбой аканинг шахсий ресторани, бозорда бир неча расталари бўлса ҳам, асосий даромади судхўрликдан дейишади. Уч қизнинг ортидан туғилган ягона ўғил Азизжон отасининг бор мулкининг меросхўри эканлиги учунми, ёки ўзи ҳам кўзга яқин хушсурат, қомати келишган йигит бўлиб улғайгани учунми, мактабни битирар битирмас кўплар унга қизини берадиган бўлди. Ҳалимбой ака қараса, иш чатоқроқ. Бир икки қариндоши агар қизини келин қилмаса ундан хафа бўлиб, юз кўрмас бўлиб кетадиган кайфиятда. Шу учун, яна, ҳар ҳолда, ягона ўғил, бирор касофат бўлмасидан тезда ўғлини уйлайдиган бўлди.
Ўғил уйлаш ташвишлари Ҳалимбой акани беихтиёр ўз ўсмирлик йиллари хотирасига бошлади. У ҳам ёлғиз бўлиб, мактабни битирар битирмас уйлаб қўйишган эди. Ўшанда Ҳалим қараса, масала жиддий. Агар бу масалага ўзи ҳам аралашмаса, унинг тақдирини усиз ҳал қилиб қўйишади. Кейин юраверади, дилида: “Кўнглимда бир ёр...” деб арзини куйлаб. Лекин уйланиш ҳақида ўйласа кулгиси келади. “Қанақасига уйланади у?” Ҳали ўқишга кириш имтиҳонларига тузук тайёрлангани йўғ у? Агар ҳозир уйланса, кейин ўқишда бирортасини севиб қолса чи? Лекин уйдагилар аллақачон тўй тараддудини бошлаб юборишган. Ана, тунов куни ойиси: “Ўғлим, бирор кўз тагига олиб қўйганинг борми? Бўлса айт, бўлмаса ўзимиз топамиз”, деб қолдилар. Тўй ҳақида орқаваротдан эшитиб юрсанг бошқа ю, ойинг бирдан ўзингдан сўраса бошқача экан. Йигит киши бўлса ҳам танаси вижирлаб кетгандек бўлди. “Қўйсангиз чи,”деб туриб кетганини билмай қолди. Қизларга телефонда дадил ҳазил –ҳузил қилиб юрадиган йигит ойисига келганда тортинди. Қайдам, дабдурустдан сўраганларида шундай бўлдими?
Кейин хонасига кириб обдон ўйлаб кўрди. Маҳаллада ҳам, синфида ҳам, қариндошларда ҳам йигитлардан қизлар кўп. Лекин “чўмичга илинадигани борми?” Ҳамма қизлар яхши ю, кўрганингда дилинг “жиз з” этмаса қандай қилиб уйланасан одам? “Агар ҳозир уйлансам, кейин бировни севиб қолсам чи?” Ҳалимни шу савол қийнай бошлади. Шу истиҳола билан ишни пайсалга солиб юрганида, бирданига ...бахти оёғининг остидан чиқиб қолди.
Қалайсан ошна? деди бир куни уйига қайтаётганида кўчада турган бир йигит.
Азиз унга қараб қўлини узатди. Қўл кўриш қилишгач, йигит сўраб қолди: Шу кўчада, анави ҳовлида Озода деган қиз туради, танийсанми?
Ҳа, деди Ҳалим ўзидан бир йил олдин мактабни тугатиб кетган қўшни қизни эслаб.
Шунга шуни бериб қўя оласанми? ўтинди йигит конвертга солинган хат узатиб, мени кўрса ўзини олиб қочяпти. Жуда зарур.
Хўп, деди Ҳалим буни қандай амалга оширишини ўйлаб ҳам кўрмасдан.
Йигит: Раҳмат оғайни, деб хатни ташлаб, оғир юкдан қутулгандек хурсанд бўлиб жуфтакни ростлади.
Ҳалим эса хатни олиб йўлида давом этди ю, Озодаларнинг уйига яқинлашганида, қандай беришни ўйлаб бир зум тўхтаб қолди. У ҳеч қачон қўшниникига, боз устига, Озодани сўраб келмаган. Уйидагилар нима дейди? У уларга нима дейди? “Қизингизга бир бола хат ташаб кетди” дейдими?
Кейин ўзича “кўчага бирор иш билан чиққанида кўриб қолсам, бериб қўярман”, деб уйи томон равона бўлди.
Ҳовлиларининг иккинчи қаватидаги ичма –ич қурилган икки хона уники эди. Даҳлизга кириб, хатни ўнг қўлдаги трюмо устига қўйди да, кийимларини алмаштирди. Тушлик қилгани чиқаётиб, трюмо устидаги хатга кўз ташлади. Хат кўзига оловдек кўринди. У ҳаётида ҳеч кимга хат ёзмаган эди. Бунинг севги хати эканлиги аниқ. Нима деб ёзган экан а? Азиз “эй й”, деб қўл силтаб хонасидан чиқиб кетди. Тушлик қилиб бўлгач, иссиқ элитиб, озроқ мизғиб олгиси келди. Хонасига қайтиб келганида кўзи яна хатга тушди. Ўз қизиққонлигидан уялди. Ички хонага кириб ўзини юмшоқ тўшакка ташлади. Ҳар куни боши ёстиққа тегишидан ухлаб қоладиган йигитнинг бугун нима учундир уйқуси қочди. Миясида бир фикр айланар эди: “Хатда нима деб ёзилган? Севги хати қанақа бўларкин?” Бировнинг хатини ўқиш айб бўлса ҳам, шарт ўрнидан туриб, бориб хатни қўлига олди. Уни авайлаб очиб ўқий бошлади ва ўқигани сари чанқоғи босилгандек кўнгли қониқа бошлади: “Салом Озодахон. Мен сизни бир кўришдан севиб қолдим. Ўша сизни кўрган кунимдан буён кечалари ухлай олмайман. Гўзал кўзларингиз кўз ўнгимдан кетмайди. Мен сизга совчи юбормоқчиман. Илтимос, уларни қайтариб юборманг”. Хатнинг остида яна қандайдир шеър ҳам ёзилган эди. Хатни ўқиб чиқиб, Ҳалим ҳайрон қолди. “Гўзал кўзларингиз. Қанақа гўзал кўзлар? Оддий қиз у?!” Кейин, бу хатни тез бериб қўйиш керак шекилли деган қарорга келиб, бир кўча мўралагани кетди. Кетар экан, бирдан кулгиси қистади. Ўзи учун қизнинг йўлини пойламай, биров учун пойлагани чиқса? Куннинг жазирама иссиғида кўча бўм бўш, дарахтларнинг қовжираган барглари шалпайган, улардан тушиб турган мўъжазгина соячада дайди ит тилини осилтириб, чуқур чуқур нафас олиб, қўним топиб ўтирар эди.
Азиз уйига қайтиб кириб, қизлар сув сепиб, кўчани супурадиган маҳали чиқди. У ўйлаганидек, Озода дарвозахоналарига сув сепиб супурар эди. Ҳалим унга дадил яқинлашиб: Озода опа, деди. Озоданинг ота онаси жуда жиддий одам бўлганликлари учун у болалигидан деярли кўча болалари билан бирга ўйнамаган, шу учун Салим ҳеч қачон у билан суҳбатлашган ҳам эмас эди. Шу учунми, балки ҳаётида илк бора унинг исмини тилига олаётганидан, унга мурожаат қилаётганидан ўзини ноқулай ҳис қилди. Озода ялт этиб унга қаради. “Сизга хат”, деди Азиз унга хатни узатиб.
Озода супургисини ерга қўйиб хатни қўлига олди, хатнинг бетига қаради ю, Азизнинг кўз ўнгида бурда –бурда қилиб, дарвозахона ёнидан жилдираб оқаётган ариққа ташлаб юборди. “Қойил е, ҳайрон қолди Ҳалим, ҳатто нима деб ёзилганига қизиқмадиям э. Мен эса очиб ўқимагунимча ўзимни қўйишга жой топа олмай ўтирибман”. Азизнинг юзига беихтиёр табассум югурди. Озода эса яна шипиргисини олиб ишида давом этди.
Кўриб қолсам нима деб қўяй? деди Ҳалим бирор жавоб олиш илинжида.
Сариқ пишакка тегмаскан де! деди Озода зарда қилиб.
Шу топда Ҳалимнинг кўзлари Озоданинг кўзларига тушди. Ҳақиқатдан ҳам кўзлари жуда чиройли экан. Худди оҳуникидек. Нафақат кўзлари, қора ингичка қошлари, бежирим бурни ю, лаблари оппоқ юзига шундай ярашганки, нозик ниҳол қомати чи?
Ҳалимнинг тикилиб қолганидан ўнғайсизланиб, Озода кўзларини олиб қочди, кейин юмшоқроқ оҳангда деди: Кечирасан, кўпдан буён йўлимни пойлаб аччиғимни чиқариб юрибди. Шу учун шунақа деб юбордим. Шунчаки, мен уни ёқтирмайман, унга турмушга чиқмоқчи эмасман.
Менга чи, менга турмушга чиқасизми? деди Ҳалим дабдурустдан. Сўнг оғзидан нима чиқиб кетганини англаб, тилини тишлаб қолди.
Қоч э, деди Озода яна аччиқланиб ва ширт ширт қилиб супуришда давом этди.
Ҳалим гўё маст бўлгандек унга жилмайиб тикилиб турди да, уйи томон йўл олди. Уни қарама қарши ҳислар қамраб олган эди. Бир томондан ажиб бир ҳурлиқони кўргандек боши айланса, бошқа томондан қилган иши учун виждони фош қилишни бошлаган эди. Албатта, унга биринчи ҳислар хуш ёқаётган, иккинчисига эса эътибор бергиси келмас эди. Лекин виждони хира пашшадек ғингшиб тинч қўймас эди. Ахийри Ҳалим уни бир ёқлик қилиш учун виждонига қулоқ солишга қарор қилди: “Бир кунда иккита нотўғри иш қилдинг, дегандек бўлди виждони, биринчидан, бировнинг хатини очиб, ўқидинг. Иккинчидан, биров совчи қилиб юборган қизга ўзингни тиқиштирдинг”. “Биринчисини тан оламан, деди Ҳалим бироз ўйлаб туриб, ҳақиқатдан ёмон иш. Бундай қизиққонликни ташлаш керак. Бошқа бировнинг хатини ўқимасликка қарор қиламан”. “Яхши, дегандек бўлди виждони, иккинчиси чи?” “Қиз кўнглидагисини бирдан баён қилди. Севмаслигини, тегмаслигини аниқ айтди. Агар озроқ бўлса ҳам у йигитга қайишганида, мен унга эътибор ҳам бермаган бўлар эдим. У шарт кесгани учун... ундан кейин, нима деганимни ўзим билмай қолдим. Менимча кўнглим ёқтириб қолди ю, ақлим шошиб қолди”. “Йўқ, агар қизнинг унга майли борлигини кўрсанг ҳам шундай қилган бўлар эдинг!” айблашда давом этди виждони. “Унда, уларнинг иши битишини кутайлик, деди Ҳалим, ҳақлигини исботламоқчи бўлиб, то уларнинг иши ҳал бўлмагунича мен у ҳақида ўйламайман ҳам, чора ҳам кўрмайман”. “Қўлингдан келмайдиган нарсага ваъда берма, дегандек бўлди кўнгли”. “Хўп майли, то уларнинг иши ҳал бўлгунича мен ҳеч нима қилмайман"...
Ҳалимнинг шу кундан бошлаб тинчлиги йўқолди. У ҳеч қачон ўзимдан бир ёш катта қизни севиб қоламан деб ўйламаган эди. Лекин Озодани севмасликнинг иложи йўқ эди. Камдан кам қизларда учрайдиган малоҳат бор эди бу қизда. Сутда чайилгандек оппоқ юзида битта ҳам доғи йўқ. Чўзиқроқдан келган юзидаги сермижжа кўзлари, гилос рангидаги бежирим лаблари шундай мафтункорки. Исми чи? Озода. Исми жисмига монанд. Дид билан тикилган, нозик қоматига янада нафосат бахш этган кийимлари ўзига бирам ярашадики.
Озода Ҳалимга баркамоллик тимсоли бўлиб кўрина бошлади. Қулоғингни динг қилиб турсанг, қўшниникида пашша учса эшитаркансан киши. Шу шу Ҳалим Озодаларникига келиб –кетаётган ҳамма совчилардан хабардор бўла бошлади. Ҳар совчи келганида, худди ота онаси уни эрга бераётгандек, юрагини ҳовучлаб туради, рад жавобини беришгач, кўнгли бироз таскин топади. “Наҳот севиб қолган бўлсам? дейди ўзига ўзи. Йўғ е, мендан бир ёш катталар ку! Унда нега ҳаммадан қизғаняпман? Бировга турмушга чиқиб кетса чидай оламанми? Э, нафасимни шамол учирсин! Демак, се виб қол ган ман! хулоса қилди у. Лекин ота онам нима дейдилар? Унинг ота онаси чи? Унинг ўзи чи? Ие, сенсирашга ўтибманми?” Ҳалим дадиллик қилиб “дардини” ота онасига айтди ю, уларнинг жавобини кутиб хонасида ётиб олди. Ота онаси у томони, бу томонини ўйлаб кўриб, рози бўлишди. “Бир ёш тенг ёш, тил топишиб кетишади”...
Озодаларнинг оиласи Ҳалимларники қадар бўлмаса да, ўзига тўқ, бой бадавлат оила эди. Бунинг устига Озода ҳам ҳуснда, ҳам одобда ажралиб турадиган қиз бўлгани учун эшикларидан совчи аримас, опаси тез турмушга чиқиб, ҳам ўқиш, ҳам оила билан қийналиб қолгани учун Озодани ўқишга қўйиб, ўқиши енгилламагунича турмушга бермасликка қарор қилган эдилар. Лекин кимсан Қувондиқбой акага йўқ деб бўладими?
Шу шу, энди Озода ўзини Ҳалимдан ҳам олиб қочадиган бўлди, шу учун Ҳалим Озоданинг кўнглини била олмади. “Ўзи рози бўлдимикин, ёки ота онаси мажбур қилдимикин?” Фотиҳа тўйи ўтиб, катта тўй ҳам яқинлашиб қолди. Бир куни ёшларни ЗАГСга ариза ташлашга юборишди. Ҳалим ич ичидан қувониб кетди. “Мана энди унга тўйиб тўйиб қараб оламан. Яхши ҳамки ариза ташлагани келиннинг ўрнига бошқа одам бора олмайди, бўлмаса, бу хонимни фақат тўй куни кўриш насиб қилар эдими?...”
Ҳалим оппоқ кўйлак, қора шимини кийиб Озодани ЗАГС биноси ёнида эрталабдан кутиб турди. Мавриди бўлмаса ҳам, барибир Озодага ўзи каби чиройли ғунчалардан ясалган гулдаста олиб олди. Ана, бир қиз дарахт соялари бўйлаб унга қараб келяпти. Қомати, юришига қараганда Озода. Ҳаво ранг, узун кўйлаги қоматига шундай ярашганки... Озоданинг ҳам унга кўзи тушиб ерга қаради. Тўхтагандек бўлди ю, кейин секин секин қадам ташлаб, унга яқинлашди. Ҳалим ўзини қанча дадил тутишга ҳаракат қилмасин, юраги дукиллаб уриб, оёғи бўшашар, ўзига нима бўлаётганини англай олмай хижолат бўлар эди. Кўринишидан Озода ҳам ўзини шундай ўнғайсиз ҳис қилар, ёноқлари бироз қизарган эди.
Салом, деди Ҳалим, бир амаллаб ҳушини йиғиб.
Салом, деди Озода ҳам эшитилар эшитилмас.
Бу сизга, деди Ҳалим гулдастани узатиб.
Шарт эмас эди, деди Озода гулдастани олиб илгари қадам ташлар экан.
Ҳалим тушунолмади. “Овози қандай чиқди? Аччиқлангандекми ёки нозлангандекми?” У ажрата олмади. Лекин барибир овози ёқди. Унга ҳозир ҳамма нарса ёқаётган эди. Шундай қизга уйланаётгани, ЗАГСга бораётгани, ўзининг кўриниши, Озоданинг кийиниши, хуллас, ҳамма нарса...
Бир гапим бор, деди ариза ташлаб чиқишгач Ҳалим Озодага қараб.
Озода саволомуз тикилди. “Шу қарашингда нақадар гўзал эканингни билсанг эди” хаёлидан ўтди Ҳалимнинг.
Тўйдан кейин сиз мени сиз, мен эса сизни сен деб чақираман.
Озода лабларини қимтиб жилмайиб, кўзларини олиб қочди. Шу лаҳзада “ким уйда хўжайин” бўлиши ҳал қилинаётганини иккаловлари ҳам сезиб туришар эди...
Соғинч азоблари ортда қолиб, ширин ташвишли оилавий ҳаёт бошланди. Катта ҳовлини қийқириғи билан тўлдириб, бирин –кетин Озоданинг ўзидек чиройли фарзандлар дунёга кела бошлади. Омади бор экан, Озода кўнглидагидек хотин чиқди. Ортиқча гап –сўзга, ғийбатга хуши йўқ. Унча мунча нарсага қизиқмайди, “олиб беринг” деб хархаша қилмайди. Унга оиласи тинч, болаларнинг қорни тўқ, эгни бут бўлса бўлди. Эрига меҳрибон, болаларга парвона. Ёш ўтган сайин, йилдан йилга кўнгиллари тобора меҳр ришталари билан боғланаверганиданми, ёки аслида ҳам йиллар ўтиб малоҳатини йўқотмаганиданми, Озода кўзига янада гўзалроқ кўринади. Ана мана деб, болалар бирин кетин бўй етиб, уларни уйли жойли қилиш вақти етиб қолибди. Ўзи севиб уйлангани, оиласидан мамнунлиги туфайли Ҳалимбой ака ўғлига ҳам ўйлаб кўриб, кўнглидагисини ўзи айтишига имкон берди. Ўғли кўнглининг маликасини танлагач эса тўйни бошлаб юборишди.
Шаҳарда бўлмаган тўй бўлди. Юлдуз санъаткорлар навбатма –навбат даврани қиздиришди, тоғора тоғора егулик, кийим бошлар қуда анда орасида бориб келди...
Кейин бу ҳовли бағрида янги жуфтнинг бахтли ҳаёти бошланди. Кенжатойини уйлаб олган Ҳалимбой: “Мана энди бемалол оёқ узатиб ётсам бўлади”, деб кўнгли тинчиди. Бутун ёшлиги иш, оилам, болам чақам деб югур югурда ўтди. Бундай қараса, ўзига ҳеч қарамабди. Хотини ҳам камсуқумда, бирор марта “у ерга олиб боринг, бу ерга олиб боринг” демабди. Анчадан буён негадир бели оғрийдиган бўлиб қолди. Энди хотини билан бир курорт мурорт дегандек, санаторий деган жойларга бориб, дам олиб келса бўлади. Фақат ишини нима қилса? Бозордан хабардор бўлиб туриш керак, ресторанга ҳам бирров қараб турмаса бўлмайди. Ҳа, буларнинг ҳаммасини ўғлига топширса бўлади. Тиббиёт институтида ўқиса ҳам, тижоратчилик қонида бор. Уддалаб кетади. Албатта, Ҳалимбой ўғлини ўзининг изидат бориб, ишини давом эттиришини истаган эди ю, ўқиш зарар қилмайди. Ҳар ҳолда, ўқиган одамнинг дунёқараши, юриш туриши бошқача бўлади. Шунинг учун унчалик мойли соҳа бўлмаса ҳам, ўзи қизиққани учун ўғлини Тиббиёт институтига жойлаб қўйди. Пул масаласига келса, унинг топгани етти пуштига етади. Кимга қолади шунча бойлик? Шу ягона ўғилга да.
Бир маромда кечаётган кунлар бирин кетин туғилаётган набиралар қувончи билан ҳаётини безай бошлади. Ўғли ҳам, келини ҳам меҳрибон чиқди. “Мевасидан данаги ширин” деганларидек, набираларининг ҳар бири ўзгача қувонч. Ҳаммаси яхши эди ю, кейинги кунларда нима учундир ўғли Азизнинг кўнгли ғаш. Ҳаммаси шу Гулнора опа туфайли. Гулнора опа икки кўча нарида турадиган аёл. Бу аёлнинг тўртта фарзанди, ногирон эри бор. Бир неча кундан буён қандайдир бизнес очмоқчилигини айтиб, Азизнинг дадасининг олдига фоизга пул бериб туришларини сўраб келмоқда. Мана ҳозир ҳам уйига келаётиб, Азиз остонада Гулнора опани кўрди ю, кайфияти бузилди. Аёл билан ҳам саломлашиб, ҳам хайрлашгач, тўғри отаси ўтирган хонага борди.
Ассалому алайкум, дада, деди у.
Ваалайкум ассалом, кел ўғлим, деди дастурхон тўрида ўтирган дадаси.
Ҳалимбой ака гавдадор киши бўлиб, анчадан буён қорин қўйган, шунинг учун жуда салобатли кўринар эди.
Мен сизга кейин тўлай олмайдиганларга фоизга пул берманг деган эдим ку! деди Азиз бироз ранжиган оҳанг билан.
Ялиниб келса нима қилай, ўғлим? деди Ҳалимбой ака.
Азиз қўли билан пешонасини силаб, сочини тепага кўтарди. Унинг чеҳраси қайғули эди: Дада, деди кейин ғамгин овозда, мен фоиз тўлай олмай кўчага қолганларни кўрганман. Ўзимнинг бир ўртоғим, кимдандир фоиз олган экан. Иши юришмади. Уйини гаровга қўйган экан. Айтилган кунда хотинини учта боласи билан кўчага чиқариб қўйиб, уйини қулфлаб олишди. Бечора аёлни кўчага чиқариб ташланган кўрпа –тўшаги устида ўтириб, нима бўлаётганини тушунмай қўрқиб қараб турган болаларини қучоқлаб йиғлашини кўрсангиз эди. Мен унга бошидан “қарзга бизнес бошлама, бори билан бошла” деган эдим. Одам камдан ўрганса безарарлигини тушунтирган эдим. Барибир олган экан, энди эса азобини ҳам ўзи, ҳам оиласи тортяпти. Ялиниб келса ҳам сиз ўшани тўлай олмаслигини биласизку! Йўқ денг! Ҳозир пулим йўқ денг.
Қўйсанг чи болам, деди Ҳалимбой ака қўл силтаб, одам ажратяпти деб ўйлайди. Пулим борлигини ҳамма билади ку! Бундай қараса, ҳамманинг ҳам қайтариши амримаҳол. Демак, ҳеч кимга бермаслик керак экан да?
Ҳеч кимга берманг демайман, деди Азиз куйиниб, бирор бизнесини ривожлантириш учун олаётган бўлса, шу соҳада уқуви, билими бўлганларга бераверинг. Уларга ҳам фойда, сизга ҳам фойда. Лекин ўзига ишониб турса ҳам, баъзиларнинг қайтара олмаслигини ўзингиз биласизку! Бу соҳада сизнинг кўзингиз пишиб кетган. Шундайларга берманг дейман...
Мен беролмайдиганлардан қандай олишни жуда яхши биламан, деди дадаси.
Биламан, дада, деди Азиз, биламан. Шу учун айтаяпман. Ёмонлик билан қайтариб олгунча, яхшиси берманг. Ахир ҳамма нарсамиз бор. Бизларга яна нима керак? Яқинда психологиядан “ночорлик синдроми”ни ўтдик. Боши берк кўчага келиб қолганида одамлар ҳар нарсага қодир бўларкан. Одам кўтара олмайдиган даражадаги қарздорлик ҳам одамни шу ҳолатга олиб келади. Одам тушкунликдан нима қилишини билмай, ҳатто энг қабиҳ ишларга ҳам қўл уриши мумкин экан. Баъзилар ҳатто ўз жонларига қасд қилишади.
Қанча уринмасин, Азиз дадаси билан бу соҳада келиша олмади. Отасидан муҳтожлар фоиз сўраб келганида, дўстининг кўчада қолган оиласи кўз олдига келар, “кетларинг бу ердан”, деб одамларни қувиб солгиси келар, лекин бу отасининг уйи эканлиги учун отасидан истиҳола қилар эди.
Нима учундир кейинги кунларда пулдан ҳам кўнгли қолган, лекин нимагаки эришган бўлса отасининг пулдорлиги билан эришганини тушунар, лекин пул инсон қадридан устунлигини ҳазм қила олмас эди. Ўша ўртоғининг хотини болалари билан кўчага чиқариб ташланган онда, унинг ўрнида кўч –кўроннинг устида йиғлаб ўтирган хотинини, унинг атрофида югуриб юрган дилбандларини тасаввур қилиб, юраги орқага тортиб кетган эди. Унинг оиласи, гулдек болалари ҳеч кимга кераксиз, кўча дайди бўлиб қолгандек туюлган, ҳозирги савлат иззати, бир жиҳатдан отасининг шу уй жойи, бойлиги туфайли эканини яққол ҳис қилган эди. Тезда ўртоғига ижарага уй топишга ёрдамлашди ю, лекин ижара, ўзингнинг уйинг бўла олмайди да. Мана, дўсти омадсиз эди, лекин оиласи, яхшими ёмонми, ўз уйи бор эди. Энди фоизга пул олиб иш бошлаганидан сўнг эса, уйи ҳам, пули ҳам йўқ, лекин катта қарзи бор. Бу фоиз дегани танини бермагунингча туғаверар экан. Фоизи танидан икки баробар кўп бўлиб кетса ҳам, танини бермадингми, яна болалаб ётаверар экан. Албатта бундай қуллик нафрат ҳам туғдиради...
Келиннинг бир қариндоши тўй қилиб ҳаммалари тўйга бордилар. Тўй эгаларининг қисташига қарамай: “Ҳар ҳолда, ҳайҳотдек ҳовли, ўғри ю, тўғри бор. Ёшлар майли, ётиб қолсин, бизлар уйга қайтамиз,” деб, Ҳалимбой ака хотини билан ҳовлига қайтдилар...
Эртаси куни Азиз оиласи билан уйига қайтганида даҳшатли манзаранинг шоҳиди бўлди. Уйда ҳамма нарса тартибсиз отиб ташланган, ота онасининг танасидаги доғлар, кўзларида муҳрланиб қолган даҳшат уларнинг қийнаб ўлдирилганидан дарак берар эди. Азиз ҳар нарсани кутган эди, лекин бундай натижани кутган эмас эди. Шу билан бирга, ич ичидан бу фоизга қарз олиб, тўлай олмаган одамларнинг қотил ёллаб, қарздан қутулиш учун кўрган чоралари эканини фаҳмлаб турар эди. Хотини эса қўрқувдан йиғлай бошлаган болаларини қўлидан ушлаб ташқарига тортиш билан овора эди. “Дадажон, ўкириб юборди Азиз бор овози билан, қайтара олмайдиганларга пул берманг демабмидим, дадажон?!”
...Тўн устидан белбоғ боғлаган, бошига дўппи кийган Азиз дарвозахонада, деворга яқин қўйилган скамейкада бошини деворга тираб, ҳайкалдек қотиб ўтирар эди. Юмуқ кўзларидан тирқираб оқаётган ёшларини ҳисобга олмаганда, ўзи ҳам жонсиздек туюлар эди. Унинг кириб чиқаётганлар билан иши йўқ, шу лаҳзаларда кутилмаган айрилиқ доғи ўз домига тортиб кетган, баъзан дард зўридан инграб қўяр, баъзан бармоқлари билан юзини чангаллаб фарёд уриб юборар, ёши улуғлар келиб елкасидан тутиб: “Бардам бўлинг, мумкин эмас”, деганларида ўрнидан туриб кетар, ичкарига кириб, деворни муштлаб йиғлар, бироз бўшашгач, қоида учун яна чиқиб дарвозахонада ўтирар эди. “Қирчиллама ёшида ота –онасидан бир кунда айрилган ким бор?” –деб ўшқиргиси келар, ёғдек жизғанак бўлаётган кўксини муштлаб, яна хонага кириб кетар эди...
https://www.youtube.com/watch?v=cQJ_uhubpH8&t=6s
https://www.youtube.com/watch?v=T84ipnwxWTw
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4
Раҳмат.
Салом. Тўғри, кўриб оригиналда тўғирладим. Раҳмат.