МАСЖИДДА НАРСА ТАҚСИМЛАШ ВА ХУРМО ШИНГИЛИНИ ОСИБ ҚЎЙИШ ҲАҚИДА
421. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Баҳрайндан мол келтирилди. У зот: «Уни масжидга тўкинглар», дедилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келтирилган молларнинг энг кўпи эди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиқдилар, бироқ унга қайрилиб ҳам қарамадилар. Намозни тугатгач, келиб, унинг олдига ўтирдилар ва кимни кўрсалар, беравердилар. Ҳузурларига Аббос келиб қолди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менга ҳам беринг, чунки мен ўзим учун ҳам, (укам) Ақийл учун ҳам товон тўладим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ол», дедилар. У кийимига солди. Кейин уни кўтаришга уринган эди, кучи етмади.
У: «Эй Аллоҳнинг Расули, бирортасига буюринг, менга кўтаришиб юборсин», деди. У зот: «Йўқ», дедилар.
«Бўлмаса, ўзингиз менга уни ортиб қўйинг», деди.
«Йўқ», дедилар.
У бир қисм тшди-да, кейин кўтаришга уринди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортасига буюринг, менга кўтаришиб юборсин», деди.
«Йўқ», дедилар.
«Бўлмаса, ўзингиз менга уни ортиб қўйинг», деди.
«Йўқ», дедилар. Шунда у яна бир қисм тўкди. Кейин кўтариб, елкасига ташлади-да, жўнаб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг (молга бўлган) ҳирсидан таажжубланиб, то бизга кўринмай кетгунича орқасидан тикилиб турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам молдан у ерда бир дирҳам ҳам қолмагунича турмадилар».
(«Йўқ»ларда ундов керак эмасми?)
43-БОБ. МАСЖИДДА ТАОМГА ЧАҚИРГАН ВА УНДА ИЖОБАТ ҚИЛГАН КИШИ ҲАҚИДА
422. Анас розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни масжидда одамлар билан бирга кўриб, тўхтаб турдим. У зот менга:
«Сени Абу Талҳа юбордими?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Таом учунми?» дедилар.
«Ҳа», дедим. У зот атрофдагиларга:
«Туринглар», дедилар-да, юриб кетдилар ва мен уларнинг олдида юриб бордим».
44-БОБ. МАСЖИДДА ЭРКАКЛАР ВА АЁЛЛАР ОРАСИДА ҲУКМ ЧИҚАРИШ ҲАМДА ЛИЪОН ҚИЛИШ ҲАҚИДА
423. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, ўз аёли билан бирга бегона эркакни топган кишини уни ўлдирадими?» деди.
Кейин икковлари (эр-хотин) масжидда лиъон қилишди, мен ўзим гувоҳ бўлдим».
Изоҳ:
Лиъон сўзи «лаънат» сўзидан олинган бўлиб, «лаънатлашиш» маъносини англатади. Шариат истилоҳида ўз хотинини зинода айблаб, гувоҳ келтира олмаган эрнинг ва ушбу зинони рад этган хотиннинг қози олдида ўзининг ҳақ эканига Аллоҳ номи ила тўрт маротаба гувоҳлик бериб, бешинчисида «Агар ёлғон айтсам, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» деб, ўзларини лаънатлашларидир.
45-БОБ. АГАР КИШИ БИР УЙГА КИРСА, ХОҲЛАГАН ЖОЙИДА НАМОЗ ЎҚИЙДИМИ ЁКИ СУРИШТИРМАСДАН, БУЮРИЛГАН ЖОЙДАМИ?
424. Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг уйига келиб:
«Уйингнинг қаерида сен учун намоз ўқиб беришимни истайсан?» дебдилар.
У (Итбон ибн Молик) айтади:
«Шунда у зотга бир жойни кўрсатдим. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳрима такбирини айтдилар ва биз орқаларида саф тортдик. Икки ракъат намоз ўқидилар».
* Изоҳ: «Таҳрима такбири» – намозга киришдаги илк такбир. Ундан кейин то салом бергунча намозхонга намоз амалларидан бошқа барча нарса ҳаром бўлгани учун бу такбир шундай ном олган.
46-БОБ. УЙЛАРДАГИ НАМОЗГОҲЛАР ҲАҚИДА
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ўз уйидаги намозгоҳида жамоат бўлиб намоз ўқиган.
425. Маҳмуд ибн Рабиъ Ансорий розияллоҳу анҳу шундай хабар қилади:
«Итбон ибн Молик {у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бадрда иштирок этган ансорий саҳобаларидан} Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, кўзим хиралашиб қолди. Қавмимга намоз ўқиб бераман. Ёмғир бўлиб, мен билан улар ўртасидаги водийда сел оққанда уларнинг масжидига бориб, намоз ўқиб бера олмай қоламан. Истардимки, эй Аллоҳнинг Расули, сиз келиб, уйимда намоз ўқиб берсангизу, мен ўша жойни намозгоҳ қилиб олсам», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Аллоҳ хоҳласа, албатта шундай қиламан», дедилар».
Итбон айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр эрталаб қуёш кўтарилган пайтда келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн сўрадилар, мен изн бердим. То уйга киргунча ўтирмадилар. Кейин: «Уйингнинг қаерида намоз ўқиб беришимни истайсан?» дедилар. У зотга уйнинг бир четини кўрсатдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, таҳрима такбирини айтдилар. Биз ҳам турдик. У зот бизни сафга тургизиб, икки ракъат намоз ўқидилар, сўнг салом бердилар.
У зот учун ўзимиз тайёрлаган хазирани деб у зотни ушлаб қолдик. Шу пайт маҳалладагилардан бир қанча кишилар биринкетин уйга кириб, тўпланишди. Улардан бир киши: «Молик ибн Духайшин [ёки ибн Духшун] қаерда?» деди. Уларнинг бири: «У Аллоҳ ва Расулини севмайдиган мунофиқку», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай дема! Унинг Аллоҳнинг «Юз»ини (розилигини) ирода қилган ҳолда «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деб айтганини билмайсанми?» дедилар.
У: «Аллоҳ ва Расули билувчи. Бироқ биз унинг мунофиқларга мойиллигини ва уларга самимиятини кўряпмизда?!», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Аллоҳнинг «юз»ини истаган ҳолда «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деган кишини дўзахга ҳаром қилгандир», дедилар».
Ибн Шиҳоб (ровийлардан бири) айтади:
«Ҳусойн ибн Муҳаммад Ансорийдан {у Бану Солимликлардан бири, уларнинг бообрў кишиларидан} Маҳмуд ибн Рабиънинг ушбу ҳадиси ҳақида сўраган эдим, бу ҳадис борасида уни тасдиқлади».
Изоҳ:
Хазира – таом тури. Гўштни майда тўғраб, сувда қайнатилади. Гўшт чала пишгандан сўнг уни ун билан аралаштириб пиширилади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев